Қайднома

Қидирув

Даниэле де Росси: «Месси – доимий энг яхши ўйинчи!»

Даниэле де Росси: «Месси – доимий энг яхши ўйинчи!»

  26.12.2020 04:40
  0
  279
Даниэле де Росси: «Месси – доимий энг яхши ўйинчи!»

Италиялик Даниэле де Росси футболда ортда қолган ёрқин фаолиятига виқор билан назар ташлашга мутлақо ҳақли. 2006 йили «скуадра адзурра» таркибида жаҳон чемпиони бўлган де Росси кейинчалик яна 2та мундиалда иштирок этди (2010 ва 2014 йилларда). Умумий ҳисобда айтсак, «Рома»га садоқат билан хизмат қилган ярим ҳимоячи Италия терма жамоа билан 117 марта ғалаба нашидасини сурган. Эслатма, «Рома» тарихида ёрқин из қолдирган Даниэле самарали фаолиятининг якуний босқичида Аргентинага йўл олиб, машҳур «Бока Хуниорс» клубида ўйнади. ФИФА расмий сайти ижодкорлари ЖЧ-2022нинг УЕФА миқёсидаги саралашига қуръа ташлаш маросими арафасида футбол афсонасини суҳбатга тортиб, унинг The Best FIFA Football Awards тақдирлаш маросимига муносабати билан қизиқишди.

- Даниэле, сизнингча 2020 йилнинг энг яхши футболчисига аталган совринга ким лойиқроқ?

- Месси доимо энг яхши футболчи мақомида қолаверади. Лекин ортда қолаётган йил натижаларига эътибор берилса, мукофотга Роберт Левандовски муносиброқ. У ЧЛда ғолиб чиқди, жуда кўп гол урди ва ҳайратомуз ўйин намойиш этди.

- Мураббийлар борасида қандай фикрдасиз?

- Анча мураккаб жумбоқ. Сабаби, барча номзодлар улкан муваффақият қайд этишди. Одатда мукофот кўпроқ соврин ютган номзодга берилади. Шундай экан,  «Бавария» устози яққол фаворит. Менимча, Флик эътирофга лойиқ. Чунки мавсум тугашига 6 ой қолган пайт жамоани қабул қилиб олган мураббий пандемияга ҳам парво қилмади, саросимага тушмай, совринларни тўплашга киришди.

- Фаолиятингиз давомида сиз билан бирга тўп сурган қайси жамоадошингизни энг яхши футболчи сифатида эътироф этасиз?

- Футболдаги ҳаётимда кўплаб ажойиб ўйинчилар, буюк чемпионлар билан бирга тўп сурдим. Лекин Франческо Тотти алоҳида тилга олишим керак. Зеро, у бошқа футболчиларда учрамайдиган фазилатлар соҳиби эди. Дейлик, Тотти майдоннинг қайси нуқтасида туришидан қатъий назар, доимо яхши вазият ҳосил қилган жамоадошини пайқарди. Унга ўхшаган футболчига ҳеч қачон ва ҳеч қаерда дуч келмадим.

- Хотирангизга муҳрланган энг яхши ўйин қайси?

- 2006 йилнинг 9 июль оқшомида бўлган учрашув! Балки бу энг яхши ўйин эмасдир, аммо шахсан мен учун ҳамиша биринчи ўринда туради. Чунки ўша куни ЖЧ ғолибига айландим. Биласиз, футболда бундан буюкроқ унвон йўқ.

- Охирги савол: фаолиятингиздаги энг чиройли гол?

- Очиғини айтганда, ҳавас қиладиган даражада кўп гол урган эмасман. Лекин 2004 йилги Афина Олимпиадасида Япония термаси дарвозасига урган голимни ҳанузгача тўлқинланиб эслайман (японлар ҳисобни тенглаштиришганидан 3 дақиқа ўтгач, де Росси гол урган ва Италия термаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди). Зарбани чап оёқ билан «велосипед» услубида йўллагандим. Бу - мен учун ғайритабиий ва ажойиб муваффақият.

 Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz