Сўнгги йилларда футболимизда ёш мураббийлар диққатга арзигулик натижаларга эришмоқдалар. Улардаги интилиш ва шижоат, футболчилар билан ўзаро тил топиша олиш қобилияти фойда келтирмоқда. Бугунги суҳбатдошимиз Темур Кападзе ҳам мураббийлик соҳасига ўтганига кўп бўлмаганига қарамай, эътирофга молик ишларни амалга оширишга улгурди.
Дастлаб миллий термамиз рулида Уругвай, Марокаш, Сенегал термаларига қарши ўйинларда футболчиларни яхши тайёрлади, унинг жамоасида ишонч ва тартиб-интизом кўзга ташланди. Ўтган мавсумнинг биринчи даврасида «Локомотив» ўринбосарларини бошқарган мутахассис шогирдларини чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқди, иккинчи даврада Қўқонда иш бошлаб, жамоанинг Суперлигада жон сақлашига ҳисса қўшди. Жорий йилнинг иккинчи қисмида «Локомотив» мураббийлар штабига таклиф қилинди. «Темирйўлчилар» оғир аҳволда қолган паллада қутқарувчи ролини ажойиб тарзда уддалади. Яқинда Темур Кападзе билан суҳбатлашиб, турли мавзулардаги саволларимизга жавоб олдик.
- Мураккаб паллада «Локомотив»ни қабул қилиб олдингиз. Бундай пайтда ҳеч бир мураббийга осон бўлмайди, чунки бошқа бир мутахассис шакллантирган жамоа бошқарувини қўлга олиш, руҳий муаммоларни бартараф этиш катта меҳнатни талаб қилади...
- Албатта, «Локомотив» таклиф қилганда жамоа қийин ҳолатда эди. Лекин бундан аввал ҳам, аниқроғи, «Қўқон-1912»да шундай вазиятга дуч келгандим ва бу мен учун янгилик эмасди. Мураббий бирор жамоага келганда, ўйинни йўлга қўйиш ва футболчилар имкониятини билиб олиш учун вақтга эҳтиёж сезади, менинг ҳолатимда эса акси кузатилди. Олдимда ҳеч қанча вақт қолмаганди. Таркибдаги бор ўйинчилар билан вазиятни ўзгартиришим талаб этиларди. «Қўқон-1912»га иккинчи давра бошланганда боргандим, биринчи даврада улар бир маротаба ғалаба қозонишганди. У ерда ҳам жамоага ёрдам беришга қарор қилдим. Мураббий сифатида ўсишим учун ҳам бу яхши имконият ҳисобланарди. Дейлик, ўйинларни кўриб, таҳлил қилиб ҳам ўз устида ишлаш мумкин, лекин уни амалиётда қўллаш бошқа нарса. Амалиётда ишлаш баробарида хато ва камчиликларни кўриб олиш имкони бўлади ва билган нарсаларимни янада мукаммаллаштира оламан. «Локомотив»дан чорлов тушганида, қисман бўлсада кўникма, жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиш бўйича тасаввурга эга эдим. Кетма-кет мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган, руҳий томондан қийналаётган жамоада мавжуд муаммони топишим кераклигини билардим.
- Айнан қандай ўзгаришларга қўл урдингиз?
- «Локо»даги йигитларнинг кўпини танийман, биламан. Ўзим ҳам вақтида бирга тўп сурганман. Қўқонда эса уларнинг нималарга қодирлигини яхши билмасдим. Лекин машғулотлар жараёнида футболчиларнинг салоҳиятини кўрдим, у ерда яхши жамоа шаклланганди, ўйинлари ҳам ёмон чиқмаётганди. Хатолар туфайли гол қўйиб юборишар, тактик томондан камчиликлар кўзга ташланганди. Вазифам шу нуқсонларни топиш эди, дарҳол ишга киришдик. Битта ўртоқлик учрашуви ўтказдик, уч ҳимоячи тактикасини танладим. Жамоа олдинга ўтганда, кўпинча қарши ҳужумлардан кўп гол ўтказиб юбораётганди. Киритилган ўзгаришлар самара берди. Жамоа мағлуб бўлаверса, ички муҳитда ҳам муаммолар юзага келаверади. Бир-иккита ўйинда бу билинмаслиги мумкин. Ғалаба қозонаётган жамоада эса кайфият ҳар доим аъло даражада бўлади. «Локомотив» футболчиларини ҳам руҳий тушкунликдан чиқаришим талаб этиларди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида гаплашдим, қандай жамоада ўйнашаётганини айтдим, ўз кучларига ишонишлари кераклигини уқтирдим.
- «Локомотив» таклифини қабул қилишингизга нима туртки бўлди?
- Бу жамоага келмаслигим ҳам мумкин эди. Осиё чемпионати қолдирилганидан сўнг ёрдам беришни лозим топдим. «Локомотив» йиллар давомида ўзининг обрўсига эга бўлди. Доим чемпионлик учун курашди, тарихдан жой олди. Шундай жамоанинг қийин ҳолатда қолгани мени эътиборсиз қолдирмади. Ассоциация раҳбарлари рухсат беришса, йил охиригача ишлаб беришимни айтдим. Аввало, бу ўзим учун ҳам керак эди. Пандемия даврида иш биз истагандек бўлмади. Уйда кўп ўтирдик. Футболда ҳам тўхталишлар бўлди, ёшлар термамизнинг режалари бутунлай ўзгариб кетди. Ярим йилни ишсиз ўтказдик. Чемпионат ўйинларини кузатдим, селекция ишларини олиб бориш билан машғул бўлдим. Мураббий барибир, иш жараёнида бўлиши керак. Боиси, футбол кундан-кунга ўзгармоқда. Кечаги тактика бугун иш бермаслиги мумкин. Ҳар қадамда янгилик кузатилмоқда. Жамоани «жарлик»дан олиб чиқиб кета оламан, деб ҳеч ким олдиндан айтолмайди. Ўзимга ишонардим. Раҳбарият таклиф билан чиққанда, иккиланмай розилик бердим. Йиғинлар ўтказилмаётган паллада ёшлар термасига номзод футболчиларнинг ўз жамоаларида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишларини истадим. Менимча, бу тўғри қарор. «Локомотив» биринчи даврада қатор мағлубиятларга учради. Жамоанинг ўйинларини кўриб чиқдим, қисқа вақт ичида «Андижон» билан ўйинга тайёргарлик кўрдик. Уларда ҳам худди бизга ўхшаш вазият ҳукмрон эди.
- Мураббийликка ўтганингиздан сўнг бу соҳанинг қандай қийин томонларини кўра олдингиз?
- Тўғриси, мураббийлик - қийин касб. Футболчи биринчи навбатда ўзи учун жавобгар бўлади, руҳий ва жисмоний томондан тайёр бўлса, кўрсатмаларни майдонда бажараверади. Мураббий эса бутун жамоага жавоб беради. Эртага қандай машғулот қилиш, шогирдларини ўйинга тайёрлашни ўйлайди. Жисмоний тайёргарлик ҳам энг асосий жиҳатлардан бири саналади ва бунинг устида албатта, мураббий бош қотиради. Тактикаларни ишлаб чиқади, 24 соат жамоасини ўйлайди, масъулият юқори. Ҳар бир мураббийнинг обрўси ижобий натижалар орқали юксалаверади, даражаси кўтарилади.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20