Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: Ғаниевнинг ишлари зўр

Легионерларимиз: Ғаниевнинг ишлари зўр

  12.01.2021 04:40
  0
  372
Легионерларимиз:  Ғаниевнинг ишлари зўр

Алибоев жамоаси чемпионлик учун курашади. Жанубий Корея чемпионатида ўйнаётган ҳам­юртимиз Икром Алибоевнинг клуби - «Сеул» «Ж»-лиганинг янги мавсумида чемпионлик учун курашади. Пойтахтликлар якунланган мавсум мамлакат чемпионатида 9-ўрин билан чекланишди (8та ғалаба, 5та дуранг ва 14та мағлубият). Табиийки, бу «Сеул» раҳбариятини асло қониқтирмади. Шунинг учун клубга янги бош мураббий тайинланди. Хуллас, жамоа бошқарувини қўлга олган Парк Жин Субнинг ОФК сайтига берган интервьюсида айтишича, унинг олдига чемпионатда ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган: «Янги мавсумда осон бўлмаслиги тайин, лекин ихтиёримда иқтидорли ёшлар ҳам, тажрибали ижрочилар ҳам етарли. Ўйлайманки, чемпионлик йўлида «Ульсан Хюндай» ва «Чонбук Моторс» асосий рақобатчиларимиз бўлади. 2020 йил ортда қолди ва энди уни эслайвериш шарт эмас. Буёғига фақат олдинга қараш керак». Маълумот учун, «Сеул» Ж.Корея чемпионатида охирги марта 2016 йили зафар қучганди.

Кубок баҳсида ҳам самарали узатма. «Шабаб Ал-Аҳли» жамоаси БАА кубоги чорак финалидан ўрин олган баҳсда «Корфаккан» майдонида ўйнаб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Дубай клуби ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев мазкур учрашувда тўлиқ вақт тўп суриб, яна бир голга ҳаммуаллифлик қилди. Аниқроғи, ҳамюртимиз 18-дақиқада ўнг қанотдан олдинга интилиб, тўпни жарима майдони ичига оширгач, Элдон Рамуш мезбонлар дарвозасини нишонга олиб, шерикларига ишонч бағишлади. Чорак финал жавоб учрашуви 26 январь куни «Ал Рашид» стадионида бўлиб ўтади. «Ал-Шаржа» - «Ал-Васл» учрашувида эса ҳисоб очилмади. Мезбонлар вакили Отабек Шукуров мазкур учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди. Бу жуфтликнинг жавоб баҳси 25 январь кунига белгиланган.

Остон Ўрунов «Спартак»нинг хорижий йиғинида қатнашади. «Спартак» 14-24 январь кунлари оралиғида БААда ўқув-машғулотлар йиғинини олиб боради. Маълум бўлишича, ҳамюртимиз Остон Ўрунов ҳам Москва клубининг ушбу йиғинга борадиган таркибига киритилди. Эслатма, ярим ҳимоячи жорий мавсум «Спартак»нинг 9та ўйинида майдонга тушиб, кубок турнирида 1та гол урди.

Айтиш жоиз, Москва клуби 2021 йил ҳисобидан илк ўйинни «Пахтакор»га қарши ўтказади. Томонларнинг келишувига биноан, ўртоқлик учрашуви БААда ташкиллаштириладиган иккинчи йиғинда - 30 январь куни Дубайдаги «Жабал Али» стадионида бўлиб ўтади. Остон Ўрунов жамоаси иккинчи ўртоқлик учрашувида эса, Беларусь чемпиони «Шахтёр» (Солигорск) билан куч синашади (6 февраль куни).

Айтганча, «Уфа» бош директори Ринат Шайбеков ҳамюртимизни «Спартак»дан қайтариб олиш масаласида яна бир бора фикр билдирди: «Остон жуда кучли футболчи, вақтида хорижнинг кўплаб жамоаларида қизиқиш уйғотди. Уни бажонидил қайтарган бўлардик. Бироқ имкони йўқ. Менимча, «Спартак» уни биз мўлжаллаган суммага сотмайди. Ўруновни фақат ижара асосида олишимиз мумкин. Агент орқали Остоннинг трансфер баҳосини билдик. Хуллас, бу иш осон кечмайди. Европа жуда катта. Остон Болгария ёки Словенияга ҳам, Англия ёки Испания ҳам кетиши мумкин. Кўрамиз».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz