Қайднома

Қидирув

Шароф Муҳиддинов: “Халқаро мусобақаларда ўйнашни хоҳлайман”

Шароф Муҳиддинов: “Халқаро мусобақаларда ўйнашни хоҳлайман”

  23.12.2020 07:37
  0
  468
Шароф Муҳиддинов: “Халқаро мусобақаларда ўйнашни хоҳлайман”

Жорий йилги Суперлига баҳсларида кумуш медалга эга чиққан «Насаф» сўнгги мавсумларда молия­вий етишмовчилик туфайли асосан ўз тарбияланувчиларига суянмоқда. Муҳими, клуб академиясидан етишиб чиқаётган йигитлар мураббийлар штаби ишончини оқлаш баробарида клуб шаънини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Ушбу жамоадаги иқтидорларга ўзбек футболининг эртаси сифатида қаралаётгани ҳам бежиз эмас. Шундай йигитлардан бири - Шароф Муҳиддинов билан боғланиб, мавсум якуни бўйича суҳбатлашдик.

- Аввало, Суперлига кумуш медалини қўлга киритганингиз билан табриклаймиз. Мавсум аввалида «Насаф» ёш таркиб билан шундай муваффақиятга эришишига ишонганмидингиз?

- Табрик учун раҳмат. Тўғриси, мавсум аввалида клуб раҳбария­ти олдимизга ҳеч қандай вазифа қўймаганди. Шунчаки, ҳар бир ўйинда ўзимизни кўрсатиб, яхши натижаларга эришиш, шу орқали мухлисларни қувонтиришга ҳаракат қилдик. Агар таркибга эътибор қаратсак, ҳозирги футболчилар 1-2 йилдан буён бирга ўйнаб келишмоқда, демоқчиманки, йигитлар ўртасида ўзаро тушуниб ҳаракатланиш яхши ҳолатда. Биринчи даврада Суперлиганинг барча иштирокчиларига қарши ўйнаб кўргач, ўз салоҳиятимизни чамалаб олдик, кучимизга ишонч ошди ва шу аснода танаффусдан кейин барчамиз медаллар учун курашишга келишиб олдик.

- Сўнгги ойларда «Насаф» футболчиларининг анчадан буён маош олмаётганликлари, жамоада молиявий муаммолар борлиги кўп бора тилга олинди. Балки клубнинг Суперлигадаги муваффаққияти вазиятни юмшатишга туртки бўлар...

- Эҳтимол. Тўғриси, таркиб асосан ёшлардан ташкил топгани учунми, молиявий масалаларга у қадар эътибор қаратмадик. Яъни йигитлар  натижани биринчи ўринга қў­йишди. Оддий айтганда, майдон четидаги муаммолардан кўз юмиб, ўз ўйинимизни кўрсатиш асносида мухлислар ва мураббийлар ишончини оқлашга интилдик. Ҳа, молия­вий масалалар бўйича қийинчиликлар юзага келди, аммо йигитлар клуб ва унинг ҳомийларига ишонишади. Умид қиламанки, барчаси яқин кунларда ижобий ҳал этилади.

- Умуман, бу йилги чемпионат баҳслари қандай таассурот қолдирди?

- Шахсан менинг назаримда, жорий йил чемпионатимиз тарихидаги энг яхши мавсумлардан бири гувоҳига айландик. Бундан 3 йил олдин ҳам «Насаф» 2-ўринни қўлга киритганди. Лекин ҳозирги ва ўша даврдаги таркибни ўзаро таққосласак, бу сафар нисбатан ёшроқ жамоа билан кумуш медалга эга чиқдик. Муваффақиятда нафақат футболчи ва мураббийлар, балки клубнинг барча ишчи-ходимлари ва албатта, мухлисларнинг ҳам ўзига яраша ҳиссалари бор.

- Ҳар бир инсон ўз мақсадига етишиш йўлида маълум қийинчиликларга дуч келади. Хўш, Шароф Муҳиддинов ўтмишда қандай синовларни бошдан кечирган?

- Болалигимдан футболга қизиқишим баланд. Аввалига Жиззах футбол мактаб-интернатида таҳсил олдим, 2012 йили «Насаф» академиясига ўтдим. Қийинчиликлар бўлди, албатта, лекин ҳеч бир футболчи ўз-ўзидан ўсишга эришмайди. Яхши футболчи бўлишни истайсизми, унда ишлашдан тўхтамаслигингиз керак. Одам улғайгани сари дунёқараши ҳам кенгайиб боради.

- Футболда тажриба орттириш учун ўйинларнинг ўзи етарлими ёки вақтнинг ҳам аҳамияти бор?

- Кўпроқ ўйин амалиёти керак, албатта. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, Ўзбекистон чемпионатида яхшигина малака оширдим, лекин тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Биласиз, ҳар бир футболчи мамлакат миллий жамоасида ўйнашни орзу қилади. Қолаверса, халқаро турнирлар савияси ва муҳити бошқача, етук футболчилар кўп. Имкон туғилса, шундай турнирларда ўйнаб, янада кўпроқ тажриба орттиришни хоҳлайман.

ХУРШИДБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz