Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Француз футболининг бош бешиги

Нигоҳ: Француз футболининг бош бешиги

  16.01.2021 09:39
  0
  336
Нигоҳ: Француз футболининг бош бешиги

Сўнгги йилларда «ПСЖ» академияси футбол оламига бир қатор иқтидорли ёшларни тортиқ этди. Айни пайт Кристофер Нкунку «РБ Лейпциг»нинг, Мусса Диаби «Байер»нинг ишончли «тоғлари». Кингсли Коман ЕЧЛнинг охирги финалидаги ғалаба голи муаллифи. Шунингдек, «Арсенал»даги Маттео Гендузини ҳам ҳисобдан чиқаришга шошилмасликни тавсия этамиз. Шунга қарамай, Париж грандининг нақ биқинида ёш юлдузчаларни тарбиялашга ихтисослашган росмана конвейер фаолият юритмоқда.

Эйфель минораси, Квазимодо уйи ва тансиқ таомлари билан донг таратган пойтахтдан 60 чақирим узоқликдаги хушманзара ўрмон франциялик президентларнинг ёзги қароргоҳи - Рамбуйе қальасини ўз бағрига олган. Ундан сал нарироқда, сершох дарахтлар панасида яна бир нуфузли иншоот - Клерфонтен жойлашган. Бу ном кўпчиликка таниш бўлса, ажабмас. Бироқ у қайси жиҳати билан машҳур? Football.ua сайтининг ҳикояси шу мавзуда.

Ўзининг узоқ ва воқеаларга бой тарихида француз футболи кўплаб парвоз ҳамда пасайишларни бошдан кечирди. «Учранглилар» шарафини ҳимоя қилган бир қатор иқтидорли авлодларга жаҳон футболи чўққисини забт этиш армон бўлиб қолди. Бироқ вақти-вақти билан клуб футболи юксак савияни намойиш этиб турди. Европа Чемпионлар Кубогида «Реймс» икки марта, «Сент-Этьен» бир марта финалда майдонга тушди. Кейин «Марсель» иккинчи уринишда Францияга дастлабки «шалпангқулоқ»ни совға қилди.

Айни ўша даврда икки Мишель - Идальго ва Платини етакчилигидаги терма жамоа 1984 йилда Европа чемпионати финалида Испания устидан 2:0 ҳисобида зафар қучиб, ўз тарихида илк бор қитьа чемпиони унвонини қўлга киритди. Лекин Европанинг тенгсиз жамоаси бўлишига қарамасдан, француз футболи ривожланиш бобида пухта тизим ва йўналишга эга эмасди. Вазиятдаги ижобий ўзгариш 1988 йилда бўй кўрсата бошлади. Яъни, 10 йил муқаддам Франция футбол федерацияси президенти Фернан Састре руминиялик мутахассис Штефан Ковачнинг инқилобий ғоялари таъсири остида мамлакатнинг бўлажак футбол қаҳрамонларини тайёрлайдиган энг йирик марказни яратишга қарор қилди. Ковачнинг маҳаллий федерацияга таклиф этилиши биринчи рақамли спортнинг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Тотал футбол тарафдори бўлган руминиялик мураббий 70-йиллар аввалида даҳо мақомидаги касбдоши - Ринус Михельсдан «Аякс»ни қабул қилиб, унинг ишини давом эттирди ва қаторасига икки марта (1972, 1973) ЕЧКда ғолиб чиқди. Кейинчалик Ковачга Франция термасини топширишди. Унинг ўрнини эгаллаган Мишель Идальго Евро-84да «учранглилар»ни шоҳсупага олиб чиқди. Штефан Ковач футболчиларнинг индивидуал маҳорати ва кўникмаларига сайқал берадиган академияни ташкил этиш ниятида эди. Дарҳақиқат, яққол индивидуализмдан йироқ бўлган француз футболи учун бу чинакам инқилобий ечим бўларди. Ковачнинг мазкур ғоясига коммунистик Руминиядаги спортчиларни тарбиялаш методикаси асос бўлганди.

Хорижий мутахассисга Францияда кўпроқ ишлаш имконини беришмади. Руминияда Николае Чаушескунинг диктаторлик режими авжига чиққан, у мураббийни ватанга қайтариш ниятида эди. Айтишларича, Чаушеску 1973 йилда Нидерландияга сафари чоғида қиролича Юлиана унга руминиялик мураббий учун хоҳлаган нарсани беришга тайёрлигини маълум қилган. Якунда Ковачнинг хорижда ишлаш рухсатномаси муддати узайтирилди. Кейин у 1976-1980 йиллар оралиғида Руминия терма жамоасини бошқарди.

Афсонавий академиянинг очилиши унга мос жой танлаш зарурати туфайли чўзилиб кетди. Ниҳоят, 1982 йилда уни Рамбуйе ўрмонида жойлашган Шевруз водийсида бунёд этишга қарор қилинди. 1988 йилда Клерфонтен тантанали равишда очилди. Афсуски, бу паллада Фернан Састре футбол федерацияси президенти лавозимини тарк этган, Штефан Ковач эса бир йил аввал «Монако» бош мураббийлигини топшириб, нафақага чиққанди.

Тақдир тақозосига кўра, билим даргоҳининг илк меваларига гувоҳ бўлиш ҳам бу икки заҳматкашга насиб этмади. Яъни, «учранглилар» ўзлари мезбонлик қилган ЖЧ-1998да шоҳсупага кўтарилганларида, академия асосчилари ёруғ дунёни тарк этишганди. Ковач 1995 йилда, Састре эса Бразилияга қарши финал беллашувидан бир ой аввал оламдан ўтишди. Ўша зафарли 1998 йилда Клерфонтен янги - «Фернан Састре номидаги миллий техник марказ» номини олди.

Академия қатъий саралаш тизими асосида фаолият юритади. Ёш футболчилар учун у - ёруғ дунё жаннати. Клерфонтен фалсафасининг тантанаси 10 йилдан сўнг тасдиғини топди. Франция Бразилияни 3:0 ҳисобида маҳв этиб, ўз тарихида илк бора дунёнинг тенгсиз жамоасига айланди. Франция термаси тарихидаги энг яхши тўпурар - Тьерри Анри унинг таркибида майдонга тушди. Футбол афсонасининг ўша пайтдаги мураббийи Андре Меррель Анрига шундай таъриф берганди: «У ўта ақлли бола бўлсада, машғулотларда ёмон иштирок этарди. Вақт ўтиши билан бу камчиликдан фориғ бўлди ва тириш­қоқ талабалар сафига қўшилди».

Икки йилдан кейин французлар Европанинг иккинчи олтин медалларини қўлга киритдилар. Анридан ташқари, дастлабки йилларда академия Вильям Галлас, Николя Анелька, Филипп Кристанваль ва Луи Сааларни футбол оламига тарбиялаб берганди. Йил сайин бу рўйхат кенгайиб борди. Саралаш жараёни ишловга илҳақ бўлган футбол жавоҳирларини излаб топишга қаратилганди.

Клерфонтеннинг бўлажак тарбияланувчилар олдига қўядиган талаблари қуйидагича:

- ўйинчи 13-15 ёшда (футболнинг асосий ақидалари ва фалсафасини етказиш учун мақбул давр) бўлиши шарт;

- Франция фуқароси бўлиши ва Париж округида (Иль-де-Франс) ёки яқин ҳудудларда истиқомат қилиши керак.

Бироқ бу ҳаммаси эмас! Олдинда уч босқичли - шаҳар, ҳудудий ва финал танловлари бор. Айнан академиянинг ўзида ўтадиган ҳал қилувчи танловда болалар чидамлилик тестидан ўтишади, техник маҳоратларини намойиш этишади ва ўзаро куч синашадилар. Тарбияланувчилар душанбадан жумагача академияда истиқомат қилишади, дам олиш кунларини ота-оналари билан ўтказадилар. Клерфонтен - ёш иқтидорлар учун жаннатмакон гўша. У ҳашаматли қасрдан ташқари, 56 гектар майдонни эгаллаган 10та (7таси табиий, 3таси сунъий қопламали) машғулот майдончалари, дам олиш хонаси, кинозал, кутубхона, спорт лабораторияси, бир қатор сауна ҳамда ванналар, машғулот зали, енгил атлетика йўлакчалари, улкан тамаддихона, 10та анжуманлар зали ва 200 ўринли ётоқхонадан иборат. Лекин бу ҳаммаси эмас!

Рамбуйедаги футбол марказининг инновацион ғоялари Англия, Бельгия ва бошқа мамлакатлар учун андоза вазифасини ўтади. «Марказ очилган пайтда яна 10 йилдан кейин шунчалик юксак мақомга эга бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди», - деганди ўша паллада маҳаллий футбол федерациясида ишлаган Жерар Улье.

Академиянинг фақат спорт кўрсаткичлари билан чекланиб қолмаганлиги алоҳида эътибор ва таҳсинга лойиқ. У ерда тарбияланувчининг индивидуал маҳорати билан биргаликда билим олиши ҳам диққат марказида туради. Тўғри, кўпчилик оилаларнинг молиявий имконияти фарзандларининг пухта билим олишлари учун камлик қилади. Бундай вазиятда тарбияланувчининг харажатларини Клерфонтен ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, футболчининг ўқиш даражасини назорат қилиб боради. Мактабдаги қониқарсиз ўзлаштириш академиядан четлатилишига олиб келиши мумкин. Академия битирувчиси профессионал жамоада рисоладагидек тўп сура оладиган ҳолатда даргоҳни тарк этади.

Клерфонтен - ноёб иқтидорларни тарбиялашга ихтисослашган чинакам корхона. У ерда ҳар йили янги юлдузлар нур соча бошлайдилар. Франция терма жамоасининг Россия мундиалидаги зафари айнан ўша йилда 30 йиллик юбилейини нишонлаган академиянинг қудратини намойиш этди.

«Учранглилар»нинг иккинчи ғолиблигига Клерфонтен чийриғида тобланган Блез Матюиди, Альфонс Ареола, Оливье Жиру ва албатта, Килиан Мбаппелар улкан ҳисса қўшдилар. Бундан ташқари, Дидье Дешам жамоасида айрим сабабларга кўра (масалан, Н`Голо Канте бўйининг пастроқлиги сабабли танловдан ўтолмаганди), нуфузли академияда таҳсил олмаган Антони Марсиаль, Рафаэль Варанлар ҳам муносиб тўп суришди. Яна бир қатор футболчилар терма жамоа ишончини қозона олмаган бўлсаларда, Европа клубларида талаб даражасида ўйин кўрсатишмоқда. Шунингдек, битирувчилар орасида бошқа мамлакатлар терма жамоаларида ўйнаётган футболчилар ҳам бор.

Ҳикоямиз интиҳосида мажмуа­да ўтган асрнинг охирги йилларидан бошлаб Франция терма жамоаси ҳам ўз машғулотларини ўтказаётганлигини таъкидлаш жоиз.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz