Қайднома

Қидирув

Сардор Азимов: “Бор салоҳиятимизни ишга солишга интилдик”

Сардор Азимов: “Бор салоҳиятимизни ишга солишга интилдик”

  04.01.2021 05:05
  0
  300
Сардор Азимов: “Бор салоҳиятимизни ишга солишга интилдик”

Бу йилги мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, мухлисларни хурсанд қилган «Қўқон-1912» Суперлигада муносиб ўрин эгаллаганидан кейин Ўзбекистон кубоги турнирида ҳам ярим финалга чиқди. Бу қадар муваффақиятли иштирок замирида албатта, таркиб ўзаги сақлаб қолинаётгани ва сайқаллаб борилаётгани муҳим роль ўйнади. Лекин таркибга бу йил жалб этилган айрим футболчилар борки, улар худди азалдан клубда ўйнаб юргандай услубга тез мослашиб кетишди. Улардан бири асли андижонлик ярим ҳимоячи Сардор Азимовдир. Ушбу футболчи жорий йил «Қўқон-1912» таркибида кубок баҳсларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 27та учрашувда майдонга тушди ва 4та голга муаллифлик қилди.

- Жамоангиз бу йил ажойиб натижа қайд этди. Сизнингча, «Қў­-қон-1912» бор потен­циалини намойиш эта олдими?

- Чиндан ҳам, «Қўқон-1912» учун ажойиб йил бўлди. Бунда мураббий ва футболчилардан тортиб, клуб ходимларигача - барчанинг бирдек ҳиссаси бор, албатта. Якуний натижа ёмон эмас, менимча. Умуман, мавсум давомида бор салоҳиятимизни ишга солишга ҳаракат қилдик.

- Демак, якунланган мавсум сизда ижобий таассурот қолдирди. Шундайми?

- Мавсум ўзгача синовлар, ғалаба онлари ва аламли мағлубиятлар билан эсда қолди. Шунга қарамай, умумий таассуротлар ажойиб. Менимча,  мавсум футболчилар, мухлислар, умуман, ҳаммага бирдек маъқул келди. Ҳар ҳолда, деярли ҳар бир турда муросасиз курашларга бой ўйинлар гувоҳига айландик.

- «Қўқон-1912» қатори сизнинг ҳам бу йилги иштирокингиз чакки чиқмади. Сардор Азимов жамоасини энди топди, шекилли...

- Албатта, йил мен учун муваффақиятли ўтди. Бунинг учун ишонч билдирган барчага, хусусан, мураббийларимизга, майдонда ёлғизлатиб қўймаган жамоадошларимга миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, ҳали яхши ўйинлар олдинда. Насиб этса, жамоа ғалабалари учун хизмат қилишда давом этаман.

- «Қўқон-1912» Суперлига совриндорлари қаторидан ўрин олиши ҳам мумкин эди. Айтинг-чи, айни муҳим паллада жамоага нима етишмади?

- Тўғри, бизда мавсумни соврин билан якунлаш имконияти юзага келганди. Аммо кутилмаган жароҳатлар ортидан етакчиларимизнинг сафдан чиқишгани, айрим ўйинларда аламли мағлубиятлар қайд этилгани, шунинг оқибатида руҳий тушкунликни бошдан кечирганимиз бироз панд берди, чоғи.

- Мана, «Қўқон-1912»нинг асосий футболчиларидан бирига айландингиз. Келаси йил ҳам жамоада қоласизми?

- Тўғриси, ҳали асосий ўйинчилар қаторига кирдим, деб ўйламайман. Биласиз, жамоа сафида етакчилар кўп. Улар ёнига қўшилишим учун янада кўпроқ ишлашим керак. Бунинг учун изланишдаман, албатта. Ўзимга қолса, шу ерда қолиш ниятим бор. Лекин буни вақт кўрсатади. Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас.

- U-23 термаси таркибида Россия жамоаси дарвозасига урган голингизни эслаб турасизми? Кейинчалик термага яна жалб этилишингизга нима халақит берди?

- Эслаб тураман, албатта. Ўшанда ажойиб ўйин бўлди, афсуски, якунда 3:4 ҳисобида ют­қаздик. Менимча, терма жамоада муваффақиятли тўп суришда давом этишимга нима халал бергани у қадар аҳамиятли эмас. Айб ўзимда. Ахир жамоа мураббийлари «Терма эшиклари ҳамма учун очиқ», деб бот-бот такрорлашади... Насиб бўлса, энди миллий жамоа сафида ўйнашга интиламан. Бу барча футболчилар каби менинг ҳам асосий орзум.

- Жорий йил кубок турнирини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 27та ўйин­да майдонга тушдингиз. Бу яхши натижа, лекин айтинг-чи, ўзингиз натижа нуқтаи назаридан қайси жамоадошингизга ҳавас қиласиз?

- Шубҳасиз, Мурод Холмуҳаммедовга. Ушбу футболчи бу йил яққол ўсишга эришди, миллий термага жалб этилди, турли нашрлар томонидан йилнинг рамзий жамоасига киритилди. Бу бежизга эмас, албатта.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz