Қайднома

Қидирув

Ошиққа йўл писанд эмас ёхуд Жаҳонинг энг яхши футбол мухлиси ҳақида

Ошиққа йўл писанд эмас ёхуд Жаҳонинг энг яхши футбол мухлиси ҳақида

  04.01.2021 07:07
  0
  290
Ошиққа йўл писанд эмас ёхуд Жаҳонинг энг яхши футбол мухлиси ҳақида

Мухлислар бу йилги FIFA The Best тақдимот маросимини диққат билан кузатишди. Энг яхши мураббий ва футболчига аталган асосий совринлар муносиб эгаларига топширилди, шунинг баробарида ҳали оммавий мақомга эришмаган, лекин қизиқарли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, «Йилнинг энг яхши мухлиси» йўналишида «Спорт Ресифи» клуби фанати Маривалдо эътироф этилди. Мазкур қарор бразилиялик мухлисларни заррача ажаблантирмади. Чунки Маривалдо - бутун мамлакатга танилиб улгурган ашаддий мухлис. Мана, бизга ҳам у ҳақда алоҳида маълумот олиш навбати келди. Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, 48 ёшли бразилиялик мухлис 3 йилдан буён севимли жамоаси ўйинларини томоша қилиш учун стадионга ҳар сафар яёв йўл олади. Пандемия даврида табиийки, қатнов тўхтади. Маривалдо ҳозирда чекловлар бекор қилиниб, стадионлар очилишини сабрсизлик билан кутмоқда...

***

Соат миллари 8ни кўрсатмоқда. Демак, керакли анжомларни йиғиштириб, сафарга отланиш пайти келди. Қадамўлчагич, оҳори тўкилган кроссовка, ихчамгина рюкзак ва суюкли жамоа футболкаси - булар бразилиялик Маривалдо Франсиску да Сильва ёки қисқача Маривалдо ўзи билан олиб юрадиган буюмлар. У истиқомат қиладиган Помбос (Кабутарлар) шаҳарчаси суюкли жамоаси «Спорт Ресифи» стадиони (Пернамбуку штатининг пойтахти Ресифи)дан 60 чақирим узоқликда жойлашган. Қаҳрамонимиз штатнинг кўплаб фуқаролари қатори Бразилиянинг энг кўҳна, лекин ҳеч қачон етакчи мақомига кўтарилолмаган, атиги 1 марта мамлакат чемпиони бўлган жамоасига мухлислик қилади. Тўғри, «Спорт» ўз штатининг 42 карра ғолибидир. Маривалдо футболни жонли тарзда томоша қилишни ёқтиради. Аммо пойтахт­га келиб кетиши учун автобус кирасига тўлайдиган пули йўқ, шу боис, яёв йўлга чиқарди. Хуллас, «Спорт» футболкасини кийиб олган мухлис Помбосдан Ресифигача 74995 қадам ташлаб, 12 соатда манзилга етарди. Маривалдо бу камтарона юриши туфайли шаҳар аҳолисига яхши таниш бўлиб қолган. Йўлда кўпчилик унга омад ва жамоасига ғалаба тилайди. Мухлис эса кўчаларни оралаб ниҳоят, доимо 2 литр сув ва печенье билан сийлайдиган дўсти Эдмилсон ҳузурига етиб келади...

***

Қаҳрамонимиз уни телбага чиқариб қўйган айрим кимсаларга умуман эътибор бермайди. Кимдир уни ашаддий мухлис сифатида ҳурмат қилади, бошқаси шунчаки, оддий жинни ўрнида кўради: «Ҳа, менга телба ёки аҳмоқ ёрлиғини ёпиштирганлар ҳам йўқ эмас. Аммо ўзимга барибир, чунки аҳмоқ эмаслигимни яхши биламан. Бу иш ёқади, ўзимни яхши ҳис этишим учун узоқ йўл босаман. Шунча йўл юриб, севимли жамоам ўйинини томоша қилиш билан бахтиёрликни туяман. Ҳаётим спорт туфайли мазмунли ўтмоқда, демак, бу ишим кимгадир ёқмаслиги ҳақида бош қотиришга ҳожат йўқ. Ҳар кимнинг ўз дунёқараши бор, нимани истаса, шуни қилади. «Спорт Ресифи» - менинг оламим, футбол - ҳаётим».

***

Хуллас, «Ресифи»га муҳаббат Маривалдони жамоа ўйинларини стадионда кузатиш йўлини топишга мажбур этди. У мамлакатдаги мураккаб вазият туфайли иш жойидан маҳрум бўлди. Отаси барвақт оламдан ўтгач, мактабни тарк этиб, пул топиш мақсадида бозорга чиқиб кетганди. Қўлидан келадиган иш - шу. Қолаверса, шаҳарда бошқа иш топишнинг иложи йўқ эди. Ҳозир Маривалдо онаси оладиган нафақа ҳисобига ҳаёт кечирмоқда, шунинг баробарида кеч бўлсада, қандайдир билим олиш учун ўрта мактабнинг кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўрмоқда. Ҳаттоки, қашшоқлик ҳам 48 ёшли мухлисни ҳаётга умид билан қарашдан қайтаролмади. У мактабни тугатганидан кейин рисоладагидек иш топиши ва турмуши изга тушиб кетишига ишонмоқда: «Футболга муҳаббатим - отамдан мерос. Уйимиз доимо «Спорт Ресифи» футболкалари ва баннерлар билан безатилган бўларди. Девор, стул, музлаткич, диван - буларнинг барчаси отам қайси жамоага мухлислик қилганини эслатиб туради. Азалдан ўйинларни жонли тарзда томоша қилишни ёқтираман. Бироқ уйим Помбосда эканлиги бунга имкон бермасди. Шаҳримиз аҳолиси базўр кун кечиради, шунингдек, бизнинг оиламиз ҳам. Қисқаси, футболга бориш учун автобусга пул ажратишнинг иложи йўқ. Бир куни ўзимга хитоб қилдим: «Яратган менга соғлом оёқлар, куч-қувват ва футбол муҳаббатини берди. Бугундан суюкли жамоамнинг бирор ўйинини ўтказиб юбормайман». Шу тариқа 2017 йилдан «Ресифи» ўйинларини мунтазам равишда стадионда кузатиб келяпман (бу йил ёзда коронавирус пандемия­си туфайли мухлисларнинг стадионга киришлари тақиқланди). Баъзан Ресифига кетаётган йўловчи машиналарга чиқиб оламан, агар тўхтаса, албатта. Лекин ортиқча маблағ ва шахсий транспортим йўқлиги сабаб, доимо пиёда юраман. Ўзим ҳеч қачон бирор машинани тўхтатишга уриниб кўрмаганман. Тўғри, ўз хоҳишлари билан ёрдам берадиган кишилар ҳам бор, улардан миннатдорман. Бошқа пайтлар яёв кетаверардим».

***

Шамол, изғирин ёки кучли ёмғир - футболга отланган мухлис учун об-ҳаво инжиқликларининг аҳамияти йўқ. Юзидан табассум аримайдиган Маривалдо доимо олға интилади. Ёнида ёмғирпўш ва андаккина егулик бўлса, саёҳатга шай: «2 қути печенье ва сув билан эҳтиёжимни қондираман. Шаҳарга етиб олгач, саховатли кишилар таом билан сийлашади. Авваллари мени ҳеч ким танимаган пайтлар вазият анча мураккаб эди, сафарим қандай якунланишини билмасдим. Энди хавотиру ташвишлар ортда қолди. Мени оила аъзосидек кутиб оладиган кишилар кўпайишди. Улар ҳаттоки, чипта учун пул берадилар, таом тортиқ этадилар. Акс ҳолда, стадионга киролмасдим. Чунки барча ўйин чиптасига етадиган даражада пулим йўқ». «Ресифи» стадионига кириш чиптасининг энг арзони - чамаси 4 доллар. 2019 йили Маривалдо жамоанинг 25та учрашувига ташриф буюрди, демак, 100 доллар сарфлади. Бу ишсиз мухлис учун катта маблағ. Аммо «Ресифи» фанатлари учун у - клуб рамзи. Улар Маривалдога баҳоли-қудрат кўмак беришни тўхтатишмайди.

***

10 км. масофа босиб ўтилгач, Маривалдо маҳаллий аҳоли уйлари ёки муассасалардан сув идишини тўлдиради, печенье билан тамадди қилиб олгач, йўлида давом этади. Соат 20:00да стадион кўриниб турадиган маррага етиб келади. Айнан шу яқинлик эвазига оёқларидаги чарчоқни унутади ва тезликни оширади. Стадион олдида уни кутиб турган мухлислар қуршаб оладилар ва эсдалик учун суратга тушадилар: «Ресифи» мухлислари - менинг оилам. Онамнинг уйида яшасамда, аслида асосий манзилим - клуб стадио­ни. Трибунага кўтарилганимда, ҳаммаси ижобий томонга ўзгариб кетади. У ерда тушимда ҳам кўрмаган ўзга оламни кашф этаман. Авваллари футболга шунчаки, яшил майдон ва 2 хил футболкалардаги 22 нафар спортчининг ўзаро беллашувидек қарардим. Аммо стадионга келгач, унинг тенги йўқ, мафтункор олам эканлигига амин бўлдим».

***

Маривалдонинг фикрича, унинг қўллаб-қувватлаши жамоа учун муҳим аҳамиятга эга. Албатта, бошқа мухлислар ҳам ўз жамоалари  зафар қучишини орзу қилишади. Лекин да Сильванинг ишончи комил - футболда энг муҳими бу эмас. Ашаддий мухлис ўйинлар жуда кеч тугагани сабаб, стадион яқинидаги бозор ичида тунашга мажбур бўларди. Бозор хизматчилари рухсати билан, албатта. Унча қулай бўлмаган шароитда тунни тонгга айлантириш осон эмас. Ҳаттоки, жамоаси мағлубиятга учраса ҳам, Маривалдо 60 чақиримли саёҳати беҳуда кетмаганига амин: «Ҳеч қачон уйдан мағлубият фикри билан чиқмайман. Мен учун «Спорт Ресифи»дан зўрроқ жамоа йўқ. Ғалабадан завқ, лаззат, илҳом олиш илинжида йўл босаман. Стадионда ўтирсам, клубим енгилмаслигига шубҳа қилмайман. Мабодо имкониятни бой берса ҳам, ке­йинги ўйинда албатта, зафар қучишига ишонаман. Баъзан мендан нима учун футболга яёв келишим ҳақида сўрашади. Буни тушунтиришнинг иложи йўқ. Футбол - ҳаётим, «Ресифи» - ҳаётим мазмуни».

***

FIFA Fan Awards 2020 мукофоти Маривалдонинг шунча вақт стадионга қатнагани зое кетмагани исботидир. У мазкур воқеани ҳамма билиши ва миллионлар ўйинининг асл шайдоси учун иложсиз нарса йўқлигига шубҳа қилмаслигини истайди.

 

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz