Қайднома

Қидирув

Хави: «Футболчиларим рақибга катта босим ўтказишини истайман»

Хави: «Футболчиларим рақибга катта босим ўтказишини истайман»

  28.12.2020 08:28
  0
  367
Хави: «Футболчиларим рақибга катта босим ўтказишини истайман»

Хави бугунги кунда футбол техникларининг энг етукларидан бири ҳисобланади. Испания футболи тарихидаги мисли кўрилмаган уч ғалабани қўлга киритганлиги сабабли ярим ҳимоячи маэстро даражасига чиқди. Аниқроғи, 2010 йилги мундиал ва икки марта Европа чемпионати кубокларини боши узра баланд кўтарган. «Барселона»даги ёрқин фаолиятидан сўнг Хави Қатар Суперлигаси гегемони - «Ал-Садд» клуби сафига қўшилди. Вақт ўтиб, у жамоанинг асосий фигураси - мураббийига айланди. Хави Қатарда бир неча йил яшаганлиги сабабли, 2022 йилги жаҳон чемпионати ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида футбол тарихида унутилмас из қолдиришини ишонч билан таъкидламоқда. Шунингдек, мутахассис FIFA.com сайтига берган интервьюсида ЖАРда ўтган ЖЧ-2010 хотиралари, Қатар-2022 ғолиблиги учун асосий даъвогарлар ва бошқалар ҳақида гапирди.

- 2022 йилги мундиалнинг асосий фаворити сифатида қайси жамоани кўрсатасиз?

- Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини сабрсизлик билан кутмоқдаман. Турнир чиндан ҳам ҳаяжонли ўтишини ваъда қилишмоқда ва табиийки, кўплаб жамоалар унга ғалаба қозонишларига ишонган ҳолда боришади. Сўнгги халқаро беллашувларда Испаниянинг яхши ўйинини кўриш ёқимли бўлди. Ўйлайманки, жамоа юқори даражага қайтди ва энди катта ишонч билан дастлаб Еврога, сўнгра ЖЧ-2022га йўл олади. Айни пайт Европа мамлакатлари термалари жуда кучли кўринишга эга. Алоҳида биттасини ажратиб кўрсатишнинг иложи йўқ. Шундай бўлсада, Франция амалдаги чемпион сифатида Қатарга боради ва улар чемпионликни ҳимоя қила олишга қодирликларига ишонишади. Чунки Франция термаси таркибида кучли футболчилар бисёр. Айниқса, Килиан Мбаппе ва Антуан Гризманн каби ғолиблик руҳига эга чарм тўп усталари мамлакатларидаги ишончни оқлашларига шубҳа йўқ. Германия, Италия, Бельгия, Португалия ва Хорватия ҳам жуда рақобатбардош жамоалардир. Уларни мағлуб этиш жуда қийин бўлади. Шунинг учун ҳам ушбу термаларнинг ҳеч бирини ҳисобдан чиқармаслик лозим. Жанубий Америкага назар ташласангиз, Бразилия ва Аргентина ҳар доим ғолиб чиқишни ўйлаб мусобақага киришади, Неймар ва Лионель Месси каби футболчилар бошчилигида ёш футболчиларни бошқарадиган кучли таркибга эга бўлади. Уругвай, Колумбия ва Чили ҳам дунёнинг энг яхши жамоалари билан рақобатлашиш ва натижаларга эришишга қодир. Кўрамиз, ким саралашдан талафотсиз ўтаркан. Лекин барибир, бу жуда ажойиб мусобақага айланадиган очиқ турнир бўлади. Сўнгги бир неча йил ичида Қатарда яшаб, бу ерда эришилган ютуқларнинг шахсан гувоҳи бўлганимдан, мезбон мамлакатнинг мусобақада иштирок этишидан жуда мамнунман. Турнир учун биринчи даражали иншоот ва стадионларни ривожлантиришга нафақат улкан сармоялар киритилди, балки дунёнинг энг яхши жамоалари билан катта саҳнада рақобатлашишга қодир бўлган термани яратиш борасида ҳам катта ишлар қилинди. Қатар миллий жамоасига келган янги авлод футболчилари сезиларли даражада ўсишга эришмоқдалар. Терманинг ҳозирги ривожланиш суръа­ти, қолаверса, яқинда Осиё кубогидаги ғалабасини инобатга олган ҳолда, Қатар биринчи жаҳон чемпионатида яхши натижаларга эришиши мумкин, деб ўйлайман. Бу ерда футбол маданияти шиддат билан ўсиб бормоқда ва менимча, мундиал нафақат Қатар, балки бутун Араб минтақасида ушбу спорт турини янги босқичга олиб чиқишга ёрдам беради.

- 2015 йили Қатарга «Ал-Садд»да ўйнаш учун кўчиб ўтдингиз. Тажрибангизга асосланиб айтинг-чи, 2022 йилги жаҳон чемпионатига борадиган мухлисларни бу ерда нималар кутмоқда?

- 2022 йили Қатарда жонланиш бошланади. Мамлакат футбол мухлислари учун ажойиб шоу намойиш этишни ваъда қилди ва мен бу ерга 2015 йилда кўчиб келганимдан бери стадионлардан тортиб, то уй-жойгача бўлган барча ишларни кўрганимдан сўнг, бу ўйинчилар ва мухлислар учун ажойиб турнир бўлишига аминман. Дохани айланиб, маҳаллий аҳоли билан учрашганингизда, бу ердаги одамлар ҳақиқатан ҳам футболга иштиёқманд эканига гувоҳ бўласиз. Қатарга биринчи марта кўчиб келганимда, нимани кутишимни билмасдим, чунки 25 йилдан сўнг «Барса»ни тарк этиб, бошқа маданият ва урф-одатлар билан дунёнинг янги қисмига саёҳат қилиш мен учун янги тажриба эди. Аммо шуни тан олишим керакки, менга Қатарда деярли ҳамма нарса ёқади. Об-ҳаво қулай, қуёш деярли ҳар куни порлайди ва бу одамларнинг ишлаши учун жуда маъқул жой, чунки маҳаллий аҳоли вакиллари чин маънода меҳмондўст ва самимийлар. Қатар, шунингдек, жиноятчилик даражаси жуда паст бўлган хавфсиз мамлакат. Бу эса ёш оилага фарзандларини муносиб тарзда тарбиялаш учун айни муддаодир. Ўйлайманки, Қатарда мухлислар катта тажрибага эга бўлишади. Стадионлар жуда шинам, мухлислар учун энг яхши шароитларни яратишни асосий мақсад қилиб қурилган. Бундай шароитда стадиондаги атмосфера ажойиб бўлиши керак. Футболдан узоқда бўлган ишқибозлар дунёнинг ва маданиятнинг янги қисмини ҳис қилиш имкониятига эга бўладилар. Унда ажойиб пляжли меҳмонхоналари, кўплаб муҳташам ресторан ва савдо марказлари мавжуд. Фан-зоналар бутун дунёдаги мухлислар учун мавжуд атмосферага шўнғиш учун ажойиб жой. Шундай экан, 2022 йили Қатарга саёҳат қиладиганлар зерикиб қолишмайди.

- 2010 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан Испания термаси таркиби мукаммал эди. Ўша жамоанинг асосий хусусиятлари нима эди?

- Футболчиларнинг махсус авлоди таркибига кирганимдан жуда бахтиёрман. Биз нафақат жаҳон чемпионлигини ютдик, балки кетма-кет икки марта Европа чемпионлигини ҳам қўлга киритдик. Ушбу ғолиб жамоани белгиловчи асосий хусусиятлар шуки, бизда елкама-елка кўп меҳнат қилган жуда камтарин ва ҳалол футболчилар гуруҳи бор эди. Ҳамма жамоа умумманфаати учун қўлидан келган барча ишни қилди. Бундан ташқари, бу юқори нотада ўйин кўрсатган ғолиб жамоа эди, демак биз ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишимиз мумкинлигига ишонч билан ўйнадик. Мураббийлар ҳам биз учун жуда кўп иш қилишди. Дастлаб Луис Арагонес асосий гуруҳни бирлаштирди. Кейин эса Висенте дель Боске ўз ишини давом эттирди ва ўша пайт Испанияда бўлган истеъдодлардан энг яхшиларини бир жойга тўплади. Бу буюк истеъдодлар авлоди эди ва Дель Боске бизга ўйинларда устунлик қилишимизга имкон берадиган ҳамда томоша қилишдан завқланадиган футбол услубида ўйнашимизга ишонч бағишлади. Менимча, ўша даврни одамлар узоқ эслашади ҳали.

- 2020 йил - Испаниянинг ЖАРдаги ғалабасига ўн йил тўлди. Кимдир ўша мундиал ҳақида эслатганда, биринчи навбатда, қандай хотира ёки тасаввур пайдо бўлади?

- Кўплаб ёрқин хотиралар ёдга тушади. Жанубий Африкадаги ғалабадан ўн йил ўтди, аммо бу худди кеча бўлгандек, назаримда. Тарих яратганингизни билиш - бу ажойиб туйғу. Биз кубокни олиб, усти очиқ автобусда Мадрид бўйлаб юрганимиздаги байрамни эслайман. Ғалабанинг барча испанияликка олиб келган қувончи ўлчовсиз эди ва бу умримнинг охиригача хотирамда қолади. Мундиалда ғолиб чиққанингиздан сўнг, сиз абадий жаҳон чемпионига айланасиз ва буни ҳеч ким тортиб ололмайди. Биз эришган нарсалар жуда таъсирли, шунинг учун мен ушбу дақиқаларни эслашдан жуда хурсандман ва фахрланаман.

- Идеал жамоа мавжуд бўлмаса керак, чунки ҳар доим ҳали яхшиланиши талаб этиладиган жиҳат топилади. Бироқ агар ЖЧ-2010да Испаниянинг энг яхши ўйинини ажратиб кўрсатиш керак бўлса, қайси бирини танлардингиз ва нима учун?

- Менимча, 2010 йилги энг яхши ўйин Германияга қарши ярим финалда бўлган. Немислар бизникига жуда ўхшаш фалсафага эга эдилар: тўпга эгалик қилиш, ўйинда устунликка эришиш, ҳужум уюштириш истаги. Ўйлашимча, биз ўша учрашувда худди шундай ўйнадик ва улардан устунроқ эдик. Финалда бироз қийналдик, чунки бизга ўйнаш имконини бермайдиган жуда қўпол ва тажовузкор Голландия термаси тўқнаш келди. Бошқа томондан, Германия бизнинг услубимизда ўйнашни хоҳлади, бироқ биз улардан анча кучли ўйин кўрсатдик.

- Испаниянинг устунлиги тўпга эгалик қилиш эди. Ҳозирги футболда жисмоний куч ва ҳужумга ўтиш тезлиги асосий планга чиққан. 2010 йилги Испаниядек ўйнаган терма, сизнингча, 2022 йилги мундиалда ғолиб чиқа оладими?

- Тўпга кўпроқ эгалик қиладиган ва тез-тез ҳужум уюштирадиган жамоада ғалаба қозониш имконияти ҳимояланадиганларга нисбатан кўпроқ бўлади. Буни ишонч билан айтишимга сабаб бор, зеро мен футболчи сифатида шу тарзда яшаганман ва ушбу модель ёрдамида муваффақиятга эришганман. Охир-оқибат тез-тез ҳужумга ўтган, энг кўп зарба йўллаган, рақиб дарвозасига яқинроқ бўлган жамоанинг ғалаба қозониш имконияти кўпроқ бўлади. Албатта, бунга кафолат йўқ, аммо статистика уларнинг фойдасига деб ўйлайман. Ҳа, шу услуб орқали ўйинни юқори темпда ушлайдиган терма бўлса, 2022 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиши мумкин. Футболда мураббийларнинг икки тури мавжуд: ҳимоявий ўйин тарафдори ва аксинча, ҳужумни хуш кўрувчилар. Қайси фалсафани кўпроқ ёқтиришим аниқ. Мураббий сифатида жамоам тўпга эга бўлишини истайман, ҳужум қилмоқчиман. Ҳамиша майдоннинг рақиб томонида ўйнашни хоҳлайман. Шогирдларим рақибларига катта босим ўтказишларини истайман, шунда кўпинча тўп бизнинг ихтиёримизда бўлади. Замонавий футболда кўп нарса яхшиланганига ишонаман ва албатта, ҳужумга ўтиш тезлиги ҳамда ўйинчиларнинг жисмоний кучи каби жиҳатларга катта эътибор қаратилмоқда. Аммо барибир, энг иқтидорли ва маҳоратли жамоа ўйинда устунликка эришади.

 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz