Тўғриси, коронавирус пандемияси авжига чиққан паллада Суперлига-2020 мавсумини тугатолмаслик хавотири ҳам юзага келганди. Ўзига шукрки, чемпионат баҳсларини тўла-тўкис ўтказиб олдик. Албатта, аксарият клубларга пандемия салбий таъсир кўрсатди, барибир. Жамоаларнинг иккинчи давра, айниқса, мавсум охирида қайд этган натижалари фикримизга асос. Муҳими, биргина «Пахтакор»нинг яққол устунлиги ва рақобатдан деярли холи бўлганини ҳисобга олмаганда, қолган ўринлар учун жиддий кураш кечди. Дейлик, аввалги мавсум элитада «жон» сақлаб қолишни ўйлаган «Қўқон-1912» бу йил совринли ўринларга чанг солди. Икки мавсум Про-лигада ўйнаган «Машъал» эса Суперлигага тезда мослашиб, нисбатан яхши ўйин кўрсатди. Албатта, клубларнинг молиявий ҳолати ҳам натижаларга таъсир ўтказмай қолмади. Оқибатда айрим клублар ўз олдига қўйган вазифани уддалай олмади. Лекин футбол пасту баландликлардан иборат. Хўш, футболчилар мавсум якуни хусусида нима дейишади? Биз айрим ўйинчиларга «Суперлига қандай ўтди?» саволи билан мурожаат қилиб, уларнинг таассуротларига қизиқдик.
Сардор Азимов («Қўқон-1912» ярим ҳимоячиси): - Жорий йилги Суперлига баҳслари жамоамиз учун ажойиб дамларни тортиқ этди. Муросасиз ўйинлардаги ғалаба ортидан келган эҳтиросларни пулга сотиб олиш иложи йўқ. Ҳа, аламли мағлубиятлар ҳам учради. Муҳим паллада айрим футболчиларимизнинг оғир жароҳат туфайли сафдан чиқишгани маълум даражада қийинчилик туғдирди. Дейлик, Шоҳназар Норбеков ва Суҳроб Бердиевнинг четга чиқишгани дилни хира қилди. Энг муҳими, клуб ичида аҳил оила муҳити шаклланган. Бунда мураббийлар хизмати катта, албатта. Улар ҳар бир ўйинга пухта тайёргарлик кўришимиз йўлида тинимсиз изланишди, меҳнат қилишди. Жамоа раҳбарияти эса, пандемия пайти ҳам маошни вақтида бериб турди. Мураббийлар майдонда чинакамига жанг қилишимиз, охиригача курашишимиз ва боримизни беришимизни уқтириб келишди. Бахтиёр Ашурматов бошқарувида биринчи марта ўйнадим. Тўғриси, Бахтиёр аканинг самимийлиги ёқди. Камчилик ва хатоларни тўғри айтади, яхшилаб тушунтиради. Футболчилик фаолиятида курашувчан бўлган мураббийимиздан ҳар қандай ҳолатда ҳам тўхтаб қолмаслик ва олдинга интилишни ўргандим.
Ихтиёр Тошпўлатов («Металлург» ярим ҳимоячиси): - Жамоамиз ҳамиша энг юқори марраларга интилади. Тан оламан, бу йил бироз пасайиш кузатилди - турнир жадвалида 6-ўринни эгалладик. Ҳар ҳолда, «Металлург» аввалги 2 мавсум финишга 5-ўринда етиб келганди. Қайсидир маънода коронавирус пандемияси ҳам таъсир қилди, албатта. Кубок баҳсида ҳам бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Дейлик, Суперлига билан хайрлашган «Бухоро» ҳам муносиб қаршилик кўрсатди. Умуман, ҳеч кимга осон бўлгани йўқ.
Сардор Абдураимов («Машъал» ярим ҳимоячиси): - Суперлига-2020 баҳслари дарҳақиқат, аввалги йилларга қараганда, мураккаброқ кечди. Коронавирус туфайли чемпионат маълум муддат тўхтаб ҳам қолди. Бунинг оқибатида кўплаб жамоаларда ўзига хос муаммолар юзага чиқди. Бу йилги мавсум шахсан ўзим учун унча қониқарли ўтмади. Биринчи даврада «Бунёдкор» ихтиёрида эдим. Лекин асосан захирада қолиб, етарли ўйин амалиётига эга бўлмадим. Боз устига, жароҳатдан кейинги тикланиш жараёни чўзилиб кетди. Иккинчи даврада эса, «Машъал»га қайтдим. Жамоага қай даражада ёрдам бердим? Бунга мураббийлар баҳо беришгани маъқул. Ахир ўз ўйиним ҳақида бирор фикр билдиролмайман-ку. Ҳа, қайсидир ўйинда ишончни оқладим, бошқасида ҳаракатим унча қовушмади. Қолаверса, орада жамоа ўйинида пасайиш кузатилди. Яъни кетма-кет мағлубиятлар таъсирида ўз салоҳиятиммизга нисбатан ишонч анча пасайди. Шунингдек, клубни молиявий муаммолар ҳам қийнади. Шукрки, якунда барчаси вақтинча ҳолат эканлигини исботладик. Албатта, сўнгги турларда қайд этилган ғалабаларимизда мухлислар ҳиссаси катта. Майдонда уларнинг далдаларини ҳис қилган ҳолда ўйнадик. Биласиз, «Машъал» ўз тарихига эга жамоа. 3 йил олдин элит лигада 7-ўринни эгаллагандик, бироқ негадир бизни Про-лигага равона қилишди. 2 йиллик танаффусдан кейин Суперлигага қайтиб, чакки таассурот қолдирмадик, менимча. Демоқчиманки, жамоанинг якуний ўрнидан қониқсак бўлади қайсидир маънода. Тўғри, «Машъал» аслида бундан яхшироғига қодир ва лойиқ эди.
Бобур Абдухолиқов («Насаф» ҳужумчиси): - Суперлигада кумуш медаль ютганимизда мураббийлар, футболчилар, умуман, «Насаф» оиласининг барча аъзолари ҳиссаси бор. Мисол учун, таркибдаги ёш футболчилар ҳам ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушишди ва 200 фоиз куч билан ҳаракат қилишди. 2-ўрин - шу меҳнат меваси. Шахсан ўзим ҳар бир учрашувда гол уришга интиламан, чунки вазифам шу. Балки бу йил бироз ўсишга эришгандирман, аммо вазиятлардан етарли даражада фойдаланолмаяпман. Демак, ўз устимда ишлашдан тўхтамаслигим керак. Айрим паллаларда 100 фоизлик имкониятни ҳам кўкка совурдим. Қисқаси, энди шу жиҳатни яхшилашим зарур. Жамоа ўйинини шакллантириш ва йўлга қўйишда мураббийимиз тажрибаси роса қўл келмоқда. Аксарият футболчилар клуб академиясидаёқ бирга ўйнай бошлаганлар. Ички муҳит ва ўзаро муносабат жойида, шунинг учун ҳам, кўзда тутилмаган танаффуслардан сўнг катта қийинчилик сезилмади. Ҳа, молиявий муаммолар бор, аммо раҳбариятга ишонамиз. «Насаф» ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаганди. Умуман, биз - футболчилар майдонда ҳар қандай ҳолатда ҳам, майдонда боримизни бериб ўйнашга келишиб олгандик. Ўз навбатида, жамоамизнинг жонкуяр мухлисларига алоҳида раҳмат - бизни шундай қўллаб-қувватлашдан сира чарчашмасин.
Лутфулла Тўраев («Бунёдкор» ярим ҳимоячиси): - 4-ўрин? «Бунёдкор»нинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқсак, бу яхши натижа, менимча. Асосийси, Суперлига ўйинларида чакки таассурот қолдирмадик. Фақат раҳбарлар ҳолимиздан унча хабар олишмади. Ахир футболчилар шу орқали оила боқишади. Биз эса 5 ойдан буён маош олмаяпмиз, мукофот пули ҳам йўқ. Раҳбарият алмашгач, жамоага етарли эътибор қаратилганида, балки 2-ўрин учун ҳам курашармидик... Раҳбарлар пул бермаган тақдирда ҳам, далда бўлиб туришганида, уларга ишониб, кучлироқ ҳаракат қилардик. Шундоқ ҳам 4-ўринни эгалладик. Қисқаси, бизга эътибор етишмади. Такрорлайман, ҳозирги ҳолатимиздан келиб чиқсак, мавсумни муносиб натижа билан якунладик.
Асрор Ғофуров («Сурхон» ярим ҳимоячиси): - Жуда оғир мавсум. Пандемия, катта танаффуслар... Булар нафақат биз, балки бошқа жамоаларга ҳам етарлича мушкулот туғдирди. Шунга қарамай, Суперлигада қолиш вазифасини бажардик. Бундан хурсандмиз, албатта. Тан олиш керак, Суперлига тобора ўсмоқда. Таъкидлаганимдек, мажбурий тўхталишлар чемпионатнинг бир текисда давом этишига таъсир ўтказди. Умумий таассуротларим яхши. Муҳими, ҳеч бир жамоа «оқ байроқ» кўтаришни истамади ва охиригача курашди. 1-2та клубни ҳисобга олмасак, қолганларда молиявий томондан қийинчилик бор. Лекин моддий етишмовчилик таъсири жамоамизда яққол бўй чўзгани йўқ. Умуман, майдонга тушгач, фақат ғалабани ўйлаб, жамоа шаъни учун ўйнаш керак. Шахсий муаммолар, молиявий қийинчиликлар - иккинчи даражали. Бошқа жамоалар таклифи? Агар чорлов тушса, кўриб чиқишга тайёрман. Лекин ҳозирча аниқ таклиф йўқ.
Егор Кримец («Пахтакор» ҳимоячиси): - Чемпионликни ҳимоя қилиш ҳамиша қийин. Боз устига, пандемия шароитида мураккаблик даражаси янада ортди. Чиндан ҳам, оғир мавсум. Менимча, ҳеч кимга осон бўлмади. Жамоамизда барча ягона мақсад йўлида бирлашди ва бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилди. Кўзда тутилмаган танаффусларга қарамай, ўйинимизда маром бузилмади. Албатта, жисмоний томондан қийналдик. Масалан, ҳаттоки, Драган Черан ҳам охирги турларда чарчаб қолди. Бу - футбол. Ҳар мавсум бир хил ўйнаш мумкин эмас. Гоҳида қойилмақом даражада тўп сурасиз, баъзан ҳаракатингиз ўхшамайди. Муҳими, биз яна чемпионмиз ва бу билан фахрлансак бўлади.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ ёзиб олди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20