Қайднома

Қидирув

Мумтоз мусобақанинг мумтоз мадҳияси

Мумтоз мусобақанинг мумтоз мадҳияси

  31.12.2020 04:44
  0
  311
Мумтоз мусобақанинг мумтоз мадҳияси

Маълумки, ЕЧЛнинг ҳар бир учрашуви 1992 йилдан бошлаб турнир мадҳияси билан бошланади. Ушбу санъат асари XIII аср мусиқаси асосида яратилган. Оҳангни қайта ишлаган бастакор ҳанузгача гонорар олади. Келинг, клуб футболининг энг сара турнири ва мадҳияси тарихи билан танишиб чиқайлик.

Европа Чемпионлар Кубоги Европа Чемпионлар Лигаси кўринишига ўтганида жамоалар икки гуруҳда куч синашиб, гуруҳ ғолиблари финалда соврин соҳибини аниқлашарди. Кейин гуруҳлар сони 6та ва 8тага етди, жамоалар 2 босқичда беллашадиган бўлишди. «Плей-офф» нимчорак финалдан бошланадиган бўлди... Хуллас, мусобақа формати ўзгариб борди, аммо ортда қолган 28 йил ичида мадҳия мутлақо ўзгармади. Унга оид қисқача маълумот қуйидагича:

Мадҳия УЕФАнинг 3та расмий тили - инглиз, немис ва француз тилларида ижро этилади. Талқини бир хил, фақат матни шу тилларда битилган.

Мадҳиянинг тўлиқ талқини 3 дақиқа давом этади.

ЕЧЛнинг оҳанги - 1727 йилда қирол Георг II тож кийдириш маросими учун Гендель томонидан яратилган мадҳиянинг аранжировкаси.

Машҳурлар мадҳиянихуш кўрадилар:

*** Криштиану Роналду 2015 йилда бўлиб ўтган ЕЧЛнинг «Реал» - «Атлетико» чорак финал учрашувида турнир мадҳиясига жўр бўлиб куйлаганди.

*** ЕЧЛ мадҳияси - Эрлинг Холанд учун уйқудан уйғотиш воситаси: «Мен учун ҳар бир кун хайр­ли бошланади».

*** Англия ОАВ мадҳияга оид материалларда Гарет Бэйлнинг «Реал»га ўтишга ундаган сабаблардан бири ЕЧЛ мадҳияси остида майдонга кўпроқ тушиш истаги бўлганлигини тез-тез эътироф этишади.

*** Зайниддин Зидан мадҳияни афсункор мусиқага қиёслаган, эътиборни ўзига жалб этиб, сеҳрлаб қўйишини айтганди.

*** Лионель Мессининг таъбирича, уни майдонда тинглаган футболчи учрашувнинг қанчалик муҳим эканлигини ҳис этади. Луис Суареснинг айтишича, мадҳия ҳатто трибуналардаги мухлисларни ҳам мафтун этади. Тиаго Силва эса уни тинглаганда бадани жимирлаб кетишини айтганди. Улкан тажрибали афсоналар ҳанузгача унинг таъсиридалар.

28 йилдан бери бирор-бир кишининг жонига тегмаган

ЕЧЛ мадҳиясига оид фактлар:

* Мадҳия авлиё Мартин Академик хори ва қироллик филармония оркестри жўрлигида ижро этилган. Матн муаллифи - британиялик бастакор Тони Бриттен. Гендель мадҳиясини ЕЧЛ асосий мусиқасига айнан шу санъаткор мослаган. Бриттен - қироллик мусиқа коллежи битирувчиси.

* Чемпионлар Кубоги даврида ҳеч қандай мадҳия бўлган эмас. Уни Чемпионлар Лигасига айлантириш орқали УЕФА мухлислар ўртасидаги тартибсизликлар (1980 йилдаги «Эйзель» ва «Хиллсборо» фожиалари) оқибатида барбод бўлган футбол нуфузини тиклашни мақсад қилганди. 80-йилларда инглиз клублари халқаро мусобақалардан четлатилдилар. Мана шу тадбир футбол тарихини бутунлай ўзгартириб юборди: тактикадан иқтисодиётгача.

* ЖЧ-1990 турнирининг таъсири ҳам сезиларли бўлди. Италия мундиали мадҳияси барчада унутилмас таассурот қолдирди ва ҳозирда футбол тарихидаги энг ширали асар бўлиб қолмоқда. Бироқ УЕФА классик мусиқани афзал кўрди - тенорлар учлиги (Доминго, Каррерас, Паваротти) мадҳияни тўғридан-тўғри старт арафасида ижро этишганди. Агар унга нафис мусиқа ҳамоҳанг бўлса, турнир янада файзлироқ тус олиши яққол сезилиб турарди.

УЕФА бир тўхтамга келолмагач, Бриттен ташкилот мутасаддиларига классик мусиқалар тўпламини тақдим этди. Улар «Zadok the Priest» куйини маъқул топишди.

* Мусиқа асарини яратишга Бриттен оддий буюртма сифатида қаради: «Балки бу манманликдек туюлар, аммо ўша пайт ТВда жуда кўп ишлардим. Шу сабабли уни навбатдаги топшириқ сифатида қабул қилдим». Бриттен ўзини «Кристал Пэлас» мухлиси деб ҳисобласада, ашаддий фанатлардан эмасди: «Ўзимга қолса, футбол ўрнига регбини томоша қилардим».

* УЕФА Бриттенга матнни тақдим этгани йўқ, лекин у 3 хил тилда бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Бастакор бир нечта улуғловчи атамаларни танлаб олди. Шу тариқа энг сара жамоалар, чемпионлар ва тарихий спорт воқеалари ҳақидаги куплетлар юзага келди.

* Охирги интервьюларидан бирида Бриттен ВВС вакилига шу пайтгача маълум бўлмаган жиҳатларни ошкор этди: «Мен ҳамон гонорар оламан, аммо катта миқдорда эмас. Даромад ТВ каналлар ва радиостанциялардан келади. Бироқ улар орасида Хитой ва Россия каби сариқ чақа ҳам бермайдиган ҳудудлар ҳам бор».

* Мадҳия ҳамма мухлисларга ҳам ёқавермайди. «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола уларни мадҳияни ҳуштакбозликлар билан қарши олмасликка чақирди. Шунингдек, Компанига ҳам мурожаат қилди - фойдаси бўлмади. Бунинг асосий сабаби шуки, УЕФА уларнинг суюкли жамоаларига нисбатан қандайдир ноҳақ қарорларни қабул қилганида, мухлислар ўз норозиликларини ҳуштакбозлик орқали ифодалайдилар. Масалан, ирқчиликка хос ҳаракатларни амалга оширган рақибларга кескин чора қўлламасдан, арзимас жарима билан кифояланиб қолганда (2010 йилда юз берган ЕЛдаги можаролар), ЦСКАга қарши кечган ёпиқ ўйинда мухлисларни стадионга киритмаганида ва албатта, молиявий «фейр-плей» чекловларига қарши. Бунинг учун УЕФА «Манчестер Сити»ни жазоламоқчи бўлганди, лекин жазм этмади.

Мадҳияни харид қилиш истаги жуда кучли бўлганда ҳам, бунинг иложи йўқ - у сотилмайди. Уни ошкора ҳолатда ёзиб олиш ҳам мумкин эмас. Мадҳиянинг муаллифлик ҳуқуқи УЕФАга тегишли.

Муҳаммад Содиқ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz