Қайднома

Қидирув

Лапорта ваъдаси – "Барса"ни инқироздан олиб чиқиш

Лапорта ваъдаси – "Барса"ни инқироздан олиб чиқиш

  08.01.2021 02:05
  0
  322
Лапорта ваъдаси –

Қуйидаги мақола ҳозирда анча қийналаётган «Барселона» президенти лавозимига даъвогарлардан бири - таниқли  функционер Жоан Лапортанинг сайловолди ташвиқотига юағишланди, десак муболаға бўлмас. Бинобарин, бу инсон 2003-2010 йиллар оралиғида бутун дунё кўкларга кўтарган, «ўзга сайёраликлар» номини олган ўша «Барселона»нинг фантастик ютуқларга эришишига салмоқли ҳисса қўшганди. Мана, Лапорта янги йилга белгиланган Каталония клуби президенти сайловига яна ўз номзодини қўйди ва инқироз ёқасида турган клубни қайта жонлантиришга баралла ваъда бермоқда.

Жоан Лапорта ҳозир 58 ёшда. У бундан 17 йил муқаддам «Барселона» президенти лавозимига сайланган эди. Каталония жамоа­сидан кетганига эса 10 йил бўлди. Лапорта 5 йил олдин ҳам «Барса» тепасига қайтишга уринган, аммо президентлик сайловида мағлубиятга учраганди. Энди унинг 2021 йилги сайловолди кампаниясида айтган биринчи сўзига эътибор қаратинг: «Ҳозир вазият анча мураккаб. Шундай экан, баландпарвоз гаплар ёки кучли баёнотларга, турли ваъдаларга ўрин йўқ». Умуман, Лапорта кўзларида ҳали ҳам масхарабозлик ва иштиёқ аломатлари бор. У айни пайт вақтини асосан ўзига тегишли компания штаб-квартираси юқори қаватидаги мўъжазгина хонада ўтказади. Маълумот учун, Лапорта - Мадридда жойлашган Moritz пиво заводи эгаси. Ҳозирда таниқли функционер сурати туширилган улкан баннер Сантья­го Бернабеу кўчаси бурчагидаги 15 қаватли бино фасадини ёпиб турибди. Айтганча, бу бино Каталония клуби ашаддий рақиби - «Реал»нинг уй стадиони рўпарасида жойлашган. Ҳаммаси бинога осиб қўйилган баннерда мужассам - ҳеч қандай баландпарвоз баёнот йўқ. Каталонияда Лапортани жасурлиги учун яхши кўришади. У чиндан ҳам, «Барселона» президенти лавозимига даъвогарлик қилаётган бошқа номзодлар учун муносиб рақибдир. Бироқ президентликка яна бир номзод Виктор Фонтнинг қатъий оҳангда айтишича, бутун шаҳар бўйлаб осилган баннерлар Жоанга сайловда ёрдам беролмайди: «Лапорта бундай ишларда уста, аммо баннерлар Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш, стадион қуриш ёки қарзларни тўлашда ҳеч қандай наф бермайди». Шунга қарамай, Лапорта баннерларига муносабат жуда жиддий.

Ҳа, «Барcелона» инқирозга юз тутмоқда. Бўлажак сайловда ким ғолиб чиқишидан қатъий назар, футболчилар, мураббийлар ва тартибсиз тизимни мерос қилиб олиши аниқ. Клуб бўйнида 488 миллион евро қарз бор. Бир томонда қурилиши режалаштирилган стадион турибди, Goldman Sachs (дунёдаги энг йирик сармоя банк­ларидан бири)дан олинган кредитни қайтариш ҳам зарур. Иш ҳақини тўлаш кечикишига боғлиқ янги муаммо ҳам бўлажак президент зиммасига тушади. Умуман олганда, жамоа катта муаммолар ёқасида турибди. Лапортанинг ўзига келсак, унинг клубга маълум даражада фойда келтириши аниқ. Ҳа, ҳозир Лапортани машҳур қилган ўша 2003 йилги фаолликни тасаввурга сиғдириш ҳам қийин. Ўша пайтдаги «Барселона» даври қайтиши имкони борлигини ўйлаш янада қийин. Жамоа­ни бош мураббий сифатида олға етаклайдиган Йохан Кройфф ҳам, Хосеп Гвардиола ҳам йўқ. Шунингдек, Лионель Мессининг кетиши эҳтимоли бор. Шуларни ўйласак, Лапортани ақлдан озган кишига менгзаш мумкин. Қизиқ, у нима учун клубга қайтишни истаб қолди? «Ҳа, чиндан ҳам, ақлдан озганман. Ҳаётимдаги энг катта муаммо ҳам шу. Ҳаммасини биламан, тан оламан, аммо клубни бошқаришга, бу йўлда курашишга тайёрман, барибир. «Барселона» мен учун - бебаҳо клуб. Ахир 5 ёшимдан буён шу жамоа ўйинларини кўриб келаман. Отам ва бобом 10 ёшга тўлганимда, мени клуб аъзолари қаторига қўшишган. Қолаверса, қадриятлар ҳаётим давомида ҳамиша катта ўрин тутган. Шундай экан, ҳозир нафақат футбол, балки «Барса»га дахлдор ҳар қандай иш мен учун доимгидан-да муҳимроқ. Мақсадимиз битта - одамлар «Барселона»ни яна олдингидек севишсин. Бунинг учун ишлаш керак. Тақдир мени клуб ҳаётидаги энг қийин пайтда унинг ишларида қатнашишимни хоҳлаётганга ўхшайди. Тушунинг, бу менинг ҳам тақдирим. Йўқ, мажбуриятларни ҳис қилмайман, фақат мотивация ҳақида ўйлайман. Менимча, «Барса»га нимадир бериш учун ҳали кучим бор», - дейди мутахассис.

Лапортанинг айтишича, у Мессининг «Барселона»дан кетиши ҳақида ўйламаяпти, аммо мухлислар ҳафсаласини синашга шошилаётгандек - Гвардиола клубга қайтмайди: «Месси ҳали ҳам жамоада. Ҳа, у энди хоҳлаган клуб билан музокара бошлаш ҳуқуқига эга. Нима бўлган тақдирда ҳам, шахсан мен Леонинг кетишига ишонмайман. У янги президент ғоялари ва таклифини кўриб чиқади, албатта. Агар сайловда ғолиб чиқсам, Месси билан келишаман, албатта. Ўйлайманки, у менга ишонади ва ҳеч қачон ёлғон гапирмаслигимни билади. Хабарим бор, ўтмишдаги президент Леони клубдаги борки муаммолар билан шуғулланишга мажбур қилди, натижада ўртадаги муносабат ёмонлашди. Такрор айтаман, агар президентлик курсини эгалласам, биз келишиб оламиз. Зеро, дунёнинг энг яхши футболчиси бошқа клуб билан Чемпионлар Лигаси кубогини қандай ютаётганини томоша қилиш жуда ёқимсиз. Пеп Гвардиола? Ҳа, у билан ҳамон алоқадаман. Аммо мураббийни қайтишга кўндириш  ниятим йўқ. У чин дўстим ва дунёнинг энг яхши мураббийларидан бири, аммо «Сити»да бахтиёр эканлигини унутмаслик керак».

Лапорта 2010 йили «Барселона»дан кетиб, тўғри йўл тутгани, жамоага муносиб мерос қолдирганига қатъий ишонади - узоқ йўл, рақобатбардошлик, соғлом иқтисодиёт ва барқарорлик... Фақат энди катта ҳомий йўқ. Чунки ҳамма клубда доимий равишда орқага қараб, ғазабланиб, спорт лойиҳасини йўқ қилди, вақтида ишни қайта бошлашга киришилмади. Январь, трансферлар ойнаси ёпилганига энди етти кун бўлган палла, боз устига, пандемия яна авж олган пайт сайловлар учун идеал вақт эмас. Номзодлар бундан кейин нима қилишни билмайдилар. Кўриб чиқилиши зарур шартномалар, ўрганиш талаб этиладиган имкониятлар, эҳтимолий айрим ёқимсиз сюрпризлар... Лапортанинг фикрига кўра, бош мураббийни дарҳол алмаштиришдан фойда йўқ. У Хави ушбу лавозимга жиддий равишда таклиф этилганига амин эмас. Шунингдек, Куман ҳали ўзини тўлиқ даражада намойиш этмади. «Йўқ, клубга ўз одамларим билан қайтмайман, - дейди Лапорта янги мураббий таклиф қилмаслигини назарда тутиб. - Яна айрим гапларим бор, ҳали тугатмадим. Олдин ҳам худди шунга ўхшаш вазиятни бошдан кечирганман. Ҳозирги вазифа 2003 йили биз дуч келган миссияга ўхшайди. Тўғри, бир хил миқёсда эмас. Ўшанда даромад 123 миллион еврога тенг эди, харажат миқдори эса 192 «лимон»ни ташкил этарди. Қолаверса, жамоа тузилмаси бузилганди. Эҳтимол, ўша пайт жамоани янгилаш нисбатан осонроқ бўлгандир. Ҳозир вазият бироз ўзгача. Жорий мавсум харажат миқдорини камайтириш учун футболчилар шартномасини қайта кўриб чиқишимиз керак. Ишонинг, бу жиддий муаммо. Аввало, аниқ рақамлар билан танишиб чиқишимиз керак, аммо ваҳимачи ёки жабрдийдадек кўринишни хоҳламайман. Қисқаси, барчасини обдон таҳлил қилиш ва муайян ечим излаш талаб этилади».

Яна бир томони, Лапорта футболчиларнинг катта савдосига қўл урмоқчи эмас, аммо уларнинг баҳосини мувофиқлаштириш ҳисобига қарзни камайтириш мумкинлигини тан олмоқда. «Сотиб олиш ҳам, сотиш ҳам фойдали» - мутахассиснинг шиорларидан бири шу. Асосий масалалардан бири - ёш футболчиларни тарбия­лаш, барибир. Лапорта жумладан, Ансу Фати ижросидаги ўйинларга маҳлиё: «Ансу янада ўсиш учун катта имкониятларга эга ва уни «Барселона»да узоқ вақт ўйнашини истайман. Ғоя оддий - буюк футболчилар жамоада қолаверадилар». Кейинги масала - Ла Масиа академияси. «Ла Масия­ни янги ўйинчилар марказий таъминотчисига айлантириш учун ўзгача методологияга эга катта лойи­ҳа тақдим этамиз», - дейди Лапорта футбол мақтаби ҳақида.

Дарвоқе, VAR ҳақида гап очилса, Лапортани ушбу технологиянинг ашаддий рақиби сифатида кўрсатиш керак. Унинг бу борадаги хулосасига қаранг: «VAR мухлисларни самимий ҳиссиётлардан мосуво қиляпти. Улар энди голни аввалгидек эжҳтиросга жўшиб нишонламаяптилар...».

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: 1503259523.jpg


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz