Қайднома

Қидирув

"Ёвуз одам", фақат яхши маънода ёки яна Серхио Рамос ҳақида...

"Ёвуз одам", фақат яхши маънода ёки яна Серхио Рамос ҳақида...

  06.01.2021 05:50
  0
  357

France Football нашри яқинда ўз ўқувчилари ўртасида махсус сўров ўтказганди. Унда мухлислар ҳукмига «Реал» сардори Серхио Рамосни футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячи сифатида таърифлаш мумкинми?» саволи ҳавола этилди. Натижага келсак, 67 фоиз иштирокчи саволга ижобий жавоб берди. Маълумот учун, Рамос Испания чемпионати тарихида энг яхши тўпурар-ҳимоячи ҳисобланади - унинг голлари сони 100тадан ошди. Умуман, 34 ёшли «танк» «Реал» билан нақ 22та соврин ютди.

Серхио болалигида, маҳаллий турнир ўйинида тўп учун курашда акаси Рененинг бурнини синдирган. «Футболда ака-укачилик кетмайди», - дея ўйиндан кейин онаси олдида ўзини оқлаган экан Серхио. Орадан анча йиллар ўтиб, «ёвуз одам» ЧЛ финалида Муҳаммад Салоҳни йиқитди. Мисрликлар ҳалигача уни атайин шундай қилганликда айблашади. «Ювентус»га қарши ЧЛ финалида эса, симуляция ишлатиб, Хуан Куадрадога иккинчи сариқ карточка кўрсатилишини таъминлади. «Реал» бир неча йил олдин қаторасига 5та ўйинда ғалаба қозонолмагач, Рамос машғулотлар жараёнида ёш ҳимоячи Серхио Регилонни тўп билан икки бора тепди. У эса сардорга жавоб беролмасди. Тўғри, Серхио кейинчалик адашидан кечирим сўради. Рамоснинг антиқа хатти-ҳаракатлари қаторида Каталонияга «тупуриши» ҳақидаги гапи ҳам, сиёсий жиҳатдан ёмон баёнотлари ҳам бор. Аммо тан олайлик, Рамос бу ёвузлик ва жодугарликларни майдондаги эффектли ўйини билан ювиб юборади. Мухлислар уни craque (истеъдодли бола ёки тутиб бўлмас қасоскорни мақташ учун универсал испанча сўз) ибораси ёрдамида мақташади. Йўқ, Рамос оддий craque эмас, балки CRAQUEдир.

***Серхио Рамос Испания термаси тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 8-ўринда (унинг ҳисобида худди афсонавий Альфредо ди Стефано каби 23та гол бор).

***Испания термаси тарихида ҳимоячилардан биргина Фернандо Йерро (29та гол) Рамосдан кўпроқ гол урган.

***Рамос - «Реал»нинг коронавирусга қоришган чемпионлик мавсумидаги иккинчи тўпурари (Карим Бенземадан кейин). Унинг 10та голидан 4таси «Мадрид»га муҳим ғалабаларни келтирди.

***Рамос Ла Лига тарихида энг кўп гол урган ҳимоячи!

Рамоснинг шахсий спорт залида ҳамма нарса бор. Савол туғилади, Серхио барқарорликни қандай сақлаб келяпти? Унга аргентиналик собиқ футболчи ўйлаб топган машқлар, шахсий спорт залидаги имкониятлар ва испан маданияти ёрдам беради. Дейлик, Рамос карантин пайти 5 литр­лик идишларда бир тонна сув сотиб олиб, барчани уйда ўтиришга ундади ва ўзи ҳомиладор рафиқаси ҳамда 3 нафар ўғли билан бирга спорт залига шунчаки, «ёпишиб» олди. У ерда эрталаб ва кечқурун La Saeta хитлари оҳанги остида шуғулланади. Залда штанга, гантель, тош, тренажёр, ТRХ арқонлари, велосипед, ҳаттоки, юриш ва югуриш учун айланма йўлак бор. Аргентиналик собиқ футболчи ва фитнес бўйича маслаҳатчи Фернандо Троянски «Реал» сардорини «танк», дея мақтайди: у ортиқча вазн тўпламасдан мушакларини бўртиришга эришди. «Рамос оёқларини югуриш йўлагида қизитиб олганидан кейингина ҳовлида тўп билан ўйнаб, чидамлилик машқларини бажаради, - дейди Троянски. - Юрак плюс қувват комбинацияси эса жароҳатлардан сақланишга ёрдам беради».

«Реал» таомномасини клуб шифокорлари назорат қилишади. Aсосий қоида - ярим тайёр маҳсулотларга рухсат йўқ. Рамос бунга тўлиқ риоя қилади, лекин ўзига хос рецептларни ҳам қўшади. Унинг нонуштаси қаҳва, мевалар ва бир бўлак нондан иборат, яна курка кўкраги ёки тухум қўшади. Профессионалларга хос парҳез. Серхио шунинг­дек, ёнғоқли салат, маккажўхорини севиб истеъмол қилади. Июль ойи охирида рафиқаси Пилар футболчини тўртинчи ўғил билан сийлади. Унинг акалари аллақачон супермаркетдан чипс эмас, балки брокколи танлашга одатланишган. Чунки Пилар хоним ҳам турмуш ўртоғи, ҳам фарзанд­ларининг тўғри овқатланишларига катта эътибор қаратади. Рамоснинг ўзи айниқса, италян таомларини қадрлайди, хусусан, макарон маҳсулотларини. Севимли ичимлиги - Nestea яхна чойи. Мадриддаги севимли ресторани - юлдузли Punto MX.

Рамосда SR4 бренди остидаги шахсий отхонаси бор. Клуб раҳбарияти футболчиларнинг от минишларига қарши, чунки буни экстремал спорт тури сифатида баҳолайди. Серхио шу тақиққа асосан ҳозирча отда сайр қилмайди. Жониворларни эса Севилья четидаги ҳудудда қурилган La Alegria («Бахт») отхонасида боқади. 44 гектар майдонни ўз ичига олган мазкур жойда фақат зотдор отларни кўриш мумкин. Рамос айниқса, бўйи 175 сантиметрга тенг Yucatаn de Ramos лақабли отга шайдо. У SICAB халқаро кўргазмасида жаҳон чемпиони бўлган. Отхонани Серхионинг поччаси Карлос Муэла бошқаради. Айнан у ҳудуд бўйлаб экскурсиялар ташкиллаштиради. Ҳамма томонда, ҳаттоки, ишчилар кийимида ҳам SR4 ёзуви бор. Отлар билан «суҳбатлашиш» Рамоснинг севимли маш­ғулотларидан биридир, коррида ҳам. Рамос матадорлар шайдоси, ҳаттоки, бир сафар буқа билан жанг туфайли «Реал» ўйинига кеч қолган. Қисқаси, Серхио болалигида нафақат отлар, балки буқаларни ҳам ҳайрат билан кузатарди. Ўша пайт онасига ваъда берган: «Футболчи ёки матадор бўламан». Паки Рамос эса кулиб қўйган: «Aҳмоқ. Ҳайтовур футбол тўпи буқа шохидек озор бермайди-ку». Шу тариқа Серхио футболни танлади ва энди асосий ғалабаларини сариқ-пушти пляшда нишонлайди. Яъни пляшни силкитиб, таниқли матадор Aлехандро Талавантени тасвирлаётгандек майдон бўйлаб югуради. Рамос ҳали ҳам Las Ventas аренасининг қизил ранг­ли ёғоч ложасига талпинади. Вақтида у ерга Икер Касильясни ҳам бошлаб борган. 2009 йили эса «Вальядолид»га қарши учрашувда жароҳат туфайли майдонга тушмаган ва биринчи бўлимдан ке­йин кетиб қолганди. Албатта, Aлехандро чиқишига улгуриш илинжида. «Коррида маданиятимизнинг бир қисми, - дейди Рамос. - Кимга ёқмаса, бормасин, фақат бошқаларга тақиқ қўйилмаса, бас».

Рамос испанча қўшиқ «элчиси». У Испания терма жамоаси шон-шарафи учун қўшиқ куйлайди. Оилада Серхио гитара чалади, Пилар эса скрипка. Шу тариқа «Оз мамлакати сеҳргарлари» пьесаси янграйди. Ҳар иккиси фарзандларни ижодкорликка ундаш учун ҳам мусиқага кўп эътибор қаратади. Фламенко (испан мусиқаси)га  муҳаббат эса, Рамосга бува ва бувисидан ўтган. «Фламенко мени туғилган гўшам - Aндалусияга қайтаради, - дейди футболчи. - Мусиқа тингласам, эркинликни ҳис қиламан, имконсиз нарса йўқдек туюлади». Серхио - Евро-2016 олдидан Испания терма жамоаси учун олинган клипда қўшиқ куйлаган футболчи. У ЖЧ-2018 олдидан жонли эфирда гитара чалди. Яна куйлади - терма жамоасининг норасмий мадҳиясини.

Рамос санъатга сармоя киритади. Тўғри, Серхио картина ва сюжетларни унча тушунмайди. Дейлик, унинг санъат ҳақидаги сўзлари галереяга биринчи марта кирган болаларникига ўхшайди: «Aжабо, рассом нега шундай сурат чизган? Бу ақлга сиғмайди». Энди эса унинг Мадриддаги уйи музейни эслатиб юборади:

***Япониялик Исиватага тегишли 4та бронза чумоли. Футболчининг асарга берган таърифи қизиқ: «Уйдаги чумолилар сони унинг эгаларига чегарадан чиқиб кетмасликни эслатиб туради».

***Кўча рассоми Фил Фрост чизган сурат. Рамосга унга 40 минг евро тўлаган.

***Испаниялик Мануэль Леон Моренонинг «Кўрлар етакчиси» сурати. «Aсар бизнинг дунёмиз етакчиларига тегишли», - деб тушунтиради Рамос.

***Афсонавий Бэнкси қаламига мансуб «Қулупнайли пончик». Баҳоси -  50 минг доллар. Бэнксининг яна бир иши - «Молотово коктейли» ҳам шу ерда.

Серхио Рамос ҳаётидан ҚизиҚарли фактлар

***Серхионинг тўнғич ўғли - Серхио. Унинг севимли футболчиси - Лука Модрич.

***Нигерияда Рамосни ўзгача қадрлашади. Улар Серхионинг ғалабаларига муштоқлар. Гап шундаки, Aндалусия ва Нигерия байроқлари жуда ўхшаш. Қисқаси, Серхио ўз диёри туғини ҳилпиратганида, нигерияларлар роса мириқишади.

***Рамос салом беришни яхши кўради. Нафақат «Сантьяго Бернабеу» трибуналарида ўтирганлар, балки «Реал»нинг барча футболчиларига. 

***Рамос турмуш ўртоғидан 8 ёш кичик. «Севиш учун қойил қолиш керак эмас. Шунчаки, жуфтингизни ҳурмат қилинг ва ундан керакли нарсани топинг», -дейди «ёвуз одам».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz