Сэм Эллардайс «Эвертон»да иш бошлашидан (унинг мазкур клубда фаолият юритгани эсингиздами?) бир кун аввал футболчилар билан учрашиб, «Вест Хэм»га қарши кечадиган учрашув арафасида уларга омад тилади. Уэйн Руни, Фил Ягелка, Лейтон Бэйнс ва Гильфи Сигурдссон диққат билан тинглашди. Мавсум яхши бошланган, ҳамма Рональд Куманга ишонганди, аммо... футболда ҳаммаси тез рўй беради. Натижада қийин аҳволда қолган «ирислар» машҳур мутахассисга ёрдам билан мурожаат этишди.
Ўшанда мураббийлик ролида Дэвид Ансворт қолиши керак эди, бироқ Эллардайс шогирдлари билан учрашиб, икки асосий ғоясини уларга етказишни истади: 1. Гол уринг; 2. Гол ўтказманг. «Ҳамма гап «қуруқ» ҳисобда», - деганди янги босс. «Дарвоза дахлсизлигини сақласангиз, вазият ўзгаради». Ўша пайт «Эвертон» айнан шу масалада қийинчиликка учраётганди. Гол уришда ҳам, албатта. Истеъдодли ва тажрибали футболчилардан иборат жамоанинг 20та ўйинда атиги 4та ғалабага эришгани, шу даврда 46та тўп ўтказиб юборганига Эллардайснинг ҳам ишонгиси келмасди. АПЛда 17-ўрин, жон сақлаш ҳудудидагилар билан фарқ - 2 очко.
«Ирислар» «Вест Хэм»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратишгач, Эллардайс ўзининг бунга алоқаси борлиги ҳақида гапирмади, натижада омма муваффақият учун Ансворт ва футболчиларга раҳмат айтиш кераклигини таъкидлади. Аммо факт фактлигича қолади: яна нимадир ёрдам бера бошлаганди. Кейинчалик «Эвертон» 4 ғалаба ва 3 дуранг қайд этди. Охир-оқибат Чемпионшипга тушиб кетиш хавфи йўқолди. 24та ўйинда 24та тўп ўтказиб юборган «ирислар» мавсумни 8-ўринда якунлашди. Эллардайс ҳақида гап борганда, унинг «Эвертон»да ўтказган даврини тилга олмаймиз. Ваҳоланки, ўшанда у бор иқтидорини намоён этганди.
2011 йили АПЛга қайтишни мақсад қилган «Вест Хэм» Эллардайсни мураббийликка олиб келди. У белгиланган вазифани уддалади. Унинг Премьер-лигадаги сўнгги тайинловлари бир-бирига ўхшашлигига эътибор қаратинг:
*** 2008 йилнинг декабри. «Блекберн Роверс» 19-ўринда эди, мавсумни 15-поғонада якунлади.
*** 2015 йилнинг октябри. «Сандерленд» 19-ўринда эди, мавсумни 17-поғонада якунлади.
*** 2016 йилнинг декабри. «Кристал Пэлас» 17-ўринда эди, мавсумни 14-поғонада якунлади.
*** 2017 йилнинг ноябри. «Эвертон» 17-ўринда эди, кейин Эллардайсга мурожаат этди. Мутахассис иш бошлаган пайт «ирислар» 13-поғонага жойлашишганди. Мавсумни эса жамоа 8-ўринда якунлади.
*** 2020 йилнинг декабри. «Вест Бром» 19-ўринда. Жамоа ҳимоя ва ҳужумдаги статистика бўйича лигада энг ёмон кўрсаткичлардан бирига эга эди.
«Ҳар сафар Рождество арафасида ишга киришишим рафиқамни ташвишга солади», - деганди Эллардайс. Аммо бу тасодиф эмас. Айнан шу даврда умиди сўнган клублар чора излашга тушади. Янги йил яқинлашгани сари, вазият жиддийлашаверади. Ечим битта: машҳур мутахассисга юзланиш. Унинг ким эканлиги аҳамиятсиз, асосийси - 17-ўриндан юқорироққа жойлашиш.
************************
2017 йилнинг сентябрида, «Пэлас»дан кетиб, «Эвер-тон»да иш бошлагунга қадар ўтган даврда Эллардайс Monday Night Football дастури бўйича ишлаётгани ҳақида гапирганди. Унинг элитада жон сақлаб қолиш бўйича аниқ схемаси бор:
*** Гол ўтказмаслик.
*** Ўз ярим майдонида тўп назоратини йўқотмаслик.
*** Дастлабки пас олдинга берилиши керак.
*** Тўпни йўқотганда ёки тўпни эгаллаб турганда нима қилишни билиш.
*** Майдоннинг ҳар икки қисмида стандартлардан унумли фойдаланиш.
*** Рақибнинг ожиз нуқталаридан фойдаланиш.
*** Майдоннинг охирги учдан бир қисмида яхши ўйнаш.
Тўпни эгаллаб туришда эркин ўйин Эллардайсни унчалик хавотирга солмасди. Ваҳоланки, «биринчи пасни олдинга бериш» ва «ўз ярим майдонида тўпни эгаллаб туриш» ғоялари сўнгги ўн йилликда АПЛда тренд даражасига чиққани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Билич бошчилигида «Вест Бром» энг ёмон кўрсаткичга эга жамоалар орасида тўпни эгаллаб туриш бўйича олтинчи, паслар аниқлиги бўйича бешинчи эди. Катта эҳтимолки, Катта Сэм ишлаган даврда кўрсаткичлар бундан ҳам ёмонлашади. «Эвертон»да аниқ паслар статистикаси 74,9 фоиздан 69,3 фоизга тушиб кетганди. Атиги (ўртача) 2,8та зарба мўлжалга аниқ борган - АПЛдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири, лекин Куман пайтидаги билан солиштирганда яхши эди.
Буларнинг бари «Хоторнс»да чиройли футбол бўлмаслигидан далолат. Аммо олти йил аввал натижаларни сезиларли тарзда яхшилаб, жамоани элитада сақлаб қолган Тони Пьюлис даврида ҳам ўйин жозибали эмасди. Эллардайс ва Пьюлис кабилар эффект учун эмас, самарадорлик учун таклиф этиладилар.
************************
Сэм машғулотларни шахсан ўтказишни ёқтирмайди. «Эвер-тон»да бу ишни Сэмми Ли, Крэйг Шекспир ёки Данкан Фергюсон бажаришган. «Вест Бромвич»да ҳам Ли академиядаги Робби Стокдейл ҳамда Жеймс Моррисон билан биргаликда ушбу вазифани ўз зиммасига олди. Эллардайс эса асосан кузатувчи ролини бажаради. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ва турли таҳлилчилар нима дейишаётганини тинглайди. Улар бир ҳафтада икки марта турли видеороликларни мураббийга кўрсатишади. Мазкур жиҳатлар бўйича Эллардайсни Алекс Фергюсонга ҳам ўхшатишади.
************************
«Эвертон»дагиларнинг кўпчилиги жамоанинг ўзини ўнглаб олишига шубҳа билан қарай бошлашди. «Катта Сэм жарликдан чиқиб кетишда катта ёрдам беради, аммо унинг энг юқорига чиқишни уддалайдиганлардан бири эканига ишончим комил эмас», - деганди Ливерпулдаги манбалардан бири. Гўёки, чўққига чиқиш вазифасини Марку Силва бажарадигандек эди, аммо ўхшамади - унинг натижалари баттар бўлди, ваҳоланки, бу ҳақда Эллардайс жамоадагиларни огоҳлантирганди. Карло Анчелоттидан эса «ирислар» кўп нарса кутишмоқда.
«Вест Бром»нинг режаларида юқори олтиликка кириш ёки жадвал ўртасидан тепароққа кўтарилиш йўқлиги турган гап. Бу ердагилар фақат элитада жон сақлаш ҳақида ўйлашмоқда. Бу борада қишки харидлар асқотади. Айни пайтда жамоага биттадан марказий ҳимоячи ва марказий ҳужумчи керак. Сэм авваллари трансфер бозорида ишлашни уддалай олишини исботлаган: «Сандерленд»га Ян Кирхгофф, Ламин Коне ва Вахби Хазрини, «Пэлас»га эса Мамаду Сахо, Лука Миливоевич ҳамда ван Анхольтни таклиф этганди.
«Асосийси, ҳар бир ўйинда натижа қандай бўлишидан қатъи назар позитив кайфият сақланиб қоларди. Ҳа, бир-иккита гол ўтказиб юбордик - ҳечқиси йўқ, бўлиб туради. Эллардайс ҳали имконият борлигига барчани ишонтиради. Ҳар бир ўйин арафасида футболчиларнинг ўзларини гигант-дек ҳис қилишларига замин яратади. Шу тариқа шогирдларининг қўшимча 15 фоиз куч билан тўп суришларини таъминлайди. Кийиниш хонасида ҳам ўз сўзини ўтказа олади. Бошқа мураббийларнинг сўзларини тинглаш зерикарли бўлса, Сэм ўйинчилар қалбига шодлик уруғини сочади», - дея эслайди Уорнок.
Ушбу мутахассис Эллардайс ҳамроҳлигида Шотландиянинг Глениглсида тимбилдинг билан билан шуғулланишганини эслаганда, кулгудан ўзини тия олмайди: «У ерда гольф ўйнадик. Кейин эса айвонга тўпланиб, сўнгги зарбани йўллаётган йигитларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Сэм инсонийлик жиҳатларини намойиш этишни билади, ҳазил-мутойибани ҳам қойиллатади. Бу эса ҳар бир футболчига ёқади. Мураббий ўзини одамдек тутишини ҳамма хоҳлайди. Ҳатто оқшом пайти овқатланаётганимизда ҳам Эллардайс ўрнидан туриб, жамоавий руҳият ҳақида нутқ сўзларди. Бу унинг қон-қонига сингиб кетган».
************************
Асосий савол ҳамон долзарблигини сақлаб турибди: 66 ёшли Эллардайснинг услуби яна иш берадими?
Ўз вақтида, 2000 йилларда уни инноватор деб аташарди. Сэм психологлар, таҳлилчилар, видеотаҳлил, парҳезчилар хизмати, криотерапия ва шунга ўхшаш қўшимча хизматлардан фойдаланарди. Ҳозирга келиб барча жамоаларда шундай қилишяпти.
Эллардайснинг кексайиб қолгани, боз устига, икки йил ишсиз юргани «Вест Бромвич» мухлисларини хавотирга солмоқда. У яна мароқли саёҳатларни амалга оширишни уддалай олармикан? «Қуруқ дарвоза» услуби ҳамон фойдалимикан? Болалигидан ҳимоядан ҳужумга ўтишни ўзлаштирган ўйинчилар унинг сўзларига қулоқ тутишармикан? Саволлар кўп ва уларга фақат вақт жавоб бериши мумкин.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20