Қайднома

Қидирув

Элдор, асло бўшашма ёки мутахассису мухлисар яна Шомуродовга ишонч билдиришмоқда...

Элдор, асло бўшашма ёки мутахассису мухлисар яна Шомуродовга ишонч билдиришмоқда...

  13.01.2021 21:21
  0
  802
Элдор, асло бўшашма ёки мутахассису мухлисар яна Шомуродовга ишонч билдиришмоқда...

«Женоа»даги ҳужумчимиз Элдор Шомуродов фаол ўйини билан жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Ўзбекистон миллий жамоаси вакили аввалги ҳафта Италия «А» серияси доирасидаги 2та ўйинда иштирок этди ва чемпионатдаги 2-голини нишонлади. Энг муҳими, унга «Ювентус» томонидан қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар чиқди. Қолаверса, бугун тунги соат 00:45 да Италия кубоги нимчорак финали доирасида “Ювентус” ўз майдонида “Женоа"ини қабул қилади. Яна барчанинг диққат эътибори Роналду/Шомуродов дуэлига қаратилади. Шундан келиб чиқиб яна "Элдорадо" ҳақида гаплашамиз...

* * *

«Женоа» «А» серия 16-турида «Сассуоло» меҳмони бўлиб, тетик футбол кўрсатди. Тўғри, генуяликлар якунда 1:2 ҳисобида ютқазишди. Муҳими, Элдор Шомуродов ўйиннинг 64-дақиқасида ҳисобни тенглаштирди. Бу унинг «А» сериядаги 2-голидир. Айтганча, Шомуродов бу голини декабрь ойи­да туғилган ўғли Мустафога бағишлади. Бу ҳақда футболчининг ўзи «Инстаграм»даги  саҳифасида алоҳида ёзув қолдирди. Эслатма, ҳамюртимиз Италиядаги 1-голини «Парма» билан ўйинда нишонлаганди.

* * *

Элдор Шомуродов «Сассуоло» - «Женоа» ўйинида чиройли гол уришдан ташқари, учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Муҳими, «Женоа»нинг янги бош мураббийи Давиде Баллардини футболчимизни илк бора бошланғич таркибда майдонга туширди. Гарчи «Женоа» дуранг натижани сақлаб қололмаган бўлса-да, Элдор Шомуродов юқори савиясини яна бир карра исботлади. Дейлик, Whoscored сайти Элдор Шомуродовнинг хатти-ҳаракатини 7,8  баллга баҳолади. Бу энг юқори кўрсаткичдир. Дейлик, «Сассуоло»дан энг яхши баҳони Мануэль Локателли олди (7,5 балл). Элдор учрашувда гол уришдан ташқари, 3та аниқ зарба йўллади. Шунингдек, жамоадошини қулай позицияга олиб чиқди, рақибларни муваффақиятли алдаб ўтди, яккакурашларда устунлик қилди.

* * *

Учрашувдан сўнг «Женоа» бош мураббийи Давиде Баллардини ҳамюртимизга алоҳида тўхталди: «Бир неча вазиятлар яратдик, курашдик ва бунданда тажовузкор ўйнашимиз мумкинлигини англадим. Элдор Шомуродовни майдонда кўриш ёқимли, бироқ у итальянчани яхши тушунмайди. Фақат инглизчада гаплашиш мумкин. Элдор ажо­йиб формадами? Ҳа. Аммо уни ортиқча мақтамоқчи эмасман. Тўғри, бугун жуда катта ҳажмда ишлагани ва сифатли ўйин намойиш этганини айтишим шарт».

* * *

Италиянинг машҳур нашрларидан бири  La Gazzetta dello Sport ҳам Элдор Шомуродовни учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этди. Мутахассислар Шомуродовнинг ҳимоячиларга ҳам ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлашмоқда. Дейлик, у «Сассуоло» ҳужуми пайти икки марта тўпни рақибдан олиб қўйди.

* * *

Instat компанияси Шомуродовнинг техник-тактик ҳаракатларига 289 балл берди. Бу - «Женоа»даги энг баланд кўрсаткич. Иккинчи юқори натижа - 280 балл Иван Радовановичга тегишли.

Шомуродовнинг ҳаракатлари (Instat)

- 1та гол

- 3та имкониятдан 1таси самарали, яна бир имконият яратди

- 3 марта қўполлик

- 2 марта қўполликдан жабр чекди

- 2та зарба, 1таси аниқ

- 25та узатма, 72 фоизи аниқ

- 1та хавфли вазият келтирган узатма

- Қанотдан жарима майдонига 2та узатма

- 13 марта тўп йўқотиб, 2 марта қайтариб олди

- 35 марта яккакураш, 46 фоизида устунлик

- 12 марта ҳавода яккакураш, 42 фоизида устунлик

- 4 марта дриблинг, 75 фоизи самарали

- 6 марта тўпни олиб қўйишга уриниш, 83 фоизи самарали

* * *

Италиянинг Tuttosport нашри хабарига қараганда, «Ювентус» испаниялик ҳужумчи Альваро Моратага захира варианти сифатида номзод қидиришга тушган. Эътиборлиси, Турин клуби «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродовга потенциал номзод сифатида қарамоқда. «Ювентус»да молиявий аҳвол яхши эмас, шу сабаб ҳам, ҳамюртимизни ижара келишуви асосида олмоқчи. Бироқ «Женоа» бунга қандай қарайди - номаълум. Мората 2020 йил охирида жароҳат орттирганди ва ҳозирда «Юве»га ёрдам беролмаяпти. Хабарда таъкидланишича, «кекса синьора» менежери Фабио Паратичи ҳамюртимизни таклиф этиш вариантини кўриб чиқмоқда. Агар «Юве» айнан Шомуродовни танласа, у қишки трансферлар пайтиёқ Туринга кўчиб ўтиши ҳеч гап эмас.

* * *

«Женоа» шанба куни «А» серия 17-туридан ўрин олган ўйинда «Болонья»ни ишончли тарзда енгди - 2:0. Ҳамюртимиз бу сафар ҳам бошланғич таркибда майдонга тушиб, 81-дақиқагача фаоллиги билан ажралиб турди. Жумладан, генуяликлар ҳисобни айнан ҳамюртимизнинг қанот бўйлаб дадил олға интилишидан сўнг очишди. Яъни у Давиде Заппакостани зарба йўлига чиқарди, рақиб кипери у йўллаган тўпни қайтаргач, Миха Зайц иккинчи уринишда дарвозани ишғол қилди. La Gazette dello Sport нашри 81 дақиқа тўп сурган ҳамюртимиз ҳаракатига 6,5 балл берди.

* * *

Таниқли инсайдер Нобель Арустамян Италия матбуотида ўзбекистонлик ҳужумчининг «Ювентус»га ўтиши мумкинлиги ҳақида берилган хабарга муносабат билдирди: «Кўпчилик буни ҳазилдек қабул қилди. Лекин Италияда январь ойи трансферларга бой бўлади, аксарият ҳолатларда тахмин қилиш мушкул. Айниқса, «Ювентус»га боғлиқ ишларни. Дейлик, клуб яқинда бир неча йил Хитойда ўйнаган 35 ёшли Грациано Пеллега қизиқди, кейин 6 йил олдин Туринда тўп сурган яна бир фахрий Фернандо Лоренте ва фаолиятини якунлаш арафасида турган Фабио Квальярелла номзодини кўтарди. Раҳбарият Андреа Пирло олдига ҳужумчи олиш вазифасини қўйган. Чунки жамоа ҳужуми ҳали аниқ шаклга кирмади. Фақат Роналду, Мората ва Дибала бор. Ҳа, Tuttosport Италияда текширилмаган маълумотларни бериб, хатога йўл қўйиши билан танилган. Бошқа томондан, бу Турин нашри. Дейлик, бу газета 2018 йили биринчилардан бўлиб, Роналдунинг «Ювентус»га ўтиши ҳақида ёзган. Ўшанда ҳам кўпчилик ҳайратланганди, амалда трансфер амалга ошди. Элдорга келсак, у «Женоа»да яхши ўйнамоқда. У қисқа вақтда жамоанинг энг яхши ҳужумчисига айланди, гарчи атиги 2та гол урган бўлсада. Тўғри, менимча, Шомуродовнинг «Ювентус» сафига қўшилиши - уйдирма. Фақат сабр қилиб, кузатишда давом этиш керак.

Иккинчи омил - Валерио ва Габриеле Жуффри. Улар Миранчукнинг «Аталанта»га ўтишига кўмаклашишган. Шомуродовнинг «Женоа»га кетишига шу агентлар ҳисса қўшишган. Иккиси ҳам спорт директори Фабио Паратичи билан яқин алоқада. ProSport Management раҳбари Герман Ткаченко билан боғландим. У «Ювентус»нинг қизиқиши ҳақидаги саволга изоҳ бермади, лекин қўшиб қўйди: «Шомуродов ҳозир трансферга муҳтож эмас. Чунки «Женоа»да энди ўз ўйинини топмоқда. Агар Элдор шундай ўйнашда давом этса, вақти келиб, Италиянинг кучли клубларидан бирига ўтади, барибир», - деди Нобель Арустамян.

* * *

Tuttosport нашрининг 25 ёшли футболчимизга дахлдор хабари «Женоа» вакилларини ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Жумладан, генуяликлар ҳужумчини ижара сафарига юбормасликлари ва камида жорий мавсум якунигача жамоада қолишини маълум қилишди. Дейлик, «Женоа» президенти Энрико Прециози ҳам бу борада алоҳида баёнот берди. «Яқин трансферлар бозорида Шомуродовни қўйиб юбориш режамиз йўқ. У камида мавсум якунига қадар сафимизда қолади», - дея Прециози сўзларини келтирди Tuttosport газетасининг ўзи. Эслатма, «Женоа» Элдор Шомуродов трансферини «Ростов»дан 7,5 миллион еврога сотиб олганди. Футболчимизнинг амалдаги шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган.

* * *

«Ростов» бош мураббийи Валерий Карпиннинг фикрича эса, Шомуродов «Ювентус»га ўтишдан чўчимаслиги керак: «Агар бу хабар рост бўлса, нега бош тортиши керак? Бўридан қўрқсангиз, ўрмонга чиқманг». Аввалроқ Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов унинг Турин клубига ўтиши ҳақидаги саволларни изоҳсиз қолдирганди. Тўғри, у ҳужумчимизга қизиқиш борлигини инкор этмади.
* * *

Италиянинг машҳур Gazzetta dello Sport нашри ҳам «Женоа»да порлай бошлаган Элдор Шомуродов ҳақида алоҳида мақола ёзди. Газета танлаган сарлавҳага эътибор қаратинг: «Женоа» ўзининг янги Элдор ..адосини топди». Мақолада ҳамюртимизнинг Италиядаги ҳаёти, Ўзбекистонда унинг фаолиятига муносабат ёзилган, футболчининг натижалари, «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасига боғлиқ бир қатор қизиқарли маълумотлар берилган. Эътиборлиси, ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиевнинг ёзишича,
Gazzetta журна-листлари ЎФАга мурожаат қилиб, терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамовнинг фикри билан ҳам қизиқишган. Хуллас, Шомуродов сабаб, Италия оммаси Ўзбекистон футболи билан яқиндан танишмоқда.
***

Шунингдек, эътиборингизга италияликларнинг “Ювентус”га қарши учрашув олдидан  Элдор Шомуродов борасида билдирган фикр-мулоҳазаларини ҳавола қиламиз.

Andrea Mattia:

Албатта, “Ювентус” жуда кучли. Лекин уларга гол уриш мумкин. Айниқса, жамоангда Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро сингари зўр ҳужумчилар бўлса!

Daniele De Falco:

Агар Шомуродов “Ювентус”га гол урса, мен Римга бориб, Ўзбекистон элчихонасига учрайман ва шундай футболчи учун уларга миннатдорлик билдириб келаман.

Enrico Nenci:

Шомуродов “Ювентус”га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мана энди туринликларга қарши ўйинда ўзини кўрсатиш вақти ҳам келди.

Alessandro Bruno:

Охирги учта учрашувда Элдор голли вазиятларда бевосита иштирок этди. “Ювентус” билан бўладиган ўйинда ҳам бу ҳолат такрорланишини хоҳлаймиз.

Diego Canali:

Дастлабки ойларда Шомуродов ҳақидаги мақтовларни истеҳзо билан ўқирдим. Мен уларни ўзбеклар ўз футболчисини қўллаб-қувватлаш учун фейсбук саҳифасига жойлаяпти, деб ўйлардим. Ҳозир эса, ўзим ҳам Элдорга жуда қаттиқ ишоняпман. У ҳақиқатан яхши футболчи экан.

Marchino Maz:

“Ювентус”га қарши ўтган ўйинда Шомуродов Роналдудан тўпни олиб қўйгани ўша учрашувнинг энг ёрқин вазияти бўлган эди. Бугун ҳам ўзбек футболчиси Роналдуни тўхтатиб қолишига умид қиламиз.

Andrea Vitello:

Зўр ўйин кутяпман. Бугун ютқазишимиз мумкин, лекин учрашув муросасиз ўтади. “Ювентус”да Криштиану учта гол урса, бизда Шомуродов ва Дестро дарвозани ишғол қилади.   

Massimo Papini:

Ўзбек ҳужумчиси бу басҳда бошқача иштиёқ билан ўйнайди. Элдор “Ювентус”га ўтиши мумкин.  Бўлажак тўқнашувда у Андреа Пирлога Альваро Моратадан кучлироқ эканини кўрсатиб қўйиши керак. Пирло уни трансфер қилишини сўрасин!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz