Қайднома

Қидирув

Евротур: Тиғизликдаги томошалар

Евротур: Тиғизликдаги томошалар

  24.12.2020 02:02
  0
  278
Евротур: Тиғизликдаги томошалар

Йил якунидаги саноқли кунлардан унумли фойдаланишни мақсад қилган топ-чемпионатларнинг аксариятида ўтган ҳафта қўшалоқ турлар ўтказилди ва уларда бир қатор эътиборга молик натижалар қайд этилди.

Англия. Клопп ФИФАни  уялтириб Қўймади

Ортда қолган 13 ва 14-турларни муваффақиятли ўтказган «Ливерпуль» АПЛнинг якка пешқадами бўлиб олди ва Юрген Клопп чиндан ҳам йилнинг энг яхши мураббийи унвонига муносиб эканлигини исботлади. Аввалига «қизиллар» етакчиликни «арра» қилиб келаётган «Тоттенхэм»ни камтарона (2:1) маҳв этишди. Кейин Лондонда «Кристал Пэлас» дарвозасига 7та жавобсиз гол уришди. Майдон эгаларининг тушкун кайфиятидан хижолат торт­ган Муҳаммад Салоҳ эса сўнгги дақиқалардаги «дубл»ини нишонлашни ўзига эп кўрмади.

Шунингдек, «МЮ» ва «Эвертон» ҳам қўшалоқ турда ўз очколарини 6тага ошириб олишди. Сульшер шогирдлари аввал «Шеффилд»дан (3:2), ке-йин «Лидс»дан (6:2) устун келишди. Карло Анчелотти жамоаси эса Лестердаги зафардан (2:0) сўнг «Гудисон Парк»да «Арсенал»ни маҳв этди - 2:1. Ана шу ғалабалар уларга етакчи квартетга кўтарилиб олиш имконини берди.

Аламзада «Тоттенхэм» ўз майдонида «Лестер»ни енга олмади. Қизиғи шундаки, Брендан Рожерс Жозе Моуриньо жамоасига қарши баҳсда айнан португалиялик касбдошининг «автобус»идан фойдаланди. Шу тариқа «тулкилар» иккинчи поғонага кўтарилиб олишди.

Аввалги турда «Вест Бромвич»ни енга олмаган (1:1) «Манчестер Сити» Стерлингнинг ягона голи эвазига «Саутгемптон»дан 3 очкони тортиб олди. 21 декабрь оқшомида «Вест Хэм»дан устун келган «Челси» 5-ўринга кўтарилиб олди. Мавсумдаги илк ғалабасини нишонлашга жуда яқин турган «Шеффилд» асосий вақт тугашига 3 дақиқа қолганида «Брайтон»га мувозанатни тиклаш имкониятини бериб қўйди - 1:1.

Испания. «Реал» - жадвал етакчиси, аммо...

Тақвим тақозосига кўра, Ла Лиганинг 19-туридан ўрин олган «Реал Сосьедад»га қарши учрашувни 16 декабрда ўтказган «Барселона» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ҳисобот туридаги «Валенсия»га қарши беллашув эса 2:2 ҳисобида ниҳоясига етди. Натижада Куман жамоаси 5-ўринга чиқиб олди. Сан-себастьянликлар жамоаси эса яна 1:2 ҳисобида, бу сафар «Леванте»дан енгилди.

«Атлетико» Мадридда «Эльче» устидан, «Реал» эса «Эйбар» майдонида бир хил - 3:1 ҳисобидаги ғалабаларини расмийлаштирдилар ва турнир жадвали етакчиларига айланишди. Бироқ аввалги турда пойтахт дербисида мағлубиятга учраган «матрасчилар»да 2та захира ўйини бор. Яъни, назарий жиҳатдан, Симеоне шогирдлари чемпиондан 6 очкога ўзиб кетиш имкониятига эгалар.

«Осасуна» майдонига ташриф буюрган «Вильярреал» ҳам сафарда мезбонлар киперини 3 марта ранжитиб, ўз дарвозасидан битта тўп ўтказиб юборди.

Германия. Етакчининг ўрни етакчи жамоада

Бундеслигадаги қўшалоқ турда 100 фоизли натижа фақат икки жамоага, амалдаги чемпион - «Бавария» ҳамда камтарин «Фрайбург»га насиб этди. Дунёнинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлган Роберт Левандовски аввал «Вольфсбург»га, кейин Леверкузенда «Байер»га қарши беллашувда «дубл»га эришиб, жамоасига қимматли 6 очко ва етакчилик мақомини туҳфа этди. Дарҳақиқат, энг яхши футболчининг жамоаси ҳам унинг мақомига мос бўлиши лозим.

Камтарин «Фрайбург» эса қаторасига эришган икки ғалабаси эвазига хавфли ҳудуддан узоқлашиб, енгил нафас олиш имкониятига эга бўлди. Жамоа сафарда аутсайдер «Шальке» дарвозасига 2та жавобсиз тўп йўллаганди, кейин ўз майдонида «Герта» устидан 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабани расмийлаштирди.

Бундеслиганинг икки номдош жамоаси - Дортмунд ҳамда Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»лари учун қўшалоқ тур унчалик омадли бўлмади. Дортмундликлар Бременда маҳаллий «Вердер»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган ҳолда, Берлинда «Унион»га айнан шу ҳисобда имкониятни бой беришди. Гладбахликлар эса «Айнтрахт» майдонидаги жанговар (3:3) дурангдан сўнг ўз майдонларида «Хоффенхайм»дан енгилдилар - 1:2.

Сафарда «Хоффенхайм»ни Поульсеннинг ягона голи эвазига доғда қолдирган «РБ Лейпциг» ўз майдонида «Кёльн» билан битим тузишга (0:0) мажбур бўлди. «Арминия»ни кичик устунлик (1:0) билан маҳв этган «Аугсбург» ўз уйида «Айнтрахт»дан 2та гол қабул қилиб олди.

Италия. «Интер» ва «Сампдория» - ҚўшалоҚ тур Ғолиблари

Ҳа, дурангларга бой бўлган 12-турда юқорида зикр этилган икки жамоадан ташқари, фақат «Рома»га 3 очко олиш насиб этганди. Пойтахт жамоаси «Торино»дан 3:1 ҳисобида устун келганди. Лекин кейинги турда «бўрилар» «Аталанта»дан йирик - 1:4 ҳисобида енгилишди. «Интер» эса аввал «Жузеппе Меацца»да «Наполи»ни (1:0), ке-йин «Специя»ни (2:1) енгди ва ҳамшаҳри «Милан»га янада яқинлашиб олди. «Верона»дан 3 очко тортиб олган (2:1) «Сампдория» ўз майдонида «Кротоне»ни аяб ўтирмади - 3:1.

Ҳозирча мағлубиятсиз серияни давом эттираётган «Милан» ва «Ювентус» мос равишда «Женоа» (2:2) ва «Аталанта» (1:1) билан битимга имзо чекишиб, кейин «Сассуоло» (2:1) ҳамда «Парма»ни (4:0) таслим этишди. Натижада пешқадам ва амалдаги чемпион икки муҳим очкони йўққа чиқаришди.

Қўшалоқ турнинг эътиборли жиҳатларидан бири сифатида «Беневенто» - «Лацио» (1:1) қарама-қаршилигини эътироф этиш жоиз. Ака-ука мураббийларнинг ўзаро куч синашиши - камёб воқеа. Қизиғи шундаки, ўша ўйиндан кейин Филиппо ва Симоне Инзагилар, худди келишиб олгандек, «Наполи» ва «Женоа» устидан 2:0 ҳисобларида устун келишди.

Франция. Етакчи квартет  ўзгаришсиз

15 ва 16-тур натижаларидан кейин етакчи тўртликдаги жамоалар ўринлари ўзгармади. Лекин 3 ва 4-ўринлар ўртасидаги фарқ йириклашди. Боиси, совриндор учлик вакиллари ўз очколарини 4тага ошириб олишди. «Марсель» эса «Ренн»дан енгилиб (1:2), кейин «Реймс» билан дурангга (1:1) имзо чекди. Пешқадам «Лилль» «Дижон»ни маҳв этиб (2:0), «ПСЖ» билан муроса кўчасини танлади - 0:0. Уйида «Брест»ни енга олмаган (2:2) «Лион» сафарда «Ницца»ни йирик ҳисобда (4:1) таслим этди. Чемпион пешқадамга қарши учрашув арафасида «Лорьян» устидан зафар (2:0) қучганди.

Ўз майдонида «Ланс»дан 0:3 ҳисобида енгилган «Монако» кейин ягона гол эвазига (1:0) «Дижон»дан устун келди.

Сафарда «Монпелье»ни, ўз майдонида «Ланс»ни бир хил (2:0) ҳисобда енгган «Мец» ва «Марсел»­дан 2:1, «Лорьян»дан 3:0 ҳисобларида устун келган «Ренн» жамоалари турнир жадвалида 3 поғонага кўтарилиб олдилар.

Қўшалоқ турда қўлга киритилган 4 очко «Реймс»­ни 17-ўринга олиб чиққан бўлса, икки учрашувда мағлубиятга учраган «Лорьян» аутсайдерлар сафидан жой олди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz