«АЛ-АҲЛИ» (МИСР) КЛУБИ 2020 ЙИЛИ АФРИКА ЧЛда 9-МАРТА ҒОЛИБ ЧИҚДИ. АЧЛ-2019|2020 турнири ўзига хос тус олди. Коронавирус пандемияси Африкани ҳам четлаб ўтмади ва албатта, қитъа футболи унинг таъсирига тушди. Бутун сайёрада инсонлар кун тартибини ўзгартириб юборган пандемия оқибатида АЧЛ март ойида тўхтаб қолди ва фақат октябрда давом эттирилди. Бунда истисно ҳолатлар кузатилди - ўйинлар ёпиқ эшиклар ортида ташкил этилди ва охир-оқибат, Мисрнинг «Ал-Аҳли» клуби шоҳсупага кўтарилди. Бу Қоҳира жамоасининг Африка клублари бош турниридаги 9-ғалабасидир. FIFA.com сайти шу натижани инобатга олиб, АЧЛ-2019|2020 воқеликларига алоҳида назар солишни лозим топди.
*** АЧЛ бош соврини Мисрга қайтди, «Ал-Аҳли» рекордчига айланди
***Чорак финалда курашни тўхтатган жамоа футболчиси турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди
*** «Ал-Аҳли» чемпионлик сари 4 нафар мураббий билан талпинди
АЙТГАНЧА...
Африкада ЧЛнинг навбатдаги мавсумига ҳам аллақачон старт берилди. Қизиғи, турнир грандларидан бири «Ража Касабланка» (Марокаш) клуби зиқналик қилиб, «Тенгюэ» (Сенегал)га қарши жавоб ўйинига бепарво қаради. Марокашликлар биринчи ўйинни сафарда ўтказиб, 0:0 ҳисобини қайд этишганди. Хуллас, жавоб баҳсидан олдин «Ража» яққол фаворит саналганди. Бироқ аввалги мавсум турнир ярим финалида қатнашган жамоа ўз стадиони дренаж тизимини вақтида созламади, оқибатда ўйин пайти майдон бассейнга айланиб қолди. Бунинг жазоси мағлубият ва «Ража Касабланка» гуруҳ босқичидан четда. Диққатга сазовор томони, 2013 йили тузилган «Тенгюэ» АЧЛнинг асосий раундига бирор марта чиққан эмасди. Энди икки клуб футболчиларининг умумий трансфер баҳоси (тransfermarkt портали маълумоти бўйича) ўртасидаги фарққа қаранг:
«Ража Касабланка» - 10 миллион евро
«Тенгюэ» - 425 минг евро
ҚАТАР-2020 САРИ ЙЎЛ
«Ал-Аҳли» АЧЛ-2019|2020даги иштирокини турнирнинг дастлабки саралаш раундидан бошлади. Бунда қоҳираликлар Жанубий Суданнинг «Атлабар» жамоасини икки ўйин натижасига кўра, 13:0 ҳисоби (!)да таслим этишди. Саралаш босқичидаги навбатдаги рақиб - «Кано Спорт» (Экваториал Гвинея) «қизил иблислар» («Ал-Аҳли» лақаби)дан икки ўйинда жавобсиз 6та гол қабул қилиб олди. Шу аснода гуруҳ турнирига қўшилган «Ал-Аҳли» ўз квартетида Туниснинг «Этуаль дю Сахел» клубидан кейин 2-ўринни эгаллаб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу гуруҳдан Зимбабвенинг «Платинум» ва Суданнинг «Ал-Ҳилол» жамоалари ҳам ўрин олганди. «Қизил иблислар» чорак финалда ашаддий рақиб - АЧЛнинг 2016 йилги ғолиби «Мамелоди Сандаунз» (ЖАР)га дуч келишди. Қоҳирада ўтган дастлабки тўқнашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани тантана қилишди. Преторияда эса томонлар муроса кўчасида тўхташди - 1:1. «Қоҳира гигантлари» кейин Касабланканинг «Видад» («ВАК») жамоасини ҳар икки ўйинда мағлуб этиб (2:0 ва 3:1), ҳал қилувчи баҳсга чиқишди. Финалда Қоҳира дружинасини доимий ва асосий рақиби - «Замалек» кутиб турарди. Қизғин курашлар остида кечган ҳал қилувчи баҳсда 2:1 ҳисобида устун келган «Ал-Аҳли» Клублар ўртасидаги ЖЧ-2020 чиптасини қўлга киритди. Эслатма, Қатарда ташкил этиладиган бу турнирнинг февраль ойида ўтказилиши эҳтимоли катта.
Турнирнинг алоҳида жиҳатлари
Таъсирчан ҳурмат. «Ал-Аҳли» сардори Муҳаммад ал Шенави кубокни қўлга олгани билан уни боши узра баланд кўтариши учун жамоадоши Моамен Закариёга топширди. Гап шундаки, бу футболчи камдан-кам учрайдиган хасталикка чалинган ва шунинг ортидан 1,5 йил давомида майдонга тушолмаганди. Ҳа, сардорнинг ушбу ҳурмат белгиси олқишга сазовор.
Мағриб жамоалари 2016 йилдан буён илк марта совринсиз қолишди. AЧЛ бош соврини бу сафар Мағриб минтақаси жамоаларини четлаб ўтди. Гап шундаки, ҳудуд вакиллари қаторасига 3 йил давомида чемпионликни бегона қилишмаганди. АЧЛ-2016|2017 финалида «ВАК» айнан «Ал-Аҳли»ни енгган бўлса, 2018 ва 2019 йилларда «Эсперанс» (Тунис)нинг қўли баланд келганди. «Ал-Аҳли» эса турнирда охирги марта 2013 йили зафар қучганди.
«Замалек» имкониятни қўлдан чиқарди. Қоҳиранинг ушбу клуби турнирда 6-марта бош совринга эга чиқиб, Африка ЧЛ тарихида энг кўп ғалаба қозонган клублар рўйхатида 2-ўринга кўтарилиши мумкин эди. Бироқ... Ҳозирда «Замалек» ва «ТП Мазембе» ҳисобида 5тадан кубок бор. Хуллас, рекордчи - «Ал-Аҳли» иккинчи яхши натижа эгалари билан ўртадаги фарқни яна оширди.
«Ал-Аҳли» ва «Замалек» жуфтлиги гегемонияси.Африка миллий чемпионатларининг энг кучли клублари ўртасидаги турнир тарихда 56-марта ўтказилди. Диққатга сазовор факт шуки, 56 мавсумдан 14тасида ғолиблик Қоҳиранинг икки клуби - «Ал-Аҳли» ва «Замелек»ка насиб этган. Бошқача айтганда, мусобақа бошланганидан буён мавсумларнинг тўртдан бир қисми (25 фоиз)да айнан Миср пойтахтининг икки клуби ғалаба нашидасини сурган.
Мосимане тарихга кирди, у ал-Гавҳари ва Фулонега етиб олди. «Ал-Аҳли» бош мураббийи Пиццо Жон Мосимане Африка Чемпионлар Лигасида 2та жамоани ғалаба сари етаклаган мутахассис сифатида тарихга кирди. У турнирдаги илк зафарни 2016 йили «Мамелоди Сандаунз» билан нишонлаганди. Мосимане шу тариқа 1982 йили «Ал-Аҳли» ва 1993 йили «Замалек»ни ғолиблик сари етаклаган Маҳмуд ал Гавҳари ҳамда 1998-1999 йилларда тегишлича «АСЕК Мимозас» ва «Ража Касабланка» билан олий унвонга эришган Оскар Фулонега етиб олди.
Шон-шараф йўлига 4 нафар мураббий бошқарувида. «Ал-Аҳли» мусобақанинг турли босқичларида 4 нафар бош мураббий билан қатнашиб, якунда чемпионликка эришган биринчи клубга айланди. «Қизил иблислар» турнирни «Атлабар»га қарши ўйинда Мартин Бернардо Лацарте қўл остида бошлагандилар. Жавоб учрашувида эса жамоани майдонга Муҳаммад Юсуф бошлаб тушди. «Мамелоди Сандаунз»га қарши чорак финал ўйинларида Рене Вайлер бош мураббий ролини бажарди. Ярим финал олдидан эса, жамоада Мосимане иш бошлади.
ТУРНИР СУПЕРЮЛДУЗЛАРИ
АЧЛ-2019|2020да бир қатор юлдузлар гол уриш қобилиятини намойиш этишди. «Этуаль дю Сахел» курашни чорак финалда тўхтатган бўлса-да, унинг жазоирлик ҳужумчиси Карим Араби 10та гол билан энг яхши тўпурарга айланди. Унинг индивидуал совринга «Замалек» ва «Ал-Аҳли» ҳужумчиларидан 3та кам ўйин ўтказгани ҳолда сазовор бўлгани эътиборга молик. Арабининг бу каромати унга мавсум охирида Франциянинг «Ним» клубига йўл очди.
Финаллар кўпинча зерикарли бўлади. Чунки тактикалар истеъдоддан устун келади, ахир асосий мақсад - ғалаба футболчиларга катта босим юклайди. Лекин АЧЛнинг 2019|2020 йиллар мавсуми финали ушбу ёзилмаган қоидани тан олгани йўқ. Муҳаммад Мағди Афша ғалаба голини уришидан олдин Шикабала фантастик зарба билан ҳисобни тенглаштирганди. «Ал-Аҳли» дарвозабони Муҳаммад ал Шенави жамоаси ғалабасида катта роль бажарди. Миср термаси билан ЖЧ-2018да қатнашган кипер бутун турнир давомида ажойиб спорт формасини намойиш этди. Умуман, у «Ал-Аҳли»нинг мавсум-2019|2020ни 3та соврин билан якунлашида катта жасорат кўрсатди.
«Замалек» вакили Ашраф Беншарки самарали фаолиятида яна бир ажойиб мавсумни ўтказди. 2017 йили «Видад» билан чемпионликни нишонлаган ҳужумчи мусобақани 7та гол билан 2-яхши тўпурар мақомида якунлади. Муҳими, мукаммал дриблинг маҳорати ва позицион ҳимояни усталик билан енгиш қобилияти туфайли «Замалек»да беназир ижрочи эканлигини исботлади. Марокашлик ҳужумчи Воҳид Халилхожич бошқарувидаги миллий жамоанинг Қатар-2022 саралаш ўйинларида ҳам ўзини кўрсатса, ажабмас.
Африка ЧЛ-2019|2020нинг
энг яхши тўпурарлари
Карим Араби («Этуаль дю Сахел») - 10та гол
Мустафо Муҳаммад («Замалек») - 8та гол
Жексон Мулека («ТП Мазембе») - 7та гол
Ашраф Беншарки («Замалек») - 7та гол
Финал ўйинининг энг яхши футболчиси
Муҳаммад Мағди Афша («Ал-Аҳли»)
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20