Қайднома

Қидирув

Златан Ибрагимович: "Иложи бўлганда 25 ёшли пайтдаги миямни қайтаришни хоҳлардим"

Златан Ибрагимович: "Иложи бўлганда 25 ёшли пайтдаги миямни қайтаришни хоҳлардим"

  22.12.2020 08:04
  0
  367
Златан Ибрагимович:

Швециялик 39 ёшли калондимоғ тўпурар Златан Ибрагимович АҚШда 2 йил самарали тўп сургач, «Милан»га қайтди ва ҳамон маҳсулдорлик намойиш қилмоқда. Ўзи фаолияти давомида «Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «Милан», «ПСЖ» ва «МЮ» каби грандларда ўйнаб, шоҳсупадан жой олган афсона ортиқча таърифга муҳтож эмас. Бўйдор голеадор яна юксак чўққиларни забт этиш илинжида. Мана, Златан УЕФА матбуот хизматига берган интервьюсида ҳали ғалабаларга тўймагани ва армрестлингда ҳаттоки, баҳайбат киноқаҳрамон - Кинг-Конгни ҳам бемалол енга олишини таъкидлади. Бунда ажабланадиган томони йўқ - Ибра ҳамиша шундай катта гапиради ва кўпинча сўзларини амалда ҳам исботлайди.

- Златан, кучли мотивацияни қаердан оляпсиз?

- Ҳозир 39 ёшдаман. Шу пайтгача эришганим-топганим бир умр ишламай, маза қилиб ётишимга етиб ортади. Лекин севимли касб­га нисбатан эҳтиросим аввалгидек. Оддий айтганда, ютуқлар мен учун ҳамиша кам, янада кўпроғини хоҳлайман. Ҳа, 40 ёшгача ўйнаган ёки ўйнаётганлар саноқли. Одатда  30 ёшдан кейин аксарият футболчилар савияси пасаяди, кўплаб спортчилар фаолиятни якунлаб, нафақага чиқадилар. Мен аксинча, 30 ёшдан ошгач, янада яхшироқ ўйнай бошладим. Америкаликлар юксак спорт формасини сақлаб қолиш учун миллионлаб маблағ сарфлашлари тўғрисида ўқиганман, эшитганман. Мана, 39 ёшда ҳам биноий савияда ўйнаяпман, бунинг учун 1 чақа ҳам сарф­ламадим. Гап қанча сарфлашда эмас, бошда - юқори савияда тўп суриш иштиёқинг қай даражада, унга эришиш учун нималарни қурбон қила оласан...? Ҳаммаси руҳиятга боғлиқ, бу эса маблағ талаб қилмайди.

- Айни пайт айнан нимадан кўпроқ қийналасиз?

- Тўғриси, агар имкони бўлганида, 25 ёшли пайтдаги миямни қайтаришни хоҳлардим. Тан оламан, ҳозир аввалгидан тезроқ чарчаб қоляпман. Шунинг учун кўп ухлаяпман, чунки қувватни тиклаш осон эмас. Авваллари ўйиннинг эртасигаёқ ўзимни яна бардам ҳис этардим. Энди 2-3 кун дам олишга тўғри келмоқда. 39 ёшни уриб қўйганимни назарда тутсак, бу табиий ҳол. Самарали фаолиятни қачон тўхтатаман? Қачонки, кучим етмай қолса. Яъни майдонда ярамай қолганимни ҳис қилган куни дарҳол барчасини тўхтатаман. Тириклигимни, одамларга нимадир бера олишимни сезиб туриш мен учун жуда муҳим. Ёшим туфайли қандайдир имтиёз беришларини истамайман, яна «Ҳой, ўзинг­ни бироз авайлаб ўйна» қабилидаги гапларни эшитишга тоқатим йўқ. Ҳа, мени жаҳон миқёсидаги ўйинчиларга таққослашларини хуш кўраман, бундан ўзгача илҳом оламан.

- Ким 50 ёшгача ўйнай олиши мумкин - Ибрагимовичми ёки Буффон?

- Ким, Златанми ёки Буффон? Буффон... Унга осон-да, бир жойда тўпни қайтариб турса, бас. Мен эса югуришим, вазиятлар содир этишим, ҳимоячилар билан курашишим ва зарбалар йўллашим лозим. Демак, Жижи узоқроқ ўйнаши мумкин, спорт формаси борасида ортиқча ташвишланиши шарт эмас. Лекин имкон туғилса, унга ҳам дам олиш имкониятини бермайман, барибир.

- Орзулар жамоангизда пенальтини ким амалга ошириши керак - Златанми ёки Месси?

- Пенальти тепиш ҳуқуқи 100 фоиз меники. Чунки жамоа сардори ўзимман. Ҳа, майли, 3та пенальти тепганимдан кейин Лео­га ҳам 1 марта имконият бераман.

- Кимнинг татуировкаси чиройлироқ - сизникими ёки Дэвид Бекхэмники?

- Менга тегишли нақшлар ўтмишда қолди, анчадан буён уларни кўрмайман, шунинг учун суратлар жонимга тегмаган. Агар ҳар куни назарим тушганида, зерикиб кетардим. Менимча, татудан бутунлай воз кечдим. Ахир орқамда бўш жой қолмаган, оёқларимга эса чиздирмоқчи эмасман, чунки улар менга берилган неъмат. Юзимга нақш бос­тиришни ҳам истамайман. Шундоқ хушсуратман.

- Кимнинг совринлар коллекцияси бойроқ - Златанникими ёки Максвеллники?

- Унда бор соврин менда йўқ - ЧЛ кубоги. Ўртамиздаги фарқ фақат шу. Максвелл билан ҳамкорликда жуда кўп турнирларда зафар қучганмиз, у футбол оламидаги энг яқин дўстларимдан бири. Қисқаси, Макс билан фахр­ланаман.

- Ким чиройлироқ қарийди - Златанми ёки Бенжамин Баттон?

- Шубҳасиз, мен. Чунки мен тирик инсонман, Баттон эса тўқима образ. Ҳа, ўша картина учун энг монанд персонажман. Ўртамизда катта фарқ бор - мен ҳаётда фильм яратяпман, Бенжамин эса кинотеатрлар учун ўйлаб топилган сиймо.

- Армрестлинг беллашувида ким ғолиб чиқади - Златанми ёки Кинг-Конг?

- О, Кинг-Конгни шунчаки, янчиб ташлайман. Кафолати - 100 фоиз!

- Кимни бўйсиндириш қи­йин­роқ - Златанними ёки шерни?

- Златанни, бунга ҳам 100 фоиз кафолат бераман. Шерни ўргатиш мумкин, аммо Златанни йўлга солишнинг имкони йўқ. У шунақа йигит, мутлақо ўзгача йиртқич!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz