Қайднома

Қидирув

«Жарималар» қироли ёки Жеймс Уорд-Праус ҳам анои эмас!

«Жарималар» қироли ёки Жеймс Уорд-Праус ҳам анои эмас!

  26.12.2020 02:20
  0
  471
«Жарималар» қироли ёки Жеймс Уорд-Праус ҳам анои эмас!

«Саутгемптон» ярим ҳимоячиси Жеймс Уорд-Прауснинг «МЮ» билан ўйинда жарима зарбасидан урган голини кўпчилик мухлислар анчага эслаб юришса керак. Эндиликда ушбу футболчининг ҳисобида АПЛда «жарима»дан киритилган 9та тўп бор - худди шундай кўрсаткич Фрэнк Лэмпард, Нолберто Солано ҳамда Жейми Реднаппга тегишли.

7-тур доирасидаги «Астон Вилла»га қарши баҳсда Мартинес қўриқлаётган дарвозани икки марта ўққа тутган Уорд-Праус АПЛда 2015 йилдан буён бир ўйинда жарима зарбалари ёрдамида тўғридан-тўғри иккита гол урган дастлабки футболчига айланди (сўнггиси Кристиан Эриксен бўлганди). Шунингдек, бу ишни бир бўлим мобайнида амалга ошириш бўйича ҳам биринчи бўлди.

«Саутгемптон»га келсак, Уорд-Праус Мэтт ле Тиссьени қувиб ўтиб, клуб тарихидаги энг яхши жарима зарбалари ижрочисига айланди (Премьер-лига ўйинлари инобатга олинганда). Савол туғилади - Жеймс АПЛда «жарима»дан 18та гол урган афсонавий Бекхэмга етиб оладими? Орадаги фарқ катта, лекин Уорд-Праусда кейинги йиллар давомида Бексга яқинлашиш учун етарлича имконият мавжуд. Ҳеч бўлмаганда, Роналду (11), Зола ва Анри (12тадан) кабиларнинг кўрсаткичи сари интилиши мумкин. Ҳозир Жеймс 26 ёшда эканлигини қўшимча қилиш даркор.

Уорд-Прауснинг бу борадаги тезкорлиги ҳам эътирофга лойиқ - дейлик, Лэмпард «жарима»дан урилган ҳар бир гол учун 5430 дақиқа ўйнаган бўлса, «Саутгемптон» ярим ҳимоячисига бунинг учун 1835 дақиқа («МЮ» дарвозасига урилган голни инобатга олмаганда) кифоя қилди. Албатта, рўйхатда шундай битта гол учун камроқ дақиқа сарфлаганлар ҳам бор - 2000 йилларда «Ньюкасл»да порлаган Лоран Робер ҳар 994 дақиқада жарима зарбасидан битта гол урган, Бекхэмнинг бу борадаги кўрсаткичи эса 1185 дақиқага тенг.

Бироқ Opta ҳисоб-китобларига кўра, мавсум-2003|2004дан буён Уорд-Праусда «жарима»ларни голга айлантириш конвертацияси аъло даражада (минимум 50та зарба ҳисобида) - 12,5 фоиз. Бу Ларссон, Солано, Анри ва Коларовнинг натижаларидан яхшироқ. Демак, бугунги қаҳрамонимиз сўнгги йиллар АПЛда тўп сураётган энг яхши жарима зарбаси ижрочиларидан биридир. Рейтингнинг кучли ўнлигида Криштиану Роналдуга жой топилмади - португалиялик ҳужумчи «жарима»дан жуда кўп зарба йўллаган, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам гол билан якунланмаган (мабодо, Роналду мўлжални аниқ олса, ҳар сафар ҳақиқий шедевр муаллифига айланган).

Айни пайт Уорд-Праус жарима зарбаси ёрдамида биттадан тўп киритган ягона футболчи бўлиб турибди. Умуман, дастлабки 10 тур мобайнида самарали зарбалар кўп эмасди - «Вест Бромвич» аъзоси Перейра, «Кристал Пэлас»дан Эзе гол уришган, шунингдек, «Ньюкасл» ўйинчиси Мерфи «Вулверхэмптон» билан ўйинда Руи Патрисиу қўриқлаган дарвозани ишғол қилганди. Шундай экан, бу йил Уорд-Праусга рақобатчи деярли йўқ.

Жеймс АПЛдаги биринчи жарима зарбасидан унумли фойдаланганда 2015|2016 йилги мавсум давом этаётганди - яқин «тўққизлик»ка йўлланган зарбани қайтариш «Вест Бромвич» посбони Боаз Майхилл учун имконсиз юмушга айланди. Узоқ танаффусдан сўнг 2017|2018йилги мавсумда Уорд-Праус яна шу жамоа дарвозасини ишғол қилди - бу сафар паст ўнг бурчакни аниқ нишонга олди. 2018|2019 йилги мавсумда эса Жеймс иккита жарима зарбасидан унумли фойдаланди - «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенхэм» билан ўйинларда тўп киритди. Ўтган йили Уорд-Прауснинг голларидан «Уотфорд» ва шахсан Бен Фостер икки марта жабр кўрди. Жорий йилдаги қаҳрамонликдан эса хабардорсиз - «Астон Вилла»га қарши баҳсда «дубль» ва «МЮ» дарвозасига урилган гол.

«Саутгемптон» рақиблари учун энг хавфли нуқта - жарима майдончасининг чап томонидан бошлаб, 14-ҳудуд ўртасигача бўлган ҳудуд, Уорд-Праус барча голларини айнан шу ердан урган. Бу мантиқан тўғри - Жеймс асосан ўнг оёқда тепади, кўпинча ўзи турган жойдан чап томонга айланма зарба йўллайди.

«Саутгемптон» ярим ҳимоячисининг жарима зарбаларини йўллаш бўйича ўз методикаси бор - унинг услубини Бекхэмникига ўхшатишади. Жеймс The Guardian нашрига берган интервьюсида айнан Бекс унга катта таъсир кўрсатгани ҳақида гапирганди: «Бекхэм мен учун ўзгача футболчи эди. Унинг нафақат жарима зарбалари, балки умумий имиджи ҳам ёқарди. Соч турмагимни уникига ўхшатишга, уникидек бутса олишга, унинг рақамида тўп суришга интилганман. Дэвидга ҳар доим ҳавас қилардим. У жарима зарбалари тепишда менга илҳом бағишлаган».

Бироқ Уорд-Праус унинг зарбалар йўллаш техникаси Бекхэмдан кўчирилгани ҳақидаги фикрларга қўшилмайди: «Услубимиз ўхшашлигини кўпчилик айтган. Аммо менимча, фарқ бор. Билишимча, Бекхэм қўлларини ёнга ёярди, бироз ортга тисариларди, тўп устида унча эгилмасди. Мен эса зарба йўллашдан аввал кичик сакрашни амалга ошириб, ёқорига-пастга ҳаракат бўлишини таъминлайман. Шунчаки, ўз услубимни ишлаб чиққанман».

Яна бир қизиқ жиҳат - Уорд-Праус ҳар доим тўпнинг логотипини юқорига қилиб қўяди. Жеймс буни ўзига хос йўл-йўриқ деб билади: «Хаёлан ўзимга гапираман: бу жарима зарбаси. Nike белгиси дарвоза томонга қараб туради. Мен эса зарба йўллайман». Машғулотлар пайти Жеймс жарима зарбалари йўллашни автоматизмгача етказади ва Рожер Федерер (теннисчи) ҳамда Жонни Уилкинсон (регбичи)ни намуна сифатида келтиради: «Уларнинг машғулотлар пайти ўзига хос зарбалар бўйича ишлашлари ҳақида ўқигандим. Қайсидир ҳаракатни қайта-қайта такрорласангиз, танангиз уни эслаб қолади. Сиз шунчаки техникани сайқаллаб, зарба сифатини яхшилайсиз».

Айтиш жоизки, Уорд-Праус машғулотларда «жарима»ларни кўп ижро этмайди - ҳафтасига 10-12та зарба етарли. Унинг сўзларига кўра, бу ҳар бир зарбадан концентрацияни яхшилашда асқотади. Қолаверса, мазкур ҳолатда организмга ортиқча юк тушмайди, ҳар ҳолда, «жарима»лар - бу, биринчи навбатда, техника ҳамда ижро сифати Қ зарба кучи демакдир.

Уорд-Праус дарвозабонлар ҳаракатини алоҳида ўрганмайди: «Фақат ўз техникамга ишонаман, агар тўпни ўзим хоҳлаган йўналиш бўйлаб йўлласам, уни ҳеч бир дарвозабон қайтаролмаслиги турган гап». Жабрдийдалар қаторига Давид де Хеани киритиш мумкин - «МЮ» посбони худди Бен Фостер сингари Жеймснинг зарбаларидан икки марта азият чеккан. Ахир, бу киперлар номи ҳар доим энг яхшилар қаторида зикр этилади.

Қизиғи, Уорд-Праус ўтган мавсумдан бошлаб пенальти тепишни Дэнни Ингзга ишониб топширмоқда. Буни Жеймс қуйидагича изоҳлайди: «Шунчаки, менда «жарима»лардан тўп киритиш имкони кўпроқ. «Нуқта»дан зарба йўллашда эса имкониятим ҳамиша 50га 50 бўлишини ҳис қилиб тураман. Жарима зарбаларини ижро этиш пайти ўзимга ишончим юқори бўлади, айнан шундай паллада дарвозабондан устунроқдек сезаман ўзимни».

Уорд-Прауснинг «Саутгемптон» учун муҳимлик даражаси фақат «жарима»лар билан чекланмайди. Бу жамоа учун фойдали жиҳат, аммо тушуниш лозимки, марказий ярим ҳимоячидан бошқа сифатлар ҳам талаб этилади. Шундай пайтлар бўлганки, Жеймс «Саутгемптон» бошланғич таркибига киролмаган - Марк Хьюз ишлаган мавсум-2018Ғ2019да у атиги уч марта ўйинни дастлабки дақиқалардан бошлаган. Ўша кезлари «авлиёлар» марказий ярим ҳимоясида Лемина ва Хейбьерг жуфтлиги тўп суришар, Хаззенхюттль келишидан аввал Уорд-Праусни асосан ҳужум қанотлари ёки «ўнлик» позициясида майдонга туширишарди.

«Саутгемптон» аутсайдерлар ҳудудида бораётганди, «МЮ» билан ўйин (2:2)дан кейин эса Хьюз истеъфога чиқарилди. «Авлиёлар» бир ўйинни Келвин Дэвис бошчилигида ўтказишди, Уорд-Праус «Тоттенхэм» билан ўйинни асосий таркибда бошлади: «Саутгемптон» 1:3 ҳисобида ютқазди. Янги мураббий Ральф Хазенхюттль келгач, Жеймс ўйинга туширилмади, мутахассис дастлабки ўйинида «Кардифф»га ютқазди (0:1), сўнгра «Арсенал» (3:2) ва «Хаддерсфилд» (3:1) мағлуб этилди. Сўнгги ўйинда қаҳрамонимиз ҳатто 18 кишилик қайдномага ҳам киритилмади.

«Ёдимда, ўшанда трибунада стаканда чой ичиб, шоколад еб ўтирарканман, ушбу клубда янги мураббий билан келажагим борлигига шубҳа пайдо бўлганди. Жамоа қийин вазиятга тушганда шундай хаёллар вужудга келиши оддий ҳол. Ўз навбатида, бу янги чақирувдир, лекин яна майдонга тушиб, тўп суришингга ҳеч ким кафолат бермайди», - дея эслайди Уорд-Праус.

Аммо кўп ўтмай Хазенхюттль Жеймс билан ўзаро суҳбат чоғи ундан майдонда нимани хоҳлаётганини тушунтирди - асосан, тўпни рақибдан олиб қўйишда агрессивлик. Ўша суҳбат Уорд-Праусни шунчалик илҳомлантирдики, машғулот пайти Стюарт Армстронгнинг оёғини синдиришига бир баҳя қолди. Кўп ўтмай қаҳрамонимиз «Саутгемптон» бошланғич таркибига қайтди ва шундан буён саноқли ўйинларни ўтказиб юборди, холос - Хаззенхюттль уни машинага қиёслаганди. Хейбьерг кетганидан кейин эса мураббий Уорд-Праусга сардорлик боғичини топширди.

Энди Жеймс майдон марказида Ромеу билан жуфтлик ҳосил қилди, Хаззенхюттль услуби - прессингни яхши ўзлаштирди, майоннинг ҳар бир қисмида рақибга босим уюштиришга ихтисослашди, қайси пайт тўпни олиб қўйиш кераклигини қунт билан ўрганди. «Мен «Саутгемптон» академиясини битириб, ҳозир асосий таркибда ўйнаётганимдан фахрланаман, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, - дейди Уорд-Праус. - Мунтазам босим остида бўлганингизда, академияда ўрганларингиздан ҳам кўпроқ нарсага эҳтиёж сезаётганингизни тушунасиз. Хаззенхюттль буни менга ўргатди. Ҳамиша ғалаба қозонишни истасангиз, бошқа кучли жиҳатларингизни ривожлантиришингизга тўғри келади».

Айни пайт Уорд-Прауснинг ўзига бўлган ишончи юқори, кейинги йил ўтказиладиган Европа чемпионати бошлангунча Англия термаси таркибига кириш ниятида. Гарет Саутгейтнинг асосий эътибори стандартларга қаратилишини инобатга олсак, Жеймснинг бу борадаги имкониятлари ёмон эмаслиги ойдинлашади. «Саутгемптон» мухлислари эса сардордан навбатдаги самарали зарбаларни кутишмоқда - айни пайт АПЛда «жарима»лар зарбаси бўйича Уорд-Прауснинг олдига тушадиган йўқ.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz