Қайднома

Қидирув

«Олтин томир» ёхуд Guldminen футбол мактаби ҳақида

«Олтин томир» ёхуд Guldminen футбол мактаби ҳақида

  31.12.2020 02:22
  0
  403
«Олтин томир» ёхуд Guldminen футбол мактаби ҳақида

«Мидтьюлланн» ҳар доим инновацион ўзгаришларга мойил бўлган. Клуб ташкил этилганидан буён ўтган 21 йил мобайнида у ҳар доим ўзини «инқилобчи» деб атаган. Данияликларнинг селекция масалалари бўйича таҳлиллар ва интеллектуал ишловларга бўлган муносабатлари ҳар доим энг яхшилар қаторида зикр этилган. Ноординар услублар билан жамоани ривожлантиришга интилиш ҳам шулар жумласидан - масалан, тўпни қўл билан ўйинга киритиш бўйича махсус мураббий ёлланди. Буларнинг бари яхши, аммо энг ажойиби ҳали олдинда.

2019 йили Даниянинг 3 карра чемпионлари янги мактаб очиб, унга ўзгача ном беришди - Guldminen, яъни «Олтин томир». Таълим маскани машғулотлар базаси ёнида жойлашган, унда ўқиш эса текин. Мақсад - «суператлетлар»ни тарбиялаш. Эшитилиши ёмонмас, аммо аслида ҳаммаси оддий. Бу ерда 5дан 12 ёшгача бўлган 75 нафар ўқувчи ва ўқитувчи бор. «Ниятимиз - жаҳоннинг энг яхши футболчисини етиштириш, - дейди «Мидтьюлланн» бош директори Клаус Штайнляйн. - 20 йилдан кейин, 2035 йили сайёрамизнинг тенгсиз ўйинчиси айнан шу ердан чиқади». Клуб раҳбарларидан бири таълим беришнинг инновацион кўриниши, яъни стол ёнида шунчаки ўтириб ўқиш эмас, балки жисмоний машқларга кўпроқ урғу бериш фойда келтиришига ишонмоқда. «Тарбияланувчимиз «Олтин тўп»ни қўлга киритиб, ўз нутқини бошлаганда, ҳаммасидан ҳам ажойиб бўлади. Умид қиламизки, у бизга миннатдорлик билдириб, БМТнинг «Барқарор ривожланиш мақсадлари» ҳақида сўзлайди. Футболчиларимиз тинчлик тўғрисида гапиришсин, қайғуришсин. Одатда, ёш ўйинчилар янги «Феррари» ва «Порше»ни ўйлашади, лекин режамизга кўра, бизнинг мактаб битирувчилари бойликларини одамларга ёрдам бериш, муҳтож оилаларга кўмаклашиш мақсадида ишлатишади. Биринчи навбатда, футболчи эмас, балки Инсонни тарбияламоқчимиз».

Штайнляйннинг таъкидлашича, клубнинг истаги фақатгина спортчилар етиштириш билан чекланмайди. Бошқа мақсад - мамлакатнинг бўлғуси фуқароларини тўғри нарсаларга ўргатиш. Унинг фикрларини директор Бьорн Хольм ҳам маъқуллади. «Тарбияланувчиларимиз бош директорликка тайинланишлари, турли тармоқларда етук мутахассис бўлишларини хоҳлаймиз. Шунчаки спортчи сифатида ўсиш эмас, балки инсонийликни сақлаш ҳам муҳимдир. Талабаларимиз барчага бирдек меҳрибонлик кўрсатишлари тарафдоримиз».

Кўриниб турибдики, бу академия ёки интернат эмас. Унда нима? Бу муассаса қандай ишлайди? Nike рамзи туширилган либосдаги ўқувчилар эрталабки соат 7:30да келиб, нонушта қилишади. Соат 8дан болалар ва қизлар футбол ўйнашади. Қизлар шунингдек, гандболни ҳам танлашлари мумкин. Шундан сўнг тамадди қилишга вақт ажратилади, кейин эса дарслар бошланади. Болалар математика, инглиз тили ва бошқа фанларни ўрганишади. Фақат таълим жараёни давлат мактабларидагидан фарқланади. Ҳар бир бола маълумотни ўзига хос тарзда ўзлаштиради, ҳар бир ўқитувчига алоҳида ёндашилади.

Буларнинг бари ташкилотчиликка бироз зиддек туюлади, лекин эришилаётган натижаларга қарши бир сўз айтиш қийин. «Биз тезроқ таълим беришимиз мумкин. Сафимизда ўқишни билмайдиган ўқувчилар ҳам бор эди - ваҳоланки, уларнинг таълим жараёнини бошлашганига икки йилдан ошганди. Аммо орадан олти ҳафта ўтиб, бу ўқувчилар ҳам бинойидек ўқишни бошлашди».

Мазкур дастурни ишлаб чиқишда таълим, коммуникация ва ўқитиш бўйича эксперт Свенд Эрик Шмидт ёрдамлашганди. «Бошқаларнинг тажрибасини ўргансангиз, тушунасиз, муваффақият сири - ўқимишли муаллим ва мураббийларнинг борлиги. Шунчаки, футболни яхши кўрадиган болаларни топиб, уларга орзуларни совға қилиш қолади, холос», - дейди мутахассис.

Тушликдан кейин ўқувчилар жисмоний машқларни бажаришади. Танлаш имкони ҳам юқори - йога, дзюдо, рақслар, гимнастика... «Бошқа мактаблардан фарқли равишда, биз ҳар бир боланинг эҳтиёжларига эътибор қаратмиз. Кимнинг ўйинни қанчалик ёқтириши, маълумотларни қай йўсин ўзлаштираётганини кўрамиз. Айрим таълим масканларида зерикарли машғулотлар, болаларга ёқмайдиган нарсаларга вақт ажратилади. Биз эса кичкинтойларга мотивация беришга қодир муаллимларни ёллаймиз. Ўқувчилар ҳар ҳафта ўзларининг янги мақсадларини ёзишади. Уни майдонда бажаришадими ёки уйдами, фарқи йўқ. Вазифа турлича кўриниш олиши мумкин».

Яна бир танаффусдан кейин ўқувчилар дарсларни давом эттиришади ва кун соат 15:30да якунланади. Болаларнинг толиқиб қолишлари мумкинлигидан хавотирланадиганлар ҳам бор - ҳар ҳолда, кунига 5 соат жисмоний машғулотлар ўтказилади. Бироқ Штайнляйн шуниси маъқул эканлигини айтади. Клуб бош директорининг таъкидлашича, аксарият ота-оналар мактаб йўналишини тушунишмайди: болалар у ерга боришни яхши кўришади, лекин дарслар қани? Ҳаммаси ўйиндан иборат. Ҳаммаси ғалати туюлади, лекин бу чора-тадбирлар самара келтиряпти-ку.

Раис Расмус Анкерсеннинг «Олтин томир эффекти» номли китоби мактаб вакилларини шундай ғоя сари илҳомлантирганди. 2012 йили чоп этилган асарда муаллиф «олтин томир» излаб дунё бўйлаб амалга оширган саёҳатлари ҳақида сўзлайди. У Бразилиядаги мактаблар фаолиятини, Жанубий Кореяда гольфчи қизларнинг қандай ўқишини ўрганганди. Шунингдек, Усэйн Болтнинг Ямайкадаги клубига ташриф буюрган, Россиядаги теннисчилар клуби иш жараёнини кузатганди.

Штайнляйннинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатда мотивация жуда муҳим саналади. Шундоққина деразадан клуб базаси кўриниб тураркан, бундан ортиқ илҳом манбаи бўлиши мумкинми? «Болалар кумирлари яқинида ўқишларини хоҳлаймиз. Ўша ўзлари ёқтирган футболчилар ҳам оддий инсонлигини кўришсин, демакки, уларнинг муваффақиятини такрорлаш мумкинлигига ишонишсин. Сардоримиз - Эрик Святченкога ўқувчилар ҳар куни тўқнаш келишади, ўзлари сингари оддий инсон эканини кўришади. У Чемпионлар Лигасида тўп суряптими, демак, болалар ҳам буни уддалашади». Мактабга асос солинишига «Милан» ҳимоячиси Симон Кьер ҳамда «Челси» аёллар жамоаси аъзоси Пернилле Хардер ҳам сабабчи бўлишганини қўшимча қилиш жоиз.

Хольм келгусида клуб муваффақиятга эришишига шубҳа қилмаяпти: «Ўйлашимча, биз юксак савиядаги ўйинчиларни етиштирамиз, бу борада ҳаммадан олдинда бўламиз. Ютуқлар академия учун ҳам, жамоа учун ҳам яхши. Мазкур мактабнинг очилиши - клуб тарихидаги муҳим воқеа. «Икаст» ва «Хернинг Фремада»нинг бирлашиши 1999 йилга тўғри келган, академия эса 2004 йили очилган. Агар болалик давримга қайтиб қолсам, ушбу мактабда бажонидил таҳсил олардим».

Хольм «Ливерпул»нинг янги машғулотлар базасига ташриф буюриш ниятида, аммо ҳозирча бу имконсиз: «Ҳозир биз турган жойда 150 йил аввал ҳеч қандай шаҳар ҳам бўлмаганини кўпчилик англамайди. Бу ҳамон чекка жой, лекин ушбу ҳудудда топ даражадаги футболчилар етишиб чиқиши мумкин. Орзумиз шу, унинг рўёбга чиқишини хоҳлаймиз. 1999 йили Европадаги йирик клублардан бирига айланишни ният қилгандик. Ҳозир Чемпионлар Лигасида қатнашяпмиз. XX аср охирида, клуб эндигина шаклланаётган пайтларда савиясиз футболчилар кўп бўлган - мен ҳам улардан бириман. Аммо орадан 20 йил ўтди ва биз ЧЛдамиз. Уолт Дисней айтганидек, «ниманидир орзу қилдингми, демак уни рўёбга чиқара оласан».

Манба: footballhd.ru,

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz