Қайднома

Қидирув

Еврофутбол томон жавоб юриши ёки АҚШ терма жамоаси учун бўлажак юлдузлар

Еврофутбол томон жавоб юриши ёки АҚШ терма жамоаси учун бўлажак юлдузлар

  10.01.2021 02:20
  0
  402
Еврофутбол томон жавоб юриши ёки АҚШ терма жамоаси учун бўлажак юлдузлар

Европада порлаётган америкалик футболчилар сафи тобора кенгаймоқда. Бу АҚШда миллионлар ўйинининг оммалашиб бораётганидан далолат. Яна бир томони, деярли ҳар мавсум якунида еврофутболда танилган етук юлдузлар MLSга юзланишмоқда. Албатта, бу юриш океан ортидаги бош лига нуфузини ошириш ва уни ривожланишига хизмат қилади. Аммо АҚШ футболи жавоб юришига ҳам тайёр. Мана, охирги йилларда Қўшма Штатларнинг ёш истеъдодлари эрта кунда Европага йўл олиб, айнан футбол марказларида машҳурликка интилмоқдалар. Муҳими, Америка футболи бундан фақат фойда кўради. Келинг, энди еврофутболда порлашга жазм этган навбатдаги 5 нафар америкаликка алоҳида назар соламиз.

Сержиньо ДЕСТ

Ёши: 20

Амплуа бўйича: ўнг қанот ҳимоячиси

Клуби: «Барселона»

Диққат қилинг, «Барселона»нинг янги вакили АҚШнинг бирор клубида ўйнаган эмас. Гап шундаки, Дест Нидерландияда туғилган ва шу мамлакатда футболга ошно тутинган. Лекин Сер­жиньонинг отаси соф америкалик. У шунга мувофиқ, халқаро миқёсда отаси ватани шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўрди. Ёш ҳимоячи ҳозирга қадар АҚШ миллий терма жамоасининг 5та ўйинида иштирок этди, тўғри, ҳали самарали ҳаракат билан ўзини кўрсатгани йўқ. Дестнинг клуб миқёсидаги фаолияти эса «Аякс»­да бошланди. Умумий ҳисобда айтсак, Сержиньо Нидерландия пойтахти жамоаси тизимида 8 йил давомида шуғулланди. Ҳимоячи бу вақтда «Аякс» асосий таркибида 38 марта майдонга тушиб, 2та гол уришдан ташқари, яна 6тасига ассистентлик қилди. Ўтган йилнинг октябрида эса, «Барселона» бу футболчи трансферига 21 миллион евро тўлади. Америкалик ёш иқтидор айни пайт Каталония клубида етарли ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Умуман, Испанияда Сержиньонинг истеъдоди ва маҳоратига юқори баҳо берилмоқда. Тўғри, у еврофутболда чинакамига ном чиқариш ва ватанига ҳақиқий чемпион сифатида қайтиш йўлида ҳали кўп тер тўкиши керак. Хуллас, Дестдан тараққиёт сари тинимсиз шуғулланиш, олға бориш талаб этилади.

 

Кристиан ПУЛИШИЧ

Ёши: 22

Амплуа бўйича: чап қанот вингери

Клуби: «Челси»

Пулишич Европа футболига юзланишдан олдин АҚШда маълум даражада тажриба тўплади. Яъни Кристиан ёшлар миқёсида Brackley Town, Michigan Rush ва Pennsylvania Classics клублари сафида тўп сурди. 2015 йилнинг февраль ойида эса, пенсильвания­ликлар билан хайрлашиб, эркин агент мақомида Дортмунд «Боруссия»си сафига қўшилди. Диққатни тортадиган томони, америкалик нотаниш йигитча атиги 1 йилда «қовоғарилар»нинг U-17 тои­фасидаги жамоасидан асосий таркибгача бўлган йўлни босиб ўтди. Шу тариқа Пулишич Германиянинг етакчи клубларидан бири сафида жами 127та ўйинда иштирок этиб, 19та гол ва 26та самарали узатма муаллифига айланди. 2019 йилнинг январига келиб, Кристиан «Челси»дан қўним топди. «Кўклар» уни ўз сафларида кўриш учун 64 миллион евродан воз кечишди. «Челси» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард америкалик футболчини қадрлайди ва унга катта умид боғламоқда. Ҳа, Кристиан жароҳатлар туфайли Лондонда ҳали ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солганича йўқ. Муҳими, Англия пойтахтида худди АҚШда бўлгани каби унга ишонишади. Бинобарин, Пулишич Америка замонавий футболи ва мамлакат миллий жамоасининг энг ёрқин вакилларидан биридир. Вингер шу  кунга қадар АҚШ бош жамоаси сафида 34та ўйин ўтказиб, 14та гол уришга улгурди. Хуллас, у Европада ҳам, ватанида ҳам буюк келажак сари талпинмоқда.

 

Жованни РЕЙНА

Ёши: 18

Амплуа бўйича: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Клуби: «Боруссия» Д.

Америка футболининг Европадаги яна бир катта умиди. Рейна атиги 18 ёшда, аммо аллақачон «Боруссия»нинг асосий ўйинчилари қаторидан жой олишга улгурди. Биламизки, Дортмунд клуби Германияда доимий равишда чемпионлик учун курашади, Европа Чемпионлар Лигасида ҳам мунтазам қатнашади. Жованни фаолиятини гарчи Нью-Йорк шаҳрида бошлаган бўлсада, океан ортидаги клуб сафида бирор расмий ўйинда майдонга тушмади. 2019 йилнинг июлида эса, ярим ҳимоячи эркин агент мақомини олди ва «Боруссия» сафига қўшилди. Яқин келажакда фаолиятини айнан шу клубда давом эттиришига шубҳа йўқ. Дортмунд­да Рейна иқтидорини қадрлашади. Дейлик, клуб раҳбарияти йигитчанинг шиддатли стартидан кейин ўртадаги шартнома муддатини дарҳол 5 йилга узайтиришни пайсалга солгани йўқ. Бу шуни англатадики, «қовоғарилар» уни буюк ўйинчи даражасига олиб чиқишни кўзлашмоқда. 18 ёшли йигитнинг Бундеслигада ўйнаши ўз навбатида, унга АҚШ терма жамоаси эшигини ланг очиб берди. Шуниси эътиборга моликки, Рейна ўз мамлакати бош жамоаси таркибида яқиндагина, 12 ноябрь куни дебют қилди. Шунинг баробарида голлари ҳисобини очишга ҳам муваффақ бўлди. Ярим ҳимоя­чи Бундеслигада ҳам мунтазам равишда самарали ҳаракати билан ажралиб турибди. Америкалик вундеркинд аллақачон Европанинг топ-клублари назарига тушди. Жумладан, «Реал» уни жиддий кузатиб боряпти. Аммо Рейна ҳали шошилмоқчи эмас. Кўринишидан, у Дорт­мунд клубининг ёш футболчиларни қандай ривожлантириш ва юқори савия­га олиб чиқишидан хабардор, чоғи.

 

Уэстон МАККЕННИ

Ёши: 22

Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи

Клуби: «Ювентус»

Маккенни «Даллас» ФК тарбияланувчи ҳисобланади. У мазкур клуб академиясида 7 йил таҳсил олди. Аммо иқтидорли ярим ҳимоя­чи бу вақт давомида Техас штатининг асосий жамоасида битта ҳам учрашув ўтказгани йўқ. Шунга қарамай, Европа клублари назарига тушди, барибир. Қизиғи, Маккенни ҳам еврофутболга эркин агент сифатида юзланди -  2016 йилнинг июлида «Шальке» сафига қўшилди. Германия клуби академиясида бир мавсум шуғулланганидан ке­йин Уэстонни асосий таркибга жалб қилишди. Шу аснода америкалик футболчи «Шальке»нинг 91та расмий ўйинида иштирок этиб, ўз ҳисобига 5та гол ва 7та самарали узатма ёздириб қўйди. 2020|2021 йиллар мавсуми бошланишидан олдин эса, «Ювентус» Маккеннини сотиб олиш мажбурияти билан ижара келишуви асосида таклиф этди. Бир томондан, футболчига омад кулиб боқди, зеро, у «Шальке»дан узоқ давом этиши тахмин қилинаётган инқироз бошланган паллада кетди. Эҳтимол, ярим ҳимоячи Германияда қолганида, ривожланишдан тўхтармиди? Италия­да эса унинг олдида янги имкониятлар очилди. Мана, Андреа Пирло америкалик йигитга мунтазам ўйин вақти тақдим этмоқда. Хуллас, Маккенни «Ювентус»да ривожланиш ва тараққиёт сари одимлаш учун етарли имкониятларга эга. Бундан ташқари, Уэстон АҚШ миллий терма жамоаси умидидир. 22 ёшли ярим ҳимоячининг мамлакат миллий жамоасидаги статистикаси бу фикр­га далил: 19та ўйин, 6та гол.

 

Юнус МУСО

Ёши: 17

Амплуа бўйича: ўнг қанот вингери

Клуби: «Валенсия»

Мусо - ушбу рейтинг-мақолага тушган энг ёш футболчи. Йигитча ҳали 18 ёшга ҳам тўлмади, шунга қарамай, «Валенсия»ни қутқариш операциясига жалб этилди. Юнуснинг таржимаи ҳоли ҳам анча бой. У Нью-Йоркда туғилган, болалигидаёқ Италияга кўчиб ўтган ва футбол таълимини айнан Апеннинда ола бошлаган. Вингер 2012 йили Англияга йўл олди ва «Арсенал» академиясига қабул қилинди. Бироқ «канонирлар» асосий таркибида кўриниш бермасидан олдин, ўтган ёз «Валенсия» сафига қўшилди - яна эркин агент мақомида. Бу Юсуф учун фаолия­тидаги бурилиш нуқтасига айланди. Биринчидан, у Испания элит дивизионида дебютини нишонлади. Иккинчидан, профессионал лигада биринчи голини урди. Учинчидан, 2020 йили АҚШ миллий жамоасига чақирилди ва илк учрашувини ҳам ўтказди. Умуман, Мусо ривожланиш учун катта имкониятларга эга. Мана, 17 ёшида дунёнинг энг кучли клублари - «Барселона», «Атлетико», «Реал»­га қарши ўйинларда тобланмоқда. Хуллас, Юсуф ўз устида астойдил ишлашда давом этса ва мураббий ишончига кириб олса, келажаги порлоқ бўлади, шубҳасиз.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz