Қайднома

Қидирув

Ислом Исоқжонов: “Ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак”

Ислом Исоқжонов: “Ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак”

  12.01.2021 03:03
  0
  816
Ислом Исоқжонов: “Ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак”

«Металлург»даги фаолияти билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган тўрақўрғонлик иқтидор эгаси Ислом Исоқжонов мавсум-2020 аввалида катта мақсадлар билан «Нав-баҳор»га қайтарилганди. Бироқ «лочинлар»нинг ўйинини кучайтириши кутилган бу футболчи кўп вақтини захира ўриндиғида ўтказишга мажбур бўлди. Исоқжонов бунга нима сабаб бўлгани ҳақида бизга берган интервьюсида атрофлича тўхталиб ўтди.

- Ҳозирда нималар билан маш­ғулсиз?

- Таътилда асосан мавсум сўнгида олган кичик жароҳатимни даволаш билан банд бўлдим. Қолаверса, оилам билан биргаман. Яқинда фарзандли бўлдим, яқинларим даврасида ҳордиқ чиқар-япман.

- Адашмасам, жароҳатдан тикланиб, мавсум охирида маш-ғулотларга қўшилгандингиз. Ҳозирда соғлиғингиз қай даражада?

- Ҳали тўлиқ тузалиб улгурмадим. Шукрки, ҳозир анча яхшиман, энди тезроқ спорт формамни тиклаб олсам бўлгани.

- «Навбаҳор» билан тузган шартномангиз якунланди. Келгуси режалар қандай? (Суҳбат уюштирилган пайт Исоқжоновнинг жамоадаги тақдирига ҳали аниқлик киритилмаганди - IF).

- Жамоа билан амалдаги шарт-номам декабрда якунланди. Келгуси режалар ҳақида гапирадиган бўлсам, катта эҳтимол билан навбатдаги мавсумни бошқа жамоада бошлашим мумкин.

- Келаси йил «Навбаҳор»ни Нўъмон Ҳасанов бошқарадиган бўлди. Нима деб ўйлайсиз, клуб бу мураббий қўл остида юқори ўринлар учун кураша оладими?

- Тўғрисини айтсам, «Навбаҳор» билан 2020 йилда юқори ўринларни олсак керак, ҳеч бўлмаганда, кубокка эга чиқамиз, деган фикрда эдим. Суперлигада чемпионлик учун охиригача кураш олиб борамиз, деб ўйлагандим. Афсуски, пандемия даврида жамоа ўйинида пасайиш юз берди. Балки «Навбаҳор» 2021 йилда буни Нўъмон Ҳасанов бошчилигида уддалар.

- Очиғи, «Металлург»да порлаган Исоқжоновни «Навбаҳор»­да кўрмадик...

- Тўғри, олдинги ҳолатимга қайтолмадим. Ҳаммаси ўзимга боғлиқ эди, лекин кўпроқ муаммо менга билдирилган ишончнинг камлигида бўлди, деб ўйлайман. Бу ерда менга олдингидек ишонч билдиришмади. Сабаби нималигини билмадим. Қаерда бўлмасин, олдингидан ҳам кучлироқ ўйин кўрсатиш учун янги мавсумни интиқлик билан кутяпман. Биласиз, ҳамма нарса эътиборга, ишончга боғлиқ. Очиғи, «Навбаҳор»да айрим футболчиларга берилган ишонч ва эътибор менга берилмади.

- «Навбаҳор»га келишингиз клубга бефарқ бўлмаган барчани қувонтирганди. Лекин сиз айтган ишонч негадир клуб собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскисда топилмади, чоғи?

- Эҳтимол. Тўғриси, бу мураббийни ёмон демаган бўлардим. Лекин жамоага келишимдан олдин менга бўлган ишонч ва эътибор бирданига ўзгарди. Сабабини эса тушунмадим.

- Аслида Канчельскис қандай мураббий эди, унинг ичкиликка ружу қўйгани ҳақида айтилган гаплар ҳақиқатга қанчалик яқин?

- Рости, ушбу мураббийда бундай иллатларни кўрмагандим, яна билмадим. Биз - наманганлик футболчилар машғулотларга уйдан қатнардик. Шунинг учун бундай ҳолатга кўзимиз тушмаганди. Андрей Антанасович мураббий сифатида яхши эди. Ким қандай фикрда, билмадиму, мен барчанинг ишини ҳурмат қиламан. Ҳамма мураббийларнинг ўзига яраша услуби бўлади. Менга қолса, Канчельскисни йил охиригача жамоада олиб қолардим.

- Аввалги суҳбатларимизнинг бирида «Навбаҳор»га келишингизга ҳаттоки вилоят ҳокимининг ҳам ишонмаганини айтгандингиз. Айтинг-чи, ишларингиз юришмаган пайт жамоада сизга хайрихоҳ бирор инсон топилдими?

- Тўғри, «Навбаҳор»га келишимда вилоят ҳокимининг ҳиссаси катта бўлган. Қолаверса, жамоанинг ҳозирги раҳбарлари Ойбек ва Отабек Саматовларнинг ҳам бунда ўрни катта. Билмадим, юқорида айтганимдек, балки ҳамма айб ўзимдадир. Очиғи, клубга келгач, сиз сўраган инсонни учратмадим. Нима бўлганда ҳам, раҳбарларга катта раҳмат. Улар билан ҳозир ҳам ака-укадекмиз.

- Собиқ жамоангиз «Металлург» анча ўзини тиклаб олди. Борди-ю, Бекободдан яна таклиф тушса, қандай йўл тутасиз?

- Бу клубга иккиланмасдан боришларини ўзимдан бошқа футболчиларга ҳам маслаҳат берган бўлардим.

- Суперлигадаги муваффақиятсиз иштирокдан кейин «Нав-баҳор» ва унинг мухлислари учун ягона умид кубок баҳслари бўлиб турганди. «Насаф»га қарши ўйиндан кейин жамоа кийиниш хонасида қандай муҳит ҳукм сурди?

- Тўғриси, жамоадошларимни бундай кайфиятда умуман кўрмагандим. Жуда ачинарли ҳолат эди. Боз устига, бу бизнинг сўнг-ги имкониятимиз эди. Ўйин жуда ажойиб ўтди, бу борада ортиқча эътироз йўқ. Балки қаердадир хатога йўл қўйилгандир. Умуман олганда, мазкур учрашувда бизга омад етишмади.

- Агар «Навбаҳор» сизга қайта шартнома таклиф қилса, ниманинг эвазига жамоада қолган бўлардингиз?

- Бир нарса дейиш қийин. Ўйлашимча, менга бўлган ишонч, қолаверса, мухлислар ишончини оқлаш учун қолган бўлардим. Лекин юқорида айтганимдек, катта эҳтимол билан жамоани тарк этаман.

- «Навбаҳор» камида уч йилдан буён совринли ўринлар учун курашмоқда, аммо сўнгги икки йил мутлақо қониқарсиз натижалар билан якунланди. Назаримизда, «Навбаҳор»да қайсидир тизим нотўғри ишлаётгандек?

- Биласиз, ҳозир ҳеч нарсага осонликча эришиб бўлмайди. Менимча, ижобий натижалар қайд этиш учун жамоа ўзагини сақлаб қолиб, ўша футболчиларга 3-4 йил ишонч билдириш керак. Ҳар мавсум янги таркиб тузавериш орқали бош мураббий Гвардиола бўлса ҳам натижа кўрсата олмайди. Энг тўғри йўл - таркибдаги футболчиларга кўпроқ ишонч билдириш.

- Аввалроқ вилоят ҳокимининг ташаббуси билан «Навбаҳор»да стратегия ўзгариши ва энди жамоа маҳаллий футболчиларга эътибор қаратиши кўзда тутилганди. Шундан келиб чиқсак, сиз каби футболчиларнинг жамоага асқотиши аниқ. Балки Наманганда яна бир йил қолиб, ўз ўрнингизни топишга уриниб кўрарсиз?

- Биласизми, ҳамманинг ўзига яраша дунёқараши, иш услуби бўлади. Қолиш-қолмаслик биргина менга боғлиқ эмас, ҳаммасини вақт кўрсатади. Очиғи, жамоада қолиш тўғрисида раҳбарларимиз билан ҳам гаплашмадим. Вақт ўтиши билан жамоани тарк этишим аниқроқ.

- Куни кеча Одил Аҳмедов ўз интервьюсида ўзбек футболида ғирромликлар кўплигини айтиб ўтди. Сизнингча, юртимизда футболчиларни қийнаб келаётган қандай муаммолар мавжуд?

- Агар муаммоларни санаб ўтадиган бўлсак, бунинг охири кўринмаса керак. Нафақат футбол, балки барча соҳада, ҳамма жойда ўзига яраша камчиликлар етарли. Мавжуд муаммоларни аста-секин ҳал қилиб, тўғри йўлга тушиб олинса, вазият ўнгланади. Ғирромлик ва ҳалоллик бор жойда иш бўлмайди. Ҳақиқат бўлсагина ўйлаган мақсадимизга етамиз.

- 2020 йили «Навбаҳор»да ўзини кўрсатган ва алмаштириб бўлмас футболчига айланган жамоа­дошингиз номини айта оласизми?

- Барча футболчиларни ҳурмат қилган ҳолда, дарвозабон Ўткир Юсуповни танлаган бўлардим.

- Нима деб ўйлайсиз, ҳозир бошқа клубларда ўйнаётган наманганлик футболчилар бир жамоага жамланса, у Суперлигада қайси ўринлар учун курашган бўларди?

- Учинчи ўриндан паст-га тушмасди. Менга қолса, барча наманганлик футболчиларни «Навбаҳор»га олиб келган бўлардим.

- Футболчи сифатида сизни нима энг кўп ташвишга солади?

- Вақт. Баъзида бундан тўғри фойдаланяпманмикан, деб ўйлаб қоламан. Энг катта хатоларимдан бири - болалигимда ўз устимда янада кўпроқ ишламаганим. Ҳозир асосан мураббийлар кўрсатмаларига эътибор қаратиб, барчасини тўғри бажаришга интиламан. Ҳаётда ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак. Курашмасангиз, ғалаба қозона олмайсиз. Мағлубият билан ғалаба доимо ёнма-ён юради. Йиқилдингизми, туришни ўрганиш лозим.

- Аввалги интревьюларингизда «Реал Мадрид» ҳужумчиси Эден Азарга мухлислик қилишингизни айтгандингиз. Қизиғи, 2020 йилда иккингизнинг ҳам қисматингиз ўхшаш бўлди...

- Биласизми, олдинроқ худди шу мавзуда гапиришни хоҳлагандим. Тўғри, Эден Азарда ҳам, менда ҳам ўтган мавсум бир хил ҳолат кузатилди. Юқорида айтганимдек, йиқилдингизми, тезроқ туриб, курашга киришиб, ким ва қандай эканлигингизни кўрсатишингиз керак. Менимча, қаердадир хатога йўл қўйганим учун мавсумни қониқарсиз ўтказгандирман. Лекин ўша хатони тузатишга қаттиқ бел боғлаганман, нималарга қодирлигимни мухлисларга кўрсатмоқчиман.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz