Қайднома

Қидирув

Драган Черан: “Ўзбекистон термасида ўйнаш фаолиятимнинг чўққиси бўларди”

Драган Черан: “Ўзбекистон термасида ўйнаш фаолиятимнинг чўққиси бўларди”

  13.01.2021 19:19
  0
  369
Драган Черан: “Ўзбекистон термасида ўйнаш фаолиятимнинг чўққиси бўларди”

Сўнгги йилларда ўзбек футболида легионер танлаш масаласи жиддий муаммога айланиб бормоқда. Дарҳақиқат, клубларимиз хориждан футболчи жалб қилиш танловида хатоларга йўл қўйишаётганини айтиш жоиз. «Пахтакор»да бир неча йилдан бери етакчиликни бой бермаётган Драган Черан чемпионатимизда ҳақиқий легионер номига мос равишда тўп сурмоқда, десак нотўғри бўлмайди. Жорий йил Ўзбекистонга келганига беш йил тўладиган Драган маҳаллий мухлислар эътирофини қозонмоқда. Рўзиқул Бердиевнинг навбатдаги топилмаларидан бири бўлган сербиялик ярим ҳимоячи ўзимизнинг футболчилардан бир бош устунлиги билан ажралиб турибди. Икки йил ичида «Пахтакор» билан бешта совринга эга чиқди, тўпурарлар қаторида карвонбошиликни бой бермади. Демак, ностандарт ҳаракатлар эгасини Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам жалб қилиш фойдадан холи бўлмайди. Ҳар ҳолда, маҳаллий футболчиларимизга етишмаётган хислатлар Черанда мужассамдир. Бундай ўйинчилар расмий учрашувларда, ҳал қилувчи паллаларда бизга асқотиши турган гап. Балки мавжуд муаммоларни Драган ёрдамида ечармиз?! Яқинда ушбу футболчини суҳбатга чорладик ва ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Суҳбатимизни якунланган мавсум таассуротлари билан бошласак. Ўтган йил Сиз ва «Пахтакор» учун совринларга бой бўлди...

- Оғир мавсум ўтказдик. Йил давомида қатор ноқулайликлар юзага келди. Тўхталишлар кўп бўлди. Шу боис, жамоамиз бор имкониятини кўрсатишга бироз қийналди. Ҳа, чемпионлик ва кубокни қўлга киритдик. Бунинг учун мавсум давомида катта меҳнат қилинди, барча борини берди.

- «Пахтакор» Суперлига ва Ўзбекистон кубогида қийинчиликсиз ғалаба қозонгандек кўринди. Бунинг сабаби эса жамоага рақобатчининг йўқлигидир...

- Чемпионат савияси ва даражаси йилдан-йилга кўтарилиб бормоқда. Шунинг учун совринларни қўлга киритиш ва ҳимоя қилиш мураккаблашиб бораверади. Фикримча, якунланган мавсум ўтган йилгисига қараганда қийинроқ ўтди.

- Ўзбекистон кубогида жамоа ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди?

- Дастлабки дақиқаларда ишончсиз ҳаракат қила бошладик. Чамаси 10-15 дақиқадан сўнг барчаси жойига тушди ва ўзимиз истагандек ўйнадик. Ўйин-ни назорат қилдик ва зарур паллада гол урганимиз бизга фойда берди. Шу тариқа учрашув охирига қадар устунликни ўз томонимизда ушлаб туришни уддаладик.

- Кетма-кет иккинчи йил Суперлигада тўпурар бўлдингиз...

- Ҳа, бу мен ва «Пахтакор» учун улкан ютуқдир. Футбол жамоавий спорт тури ҳисобланади, унда бир ўзингиз ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Агар жамоада аҳил футболчилар йиғилган бўлса, натижа ва сифат ҳам яхшиланаверади.

- Арвеладзенинг кетиши «Пахтакор»ни кучсизлантирадими?

- Шота Юстинович «Пахтакор» ва ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлди, ўзидан яхши ном қолдирди. Унингсиз янги мавсумни бошлашимиз бироз ғалати туюлиши мумкин. Аммо бу - футбол. Олдинга ва янги марралар сари интилишда давом этишимиз даркор.

- Грузиялик мураббий «Пахтакор» ва бизнинг футболга нима берди? Унинг клуб учун қилган энг катта иши нима бўлди?

- У клубга европаликларга хос муносабатни синг-дирди. Ўзи истаган ҳужумкор футболни ажойиб тарзда йўлга қўйди. Чунки Арвеладзенинг ўзи ҳам вақтида кучли ҳужумчи бўлган. Асосий жамоада, академиядан тортиб, ўринбосарлар жамоасига қадар аниқ тизимни ўрнатиш ҳисобига «Пахтакор»нинг даражасини кўтарди. Бу қолганларга ҳам ўрнак ва мисол бўлиши керак, деб ўйлайман.

- Кейинги йил юртимизга келганингизга беш йил тўлади. Сизга фуқаролик ва Ўзбекистон миллий термасида ўйнаш таклиф қилинса, жавобингиз қандай бўлади?

- Ҳа, 2021 йил июль ойида Ўзбекистонга келганимга роппа-роса беш йил тўлади. Агар миллий жамоадан таклиф тушса, бу фаолиятимнинг чўққиси бўларди.

- «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги иштироки бу жамоанинг ҳақиқий даражасини англатадими?

- Чемпионлар Лигасида жуда яхши иштирок этдик. Барчаси биз ўйлагандек кечди. Гарчи турнир марказлашган ҳолатда ўтган бўлсада, бор кучимиз билан меҳнат қилдик, машғулотларда астойдил ишладик ва ўйлайманки, катта ҳажмдаги ишни бажардик. ОЧЛдаги иштирок орқали ўзбек футболининг Осиёдаги даражасини янада кўтаришга ҳаракат қилдик.

- ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасидаги «Шабаб Ал-Аҳли» билан ўйинда жамоа етарлича вазиятлар яратганди. Менимча, шу учрашув «Пахтакор» учун энг қийини бўлди, тўғрими?

- Рақибни ўрганганимиз сингари, улар ҳам бизни ўрганишади. Кучли тарафларимизни ёпишга уринишади. Улар қанотдан ўтишимизни чекламоқчи бўлишди, биз марказдан ҳам ҳужумлар уюштирдик. Вазиятлардан фойдаланмадик, қолаверса, рақиб ҳам ҳимояда яхши ўйнашга уринди. Гол ура олмаганимиз сабаби шунда.

- Ўзбекистон миллий термасининг ЖЧ-2022 саралаш босқичидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз? Катта эҳтимол билан расмий учрашувларда бош жамоамиз ўзагини «Пахтакор» футболчилари ташкил қилишади. Уларнинг имкониятлари, нималарга қодирлигидан эса хабардорсиз...

- Ўзбекистон миллий термасида авлодлар алмашинуви жараёни рўй бермоқда. Мухлислар истаётган даража ва ҳолатга кириб олиш учун эса маълум вақт зарур. Бунда бироз сабрлироқ бўлиш талаб этилади. Ёш футболчиларнинг салоҳияти юқори. Улар кўплаб катта учрашувларда майдонга тушиб, тажриба орттиришмоқда. Бу эса вақти келиб самарасини беради. Мен ҳал қилувчи расмий ўйинларда фақат ижобий натижа кутмоқдаман.

- Билишимизча, ўтган йили «Насаф» етакчиларидан бирига айланган Марко Станоевични Рўзиқул Бердиевга сиз тавсия қилган экансиз. Нима деб ўйлайсиз, бу қарор қай даражада ўзини оқлади?

- Рўзиқул Бердиев билан алоқаларим жуда яхши. У буюк мураббий ва ажойиб инсон. Марконинг «Насаф»га фойда келтиришини билардим. Албатта, унинг натижаларидан хурсандман. Станоевич юқори савиядаги футболчи эканлигини ўйинлари орқали кўрсатди. Якунда қароримиз хато бўлмади.

- Яқин йилларда ўзбекистонлик мухлислар сизни «Пахтакор»да кўришадими ёки бошқа чемпионатлардан таклифлар борми?

- «Пахтакор» билан яна бир йиллик шартномам бор. Насиб қилса, янги мавсумда яна учрашамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга соғлик-саломатлик тилайман. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг, жамоамизга мухлислик қилишда давом этинг. Уларнинг қўллаб-қувватлашини бутун мавсум давомида, ҳаттоки, карантин даврида ҳам ҳис қилиб турдик. Тақдирлаш маросимида жуда ажойиб муҳит яратишди. Келгусида ҳам янги ғалабалар ва ажойиб натижалар билан уларни қувонтиришга ҳаракат қиламиз. Ҳа, чемпион бўлдик. Барча совринларни ўзимизники қилдик. Бунда мухлисларимизнинг ҳам ҳиссаси бор.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz