Дунёнинг энг яхши дарвозабонлари ҳақида мунозара кетса, Ян Облак ҳам тилга олинади, албатта. Словения терма жамоаси ва «Атлетико» клуби сардори Мадридда ҳисоб бўйича 7-мавсум ўйнамоқда. Диего Симеоне жамоасининг асосий устунларидан бири ҳисобланган Облак ФИФА томонидан 2020 йилги энг яхши дарвозабон мақомига номзод сифатида кўрсатилди. Зеро, у ҳар доим, ҳаттоки, энг мураккаб вазиятларда ҳам чиройли «сэйв»лар воситасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаши билан ажралиб туради. Эҳтимол, Ян ҳали Европа Чемпионлар Лигасининг жорий эшелонида «Энфилд»да энг унутилмас ўйинини намойиш этар... FIFA.com сайти мухбирлари мавсум лауреатларини тақдирлаш маросими арафасида словениялик футболчини суҳбатга чорлашди. Шу тариқа 27 ёшли кипер болалик орзулари, «мўъжизавий қутқарув» - «сэйв»ларинг асл сири ва «Атлетико» сафида катта совринларни қўлга киритиш истаги билан ўртоқлашди.
- Атиги 2 миллион аҳолиси бор Словениядан кўплаб юлдуз спортчилар чиқишган. Жумладан, МБА юлдузлари, Тадей Погакар ва Примос Роглич каби велопойгачилар, шунингдек, сиздек дарвозабон... Бунинг асосий сири нима?
- Тўғри айтдингиз, бизда ҳам индивидуал, ҳам жамоавий спорт турлари бўйича ном қозонган юлдузлар кўп. Ажойиб баскетболчилар билан бир қаторда қойилмақом футболчилар ҳам ҳамиша топилган. Менимча, бунда словенияликлардаги спортга нисбатан чинакам муҳаббатнинг ўрни катта, яна ютуқлар миллий менталитетимиз билан ҳам боғлиқ. Чунончи, ҳеч қачон осонгина енгилмаймиз, курашувчанликни сира йўқотмаймиз. Тушунарлики, бу жиҳатлар спортда жуда муҳим.
- Шахсан сиз айнан қачон футбол билан чинакамига шуғуллана бошлагансиз?
- Болалигимда кўплаб тенгдошларим қатори спортнинг бир неча тури билан астойдил шуғулланганман. Лекин футбол мен учун ҳар доим биринчи ўринда турган, устувор вазифа саналган. Отам вақтида ҳаваскорлар даражасида бўлса-да, тўп сурган, ҳаттоки, маълум муддат дарвозабон сифатида ўйнаган. Оддий айтганда, отамга тақлид қилиб, унинг ортидан юришга қарор қилдим. Чунки болалигимда фақат унга ўхшашни хоҳлагандим. Қисқаси, ёшлигимдан дарвозада туришга одатландим, бунда заррача иккиланмадим. Тўғри, бошида бир неча ўйинда ҳужумчи ролини бажардим, лекин ҳамиша дарвозада туриш истаги баланд бўлган. Айтишим керак, ҳозир ҳам баскетбол, теннис каби спорт турларига бефарқ эмасман. Дейлик, ўзим ҳам ўйнаб тураман, қолаверса, баскетбол ва теннис турнирлари томошасидан ўзгача завқ оламан. Дарвоқе, профессионал футболчилик фаолиятим бошланишидан аввал чанғида ҳам кўп учардим.
- Болаликда кимга кумир сифатида қарагансиз?
- Европа грандлари ўртасидаги ўйинларни кўрганимда, асосан дарвозабонлар ҳаракатини кузатиб, уларни ўрганардим. Футболчининг спорт формаси мавсумдан-мавсумга ўзгариб туриши табиий ҳол. Шунинг учунми, бир йил Буффонга, кейингисида Касильяс, Шмейхель ёки «Милан»да порлаган Дидага ҳавас қилардим. Ушбу киперларнинг ҳар биридан ҳайратга тушардим, аммо биринчи рақамли кумирим - отам, шубҳасиз.
- Умуман, ўша вақтлар кун келиб, дунё футболидаги энг яхши дарвозабонлар қаторига қўшилишни ўйлаганмисиз?
- Йўқ. Чунки олдинлари юртимизда халқаро футбол ўйинлари кўп намойиш этилмасди. Шунинг учун биринчи навбатда, ўзим шуғулланган клубнинг асосий таркибида ўйнашни орзу қилганман. Кейин ҳаммаси табиий равишда ривожланди - улғайганим сари олдимда янги марралар пайдо бўлди, шунга яраша орзулар ҳам йириклашди. Дейлик, профессионал даражага чиқишим ва юқори савияда ўйнашим мумкинлигини англагач, энг яхши кипер бўлиш ва иложи борича кўпроқ соврин ютиш орзуси ниш ура бошлади. Шу мақсад ҳар куни тинимсиз шуғулланишни тақозо этарди.
- The Best Awards таркибида дарвозабонлар ишини қадрлайдиган махсус соврин мавжуд. Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Ҳамма одатда голларни ким йўққа чиқариши эмас, балки ким уришига кўпроқ эътибор қаратади. Ваҳоланки, футбол тарихида ажойиб дарвозабонлар бор. Майдонда ҳар бир футболчи ўзига яраша вазифани бажаради: айримлар гол уришлари керак, бошқалар ҳужумни тўхтатишга масъуллар. Шундай экан, дарвозабонларга алоҳида соврин таъсис этилгани - айни муддао. Ахир киперлар «Сиз яхши ўйнадингиз» қабилидаги мақтовлардан кўпроғига лойиқлар. Бу ҳам футбол, ҳам дарвозабонлар, ҳам мухлислар учун яхши.
- The Best Awards мукофоти шахсан сиз учун нимани англатади?
- Номзодлар қаторида эътироф этилганимнинг ўзиёқ тўғри йўлда эканлигимга далолат. Ҳа, гап индивидуал соврин ҳақида кетмоқда, лекин барчасида жамоавий муваффақият ўрни катта. Мана, ЧЛ, миллий чемпионат ва бошқа турнирларда ғолиб чиққан дарвозабонларда сўров ғолибига айланиш имконияти катта ва бу бежиз эмас. Жамоангизнинг ютуқлари сизга индивидуал мукофотларга эга чиқиш имкониятини беради. Тўғри, биз ўтган мавсум буни уддалолмадик, аммо номзодлардан бири эканлигимдан хурсандман. Демоқчиманки, совринга даъвогарлик қилишда сизга жамоангиз ёрдами керак бўлади.
- Сўнгги йиллардаги кўплаб «сэйв»ларингизни мўъжизага қиёслаш мумкин, баъзида 100 фоизли голларга ҳам тўсқинлик қилдингиз. Масалан, «Бавария»га қарши ўйинда 3та такрорланмас «сэйв» кўрсатдингиз. Қизиқ, ўзингизга қай бири кўпроқ ёқди?
- Ҳа, шу 3 карра «сэйв» ортидан мени кўп мақташди. Эҳтимол, бу вазият телевизор ва интернетда йиллар давомида сақланар. Бироқ 1тасини ажратиб кўрсатолмайман. Чунки ҳар бири муҳим, уларда рақибнинг гол уришига йўл қўймадим.
- Сиз учун дарвозабонликда энг муҳим жиҳат қайси?
- Позиция танлаш. Агар тўғри жой топсангиз ёки шунга ҳаракат қилсангиз, унда ишингиз анча осонлашади. Ҳар бир жамоа турлича ўйнайди, шунинг учун мураббийлар дарвозабонга алоҳида кўрсатма беришади. Умуман, ўзига хос фазилатларимдан бири - бу жой танлаш маҳорати, менимча.
- Дарвозабон ҳудудида майдондаги ҳаракатлар яққол кўринади. Сизнингча, голкипер жамоадошларига тез-тез бақириб туриши керакми ёки вазиятга аралашмагани маъқул?
- Умумий ҳолатга олдиндан баҳо бериш қобилиятим чакки эмас. Шундан келиб чиқиб, ўйин давомида кўп бақираман. Гап ҳаммасини бошқалардан яхшироқ кўрадиган «ақл»ли футболчи эканлигимда эмас. Шунчаки, жамоадошларим, айниқса, ҳимоячилар ва ярим ҳимоячиларга ёрдам беришни хоҳлайман. Зеро, улар баъзан билмаган ҳолда бўшлиқ қолдиришади ёки ортдан келаётган рақибни пайқамайдилар. Бундай ҳолатда «сигнал» беришнинг ёмон томони йўқ.
- «Замора» совринини 4 марта ютгансиз. Жорий мавсум ҳам кам гол қўйиб юборяпсиз. Демак, яна соврин олмоқчисиз...
- Статистикага эътибор бермайман, чунки у тез ўзгариб кетиши мумкин - кутилмаганда, кетма-кет ўйинларда голлар қўйиб юборишингиз ҳеч гап эмас. Қисқаси, соврин олиш ҳақида ўйлашдан кўра, имкон қадар гол қўйиб юбормасликка интилиш керак. Шунда совриннинг ўзи келади.
- «Атлетико» Ла Лигада яхши старт олди. Чемпионлар Лигасида ҳам «плей-офф»га чиқдинглар. Ушбу икки мусобақадан қай бирини биринчи ўринга қўясиз?
- Биттасини танлаш ножоиз, чунки барчасида ғалаба қозонишни хоҳлайман. Ҳа, бу қийин, зеро, ҳар икки фронтда энг кучли рақибларга қарши ўйнаймиз. 2016 йили ЧЛ кубогига жуда яқин эдик, аммо якунда... Муҳими, мақсадга етишишимизга ишонаман.
- Мухлислар одатда ҳужумкор ўйинчиларни эътироф этишади, аммо «Атлетико» фанатлари сизни ўзгача қадрлашади, ҳаттоки, шарафингизга алоҳида қўшиқ куйлашади...
- Клубда дастлабки ойлар роса қийналганман, ўйнай бошлаганимдан кейин эса мухлислар далдаларини яққол ҳис қилдим. Ҳозир уларни роса соғиндим ва тезроқ стадионга қайтишларини истайман. Мухлисларнинг мени қадрлашлари вазифани янада сифатли бажаришимга ёрдам беради. Футболчи муайян клубда қанча вақт ўйнашини ҳеч қачон билмайди. Мана, 7 йилдан буён шу ердаман ва ҳозиргача ҳаммаси яхши. Агар мухлисларга ёқсангиз, ҳаммаси осон. Чунки уларнинг муносабати ўзгача ишонч бағишлайди.
- Словенияда спорт юлдузлари кўплигини айтдик, бироқ мамлакатингиз футбол терма жамоасининг йирик мусобақаларга чиқиши қийин...
- Болалигимда Словения термасининг Евро-2000, кейин ЖЧ-2002га қандай йўл олганини кўрганман. Кейинчалик 2010 йили ҳам мундиалда ўйнадик. Бундан ватандошларимиз нечоғли қувонишганини биламан ва бу бахтиёрликни нафақат улар, балки бутун мамлакатга қайтаришни хоҳлаймиз. Мен учун бош мақсад - жаҳон ва Европа чемпионатида қатнашиш.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20