Қайднома

Қидирув

Алишер Никимбаев энди ПФЛ ҳақида ёзмайди, токи...

Алишер Никимбаев энди ПФЛ ҳақида ёзмайди, токи...

  08.01.2021 23:35
  0
  457
Алишер Никимбаев энди ПФЛ ҳақида ёзмайди, токи...

Футболга ихтисослашган сайтлардан бири Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев билан интервью уюштирибди. Ушбу суҳбат анонсида ПФЛ раҳбари Алишер Никимбаев номини ҳам тилга олганини кўриш мумкин. Мазкур ҳолат, таниқли мутахассисни ранжитган кўринади. Буни Алишер Никимбаевнинг «Телеграм»даги «Футболиум» каналига жойлаган постидан англаш қийин эмас.

Никимбаевнинг сўзларига эътибор қаратинг: «Чемпионат.азияда ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи билан уюштирилган интервью анонси чиқди. Анъанага мувофиқ, бу мансабдор менинг номимни ҳам тилга олиб, ҳатто баъзи тавсияларни ҳам берди. Аввал ҳам ёзганимдек, унинг мен ҳақимдаги фикри менга мутлақо қизиқмас, шу боис, интервьюни кўриб чиқиб, унга жавоб ёзиш ниятим йўқ.

Аммо фурсатдан фойдаланиб, очиқ-ойдин бўлиб улгурган бир жиҳатга тўхталмоқчиман: энди ПФЛ ҳақида ёзмоқчи эмасман. Кўриб турибманки, бу ташкилот ҳозирги раҳбарият билан хатоларини тан олиш, ижобий ўзгаришларни амалга оширишга қодир эмас. Аммо асосийси бу ҳам эмас, гап шундаки, мавжуд вазият, афтидан, барчани қониқтирмоқда. Сентябрда Лига раислигига сайлов ўтказилиши айтилганди, аммо январга келиб, бу ҳақда ҳамма унутди. Мазкур ҳолат аслида клубларга ёқмасада, улар омма олдида сукут сақлашмоқда. Журналистлар камчиликларни сезмаган ҳолда, мақташни афзал билишмоқда. Агар ҳамма бундан мамнун экан, нега у мени хавотирга солиши керак?!

***

Гапим исботсиз бўлиб қолмаслиги учун ПФЛ сайтидан олинган «скрин»ни эътиборингизга ҳавола этаман. «Ҳужжатлар» бўлимида 2020 йилга тааллуқли бирорта ҳам ҳужжат тополмайсиз. Аммо Лигага Фарҳод Магометов директорлик қилган 2016 ва 2017 йиллар ҳужжатлари бор. Магометовни ҳам танқид қилганман ва ҳозир ҳам бундан заррача афсусланмайман. Лекин у пайтлари икки футбол мутахассислари ўртасида баҳс-мунозара кечарди. Танқидларга жавобан оила аъзолари аралаштириладиган ва бўҳтонлар ёғдириладиган «бозор машмашалари»да эса қатнашмоқчи эмасман.

Шу билан ПФЛ ҳақида бошқа ёзмайман. Ташкилотни ҳозирги бош директор вазифасини бажарувчи бошқараркан, ПФЛ ҳақида ёзмайман. Унинг ушбу лавозимда 2030 йилгача ишлашини Яратгандан сўраб қоламан».

Кўп йиллар футбол соҳасида тажриба орттирган мутахассисни бу тахлит ранжитиш тўғрими? Ахир, танқидни тўғри тушуниш керак, зеро Никимбаев ўзбек футболининг эртасини ўйлаб, фикр юритаётганди. Унинг «Телеграм»даги «Футболиум» каналини мунтазам кузатиб бориш, аниқ фактларга асосланган маълумотлари билан танишиш асносида, чиндан ҳам ПФЛ тизимида чиқарилаётган аксарият қарорлар нотўғри эканлигига гувоҳ бўлгандик. Демакки, бундай муносабат 2021 йил, умуман, кейинги бир неча йиллар давомида футболимизга фойда келтирса келтирадики, асло зиён қилмайди.

Бироқ янги мавсум арафасида ПФЛнинг нотўғри қарорларини муҳокама қиладиганлар, ўринли танқидларини ўзбек футбол жамоатчилиги билан ўртоқлашадиган ҳақиқий мутахассислар сони бир нафарга камайди. Бу катта йўқотиш.

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев бошчилигидаги ташкилотнинг сўнгги йилларда бажарган кенг кўламли ишларини ҳурмат қилган ҳолда айтмоқчиманки, ўзбек футболидаги саноқли мутахассисларнинг оғзини бу тариқа юмишга уриниш эмас, балки уларнинг тажрибасидан фойдаланиб, танқидларидан тегишли хулоса чиқариш мақсадга мувофиқ бўларди.

Айтганча, ўша интервью анонсини кўрдим. Унда ПФЛ раҳбари «Никимбаев регламентни яхши билади, ақлли, лекин ундан ҳам ақллилар бор», дейиш орқали ҳақиқий интригани келтириб чиқарди. Насиб қилса, мавсум-2021да ўша «ақллилар»нинг нималарга қодирлигини кўраверамиз. Уларнинг уринишлари ўзбек футболи ривожи йўлида ишласа-ку, нур устига нур. Акс ҳолда... акс ҳолда, бунга ҳеч ким ортиқча эътибор қаратмаслиги, муаммолар ўз ҳолича қолиб кетиши ҳам ҳеч гапмас. Ахир камчиликларни рўй-рост гапириб турган шу биргина МУТАХАССИСни ҳам сиғдиришмади-ку!

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, токи Диёр Имомхўжаев ПФЛ раҳбарлигидан кетмас экан, бу жараёнда Алишер Никимбаев қатнашмайди. Афсус!

Ўткир Умаров


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz