ЎФА президенти Абдусалом Азизов мавсум якунларига бағишланган тадбирда футболимиз 2021 йили икки қадам олдинга босиши лозимлигини таъкидлади. Бу таъкид замирида қандай маънолар яширин? Футболимиз раҳбари мазкур таъкид орқали янги йил арафасида мухлислар кўнглини кўтариш учун нималарга ишора қилди? Очиғи, Абдусалом аканинг касби табиатига монанд ушбу таъкиддан кўп маъно уқдик. Янги йил эшик қоқаётган бир паллада бу таъкид бежиз айтилмади. Замонавий футболда бир қадам олға ташлашнинг ўзи етарли эмас. Ҳар қанча мураккаб бўлмасин, исталган услуб зудлик билан ўрганилмоқда, авра-астари ағдарилиб, миридан-сиригача таҳлил қилинмоқда. Бундайин тезкор ривожланиш даврида тараққиёт сари бир қадам ташлашнинг ўзи - катта ютуқ. ЎФА раҳбари эса икки қадам олдинга бориш ҳақида сўзлади...
Таомилда кам учрайдиган бундай таъкид - нутқ айланмаси ЎФА раҳбарига хос салобат ва аниқ режадан дарак. Ўйлашимизча, 2021 йил мавсумида энг аввало, ҳакамлар икки ҳисса кўп тер тўкишади. Ўйинларни ҳалол ва юксак савияда бошқаришга қодирлигини айтадиган ҳакам ҳозирдан тайёргарликка жиддий киришгани маъқул. Турли ваъда ва таклифлар билан ҳакамни йўлдан уришга уриниш - инкор этиб бўлмас ҳодиса. Айни шу воқеликнинг мавжудлиги - ҳакам учун энг катта босим. Унга ҳам қийин бундай вазиятда. Ўнг томонга қараса, инсоф, диёнат, назорат, жазо! Чап томонга нигоҳ ташласа, мўмай маблағ, кўз ўйнатар ваъда-таклиф ёки очиқдан-очиқ таҳдид. Шу икки ўт ўртасида қовурилади ҳакам 2021 йилги футбол мавсумида. Демак, бардошлилар бу икки ўт орасида ҳақиқий ҳакам сифатида тобланишади, иродасизлар эса куйиб кетишлари аниқ. Албатта, хом сут эмган банда ҳар доим ҳам айтилган огоҳликларга эътибор қаратмайди. Авваллари айтилиб, назоратга олинмаган огоҳлантиришлар таъсирига берилади ва натижада кимдир қинғир ишга қўл уради. Агар кимдир шу йўлни танласа, ўрганган кўнгил яна ўтган мавсумлардаги «даромад»ни қўмсайверса, у тубсиз жарликка қулайди. Сўнгги ойларда жамиятимизда кузатилаётган ошкоралик руҳидан келиб чиқиб, бу хулосани ҳеч иккиланмай айтмоқдамиз. Коррупцион механизмларни яшириш тобора қийинлашмоқда, халқимиз ҳам кеча андиша туфайли айтолмаган ҳақиқатларини баралла сўзлаяпти.
Ишонаверинг, янги мавсумдан эътиборан мураббий ва футболчилар ҳам икки ҳисса кўп ишлайдилар. Йўқ, уларни биров бунга мажбурламайди. Уларнинг ўзлари табиий тарзда шу йўлни танлайдилар. Тўғри, ҳамма эмас. Аммо катта ғалабаларни кўзлаганлар, эл-юрт олқишига сазовор бўлишни истаганлар, албатта, шу йўлдан борадилар. Бошқалар эса ўзлари билмаган ҳолда четга чиқиб қоладилар. Янги мавсум, айниқса, Вадим Абрамовни кучли синовдан ўтказади. Назаримизда, у айни дамда шамол қандай ва қайси томонга эсаётганини сезиб турибди. Дейлик, мураббий эрта-индин миллий терма жамоамиздан истеъфога чиқишини эълон қилса, унча ажабланмаймиз. Чунки футболимизни синовли дамлар кутмоқда. Бу синов кимнидир синдиради, бошқани эса ғалаба отига миндиради.
Келинг, олдиндан тахмин қиламиз, футбол мавсуми-2021га бағишланган тадбир ҳам бу йилгисига ўхшамайди, аниқроғи, номзодлар танлаш ва саралаш тизими ўзгаради. Мисол учун, Ўзбекистоннинг 2020 йилги энг яхши футболчиси масаласида таҳририятда роса талашиб-тортишдик, фикримизни исботлашга тиришдик. Шу тариқа кучли 10таликни қуйидагича сараладик: 1. Элдор Шомуродов, 2. Жалолиддин Машарипов, 3. Одил Ҳамробеков, 4. Азиз Ғаниев, 5. Отабек Шукуров, 6. Остон Ўрунов, 7. Жасур Яхшибоев, 8. Ойбек Бозоров, 9. Нурилло Тўхтасинов, 10. Абдувоҳид Неъматов. Эсда тутайликки, тўғри танлов учун Суперлига статистикасига асосланиш ўзини оқламайди. Мураббийларни эса қуйидаги тартибда жойлаштирдик: 1. Рўзиқул Бердиев, 2. Миржалол Қосимов, 3. Бахтиёр Ашурматов, 4. Улуғбек Бақоев, 5. Темур Кападзе. Вадим Абрамовни 6-рақам остида ёзишни лозим топмадик. «Бунёдкор»даги мураккаб вазият 6-бўлиш учун унга имтиёз бермайди. Ҳозирги ҳолатда кучлилар сафига 6-мураббийни қўшиш мантиққа мос келмайди, бизнингча. Шафқатсиз ҳақиқат шуки, футбол муҳитимизда кучли мураббийлар кам. Футболчилар рўйхатини эса Азиз Турғунбоев, Ҳожиакбар Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Ҳожимат Эркинов қабилида давом эттириш мумкин. Фақат мураббийлар рўйхатини чўзиш мушкул... Хуллас, «ИнтерФутбол» талқинидаги лауреатлар - Элдор Шомуродов ва Рўзиқул Бердиев.
Ҳозирча мавсум якунлари бўйича мулоҳазаларимиз шу. Қолгани ўзингиздан, азиз мухлислар! Янги йилингиз муборак!
Муҳаммад ВАЛИ
P.S. Суратда 2016 йили “ИнтерФУТБОЛ” газетаси йил якунларига кўра “Энг кўп эътироф этилган футболчи” номинациясидаги махсус соврини “Бунёдкор” ҳужумчиси Элдор Шомуродовга насиб этганди...
4 йилдан кейин эса "2020 йилнинг энг яхши футболчиси" номига айнан Элдор муносиб кўрилди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20