Ёзда Леверкузеннинг «Байер» клуби ўзининг охирги 3-4 йилдаги энг ёрқин ўйинчиси - Кай Хаверц билан хайрлашди. Немис футболининг атоқли намояндалари, жумладан, Руди Фёллер уни «доришунослар» тарихидаги энг яхши футболчи сифатида эътироф этишганди. «Байер» таркибида 150 марта майдонга тушган «Қирол Кай» 46та гол ва 31 «ассист»ни (ярим ҳимоячи учун ажойиб кўрсаткич) амалга оширгач, «Челси»га ўтиб кетди.
Табиийки, бу жиддий йўқотиш (жамоанинг иккинчи сермаҳсул ўйинчиси Кевин Фолланд ҳам Хаверц билан кетганди) леверкузенлик мухлисларни ташвишга солиб қўйди. Бироқ уларнинг бахтига, «Байер» жорий мавсумни ўта муваффақиятли ўтказмоқда. Петер Бош шогирдлари фақат 13-турда майдонни бош эгиб тарк этишди - Роберт Левандовскининг қўшимча вақтдаги аниқ зарбаси ўйин тақдирини Бундеслига гранди фойдасига ҳал қилди. Натижада «Байер» 2-поғонага тушиб қолди.
Жамоа шунингдек, Европа Лигаси гуруҳ босқичида 6 учрашувнинг 5тасини ўз фойдасига ҳал этиб, «плей-офф»га чиқди. Германия кубогидаги дастлабки тўсиқни ҳам осонликча бартараф этди. Ажабланарли жиҳати шундаки, мазкур муваффақиятларга жамоа ўз ўйинлари билан айнан Кай Хаверц парвозини такрорлаётган Флориан Вирц туфайли эришмоқда.
Турли ёш тоифаларидаги иқтидорларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Фриц Вальтер мукофотини Хаверц U-19 тоифасида 2018 йили қўлга киритганди. Вирц бундай эътирофга U-17 тоифасида сазовор бўлди. Хаверц «Байер»даги энг ёш дебютант ва тўпурар бўлиб турганди. Вирц келди-ю, бу икки рекордни ҳам тортиб олди.
17 ёшу 15 кунлик пайтида Флориан «доришунослар» сафида илк бор майдонга тушиб, 4:1 ҳисобидаги зафарга муносиб улуш қўшди. Ўзининг дебют голини эса «Бавария»дек гранд дарвозасига урди. Тўғри, унинг жамоаси 2:4 ҳисобида енгилди, аммо Вирц Бундеслиганинг энг ёш голеадорига (17 ёшу 34 кунлик) айланди. Аввалги рекорд Нури Шаҳинга (17 ёшу 82 кунлик) тегишли эди. Ҳозир Вирцнинг кўрсаткичини дортмундлик иқтидор Юссуф Мукоко янгилаган.
Шогирдининг дебют учрашуви хусусида Петер Бош қуйидагича фикр билдирди: «Флориан Бундеслигада илк бор майдонга тушган бўлсада, заррача асабийлашмади. Боз устига, бошланғич таркибдан жой олганди. Тўп билан хотиржам муомала қилиб, олдинги чизиқда фаол ўйнади. Очиғи, ажабланмадим: биз билан машғулот ўтказаётган футболчи доимо яхши ўйнаши лозим».
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Вирц Хаверцдан фарқли равишда «доришунослар» академияси битирувчиси эмас, балки селекция бўлимининг муваффақияти. Мутахассислар уни «Кёльн» академиясида кўриб қолишган ва Леверкузенга таклиф этишганди. «Бу йигитни асосий жамоага қабул қилишганидан мамнунмиз. Флориан - ноёб иқтидор соҳиби. У «Ливерпуль», «Бавария» ёки «Боруссия Дортмунд»га кетиши мумкинлигини яхши билардим. Унинг харидорлари жуда кўп эди», - дейди ҳозирда ёшлар жамоасида устозлик қилаётган «Байер»нинг собиқ ўйинчиси Патрик Хелмес. Қизиғи шундаки, Патрик ҳам бир пайтлари «Кёльн» таркибида ўйнаган.
Вирц «Байер» таклифини 2та асосий сабаб туфайли қабул қилди. Биринчидан, ота-онасидан узоқроққа кўчиб ўтиш заруратидан фориғ бўлди. Кёльн билан Леверкузен оралиғи 20 чақирим атрофида. «Байер» ўйинчиларининг кўпчилиги Кёльнда истиқомат қиладилар. Иккинчидан, Флорианни Кай Хаверц, Юлиан Брандт ва Бенжамин Хенриксларнинг жуда барвақт ЕЧЛда тўп суришгани ва номдор жамоаларга ортиқча муаммоларсиз ўтиб кетишгани қизиқтириб қолганди.
«Қирол Кай»нинг жамоада узоқ қолмаслигини олдиндан ҳис этган мураббий Вирцни таркибга кўпроқ жалб эта бошлади. Фло баъзан Кай билан ёнма-ён тўп сурар, баъзан унинг ўрнига майдонга тушарди. Вирц ва Хаверц чиндан ҳам ўхшаш услубдаги ярим ҳимоячилар - ҳужумкорлик, бўшлиқни, вазиятни баҳолашда, вертикал йўлаклар орқали жарима майдончасига ёриб кириш ва чизиқлар ўртасида айни керакли паллада «очилиш», сўнгги узатмани қабул қилиш ёки ҳужумни якунлашда деярли бир хил ҳаракатланадилар. Айниқса, рақиб билан яккама-якка олишувда ташаббусни ўз қўлларига олишдан чўчимайдилар. Фақат битта масалада - ҳимояланишда Флориан собиқ жамоадошига нисбатан ишончлироқдек кўринади. Эҳтимол, у Хаверцдан чидамлироқдир. Аммо ҳужумкорликдаги нафис ҳаракатлар борасида Кайга тенглаша олмайди. Ҳеч бўлмаганда, ҳозирча.
«Кёльн» академияси раҳбари Йорг Якобс Вирц ҳақида шундай деганди: «Ундаги салоҳият ва қатъиятга ҳавас қилса арзийди. Ундаги фазилатни ҳужумкор ўйинчиларда жуда кам кўрганман. Флориан олдинги чизиқда ҳам, ҳимоячиларга ёрдам бераётганда ҳам рақибидан енгилмасликка интилади. Мана шу жиҳати унинг мукаммал жангчи эканлигидан далолат беради».
Дарвоқе, Вирц билан Хаверц ўртасида яна бир ўхшашлик мавжуд - у ҳам Кай каби мактабдаги имтиҳон кунларида «Байер»нинг ўйинларини ўтказиб юборади. Бироқ мактабдаги ўқиш жараёни 17 ёшли йигитчанинг «доришунослар» таркибидаги энг сермаҳсул ўйинчилардан бири бўлишига тўсқинлик қила олмади. Ҳозир Фло 18 учрашувда 10 (5}5) балл тўплашга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, у жамоаси иштирокидаги барча мусобақаларда ўз номини таблога ёздиришга улгурди: Бундеслига ва ЕЛда 2тадан, Германия кубогида битта гол урди.
Transfermarkt маълумотига кўра, ҳозирда Вирц 2003 йилда туғилган футболчилар орасида қимматбаҳо ўйинчилардан бири бўлиб турибди. Ёзда унинг баҳоси 10 млн. эди, энди 24 млн.га кўтарилди.
U-17 тоифасидаги қимматбаҳо футболчилар бешлиги:
5. Харви Эллиотт («Ливерпуль», ҳозир «Блэкберн»да ижарада) - 8 млн. евро;
4. Жамол Мусиала («Бавария») - 10 млн. евро;
3. Флориан Вирц («Байер») - 24 млн. евро;
2. Райан Черки («Лион») - 25 млн. евро;
1. Жуд Беллингхем («Боруссия Дортмунд») - 27 млн. евро.
Леверкузенлик «доришунослар» жаҳон футболига Михаэль Баллак, Зе Роберто, Артуро Видаль, Тони Кроос, Кай Хаверц каби бир қатор марказий чизиқ «қироллари»ни танитганликлари билан ҳақли равишда мақтана олишади. Тур сайин тобора шиддатлироқ ўйин кўрсатаётган Флориан Вирц юқорида зикр этилган афсоналардан кам эмасдек, гўё. Келажакда Фло ўз салоҳиятидан қай даражада фойдаланиши хусусида бирор-бир фикр билдириш осон эмас, албатта. Лекин ҳозирнинг ўзида «Байер» сафида юксак савияли замонавий ярим ҳимоячи тўп сураётганлигига шубҳа йўқ.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20