Қайднома

Қидирув

Гаттузога нима бўлди?

Гаттузога нима бўлди?

  03.01.2021 10:10
  0
  344
Гаттузога нима бўлди?

«Наполи» бош мураббийи ва «Милан» афсонаси Женнаро Гаттузо жиддий хасталикка йўлиқди. Унинг давоси борми? Сўнгги пайтларда ушбу мутахассис неаполликларнинг ўйинлари пайти кўзида боғич билан кўриниш берди. «Торино» билан ўйиндан кейин Гаттузо саломатлигида муаммоси борлигини тан олди.

«Аутоиммун касаллигим бор, яъни кўз миастенияси, - деди Рино. - Охирги 10 кун ўзимга келолмадим. Мазкур ҳолатда ўзини тамом бўлгандек сезаркан киши. Суткада 24 соат қийналдим. Фақат мендек тентак шундай ҳолатда ҳам ишлашни давом эттиради. Ҳозирги мурожаатим кўзгуга қараб ўзидан айб ахтарадиганларга қаратилган. Айниқса, болаларга: хавотир олманг, ҳаёт гўзал! Унинг юзига қўрқувсиз қарашингиз керак. Биламан, жамоадаги йигитлар мени бундай аҳволда кўриб, ачинишди. Ваҳоланки, сўнгги кунларда касалликни яширдим. Ўзим билан ўзим астойдил курашдим. Одамлар мени айни ҳолда кўришларини ўйлаб, қайғуга ботдим. Аммо буларнинг барини тўғри қабул қилиш, қийинчиликларни енгиб ўтиш керак. Ахир бундан ҳам даҳшатлироқ нарсалар бўлиши мумкин. Бир ой умрим қолгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди, аммо ишонинг, ҳали ўлмоқчи эмасман. Бу касаллик билан 10 йилдан буён яшаяпман. У мана учинчи мартадирки, мени енгишга уринмоқда, навбатдаги зарба анча кучли бўлди. Албатта, ҳаммаси ўнгланади, янада кўркамроқ бўламан. Ҳозирги аҳволим ёқимсиз, лекин бу ҳам ўткинчи ҳолат».

Бу қандай касаллик?

Миастения — ривожланиш ҳолатидаги аутоиммун хасталик бўлиб, турли мушакларда қисқа заифлашиш кузатилади. Гаттузонинг хасталиги кўз миастениясидир. Ушбу аъзода хасталик птоз (қовоқ осилиши), диплопия (тасвирларнинг иккита кўриниши), кўз олмаларининг ёнга ҳаракати билан намоён бўлади. Юклама ортган паллада асаб симптоматикаси мураккаблашади, беморнинг боши ва кўзларида оғриқ сезилади.

Женнаро 10 йилдан буён хаста

Ринодаги ушбу касаллик 10 йил аввал, «Милан»да фаолият юритаётган кезлари аниқланганди. Transfermarkt.ru маълумотларига кўра, кўриш қобилияти сусайгани сабабли футболчи Гаттузо мавсум-2011|2012да 309 кунни майдон четида ўтказган.

«Чап кўзимда муаммоларим бор, - деганди Женнаро ўшанда. - Ҳозирча шифокорлар операция тавсия қилишмаяпти, жарроҳлик амалиёти ўтказиш бўйича аниқ хулоса чиқариш учун 6 ой кутиш керак экан. Ижобий ўзгаришлар бор. Аввал Ибрагимовичлар кўзимга 4 нафар бўлиб кўринарди, кейин улар 3 нафар бўлди, энди эса - 2та».

Тиббиёт ходимлари Гаттузони қандай хасталик қийнаётганини аниқлаш учун узоқ вақт изланишди. Фақат ўтган йилга келибгина аниқ ташхис қўйилди - кўз миастенияси. Касалликнинг навбатдаги кучайиши яқинда ўтказилган «Реал Сосьедад»га қарши баҳс пайти кузатилди. Мутахассис ўйинни кўзида боғич билан якунлади. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида эса қатнашолмади.

Касалликка қарши курашиш мақсадида италиялик мураббий махсус кўзойнак ва ўнг кўзига боғич тақиб юрибди. «Торино» билан ўйиндан кейин Гатузо боғични ечиб, ўнг қовоғининг осилганини футбол оламига намойиш этди. Юмшоқ қилиб айтганда, Женнаронинг кўриниши яхши эмасди.

Мазкур ҳолатда қувонарли бир жиҳат ҳам бор: Рино тушкунликка тушадиганлар сирасидан эмас. У ҳар доим жангчи бўлган. Тезроқ тузалгин, Мистер!

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz