Қайднома

Қидирув

Тибо Куртуа: "Матбуот - мен учун дахлсиз соҳа"

Тибо Куртуа: "Матбуот - мен учун дахлсиз соҳа"

  08.01.2021 07:27
  0
  350
Тибо Куртуа:

Бельгиялик дарвозабон Тибо Куртуа «Реал»да ўзининг 3-мавсумини ўтказмоқда. У ортда қолган вақт давомида ишончли ўйин ва ажойиб «сэйв»лар воситасида «Мадрид»га муҳим очколар келтирган ҳолда, жамоада ҳақиқий «1-рақам» эканлигини амалда исботлашга улгурди. Қолаверса, 28 ёшли голкипер «қаймоқранглилар»нинг кийиниш хонасида аста-секин «оғир вазн»ли футболчилар қаторига қўшилмоқда. Тибо яқинда Sporza журналистлари билан суҳбатда бўлиб, матбуотга нисбатан қарашини рўй-рост баён этди. Айтишича, у танқидларга кўп ҳам эътибор қаратмайди. Фикрича, матбуот баҳосига ёпишиб олиш футболчини издан чиқариши ҳеч гап эмас. Куртуа шунинг баробарида «Мадрид»даги фаолияти бошланишини эслади, Зайниддин Зидан ва Серхио Рамос билан алоқаларига тўхталди, Бельгия терма жамоаси хусусида фикр юритди.

Матбуотга ёндашуви

- Очиғи, бу соҳага мутлақо дахлсизман: ўтган йили оғир давр­ни бошдан кечирганимда, Испанияда роса танқид қилишгани ва салбий қараш остида қолиб кетганим эсимда. Ваҳоланки, матбуотда янграган гапларнинг кўпи асоссиз эди. Аслида танқидга тўғри ёндашаман, лекин ҳаммасини ҳам ўқийвермайман. Матбуот вакилим мен учун айрим янгиликларни саралаб беради ва шамол қаердан эсаётганини билиш учунгина улар билан танишиб чиқаман. Биласизми, ёш футболчининг энг катта хатоси нима? У ўз ҳақида нима ёзилганлигини билиш учун тинмай ижтимоий тармоқларга киради. Аммо бунинг ортидан янада ёмонроқ вазиятга тушиб қолади. Демоқчиманки, ОАВда берилган барча фикрларни бирдек яқин олаверсангиз, шунчаки, «ўласиз». Оддий айтганда, матбуотда ёзилган ҳар бир хабарга ишонсангиз, ақлдан озишингиз ҳеч гап эмас. Ҳа, тан оламан, гоҳида тўғри фикрлар ҳам берилади, аммо жуда кам. Қисқаси, аксарият мақолалар асоссиз бўлади. Шахсан мен матбуот фикри эмас, аксинча, мураббийларим, дарвозабонлар устози ва жамоадошларимнинг айтганларини инобатга оламан. Агар футболчи ўз салоҳия­тига ишончни йўқотмаса, у ҳеч қандай катта муаммога юз тутмайди. Муҳими, Зайниддин Зидан ҳар доим менга шундай ишончни бағишлайди. Жумладан, ўтган йил ҳам унинг менга ва маҳоратимга тўлиқ ишонишини яққол ҳис қилдим. Бу ўз навбатида омадсиз даврдан тезроқ чиқиб кетишимга катта ёрдам берди.

Зидан билан ўзаро

муносабати

- «Реал» дарвозасини мен ва Кейлор Навас алмашиб қўриқлаган пайт Зайниддин Зидан бор гапни дангал айтди: «Ҳозир ғалабадан бошқаси бизни асло қониқтирмайди. Бунда ротация ҳам муҳим, шунинг учун Навас билан жой алмашиб турасизлар». Ўзи мураббийимиз ротацияни хуш кўради, аммо бу масалага ёндашуви ўзаро муносабатларимизга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмади. Эҳтимол, бошида бир-биримизни тўлиқ тушунмагандирмиз, бунинг ортидан алоқаларимиз бироз кескинроқ бўлгандир... Лекин бунга жамоадаги кўплаб футболчилар қатори мураббий билан умумий тарихга эга эмаслигим сабаб эди. Асосийси, Зиданнинг ўзи бу ҳолатни теран тушунди ва 2019 йилнинг ёзида очиқчасига самимий суҳбатлашдик. Шундан буён ўзаро муносабатимиз фақат ижобий томонга ривожланмоқда.

Мураббийга таъриф

- Зидан жуда босиқ одам, кучли мотиватор, шунинг баробарида нисбатан содда ҳам. Дейлик, ҳаммасини борича айтади. Яна футболчилар билан яккама-якка гаплашишни ёқтиради. Баъзан шунчаки, ҳол-аҳвол сўраш учун машғулотдан сўнг сизни четга тортиши мумкин. Фаолиятим давомида ҳали ўзини футболчиларга шундай яқин олган бирор мураббийни кўрган эмасман.

Серхио Рамос - чин сардор

- У билан жамоа сафига қўшилишимдан бироз олдин, Ибицадаги таътил пайти танишгандим. Серхио жамоада Кейлор Наваснинг энг яқин дўсти эди, шунинг учун бошида унга осон бўлмагани аниқ. Асосийси, Серхио чин сардордек мени ҳам яхши қабул қилди ва ҳеч қачон қандайдир муаммога дуч келмадик. Ҳозир ҳам муносабатимиз жойида.

Энг яхши дарвозабон

- Бу ҳақда гапиришни истамайман. Фикримча, Мануэль Нойер, Ян Облак, Марк-Андре тер Штеген ва Алиссон каби энг зўрлар қаторидаман... Одатда ҳар бир дарвозабоннинг ўзига хос кучли томонлари бўлади: кимдир қайсидир элемент бобида тенгсиз, аммо бошқа жиҳатлар бўйича бошқалар устун... Умуман олганда, ҳаммада ижобий фазилатлар мавжуд.

Шахсий совринлар...

- Тўғриси, индивидуал мукофотларимдан кўра, ЖЧ-2018да олинган «Олтин қўлқоп»ни кўпроқ қадр­лайман. Тан оламан, The Best сов­рини ҳам яхши, айниқса, унинг лау­реати оммавий сўров натижаларига асосан аниқланишини ҳисобга олсак. Умуман, спортда ҳар бир кубок муҳим, шунингдек, ҳар бир соврин ҳиссиёт нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Ҳозир менга етишмаётган ягона соврин - бу Европа Чемпионлар Лигаси кубоги.

2020 йил якунлари

- Шахсан мен 2020 йил борасида шикоят қилолмайман. Дейлик, январь ойида «Атлетико»га қарши кечган финалда ғалаба қозониб, Испания суперкубогини қўлга киритдик. Ўша баҳснинг пенальтилар сериясида аниқ ҳаракатланиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшдим. Шунингдек, карантиндан олдин «Эль-класико»да ғалабага эришдик, ундан кейин ғолибона одимлаб, якунда Ла Лига тахтидан жой олдик. Шундай экан, нолишга асос борми?

Карантин даври

- Ўз-ўзини изоляция қилиш пайти етарлича ҳордиқ чиқардим. Карантин шу томондан ёқди. Танангизга 2 ой давомида дам бериш - бу шунчаки, ажойиб. Кейин Ла Лига бош совринини ютиш учун тинимсиз машғулотларга шўн­ғидик ва бунда мажбурий таътил вақтида талаб даражасида энергия жамғарганимиз роса қўл келди.

Бельгия термаси ва Роберто Мартинес

- Мартинес бизни нафақат бош­қача ўйнашга мажбурлади, балки жамоага ғолиблик руҳиятини ҳам сингдирди. Масалан, унинг кўрсатмасига мувофиқ, рақибга кўпроқ босим ўтказишни ўргандик. Ўзи Мартинес жуда оз гапиради, лекин нишонга тўғри уради. Шунингдек, у бизга тўлиқ ишонади, чунки назоратга муҳтож болалар эмас, балки профессионаллар эканлигимизни яхши билади.

Марк Вильмотс билан муаммолар

- Биламизки, ҳар бир мураббийнинг ўзига хос иш услуби бор. Эҳтимол, мураббийлар гапларингизни тинглашар, аммо ўз қарашларини кўп ҳам ўзгартиришмайди, барибир. Ҳа, Вильмотс Бельгия миллий жамоасида муваффақиятсизликка учради. Тўғриси, унинг таркибни отам бузаётганига шаъма қилганидан қаттиқ ранжидим. Зеро, отам волейболчи сифатида доимо адолатли ва тоза ўйин намунаси бўлиб келган. Аслида Вильмотс бузғунчилик билан шуғулланган шахс отам эмаслигини яхши биларди. Унинг ҳамон ўз фикридан қайтмагани жуда салбий таъсир қилди. Айнан шу нарса қалбимни тирнайди, қолганини ўтмишга кўмганман аллақачон... Йўқ, мураббийга нисбатан кек сақламайман, қасос олишни ҳам ўйламаяпман. Фақат келажакка умид билан боқаман, холос.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz