Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: АПЛнинг янги ва камтарин қаҳрамони...

Мавсум кашфиётлари: АПЛнинг янги ва камтарин қаҳрамони...

  03.01.2021 09:09
  0
  298
Мавсум кашфиётлари: АПЛнинг янги ва камтарин қаҳрамони...

2020 йил 8 сентябрь. Шу оқшом «Вулверхэмптон» ҳимоячиси  Дания термасига қарши ўйинда Англия миллий жамоасидаги дебютини нишонлади. Яна бир ойдан кейин ушбу «нотаниш» футболчи Уэльс термаси билан баҳсда инглизлар сафидаги дастлабки голини урди...

***

Майдонда тўхтовсиз югурар ва бақирардим. Ўйиндан кейин умуман ухлолмадим. Меҳмонхонада бир неча соат давомида голни қайта-қайта томоша қилдим. «Вулвз» ихтиёрига қайтганимда, бизга қўшни мухлислар мени гулдурос қарсаклар ва мазали торт билан кутиб олишди. Ўша куни жуда кўплаб фанатлардан самимий табрикларни қабул қилиб олдим. Ҳайронман, улар телефон рақамимни қаердан олишдикан?»

Мана шу микроинтервьюнинг ўзи Конор Коуди «Вулверхэмптон» учун нақадар муҳим футболчига айланиб улгурганини очиб берганди. Ҳа, АПЛ мезонлари бўйича қарасак, у энг ёрқин персонажлар тоифасидан эмас. Бироқ маҳаллий меъёрларга кўра, жамоанинг қаҳрамони ва асосий юлдузларидан биридир. Хуллас, Коудига нисбатан «АПЛнинг камтарин қаҳрамони» таърифини ишлатсак, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Конор Коуди Ливерпуль шаҳрида таваллуд топди. Оила аъзолари ва аксарият қариндошлари «Ливерпул»га мухлислик қилишарди. Мактабдошлари ҳам асосан «қизиллар»ни қўллаб-қувватлашарди. Қисқаси, Коуди учун жамоа танлаш борасида бошқа вариант мавжуд эмасди. Қўшимчасига, болакай 12 ёшга тўлганида, ота-онаси уни айнан «Ливерпуль» академиясига олиб боришди. Коуди 14 баҳорни қаршилаганида, клуб матбуот хизматига илк марта интервью берди: «Ливер­пул»нинг ашаддий мухлиси сифатида доимо шу жамоа либосида майдонга тушишни орзу қиламан. Хайриятки, орзумни рўёбга чиқариш учун ажойиб имкониятга эгаман - асосий жамоа таркибига академия орқали ўтишим мумкин. Бу имкониятдан фойдаланаман, албатта».

***

Конорнинг акаси Харрисон Коу­дининг айтишича, «Ливерпул»га нисбатан муҳаббат укасининг қон-қонига сингиб кетган, у мудом тезроқ майдонга тушиш истагини билдирган экан. Конор вақт ўтиши билан қудратли клуб академия­сининг иқтидорли тарбияланувчиси сифатида ўсмирлар таркиби етакчисига айланди. Бироқ асосий таркибда атиги 2 марта майдонга тушди. Дебют учрашувини 2012 йилнинг ноябрида, ЕЛ доирасида «Анжи»га қарши кечган баҳсда нишонлади. Кейин уни «Шеффилд»га ижара келишуви асосида жўнатишларини маълум қилишганида, бироз тихирлик қилдию, якунда клуб қарорига индамай бўйсинди. «Ливерпул»нинг асосий таркибида ўйнаш орзуси пучга чиққанида эса, ўта ғамгин бўлиб қолди ва ҳаттоки, футболдан воз кечиш ҳақида ўйлай бошлади. Ёш футболчи кейинчалик ўша вазиятга алоҳида тўхталганди: «Чиндан ҳам, нима қилишни билмай қолгандим. «Хаддерсфилд» билан келишувга эришганимга қарамай, «Ливерпуль» олдида бу вариант мени асло қониқтирмасди. Шу тариқа кўпчиликни хушламайдиган, одамовига айланиб қолдим. Чунки қуйи лигаларда ўйнашни истамасдим. Ҳаттоки, футболдан кетиш фикри ҳам хаёлимдан ўтди. Ана шу оғир паллада оилам аъзолари ва яқинларим ёрдамларию, далдалари билан бемаъни фикрлардан қутулдим».

***

Конорнинг болаликдаги яқин дўстларидан бири кейинчалик футболдан воз кечиб, руҳшунослик йўналишида олий маълумотга эга бўлганди. Тақдир тақозоси билан айнан у Коудини футболдан кетиш ниятидан қайтарди: «Дўстимнинг мулоқоти сезиларли таъсир кўрсатди, шу тариқа футболга қизиқишим қайтди. Оилам аъзолари эса «Ливерпул»дан бошқа жамоада ҳам рисоладагидек фаолият юритиш мумкинлигига ишонтиришди. Натижада ортда қолган омадсизликлардан афсусланмаслик ва футболда ўз ўрнимни топишга ваъда бердим. Шундан кейин руҳий азоблардан халос бўлдим».

Коуди «қизиллар»нинг ўсмирлар жамоаси сафидан асосий таркибга қўшилган ягона футболчи эмасди - Андре Уиздом ва Раҳим Стерлинг ҳам у билан бирга эдилар. Фарқи шуки, бош мураббий Брендан Рожерс иккисига ўз позициясида тўп суриш имкониятини бердию, Конорни ярим ҳимоя ҳудудига қўйди. Сабаби - кучли рақобат. Мураббий Коуди иқтидорини сезган, лекин ҳимоя чизиғида Жейми Каррагер, Даниэль Аггер ва Мартин Шкртел соясида қолиб кетишини ҳам фаҳмлаганди. Муҳими, ёш иқтидор «Ливерпул»даги кучли рақобатчиларни устоз сифатида қабул қилди. У яқинда чоп этилган интервьюсида шахсий ҳаёти ва фаолиятидаги кескин бурилиш сабабчилари қаторида отаси, мураббийи, «Ливерпуль» селекционери ва Жейми Каррагерни эътироф этиб, тажрибали жамоадоши хусусида алоҳида тўхталганди: «Ўша пайт марказий ярим ҳимоя чизиғида ўйнаган бўлсамда, доимо Карранинг ёнидан жой олишга интилардим. У - буюк футболчи, чинакам афсона. Жейми нафақат янги позицияга мослашиб олишим, балки жамоанинг ҳақиқий аъзосига айланишимга улкан ҳисса қўшди. Машғулотлардан бири якунлангач, Рожерс мени кескин танқид қилди. Кийиниш хонасида тушкун кайфиятда ўтирганимни кўрган Жейми мени сайрга таклиф этди. Машғулот базаси ёнидаги шинам қаҳвахонада бироз отамлашдик. Карранинг битта ибораси бир умр хотирамдан жой олди: «Мураббийнинг танбеҳлари сенинг ношудлигинг аломати эмас, балки маҳоратингни юзага чиқариш воситаси». Ана шу фалсафа руҳимни кўтарди, таслим бўлишимга йўл қўймади. Жейми фақат мен эмас, барча ёш жамоадошларга ҳам доимо меҳрибон кўмакдош эди. Шунинг учун ҳам, ёш футболчилар ҳамиша унинг қуршовида бўлишга талпинардилар».

***

Коуди «Хаддерсфилд» клуби катта футболга ўтишида кўприк вазифасини ўтаганини жуда кўп таъкидлайди. Қадрдон клуби хизматига эҳтиёж сезмаган кезлар футболчи мустақил саргузаштга жазм этди. Бир мавсум давомида вазиятни ўрганиб, ўз имкониятларини чамалаб кўрди. Кейин чорловни қабул қилиб, янги муҳитга мослашди. Яна бир йилдан кейин эса «Вулверхэмптон»га йўл олди. Коуди «бўрилар» сафига қўшилган 2015|2016 йиллар мавсумида жамоанинг молиявий имконияти бирмунча чекланган ва Чемпионшипнинг юқори ўнталигида юрсада, элита орзусидан йироқда эди. Коуди эса янги жамоага қўшилганидан кейин берган илк интервьюсидаёқ айнан «Вулвз» билан АПЛга чиқиш ниятини билдирди. Бироқ бунинг учун бироз сабр қилишига тўғри келди. Жамоа 3 йил ичида молиявий муаммоларни ҳал этиб, таркибни савияли ўйинчилар билан кучайтиришга эришди. Конор эса бу вақтда «бўрилар» етакчилари қаторига кирди.

***

Ҳозир Коудилар хонадонида мантиқан зид икки манзарани кўриш мумкин. Ҳимоячи 6 йилдан буён «бўрилар» шарафини ҳимоя қилмоқда, аммо уйини рўёбга чиқмаган болалик орзуси - «Ливерпул»нинг шарфи безаб турибди. Бу қарама-қаршиликка футболчининг ўзи оддий изоҳ беради: «Иккала фарзандим ҳам «Вулверхэмптон» мухлиси. Уйимиз жамоа либосларига тўлиб кетган. Улар стадионда клубга бағишланган қўшиқларни куйлашади. Лекин «Ливерпул»га умуман бефарқлар. Бу ҳолат мени қониқтирмасада, кўникишга мажбурман».

Ўжар болакайларни қўллаб-қувватлайдиган иккинчи омил - «Молинью» мухлислари муҳаббати. Конор Коуди - охирги 5 йил давомида «бўрилар» фанатлари армияси мадҳига эришган дастлабки футболчи: «Бу борада нима дейишим мумкин? Фахр­ланаман, албатта. Жамоа билан шонли тарих яратишга тайёрман. Тўғри, қалбимни бошқа клуб банд этган, аммо «Вулверхэмптон» ва унинг мухлисларига ҳурматим жуда баланд. Ҳужумчи эмасман, голлар бобида мақтанолмайман. Лекин ишончли ўйиним билан жавоб қайтаришга интиламан».

Конор Коудига тааллуҚли эътиборли фактлар

 

***Конор клубдаги 5 йиллик фаолияти давомида чемпионат доирасидаги ўйинларда атиги 1та гол урди - 2 йил аввал Чемпионшипда «Болтон» дарвозасини ишғол қилганди. Умуман, у «Вулверхэмптон» учун умумий ҳисобда 2та гол урган.

***Англия миллий термасида шу йил дебют қилган футболчи АПЛдаги фаолияти билан солиштирганда, мамлакат бош жамоа­да нисбатан қисқароқ вақт ичида голлари ҳисобини очишга эришди.

***23 ноябрь куни бўлиб ўтган «Саутгемптон»га қарши беллашувда Коуди «Вулвз»даги фаолиятида илк бора майдонга тушолмади. У АПЛ доирасида қаторасига 84та учрашувда тўлиқ тўп сургани билан мақтана олади. Конор узлуксиз ўйнаш бобидаги серия узунлиги борасида фақат Лейтон Бэйнс (99та ўйин) ва Уэйн Бриж (112та ўйин)дан орқада. Яъни АПЛда 3-яхши кўрсаткич айнан Коудига тегишли.

Абдураҳмонхўжа Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz