Қайднома

Қидирув

Деярли 10 ой мағлубиятсиз, аммо...

Деярли 10 ой мағлубиятсиз, аммо...

  09.01.2021 05:43
  0
  335
Деярли 10 ой мағлубиятсиз, аммо...

«Милан» мухлислари коронавирусли 2020 йилни узоқ вақт унутишмаса керак. 8 март куни ўз майдонида «Женоа»га ютқазган клуб шундан кейин йил охирига қадар «А» серияда мағлубият нималигини билмади. «Россонерлар» ўша пайт чемпионат турнир жадвалида 7-ўринда боришаётганди. 2020 йилни эса пешқадам сифатида якунлашди. Қолаверса, бош мураббий Стефано Пиолига ҳеч ким ишонмаётган, раҳбарият ҳам янги мавсумни Ральф Рангник бошқарувида бошлашни режалаштираётганди. Энди Пиолининг ўрни мустаҳкам, у эътироф оғушида. «Милан» тиффозилари вазият тубдан ўзгаргани учун аввало, Паоло Мальдинига раҳмат айтишлари керак. Чунки айнан собиқ сардор бош мураббий роли немис мутахассисига топширилишига қарши чиқди. Аниқроғи, агар Пиоли истеъфога чиқарилса, унинг ортидан кетишини баралла маълум қилди. Шу тариқа Пиоли қолди ва мураббийнинг яширин режалари иш бера бошлади. Қаранг, «Милан» локдаунгача 26та ўйинда 36 очко тўплаганди, кейин мавсум якунига қадар 12та учрашувда 30 очко йиғди, камига бу орада «Рома», «Лацио» ва «Ювентус» каби грандларни енгди. Жамоа янги мавсумга ҳам шиддатли киришди. Мана, фактларга эътибор қаратинг:

*** «Милан» - баҳорги карантиндан кейин йил якунига қадар мағлубиятга учрамаган Европанинг кучли 5та лигасидаги ягона жамоа.

*** «Милан» йил якунига қадар қаторасига 26 ўйинда мағлубиятга учрамади: 19та ғалаба ва 7та дуранг.

*** «Милан» йил якунига қадар чемпионат доирасида қаторасига 34та ўйинда гол урди - бу клуб рекорди.

*** «Милан» йил якунига қадар чемпионат доирасида қаторасига 16та ўйинда камида 2та гол урди.

*** «Милан» йил якунига қадар барча мусобақалар ҳисобидан қаторасига 20та сафар ўйинида мағлубиятга учрамади.

*** «Милан» йил якунига қадар «А» сериянинг дастлабки 14та турида мағлубият нималигини билмади. Жамоа охирги марта 1991|1992 ва 1992|1993 йиллар мавсумларида шундай ёрқин старт қайд этиб, якунда скудеттони қўлга киритганди.

Пиолига вақт берилгани - Мальдини хизмати

Пиоли «Милан»га мураббий сифатида бирор совринсиз келди. «Онам доимо шуни эслатиб туради, - дейди Стефано. - Бунга жавобан эртами-кеч нимадир ютишимни айтаман». Пиоли ҳозир ишлаши ва ғояларини ривожлантиришга имкон бергани учун «Милан» раҳбариятидан миннатдор. Ваҳоланки, «россонерлар» Пиоли бошқарувида дастлабки 7та учрашувда атиги 8та гол уришди. Кейин самарадорлик бироз яхшиланди, аммо жамоа барқарор эмасди, барибир. «Аталанта»дан 5та, «Интер»дан 4та гол қабул қилингани ва «Женоа»га ютқазилганига қарамай, Стефано ишдан бўшатилмади. Мураббийнинг кетиши унинг номзодини ёқлаган Паоло Мальдини учун мағлубият бўларди. Стефано энди совринсизлик унга халақит бермаслиги, ўз фалсафасига ишонишини таъкидламоқда: «Ғалаба қозониш учун муносиб жамоа керак. Шу пайтгача бундай жамоада ишламаганман. Ҳа, «Лацио» билан совринга яқинлашдим - Италия кубоги финалига чиқдик, суперкубок учун ўйнадик, аммо рақиб «Ювентус» эди. «Интер»? 6 ойлик фаолиятга қараб, мураббийга баҳо бериш ярамайди. Мана, ҳозир «Милан»даман, ниҳоят, ўз жойимни топганимни сезиб турибман». Паоло ҳам шуни сезди. У Ральф Рангник билан келишувга эришилгани маълум бўлгач, Пиоли ортидан кетишини айтди. Шу аснода Пиолини ҳимоя қилди, охиригача. Ҳозир «Милан»да Рангник йўқ, Италия ОАВ эса буни клуб афсонаси ғалабаси сифатида таърифламоқда: «Россонерлар» Мальдини танлаган йўлдан боришди ва адашишмади».

Пиоли муваффақиятининг калити кийиниш хонасида

Пиолининг хулосаси оддий - натижалар жамоанинг майдондаги ҳаракати самараси, майдондаги ҳаракат эса унинг ташқарисидаги воқеалар маҳсулидир.  «У жуда хотиржам кўриниши мумкин, аслида ўта қаттиққўл, - дейди Мальдини. - Вақтида муросасиз футболчи эдим, директор сифатида 2 йил ишлаганимдан кейин анча ўзгардим, қарашларим ҳам янгиланди. Айниқса, жамоани қандай бошқариш масаласида. Баъзан юмшоқлик қаттиқликка нисбатан кўпроқ фойда беради». Қисқаси, Пиоли аввало, кийиниш хонасида муҳит яхши бўлишига эътибор қаратди, қаратмоқда: «Жамоада мувозанатни топиш, барчанинг кўнглини олиш ва футболчиларнинг нимадандир ташвишланишларига йўл қўймаслик жуда муҳим. Бунинг учун мураббий руҳшунос бўлиши керак. Қайсидир вазиятда барчасини ошкора айтиш талаб этилади, бошқа бир вазиятда эса, жамоа фойдаси учун сукут сақлаш керак. Шахсан мен футболчини ҳеч қачон техник хатолар - ноаниқ зарба ёки узатма учун айб­ламайман. Аммо зарур пайт очилмаса, шеригига ёрдам бермаса, ғазабланаман, албатта. «У ёққа узат, бу ёққа бер» қабилида бақирадиган мураббийлар тоифасидан эмасман. Мураккаб схемаларга ҳам хушим йўқ. Шунчаки, ўйин тамо­йилларини таклиф қиламан, қолганини майдонда футболчиларнинг ўзлари бажаришади».

«Милан» -Италиянинг энг ёш жамоаси, Европада энг ёшларидан бири

Мальдинининг асосий вазифаларидан бири иш ҳақини камайтириш баробарида «Милан» таркибини ёшартириш эди. Златан Ибрагимович ва Симон Кьер таклиф этилганини инобатга олсак, бу мавҳум масаладек кўринарди, боз устига, жамоада бошқа фахрийлар ҳам бор эдилар: Лукас Биглия (34 ёш), Пепе Рейна (38 ёш), Фабио Борини (29 ёш), Риккардо Родригес (28 ёш), Жакомо Бонавентура (31 ёш). Янги келганларга назар солсак, биргина дарвозабон Чиприан Тэтэрушану 34 ёшда. Қолганлар 22 ёшдан кичик. Шу тариқа жамоа таркибининг ўртача ёши 24,7дан 24га тушди. Бошқача айтганда, «Милан» - «А» сериянинг энг ёш клуби. Европанинг кучли 5та чемпионати иштирокчилари орасида эса, 4-ёш таркиб айнан «Милан»ники.

«Россонерлар» 4 октябрь куни «Специа»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Ўша учрашувда жамоанинг бошланғич таркиби ўртача ёши 22,8ни ташкил этди. Бу жорий мавсум кучли 5та лигада қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. «Ёш футболчиларга баҳо беришнинг ҳожати йўқ. Улар билан ишлашда сабр-тоқат керак. Раҳбарият билан муносабатларда уйғунлик ёрдам беради. Муҳими, режамиз иш бермоқда», - дейди Мальдини оптимистик руҳда.  Аммо Пиоли кутмайди - у ёшларга мунтазам равишда ўйин амалиёти тақдим этмоқда.

«Милан» - бу биргина Ибрагимович эмас

Златан Ибрагимовичнинг ҳозирги «Милан» учун аҳамияти катта, албатта. Бир томондан, жамоа ўйини Ибрага боғлиқ. Ҳар ҳолда, йил якунига қадар «Милан» томонидан чемпионатда урилган 32та голдан 10тасини айнан швециялик фахрий урди. «Ибрагимович жамоанинг ривожланиши учун жуда муҳим, - дейди Мальдини. - Лекин энди ўзимизга кўпроқ ишоняпмиз. Жамоа усиз ҳам ғалаба қозона олади - бу яхши сигнал». Умуман, ҳозирги «Ми­лан»­да етакчиликни қўлга олишга қодир йигитлар кўп. Масалан, 5 миллион еврога сотиб олинган Йенс-Петтер Хауге аллақачон 4та гол урди, Тео Эрнандес эса, «Парма»га ютқазилааётган пайт «дубль» қайд этди. Жанлуижи Доннарумма ва Алессио Романьо­ли ёш бўлишларига қарамай, кийи­ниш хонаси сенаторларига айланишди. Шунингдек, Пиоли бошчилигида яна бир қатор ўйинчиларнинг  роли сезиларли даражада ошди.

******Симон Кьер. «Милан» мухлислари даниялик ҳимоячига худди Пиолининг тайинланишига бўлгани каби шубҳа билан қарашганди. Энди Симон - тиффозилар ёқимтойи ва жамоа етакчиси. «Тактика ёки ўйиннинг қайсидир вазияти ҳақида гапирсам, ҳаттоки, Пиоли ҳам диққат билан тинг­лаяпти, - дейди Кьер. - Ўзимни етакчидек ҳис қиляпман. Кузатаман ва ёрдам бераман. Тажрибам етарли, буни ёшлар билан баҳам кўришим керак».

******Франк Кессие. «Милан» 2019 йили Кот-д~ивуарлик ярим ҳимоячи билан хайрлашишга тайёр эди - унинг Англияга йўл олиши сўнгги дақиқада бекор бўлди. Энди Кессие - «Ми­лан»­нинг штатли пенальтичиси, асосий таркиб вакили. Мана, Пиоли уни ҳар доим намуна сифатида кўрсатмоқда: «Жамоага келганимда, футболчилар билан унча таниш эмасдим. Йигитлар билан жиддий гаплашдик, баъзида овозимни кўтаришимга тўғри келди. Ҳозирги Кессие ўша суҳбатлар самарасидир».

******Ҳоқон Чалхоноглу. 14та турда 49та кескин узатмани амалга оширган футболчи - бу чемпионатдаги энг яхши кўрсаткич. Пио­ли турк ярим ҳимоячисини чап қанотдан ижодкор позициясига ўтказди ва Ҳоқон энг яхши ўйинини намо­йиш эта бошлади. Тўғри, ўзига нисбатан ишончни қайтариш салбий оқибатларга ҳам олиб келди - Чалхоноглу янги шартномага кўра, катта маош олишни хоҳлаяпти.

******Давиде Калабрия. «Милан» мавсум-2019|2020 охирида Калабрия ўрнига янги ўнг қанот ҳимоячиси қидиришга тушди, Давиде эса таркибдан жой олиш учун охиригача курашишини эълон қилди. Бироқ ҳаммаси унга боғлиқ эмасди. Айтиш жоиз, Калабрияга қисман омад ҳам кулиб боқди - унинг ўрнини босадиган футболчи топилмади. «Клубдаги муҳит тинчиди. Энди ҳамма жамоа кучига, келажагига ишонмоқда. Ушбу лойи­ҳа барқарорликка муҳтож эди, - дейди Давиде. - Пиоли билан кўп гаплашамиз, у қийин даврда шахсан менга катта ёрдам берди, фақат олдинга ундади». Калабрия ва Андреа Конти ўртасида бошқа рақобат йўқ. Давиде - асосий таркибнинг доимий аъзоси ва яккакурашлар ҳамда ҳужумни қайтариш бўйича «А» серия етакчиси.

 

Энг муҳими - ғоя бор

Ҳа, Пиолининг ғоялари самара бермоқда - «Милан» «А» сериянинг қишки чемпиони бўлди. Шунга қарамай, Мальдини жорий мавсум учун жамоа олдига аниқ вазифа қўйилмаганини айтмоқда: «Вазифа? Камида аввалги мавсумдаги натижани яхшиласак, бас. Мана, Европа Лигаси «плей-офф» бос­қичига чиқдик, турнирда курашни давом эттирмоқчимиз. Чемпионлар Лигаси йўлланмасини ютишга уринмаслик аҳмоқлик ҳисобланади, ҳаттоки, раҳбарият олдимизга бундай талаб қўймаган бўлса ҳам. Асосийси, қўл кўтармаслик. Йигитлардан фақат ўзларига нисбатан талабчан бўлишни сўрайман. Зеро, футболда имкони бор маррага эришишни кўзлаш керак». Бош мураббий Пиолининг бу борадаги фикри ҳам камтарона: «Реалликдан узоқлашиш унча тўғри эмас. Охирги мавсум Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган зонадаги жамоадан 12 очко ортда қолдик, чемпион «Ювентус» эса 17 очко илгарилаб кетди. Менимча, ҳозирдан скудетто ҳақида ўйлаш фақат зараримизга ишлайди. Албатта, олдинга силжиш учун дадиллик керак, ҳар бир учрашувда ғалабага интилиш мақсадга мувофиқ. Биз «Милан»миз ва шунинг учун ҳам ғалаба қозонишимиз шарт. Жамоа ҳозирча ҳеч нарсага эришгани йўқ, кўрамиз, апрелда қаерда турарканмиз...». Мухлислар дилидаги гапни эса, фақат ва фақат Златан Ибрагимович қатъий оҳангда, баланд овозда айта олади: «Албатта, скудеттони орзу қилишимиз керак. Қўрқишга ҳожат йўқ».

P.S. «Ювентус» Италия А Серияси 16-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган баҳсда сафарда “Милан” устидан қозонилган ғалаба эвазига «Милан»нинг 27 ўйинлик мағлубиятсиз серийасига барҳам берди. Шу тариқа, жорий мавсум ТОП5 чемпионатларда мағлуб бўлмаган жамоа қолмади.

Бундан ташқари туринликлардан учралган мағлубият туфайли «россонерилар»нинг яна бир рекордли серийаси тўхтади. Бу ўйинга қадар Пиоли шогирдлари кетма-кет 17 ўйиндан буён 2 ва ундан ортиқ гол уриб келишаётган эди.

Гарчи биргина мағлубият орқали миланликлар иккита ёқимли анъанага барҳам беришган бўлсада, клуб яна бир серияни давом эттириш имкониятини сақлаб қолди. Гап шундаки,  «Милан» А Серияда қаторасига 36 ўйиндан бери гол урмоқда. Жамоа кеча “Ювентус” дарвозасига ҳам битта гол урди. Бу борада рекорд «Ювентус»га (2017 йил) тегишли – 44.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz