Сир эмаски, спорт, хусусан, футболда ўйинчининг жисмоний кўрсаткичлари муҳим роль ўйнайди. Хорижлик касбдошларимиз томонидан эълон қилинган қуйидаги материал натижа нуқтаи назаридан мантиққа зидлиги билан эътиборимизни тортди. Аниқроғи, ажаблантирди - футбол оламидаги баланд бўйли дарвозабонларнинг сара ўнлиги ўз фаолиятларини... қуйи дивизионларда ўтказишган ёки захира ўриндиқларини «иситишган»! Фақат руминиялик Костел Пантилимон бундан мустасно - ўз вақтида у АПЛ клуби ва миллий жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилган. Қолган дарозлар эса... Келинг, яхшиси, қаҳрамон бўлиши тахмин қилинган «анти»лар билан танишиб чиқайлик. Айтганча, энг бўйдор дарвозабон - даниялик Симон Йоргенсен (210 см.) энг паст бўйли касбдоши, парагвайлик Педро Бенитесдан (166 см.) нақ 44 см.га баландроқ.
КЬЕЛЛ ОПХАЙМ (203 см.)
Ёши: 38
Фуқаролиги: Норвегия
Кьелл Петтер Опхайм ҳеч қачон ватанидан ташқарига чиқмаган, ҳатто Норвегияда ҳам кўпчиликка таниш эмас. У профессионал мақомида 18 марта майдонга тушган - «Манглеруд Стар» либосида 15, «Мосс» таркибида 3. Ана шу учрашувларда Кьелл ўз дарвозасидан 43 марта тўп олиб чиққан. Шунчалик паст кўрсаткич билан дарвозабон мамлакатнинг 2 карра чемпиони - «Люн» «заявка»сида қайд этилгани унинг қисқа фаолиятидаги юксак натижа бўлиб қолди. Опхайм фаолиятини 2009 йилда, ўзининг илк жамоаси, 3-дивизион вакили «Стрюн»да якунлаган.
ААРОН ЧАПМАН (203 см.)
Ёши: 30
Фуқаролиги: Англия
Бу дарвозабон асл лондонлик. Ҳатто Чемпионшипга ҳам кўтарила олмаган бўлсада, 7-8 лигадан 3-дивизионгача бўлган йўлни босиб ўтди. Ўзининг қуйидан кўтарилишини у Дербишир графлигининг «Белпер Таун» жамоасида бошлаган. Кейинчалик жароҳатлардан жафо чекди. Жорий мавсум уни «Транмир»га қисқа муддатли ижарага юборишди. «Сургун»да 6 учрашувни ўтказиб қайтгач, захира ўриндиғидан жой олди. Унинг амалдаги шартномаси якунланиб бормоқда, аммо кейинги фаолияти мавҳумлигича қолмоқда.
КОСТЕЛ ПАНТИЛИМОН (203 см.)
Ёши: 33
Фуқаролиги: Руминия
Бу футболчи 2011 йилнинг ёзида «Тимишоара»дан «Манчестер Сити»га Руминия термаси ва клубининг асосий дарвозабони мақомида ўтганди. Аммо Роберто Манчинига у Жо Хартнинг ўринбосари сифатида керак бўлди ва 2 йил фақат кубок беллашувларида майдонга тушди. Жамоанинг 2013|2014 йиллар мавсуми Лига кубогида ғолиб чиқишига муносиб ҳисса қўшди. Шунингдек, АПЛ чемпиони унвонига сазовор бўлди. 2014 йилда Пантилимон Манчестерни тарк этиб, Лига кубоги финалида унга қарши ўйнаган «Сандерленд» таркибига ўтди. Айнан шу жамоада у етарли ўйин амалиётига эга бўлди. Бироқ бахтга қарши, тез орада Жордан Пикфорд балоғатга етиб, унинг ўрнини эгаллади. Кейинги 3 йилни Костел «Уотфорд»нинг захира ўриндиғи ва «Депортиво»даги ижара билан ўтказди. Ўтган мавсум дарвозабон «Ноттингем Форест» шарафини ҳимоя қилди, 44 марта майдонга тушди. Лекин жамоага янги дарвозабон келгач, Кипрга йўл олди. Унинг «Омония» либосида 6 марта майдонга тушгани кўпроқ таътилни эслатади.
ЖЕЙСОН МУНИ (204 см.)
Ёши: 31
Фуқаролиги: Ш.Ирландия
«Ардс» клуби тарбияланувчиси фаолиятини 2-дивизионда бошлади, ўйиндан бўш пайтларида ишлади ва профессионал футболга ўтиш йўлларини қидирди. 2011 йилда бўйдор йигит кўрикда иштирок этиш учун Англияга йўл олди. У ерда 3-дивизион вакили - «Уиком» эътиборини тортди. Жамоа у билан 1 йиллик келишувга эришиб, 7-дивизиондаги «Оксфорд»га ижарага жўнатди. Муни навбатдаги мавсум «Транмир»дан таклиф олди. 2013|2014 йиллар мавсумида «Оксфорд» 2-лигага тушиб кетди, Муни эса ўз бахтини қуйи лигалардан қидира бошлади. Англияда ҳеч нарсага эриша олмаслигига амин бўлгач, 2016 йилда ватанига қайтди. «Клифтонвилл» сафида Премьершипда 5-ўринни эгаллаган бўлсада, Жейсон яна асосий посбон ўринбосари вазифасини адо этди. Ниҳоят, у 2018 йилда ўзининг илк жамоаси - «Ардс» қайтди.
ДАНИЭЛЬ МЮЛЛЕР (205 см.)
Ёши: 28
Фуқаролиги: Германия.
Мюллерни 2011 йилда «Бавария» «Фюрстенфельдбрукк» жамоасидан харид қилган ва Регионал лигада иккинчи жамоа билан малака оширишга жўнатганди. 2 йилда 5 учрашувни «қуруқ» якунлаган посбон ишончни оқлай олмади ва 2013 йилнинг ёзида жамоани тарк этди. Орадан 1,5 йил ўтгач, уни «Аугсбург»нинг иккинчи жамоаси ўзига таклиф этди, бироқ бу уриниш ҳам самара бермади. Кейинги 4 йилни «Бавария» билан «Аугсбург» ўртасида ва «Зелигенпортен»да ўтказган дарвозабон 28 ёшда нурсиз фаолиятини якунлади.
ВАНЯ ИВЕША (205 см.)
Ёши: 42
Фуқаролиги: Хорватия
Бу дарвозабон ўзининг энг яхши ўйинларини 2008-2015 йилларда Туркия Суперлигасининг «Эскишехирспор» ҳамда «Элязигспор» клубларида ўтказган, бунгача қадрдон жамоаси «Истра»дан ташқари, маҳаллий «Риека», «Новалья», «Славен» жамоаларида, Австралияда ўйнаганди. Туркияни тарк этгач, болқонлик дароз бир неча марта «Опатия» (3-лига) ва «Истра» (1-лига) дарвозаларини қўриқлади. Шу тариқа Ваня Хорватия чемпионатининг энг кекса ва энг бўйчан футболчиси рекордларини янгилади.
ТОМАШ ГОЛИЙ (206 см.)
Ёши: 28
Фуқаролиги: Чехия
Рихнов шаҳрида туғилган кипер маҳаллий «Спартак» клуби тарбияланувчиси. Ўсмирлик даврида Чехиянинг турли ёшдаги термалари дарвозаларини қўриқлаган. Томаш 2016|2017 йиллар мавсуми «Фастав» билан Чехия кубоги соҳибига айланиб, эркин агент мақомида Англия 1-лигасининг ўртамиёна вакили - «Жиллингем» сафидан жой олганди. Дебют мавсумида Стюарт Нельсонга ўринбосар бўлди, ке-йин асосий посбон мақомида 101 учрашувда майдонга тушди. Жорий мавсум арафасида Томаш Чемпионшипни тарк этган «Ипсвич»га йўл олди ва 25 марта бошланғич таркибга киритилди.
ТОНИ БРОГААРД (206 см.)
Ёши: 36
Фуқаролиги: Дания
Копенгагеннинг «Фрем» клуби тарбияланувчиси 2005 йилда «Донкастер Роверс» скаутлари эътиборини тортди ва 2 йиллик шартномага имзо чекди. Брогаард дастлабки мавсумолди учрашувида жароҳат олиб, «Роверс»нинг 3-посбонига айланди. Тез орада 2 йиллик шартнома ниҳоясига етди, янги таклиф бўлмади ва захира жамоасида 12 марта майдонга тушган Тонни Данияга қайтди. Брогаардни ватанида 3-лига вакили «Греве» ўз сафига олган бўлсада, асосий таркибга ўта олмади. Кейин бир нечта жамоалардаги уринишлар самара бермади. Натижада дарвозабон 4-лигадаги «Торнбю» таркибига қўшилди. 2015 йилнинг ёзида бу ҳамкорлик ҳам барҳам топди.
КРИСТОФ ВАН ХАУТ (208 см.)
Ёши: 33
Фуқаролиги: Бельгия
Ломмель шаҳрида дунёга келган Кристоф футбол сирларини шаҳарнинг номдош жамоасида ўрганди. Ўзининг юксак савиясини «Кортрейк» таркибида намойиш этиб, Бельгия кубоги доирасидаги беллашувда амалдаги чемпион - «Стандарт»ни мусобақадан чиқариб юборди. Жамоанинг учинчи дарвозабони ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида 3та зарбани қайтарганди. Кристофнинг маҳоратига қойил қолган «қизиллар» уни ўз сафларига қўшиб олишди, аммо 2 йил захира ўриндиғида Синан Болатнинг ўйинларини кузатишга мажбур бўлди. Тўғри, бунинг эвазига ЕЧЛ-2009|2010 гуруҳ босқичи доирасидаги «Арсенал»га қарши баҳсларда «заявка»дан жой олди.
Ниҳоят, «Кортрейк»ка қайтган ван Хаут асосий дарвозабон мақомига эришди ва 32 марта майдонга тушди. 2012 йилнинг ёзида «Генк» Кристофни 850 минг евро эвазига ўз сафига жалб этди. Айнан шу хариддан кейин «Генк» чемпионатнинг бронза медаллари ва Бельгия кубоги соҳибига айланди. Кейин ван Хаут 1 йилни Ҳиндистонда ўтказиб, 2015 йилда «Вестерло»га қайтди.
СИМОН ЙОРГЕНСЕН (210 см.)
Ёши: 28
Фуқаролиги: Дания
Бу йигит нафақат дарвозабонлар, балки барча футболчилар орасида энг бўйдори. Ягона муаммоси - ўта баланд бўйли эканлиги. Шу жиҳат унинг муваффақиятли ўйнашига имкон бермади. Жорий йил ёзида 6-дивизион вакили - «Далвич Хэмлет»ни тарк этганидан буён жамоасиз юрибди. Қизиқарли, бошқа футболчилар фаолиятида учрамайдиган факт: Симон Йоргенсен трансфери учун ҳеч қайси клуб ҳеч қачон маблағ сарфламаган - барча келишувлар фақат эркин агент мақомида амалга оширилган. Германиянинг Фленсбург шаҳрида туғилган энг бўйдор футболчи «Фрем» ҳамда «Копенгаген» академияларида таҳсил олган, профессионал фаолиятини «Б-93» жамоасида бошлаган, 2014 йилда «Фрем»га қайтиб, 3-лигадаги 2 мавсумда 53та ўйин ўтказган.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20