Қайднома

Қидирув

Италиялик ўзбек ёки Зейтулаевнинг футболчилик фаолияти, муҳаббати ва ишончи.

Италиялик ўзбек ёки Зейтулаевнинг футболчилик фаолияти, муҳаббати ва ишончи.

  02.01.2021 11:00
  0
  511
Италиялик ўзбек ёки Зейтулаевнинг футболчилик фаолияти, муҳаббати ва ишончи.

Тошкент вилоятида туғилган Илёс Зейтулаев Италия «А» серияси ўйинида майдонга тушган ўзбекистонлик биринчи футболчи ҳисобланади. Мана, 20 йил ўтиб, яна бир ҳамюртимиз - Элдор Шомуродов унинг изидан «А» серияга йўл олиб, Европани забт этишга киришди. Sputnik портали шу баҳона «Ювентус»нинг собиқ легионерига юзланди ва у спортдаги йўли ҳақида батафсил гапириб берди.

Болалик футболи

Илёс Тошкент вилоятининг Анг­рен шаҳрида туғилган. Бўлажак спортчининг болалиги айнан ўша ерда ўтди. У эрталабдан кечгача дўстлари билан қандай ўйнаганию, мактаб дарслари ва уй вазифалари оралиғидаги ҳар бир бўш соатдан унумли фойдаланганлигини энтикиб эслайди:

- Бизда ҳаммаси бор эди, ҳар ҳолда, шундай ҳиссиёт йўқ эмас: қишки спорт заллари, майдонлар, мураббийлар, эҳтирос... Ҳар куни 5 соатлаб стадионда тўп ортидан югурардик, спорт маш­ғулотлари ва ўқишни бир маромда олиб боришни билардик. Яна Тошкент вилоятининг турли туманларига турнирларда қатнашиш учун борардик. Эрталаб соат 6та уйғониб, катталар қандай ўйнашларини жонли равишда кўриш учун автобусга югурардик. Ҳозир ҳам ажойиб футболни томоша қилар эканман, бизнинг авлод яхши шароитларда улғайганини тушунаман. Ахир бугун ҳаммаси хусусийлаштирилган ва ёпиқ. Болалар ўйнаш учун залга пул тўлашлари керак, жойлар кам. Шунданми, ҳақиқий истеъдодлар ўзларини кам намоён этишади. Бизнинг даврда болалар шунчалик қувноқ ва эркин эдиларки, ҳаммаси анча осонроқ кечгандек...».

Ўзбекистон Зейтуллаев учун нафақат ватан, балки ўзининг муносабати, маҳорати ва ахлоқий қадриятлари манбаи ҳисобланади:

- Бугунги Илёснинг асоси Ўзбекистонда шаклланган. Кексаларга ҳурмат, меҳмондўстлик, оилавий ришталар мустаҳкамлиги, меҳнатсеварлик - бу қадриятларнинг барчаси болалигимиздан қон-қонимизга сингиб кетган. Бунинг учун Ватаним ва халқимдан бир умр  миннатдорман. Ўзбекистонда суюкли ота-онам, синглим ва жиянларим яшашади. Тўғри, турмуш ўртоғим италиялик, ўзим ҳам шу ерда яшайман, аммо руҳан осиёликман, барибир».

 

Европадаги дебют ва Гасперинининг ўткир нигоҳи

Илёс 12 ёшгача отаси, мураббий Бекир Зейтуллаев қўл остида шуғулланди. Айнан у ўғлини футболни севишга ўргатди, бутун ҳаётининг асосий йўналишини эркин танлаш руҳида тарбиялади. Кейин ўспирин Илёс Тошкентга, Олимпия захиралари мактабига юборилди. Илёс шу тариқа футбол мактаби қошидаги спорт мактаб-интернатида яшай бошлади. Иқтидорли йигит кўп ўтмай мусобақаларда москвалик спорт менежерлари кузатувига тушди ва уни «Академика» клубига таклиф қилишди. Ўз навбатида, йигитча янги жамоаси сафида халқаро турнирларда қатнашиб, италиялик скаутлар эътиборини тортди. Шундай қилиб, 2001 йили Зейтуллаевнинг Европадаги фаолияти бошланди: у аввалига «Бордо» (Франция), кейин «Фейеноорд» (Нидерландия)га чақирилди. Муҳими, умидли футболчи хорижда ҳам ўзини яхши томондан кўрсатди. Қисқаси, «Ювентус»дан таклиф олгани бежиз эмас.

- Италияда тахминан 1 ой давомида Жан Пьеро Гасперини раҳбарлигида шуғулландик, буюк мураббийнинг ҳар бир сўзини диққат билан тингладик. У ва ҳамкасблари жамоада қоладиган йигитларни синчковлик билан танлаб олишди. Мен шундай бахт­ли футболчилар қаторида кирдим, - дея эслайди Илёс.

Зейтуллаев жуда ёш ва иқтидорли футболчи сифатида «Примавера» - «Ювентус» ёшлар жамоасига қабул қилинди ва унинг таркибида миллий чемпионат баҳс­ларида ўйнай бошлади:

- Бизни асосий таркиб машғулотларига тез-тез жалб этишарди. «Ювентус» сафидаги дебютимни Италия кубогида нишонладим, кейин яна бир ўйинда майдонга тушдим. Бу худди туш эди, орзу амалга ошди! Ёшлар таркибидаги ҳар бир йигитга ҳам бош жамоада ўйнаш имконияти берилмаган. Ўйлашимча, Марчелло Липпи ва Жан Пьеро Гасперини менда ниманидир кўришганди.

2004 йили Илёс ва россиялик шериги Виктор Будянскийни «Реджина» клубига чорлашди. Зейтуллаев янги жамоага ўзларини кўрсатишга улгурган ёш футболчилар қатори йўл олди. Афсуски, шу муҳим паллада қаҳрамонимиз тўпиғидан жароҳатланди ва операция столига ётди:

- Ўта жиддий жароҳат. Тикланиш узоқ вақт олди, энг ёмони, олдингидек тўлиқ куч билан ўйнолмасдим. Йўқотилган вақт ўрнини тўлдириш ва ишончни қайтариш учун «В» серия вакили «Кротоне» жамоасига бордим. Ушбу клубнинг даражаси анча паст эди, муҳими, спорт формасини тикладим, асосий таркибда ўйнаб, голлар ура бошладим. 2006 йили яна Гасперини билан учрашдим. У «Женоа»дан таклиф олгач, мени ёнига чорлади ва бунга рози бўлдим.

Зейтуллаев фаолиятидаги энг кўп ўйинни «Виртус Ланчано» клубида ўтказди. Абруццо минтақаси жамоасини шаҳарда футболни кўтаришни мақсад қилган маҳаллий оилалардан бири тузган. Клуб инфратузилмасини ҳам ота-оналар яратишди. Ота ўғли ва қизини клубга масъул этиб тайинлаганди:

- Улар ёш, иқтидорли, инновацион ғояларга эга эдилар. 3 йил давомида «В» серияга чиқдик. Ланчано шаҳри анча кичик ва у ерда юлдузга айландик. Чунки вилоят жамоалари орасида биринчи бўлиб «С» серияга йўлланма олдик. Кейинроқ Сальваторе Боккетти ва Луижи Витале каби италиялик машҳур футболчилар «Виртус Ланчано»да тўп суришди.

Зейтуллаев 2014 йили, фаолиятининг охирида «Горица» (Хорватия) клубига ўтди, 6 ойлик ижара келишуви асосида. Жамоа машғулотлари Загреб яқинидаги базада ташкил этиларди:

- Эски жароҳатлар ўз сўзини айтди, яна янги авлод ҳам чиқа бошлади. Жисмоний жиҳатдан тўхташ вақти келганини олдинроқ ҳис қила бошлагандим. Шунинг учун мураббийликка тайёргарлик кўраётгандим. Қисқаси, Хорватиянинг таниқли клублари билан учрашувларга мамнуният билан ташриф буюрдим. Мураббий нуқтаи назаридан кўпроқ ёш ҳамкасбларимни кузатдим. Хорватиялик футболчиларни нега «европалик бразилияликлар», дея таърифлашади, улар ниманинг ҳисобига техник ва тактик жиҳатдан кучлилар? Бу каби саволларга жавоб олиш қизиқ эди.

 

Чин мураббийлик орзуси

Зейтуллаев футболчилик фаолиятини якунлагач, ниҳоят, ўтмишдаги орзуси - профессионал мураббий бўлиш ҳаракатини бошлади. Бунга оила анъаналари ҳам таъсир кўрсатди: отаси - мураббий, онаси - инглиз тили ўқитувчиси.

- Ўқувчилар билан ишлаш жараё­нида билим алмашиш, тажриба ўтказиш ва малака ошириш, кўрсатма беришни яхши кўраман. Шунинг учунми, бутсаларимни михга илишдан 2 йилча олдин қайси йўналиш бўйича ҳаракатланишни аниқлаб олгандим.

Тўғри, Илёс профессионал футболдан кетгач, маълум муддат ҳаваскорлар лигаси иштирокчиси «Купелло» клубида ҳам ўйнади. Жамоа раҳбарияти Зейтулаевнинг  фаолияти тўғрисида билгани учун унга ёшлар таркибини шакллантиришни таклиф қилди. Зейтуллаев шунинг баробарида Коверчано (Флоренциядаги афсонавий мураббийлар мактаби)да ўқиди, профессионал курсларда қатнашиб, тегишли лицензия олди:

- Айнан ўша пайт ўғлим дунёга келди ва ниҳоят, ўзимни оилам ва касбимга бағишлаб, ўйнашдан воз кечдим. Чунки бир йўлни танлашим керак эди.

Зейтуллаев кейинчалик Васто шаҳрининг «Вастесе» клубида ёшларга устозлик қилди. Унинг тарбияланувчилари 14-15 ёшда ва аллақачон йирик ғалабаларга эришишмоқда. Минтақавий даражада ўйнаётган йигитлар тез орада Абруццода танилишдан умидворлар. Илёс эса шогирдларининг профессионал клубларда ўйнашларини орзу қилмоқда:

- Италияда энди юлдузларни ёшлигидан тарбиялашга эътибор қаратилмоқда. Уларга яхши мураббийлар бириктирилади, мувофиқлаштирувчи ва техник база  ривожланган. Худди уй сингари: аввал пойдевор, кейин девор, том... Мен учун энг яхши мукофот - бу талабаларнинг профессионал клублардан таклиф олишлари. Яқинда тарбияланувчиларимиздан бири нуфузли клубдаги илк машғулотидан олинган фотосуратни юбориб, мураббийларга миннатдорчилик билдирди. Албатта, ёши каттароқ футболчилар билан ишлашни ҳам хоҳлардим, аммо ҳаммасининг ўз вақти бор.

 

Юлдузли ватандошлар ва ўзбекона таътиллар

Сўнгги йилларда ўзбекистонлик футболчилар нафақат Россия, балки бошқа мамлакатларнинг таниқли клублари сафидан жой олишмоқда. Албатта, Илёс «Ростов»дан «Женоа»га йўл олган Элдор Шомуродов ҳақида гапирмаслиги мумкин эмас. У ҳозирда ҳамюртининг «А» сериядаги ўйинларини кузатиб боряпти:

- Элдорнинг дебют ўйинини томоша қилиш қизиқ эди. Учрашув Веронада бўлиб ўтди, ўзим вақтида шу шаҳардаги стадионда кўп бора ўйнаганман. Нима дейи­шим мумкин, Элдор аллақачон камолга етган, етук футболчи, РПЛда ўзини яхши томондан кўрсатишга улгурди. Юқори даражага чиққани учун ҳам Европа клубидан таклиф олди. У билан шахсан таниш эмасман, балки қачондир кўришармиз. Ҳозир унга фақат битта маслаҳат бераман: «Сира таслим бўлма, бу ерда ўз ўрнинг­ни топишга ҳаракат қил».

Зейтуллаевнинг айтишича, Италия шароити, маҳаллий муҳитга мослашиш ва тилни имкон борича тезроқ ўзлаштириш муҳим. «Юве»нинг собиқ легионери айнан шу нарса кўп жиҳатдан муваффақият калити эканлигига амин. Айтганча, Зейтулаевнинг ўзи рус, италян, ўзбек ва инглиз тилларини билади. Она тили русча, лекин ўзбекчада ҳам гаплаша олади. Тўғри, етарли амалиёти йўқ. Шунинг учун ота-онаси билан кўпроқ мулоқот қилиб, она юрти тилини унутмасликка ҳаракат қилади. Инглиз тили эса... Бугунги кунда инглизчани билмасдан ҳеч қаерга боролмайсиз... Италян тилига келсак, Илёс бунисини деярли қийинчиликсиз ўзлаштириб олган.

- Эсимда, италян тилини ўрганишга киришганимда, ўқитувчига тезроқ ўзлаштирмоқчи эканлигимни айтиб турардим. Чунки Гасперини кийиниш хонасида тактик ҳаракатларни тушунтираётганида, уни тушунишим муҳим эди. Йигитлар тушунардилар, мен эса... Демоқчиманки, тил тўсиғи катта роль ўйнади. Маданиятни тушуниш, мослашиш учун ҳам маҳаллий тил муҳимдир. Футбол Италия маданиятининг ажралмас қисми: у жамият ичида яшайди. Агар футболчи бўлсангиз, бошқа шаҳарларда ҳам сизни кўпчилик танийди. Масалан, барга кирасиз ва яхши кутиб олинасиз, одамлар билан бирга суратга тушасиз. Хуллас, хорижлик футболчи маҳаллий тилни ўрганмас экан, ҳар жабҳада қийналади.

Илёс яна бир ватандоши, таниқли собиқ ҳакам Равшан Эрматовни ўзбек футболининг ҳақиқий фахри сифатида эътироф этади. У Равшаннинг отаси - Сайфиддин Эрматовни Тошкент мактаб-интернатида ўқиган пайтдан яхши билади:

- Унинг ўғли жаҳон чемпионатида дунёга машҳур ҳакамга айланди. Ҳар бир халқда сайёранинг турли бурчакларида муваффақиятга интиладиган одамлар бор. Бу йўналишда Равшан барчамизга муносиб ўрнакдир.

Зейтуллаев Ўзбекистон миллий жамоасига асло бефарқ эмас. Аммо Италияда терма жамоанинг барча ўйинларини кузатиб бориши қийин. Лекин у ҳамиша ватанида яшовчи дўстлари ва оила аъзолари билан ушбу мавзуни муҳокама қилади. Умуман, Илёс узоқ вақтдан буён Европада яшамоқда, аммо ҳали ҳам ўзини Шарқ одамидек ҳис этади. Унинг янги эътиқоди ҳам бунга халақит бермайди:

- Библия - бу бутун кутубхона. У коинот яратувчисининг феъл-атвори ва сифатларини очиб беради. Шунинг учун билиш жараёни жуда узоқ - сиз фақат ўқишингиз ва ўқишингиз керак.

Собиқ футболчи чиндан ҳам, меҳмондўст ўзбек халқи, ошхонаси, ҳиди, муҳитини жуда соғинади. Айниқса, пандемия туфайли чегаралар вақтинча ёпилган пайт соғинч янада кучайди. Бу соғинчи оиласи, фарзандлари - Самуэль ва Эстер, шунингдек, рафиқаси Алессандрада ҳам муҳаббат уйғотади:

- Масалан, ўғлим «Ялла» гуруҳи қўшиқларини жуда яхши кўради. Унга бир марта миллий ритмларни англатиш учун ўзбекча қўшиқ қўйиб бергандим. Унда ажойиб мисралар бор: «Агар йиқилсанг, йиғлама, балки ўрнингдан тур!» Биз ушбу қўшиқлардан сабоқ олдик. Ҳаётда ҳар қандай ёмонлик юз берса ҳам, фақат олдинга интилиш керак. Ўзбек тилини қўшиқлар воситасида ўрганиш ҳам қизиқ.

Касби бўйича стоматолог Алессандра дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлган. У жумладан, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва маданиятини юқори баҳолаган ва ҳатто миллий таомларни тайёрлашни ўрганган. Айниқса, ўзбек палови борасида мақтана олади. Албатта, Александра ҳар қандай аёл каби ўзбек матоларини сотиб олиш учун «Чорсу» бозорига завқ билан боради. Турмуш ўртоғи эса уйда аллақачон шарқона нақш билан ёстиқ ясаган. Илёс Тошкентда бўлганида, одатда маҳаллий чойхонада тушлик қилиш учун Эски шаҳарга тушади. Бу одат Европада ҳам сақланиб қолди:

- Италияда ҳам юртим ҳақида ёқимли янгиликлар эшитилиб туради. Кафе ва барларда тез-тез маҳаллий одамлар билан суҳбатлашаман. Италияликлар бегоналар билан суҳбатлашишни хуш кўришади. Яқинда тасодифий суҳбатдош битта ранг-баранг мамлакатга боргани ва ҳанузгача таассуротлардан сархуш эканлигини айтди. Шунда сўрадим: «Қайси мамлакатга бординг ўзи?» У жавоб берди: «Ўзбекистон, Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилдим». Бундан ғоят хурсанд бўлдим! Шу-шу ушбу нотаниш суҳбатдош билан доимий мулоқотдамиз.

Ахир Ватан нафақат сиз туғилган ва яқинларингиз яшайдиган, балки одамлар ёдда тутадиган, севадиган ва фахрланадиган жойдир.

Марина ЧЕРНИШОВА-МЕЛЬНИК


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz