Хабарингиз бор, АПЛ 5-тури доирасидаги Мерсисайд дербисида «Ливерпуль» ҳимоячиси Виржил ван Дейк «Эвертон» дарвозабони Жордан Пикфорд билан тўқнашиб кетиш оқибатида жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди.
Шундан сўнг «қизиллар» мухлислари «ирислар» кипери манзилига таҳдидлар ёғдиришди ва Пикфорд оиласи хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хос соқчи ёллашга мажбур бўлди. Умуман, футбол оламида бундай мудҳиш воқеалар авваллари ҳам рўй берган. Қуйидаги мақолада уларнинг энг сараларидан иборат рўйхат тузилди.
1994 йил. Эскобар, автогол ва жазоланмаслик
Колумбия терма жамоаси ҳимоячиси Эскобар ЖЧ-1994 гуруҳ босқичи доирасидаги АҚШга қарши дуранг билан якунланган учрашувда ўз дарвозасига гол уриб қўйганди. Жамоанинг мусобақадан барвақт чиқиб кетишида унинг айби бўлмасада (Колумбия 1-турда Руминиядан енгилганди), футболчининг ватанида ҳаммасига Андрес сабабчи, деган уйдирма тарқалди. У ердаги наркобаронлар қора букмекерлар билан доимий алоқада бўлганликлари боис, 1994 йилнинг 2 июлида футболчи Медельин шаҳрида ака-ука Гальонларга дуч келди. Улар «Милан»га ўтиши тахмин қилинаётган ҳимоячини ҳақорат қилишган. Уёғига гувоҳларнинг кўрсатмалари бир хилда эмас. Ҳақиқатдан анча йироқ тахминга кўра, Андрес улар билан қўпол муомалада бўлган. Иккинчи гувоҳ футболчи клубдан уйига шошилганлигини айтган. Чунки ўша даврда ўлдирилган Пабло Эскобарнинг касбдошлари билан Колумбияда ҳеч ким жанжаллашган эмас. Футболчи машинасига ўтириб, уйига жўнамоқчи бўлганида, унга яқинлашган киши 6 марта ўқ узган. Миш-мишларга кўра, қотил «гол», «гол», «гол» ёки «автогол», «автогол», «автогол» деб қичқирган. Судда ака-ука Гальонларнинг ҳайдовчиси айбни бўйнига олди. Уни 43 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Бироқ 9 йилдан кейин «намунали хулқи» учун муддатидан аввал озодликка чиқарилди.
Кўпчилик ўртасида «бу шунчаки стрелкачи ролидаги шахс», деган тахмин мавжуд. Боиси, қотилликни ташкил этишда прокурор аввал наркобаронлардан бирини айблаганди. Бироқ судья унга ҳеч қандай жазо қўлламади. Гап ким ҳақида эканлигини тушуниб олишингиз учун муҳим маълумот - 2018 йилда Хуан Сантьяго Гальон кокаин савдоси билан шуғулланганини тан олди. Гап камида 5 тоннадан кам бўлмаган оғу ҳақида бормоқда. Укаси Педро билан ҳамкорликда ўлим эскадронини ташкил этишда айбланган шахсга қарши судья қандай чора кўрди? 2019 йилнинг бошида озодликка қўйиб юборди. Агар 25 йил ичида Колумбияда кўп ўзгаришлар бўлди, деб ўйлаётган бўлсангиз, навбатдаги зўравонлик билан танишинг.
Америка кубоги-2019 турниридаги Чилига қарши чорак финал баҳсининг пенальтилар сериясида ҳимоячи Тесильо гол уролмади. Жамоа мусобақадан чиқиб кетгач, футболчининг отаси ва турмуш ўртоғи Эскобарнинг ўлимига шаъма қилинган минглаб таҳдидлар бўрони остида қолишди.
2007 йил. «МЮ»
афсоналарини қўрқитиш
Футбол олами алломаларидан бири бўлган сэр Алекс Фергюсон мураббий бўлмаганида, бошқа ҳар қандай вазифани дўндирган бўларди. Аммо ундан ҳеч қачон хушмуомала ҳисобчи чиқмаслиги аниқ. Футбол тугул, ҳатто криминал оламида ҳам сэр Алексдек қаттиққўл инсонлар доимо етакчи бўладилар. Қуйидаги ҳикоя қаҳрамони шундай довюрак шахсни қўрқитмоқчи бўлганди.
2007 йилда «МЮ» офисига қисқа хабар илова қилинган оқ кукунли пакетни ташлаб кетишганида, клубдагилар саросимага тушиб қолишди: «Нима учун хатни очдинг? 20 дақиқадан кейин умринг тугайди». Таъкидлаш жоизки, 2001 йилнинг 11 сентябрь куни Нью-Йоркда рўй берган террористик хуруждан кейин оқ кукунли мактублар жўнатиш урф бўлганди. Улар орасида одамларни шу усулда заҳарлашга қаратилган жиддий тажовузлар ҳам бор.
Дунё аҳлини куйдирги хасталигини тарқатувчи ҳужайралар солинган мактублар билан ҳам қўрқитишди. Бироқ юзлаб хатларнинг атиги бир нечтаси ҳақиқат бўлганида, Фергюсоннинг асаблари таранглашган бўларди. Пакетдаги «оғу» оддий кир ювиш кукуни эканлиги полиция томонидан аниқланиб, бир кундан кейин Руни ва Роналду ҳам шунақа конвертларни олишгач, «МЮ»дагилар енгил тин олишди. Оператив гуруҳ футбол юлдузларига босим ўтказган террорчиларни эмас, қандайдир телбани қўлга олди. Бироқ нима бўлганда ҳам, бу хавфли. Шу сабабли, клуб базасида назорат кучайтирилди, нотаниш ва шубҳали кимсалардан келган хатларни қабул қилиш тартиби қайта кўриб чиқилди.
Ортда қолган нохуш воқеанинг салбий жиҳати нимада? Айбдорни аниқлаб, қандай жазо чораси кўрилгани ҳақида маълумот йўқ. Роналду анчадан бери шахсий соқчилари ҳамроҳлигида юради. Бироқ айбдорнинг эмин-эркин юриши янги жиноятларни келтириб чиқаради. Суарес билан юз берган можародан кейин Патрис Эвра ўзларини маҳбуслар деб таништирган кимсалардан таҳдидли хабарлар олди. Улар озодликка чиққанларидан кейин Патрис ва унинг оиласи билан ҳисоб-китоб қилишларини айтишганди. Футболчи ортиқча чўчимаган бўлсада, соқчи билан юришга одатланди. Аммо бундай зуғумларга дуч келмаган рафиқаси билан укаси бир неча ойни хавотир билан ўтказишди.
2020. Пикфорд, болалар, ван Дейкнинг жароҳати
Евро-2000 саралаш босқичида Александр Филимоновнинг қўпол хатоси ягона йўлланма учун кечадиган тўқнаш учрашувида Украина майдонга тушишини таъминлаганини унутмаган бўлсангиз керак. 1999 йилда Словения билан кечган баҳсда Филимоновнинг украиналик касбдоши ва номдоши бўлмиш Шовковский ҳам «қовун туширди» ва финал босқичига Словения йўл олди. Гарчи «Динамо» посбонининг «қовуни» «Спартак»даги касбдошиникидан залворлироқ бўлсада, фаолиятини бемалол давом эттирди. Филимонов эса жамиятдан четроқ юришга одатланди. Айрим мамлакатлар, масалан, Бразилия, Россия ва Англияда дарвозабонлар фаолиятига ортиқча талабчанлик билан қаралади.
Британияликлар Пикфордни хуш кўришмайди, доимо жиғига тегиб туришади. Ўзаро тўқнашувда ван Дейкка оғир жароҳат етказганидан кейин дарвозабонга бир қатор таҳдидлар йўлланди. Шунингдек, Ришарлисон ҳам жиддий босим остида қолган. Полиция дағдағалар муаллифларини қидиришни бошлаб юборди.
Мазкур воқеалардан қандай сабоқ олиш лозим? Аввало, футболга муносабат билдиришда чегарадан чиқиб кетмаслик керак. Таҳдидлар тугул, ҳатто четдан отиладиган пинҳоний ҳақоратлардан футболни узил-кесил тозалаш муҳим аҳамият касб этади. Эмин-эркин замонда ҳар ким ўз муносабатини билдириш ҳуқуқига эга. Лекин айрим мухлисларнинг пенальти ёки қизил карточкага олиб келмаган қўполлиги учун Пикфордга босим ўтказишлари адолатдан эмас. Ахир тўқнашувдан олдин ҳакам «офсайд» ҳолатини қайд этганди. Виржилнинг ҳозирги ҳолати ачинарли. Аммо голландиялик ҳимоячининг ўзи ҳам шундай оғир жароҳат сабабчиси бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу - футбол. Қасд олишга қаратилган таҳдидлар эса - ёвузлик.
Пикфорднинг наркобаронларга ўралашиб қолмаганлиги тушунарли. Лекин ҳар эҳтимолга қарши ўзи ва оиласи хавфсизлигини таъминлаш учун соқчилар ёллагани тўғри қарор. Ўйинни жиддий қабул қилишимиз, унинг ижобий жиҳатлари билан чекланиб қолмаслигимиз катта аҳамиятга эга. Хайриятки, аксарият ҳолларда хайрли хотима гувоҳига айланяпмиз - таҳдидлар қуруқ дўқ-пўписа мақомида қолмоқда. Аммо вазиятдан чиқиб кетиш йўлида нотаниш машҳурларга таҳдид ўтказиш уларнинг оиласига таъсир этмай қолмайди. Шу ўринда Виржил Пикфорд ва унинг оиласига зуғум қилмоқчи бўлганларни қоралаб баёнот берса, чакки бўлмасди. Бу борада британияликлар тез-тез чегарадан чиқиб кетишади. Масалан, Петр Чех «Арсенал» таркибига ўтганида, унинг фарзандлари ва турмуш ўртоғи дағдағалар остида қолишганди.
Футбол воқеаларига қонуний йўл билан муносабат билдириш мумкин. Аммо қўрқитиш бу рўйхатда йўқ. Масалан, Деклан Райс Ирландияни эмас, Англия терма жамоасини танлагани учун таҳдидларга дучор бўлди. Полиция маҳкамаларини бунга ўхшаш безориликлар қизиқтирмайди. Лекин ака-ука Гальонлар бошлаган қўрқитиш охир-оқибат Андрес Эскобарнинг фожиали ўлими билан якунланди.
Ҳикоямиз сўнгида мавзуга оид найранглар борлигига тўхталмоқчимиз. Мабодо, сизни кимдир ижтимоий тармоқлар орқали қўрқитмоқчи бўлса, аввало, экраннинг нариги томонида оддий болакай ўтириши мумкинлигини унутманг. Июль ойида «Кристал Пэлас» вингери Вилфрид Захани қўрқитиб, ҳақорат қилган 12 ёшли мактаб ўқувчиси қўлга олинди. Бундан бир неча йил аввал тенгдош қизалоқлар ўртоқлик учрашувида уларнинг севимли қўшиқчиларига қўполлик ишлатгани учун «Астон Вилла» ярим ҳимоячиси Агбонлахорга ҳужум уюштиришганди.
Пикфорд эса унга йўлланган таҳдидларнинг қайси бири ҳақиқий эканлигидан бехабар. Бироқ унга таскин берадиган икки хабарни билади - Жорданни ишончли профессионаллар ҳимоя қилишмоқда, ван Дейкнинг жарроҳлик муолажаси муваффақиятли ўтди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20