Қайднома

Қидирув

«А» серияда биринчи «ўзбекча» гол

«А» серияда биринчи «ўзбекча» гол

  29.12.2020 03:03
  0
  401
«А» серияда биринчи «ўзбекча» гол

Италияда тўп сураётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов «Парма»га қарши баҳсда тўп киритиб, «А» серияда гол урган дастлабки ўзбек футболчисига айланганидан хабарингиз бор. Soccer.ru сайти шу муносабат билан собиқ иттифоқ таркибида бўлган, кейинчалик мустақилликка эришган мамлакатлар вакиллари сифатида Италия чемпионатида рақиб дарвозасини ишғол қилганлар рўйхатига назар ташлади.

Ўзбекистон: ЭЛДОР ШОМУРОДОВ - «А» серияда 1та гол

Клуби: «Женоа»

Шомуродов «А» серияда тўп сурган иккинчи ўзбекистонлик футболчидир. Дастлабкиси «Ювентус»да тарбияланган ярим ҳимоячи Илёс Зейтуллаев ҳисобланади. 2000 йиллар ўрталарида у Италия чемпионати вакили «Режина» клуби сафида иккита ўйин ўтказган. Аниқроғи, захирадан майдонга тушганди, ўшанда. Зейтуллаев «Интер» ва «Ювентус»га қарши баҳсларда майдонда жами 38 дақиқа ҳаракат қилган. Илёс жами 10 йилдан ортиқ вақт давомида Италия клубларида ўйнади, бироқ «Режина»дан ке-йин элитада тўп сурмади. Шундай бўлсада, «Женоа», «Виченца», «Верона» ва «Пескара» каби таниқли клубларда фаолият юритди. Таъкидлаш жоизки, бу жамоалар ўша пайтлари ўз тарихларидаги энг ёмон даврларини бошдан кечираётганди. Генуя­даги икки ойлик фаолияти мобайнида Шомуродов ўз ватандошини «А» сериядаги ўйинлари сони бўйича икки марта ва майдонда ҳаракатланган дақиқалари бўйича деярли беш маротаба ортда қолдирди. «Парма» билан ўйинда Элдор «А» серия тўпурарлари географиясини кенгайтириб, мусобақада ва умуман, Европа топ-5 лигаларида гол урган биринчи Ўзбекистон вакилига айланди. Шомуродов «Парма» дарвозасини ишғол қилди, ундан олдин ўтказилган мамлакат кубоги учрашувида эса голли узатмани амалга оширди. «Ростов» клуби собиқ ҳужумчисининг Италияга мослашуви яхши кетмоқда. Элдорда доимий ўйин амалиёти ва ҳар қандай футболчига ишонч бағишлайдиган самарали ҳаракатлар мавжуд. Шундай давом этавер, ўзбек ўғлони!

 

Қозоғистон: АЛЕКСАНДР МЕРКЕЛЬ - «А» серияда 1та гол

Клублари: «Милан», «Женоа», «Удинезе»

Меркель Қозоғистонда туғилган, аммо у 6 яшарлигида оиласи Германияга кўчиб кетган. Александр айнан ўша ерда таълим олиб, футболчига айланган. 16 ёшида ярим ҳимоячи «Милан» тизимига кирди. Шу билан бирга, Германиянинг ёшлар жамоаларида ўйнади, аммо кейин ўз кучини оқилона баҳолаб, Қозоғистон фойдасига танлов қилди. Меркель фаолиятининг мақтовга арзийдиган қисми Италияда ўтди. Дастлаб «Милан», кейин «Женоа» ва «Удинезе»да яхши ўйнашга ҳаракат қилди. Шомуродов сингари у ҳам «А» сериядаги ягона голини «Гриффинлар» таркибида урди. 2012|2013 йиллар мавсумининг биринчи турида «Кальяри»га қарши ўйинда (2:0 ҳисобидаги ғалаба, иккинчи тўпни Чиро Иммобиле киритган) ўз номини таблога ёздириб қўйганди.

 

Беларусь: ВИТАЛИЙ КУТУЗОВ - «А» серияда 9та гол

Клублари: «Милан», «Сампдория», «Парма», «Бари»

Беларуслик ҳужумчи «А» серияда жуда кўп имкониятларга эга бўлди. Тўрт хил жамоа таркибида майдонга тушди, жорий аср бошида афсонавий «Милан» либосида Италия футболида дебютини нишонлади. Виталий Италия чемпионати элитасида 99 учрашувда қатнашиб, атиги 9та гол билан чекланган. «В» серияда эса натижа нисбатан яхшироқ чиқди. Бу ерда Кутузовнинг ҳисобида икки мавсумда 10 ва 15тадан голлар мавжуд.

 

Литва: ТОМАС ДАНИЛЯВИЧУС - «А» серияда 10та гол

Клуби: «Ливорно»

Литвалик ҳимоячи Мариус Станкявичус «А» серияда 113та ўйин ўтказиб, 6та гол урган. Унинг ватандоши Данилявичус эса икки баравар кам ўйнаган бўлишига қарамай, 10 марта гол урган. Бироқ Томаснинг форвард эканлигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Ўзига хос услубга эга ҳужумчи Италиянинг бир қатор жамоаларида фаолият юритди. Аммо Литва термаси тарихидаги энг яхши тўпурар «А» серияда фақат «Ливорно»да ўйнади.

 

Молдова: АРТУР ИОНИЦЭ - «А» серияда 12та гол

Клублари: «Верона», «Кальяри», «Беневенто»

Кишинёвлик футболчи 2014 йилдан бери Италия клубларида тўп сурмоқда. Жорий мавсум «Беневенто» ярим ҳимоячиси «А» серияда ўзининг 200-ўйинини ўтказиши мумкин. Ҳозир Артур ҳисобида 183 учрашув ва 12та гол бор. Ионицэ майдон марказида ўйнайди ва кўпроқ рақиб ўйинини бузишга эътибор қаратади. Баъзан яхши зарбалар ҳам бериб туради. Хусусан, «Интер» ва «Рома»га қарши баҳсларда чиройли голларни урган.

 

Грузия: КАХА КАЛАДЗЕ - «А» серияда 13та гол

Клублари: «Милан», «Женоа»

Ҳужумчи Леван Мчелидзе «А» серияда «Палермо» ва «Эмполи» таркибида 11та гол урган. Аммо афсонавий ҳимоячи ўзининг 13та голини уриш учун 12 мавсум («Милан»да - 10, «Женоа»да - 2)да 250та учрашув ўтказган. «Россонерлар» билан Каладзе скудеттони қўлга киритган, иккита Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан. Вақт ўтгани сайин грузин афсонаси Италиядаги энг яхши ҳимоячилардан бирига айланди.

Арманистон: ГЕНРИХ МХИТАР-ЯН - «А» серияда 14та гол

Клуби: «Рома»

Генрих Мхитарян бунгача Бундеслига ва АПЛда ўйнаган. Энди эса «А» серияда «Рома» сафида тўп сурмоқда. У ўтган мавсум Италия чемпионатидаги биринчи арманистонлик футболчига айланди ва ҳозир жорий кампанияда пойтахт «бўрилари» таркибида самарали ўйнашни давом эттирмоқда. «А» сериядаги 31 учрашувда Генрих 14та гол урди ва 9та самарали пас берди. Ноябрь ойи­да Мхитарян «Парма» билан ўйинда «дубль», «Женоа»га қарши учрашувда эса «хет-трик» қайд этди.

 

Россия: ИГОРЬ КОЛИВАНОВ - «А» серияда 44та гол

Клублари: «Фоджа», «Болонья»

«А» сериядаги россияликлар орасида энг сермаҳсули ҳисобланадиган Коливанов Италиянинг 18та жамоаси дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлган. Игорь «Ювентус» дарвозасига тўртта гол урган, «Милан» ва «Рома» дарвозабонларини эса уч марта ранжитган. Лекин унинг катта клубларда ўйнай олмагани ачинарли ҳол, албатта. Ўша пайтлардаги жароҳати Коливановнинг «Интер»га ўтишига халақит берганди.

 

Украина: АНДРЕЙ ШЕВЧЕНКО - «А» серияда 127та гол

Клуби: «Милан»

Андрей Николаевич рақобатдан холи: буюк ҳужумчи, «Олтин тўп» соҳиби ва «А» сериянинг икки карра энг яхши тўпурари. Италия чемпионатининг 226 учрашувида 127та гол урган. Шевченко биргина Милан дербиларининг ўзида рақиб дарвозасини 14 марта ишғол қилган (бу рекорд ҳанузгача сақланиб турибди). «А» сериянинг уч мавсумида афсонавий украиналик форвард 24тадан гол урди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz