Қайднома

Қидирув

Совуқни синдирган сурур

Совуқни синдирган сурур

  23.12.2020 02:44
  0
  369
Совуқни синдирган сурур

Муҳтарам мухлис! Мулоҳазаларимизни Абдулла Акбаровнинг янги латифаси билан бошламоқчимиз. Латифанинг мавзуга қай даражада алоқаси борлигини хулоса чоғи билиб оларсиз... Хуллас, фалон манзилдаги кабоб мухлислар ўртасида машҳур бўлиб кетибди. Ашаддий мухлис ўша манзилга кабобхўрлик қилиш учун борибди. Тановул бошлангач, кабобчи кабобхўрдан сўрабди:

- Хўш, кабоб ёқдими?

- Ёқди! Мазаси зўр экан! Бунинг учун сизга раҳмат! Фақат битта лекини бор...

- Нима экан ўша лекин?

- Ҳаммаси яхшию, лекин кабобни ютолмаяпман!

- Ютолмайсиз-да! Ютиш учун оғиздан ниқобни олиш керак.

Латифа қалай? Жуда хандон отиб кулмаган бўлсангиз ҳам, лоақал кулимсираб қўйгандирсиз. Майли, энди навбат асосий мавзуга.

Хуллас, биз ҳам кўпчилик қатори ҳаётимизда илк бор 20 декабрь куни - янги йил арафасида стадионда футбол кўрдик. Авваллари қиш совуғида, янги йил эшик қоқаётган пайт стадионда футбол томоша қилиш тасаввурга сиғмасди. Гарчи Ўзбекистонимиз қуёшли ўлка ҳисобланса-да, онгу-шууримизда шундай тасаввур муҳрланиб қолганди. АГМК ва «Пахтакор» ўртасида Наманганда бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финали ҳаммаси аслида инсоннинг ўзига боғлиқ эканини яна бир бор исботлади. Мухлислар тилида норасмий «Навбаҳор» деб юритиладиган арена финал ўйинига ажойиб тайёрланибди. Қору ёмғирнинг таъсири мутлақо сезилмади. Ҳа, тузуккина совуқ бўлди. Қанча-қанча мухлис совуқдан дирдиради, ўриндиқларда ўтиролмади. Биз эса совуқни писанд қилмай, сумкамиздан 3та кичик, аммо қалингина кўрпача чиқарганимизда, Ғуломжон ака Ҳамидов ва жиянимиз Хуршидбекнинг кайфияти кўтарилди янада. Бошқалар ҳавасдан лабларини тишлашди. Жойни «Пахтакор» ва АГМК мухлисларини кузатишга имкон берадиган ҳудуддан танладик. Очиғи, шу куни хафа ҳолдаги мухлисни кўрмадик. АГМК мухлислари вазиятни тўғри тушунишди. «Навбаҳор» мухлислари андак надомат билан «Финалда «Навбаҳор» ўйнаганда нима бўларди?» деган саволни муҳокама қилишди. «Хавфсизликни таъминловчиларга қийин бўларди-да!» дейилди уларга чиройли ҳазиллашиб.

«Пахтакор» мухлислари эса майдонни байрамона кайфиятга тўлдириб юборишди. «Жалол - голинг ҳалол!», «Достонбек, чопақол, яқинда уйланасан-ку!», «Ҳожи, ўзинг теп, ёрвор!», «Элгужа, камаржуба!», «Баҳромжон, тур энди эркаланиб ётавермай!» каби қувноқ хитоблар ўйин руҳиятини белгилади. Тўғриси, илк дақиқадан охиригача стадион узра «Пахтакор»нинг ғалабаси билан боғлиқ улкан ишонч стадион узра ёғилиб турди. Демоқчимизки, бу ўйин шунчаки, таҳлил чегараларидан ташқарида. Бир жамоа ғалабага кучли ишониб тўп сурди, иккинчиси мағлублик руҳияти ила спарринг- рақиб ролига розилик билдирди гўё. Ҳаммаси ҳал бўлганини билиб туриб, Зокир Қодиров асосий вақтга 5 дақиқа қўшиб берганида, бундан ҳеч ким оғринмади. Фақат «Пахтакор» мухлислари қўшимча вақт мобайнида «Олмалиқни қийнама, «Пахтакор» зўр ўйнайверсин!» деб куйлашди байрамона кайфият улашиш учун атрофдагиларга. Қисқаси, роса мазза қилишди улар. Бироқ аксарият мухлислар ҳар доимгидек, кубок топшириш тантанасини кутмай тарқалишди.  Футболка улоқтириш чоғи кимгадир нимадир ёқмади. Совуқда шундай бўлади-да энди. Муҳими, байрамона кайфият бузилмади. «Шерлар» ҳақли равишда шон-шарафга бурканишди. Мухлислар ҳам ҳақли равишда севимли жамоалари билан фахрланишмоқда. Улар байрамни давом эттираверишсин. Биз эса «Пахтакор»га хитоб қиламиз яна бир бор: «Ўйи­нингда ОЧЛ ғолибларига хос маза бор, мазмун бор. Бу маза-таъмни мухлислар ҳис қилишмоқда, ёқтиришмоқда. Ҳаммаси яхши, кўнгилдагидек, лекин нега ОЧЛни ютолмайсан? Бунга қандай тўсиқ-ниқоб халақит бермоқда? Келгуси мавсум бу тўсиқ-ниқобни олиб ташлаш мумкинми?!»

Хуллас, шунақа гаплар. Сурур совуқни синдирди. Футболимизда шу кайфият бардавом бўлсин!

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz