Қайднома

Қидирув

Хотира: Футбол дунёси Сизларни унутмайди!

Хотира: Футбол дунёси Сизларни унутмайди!

  17.01.2021 12:30
  0
  363
Хотира: Футбол дунёси Сизларни унутмайди!

2020 йилда футбол оламининг йирик намояндалари бу ёруғ оламни тарк этишди. Улар орасида тўрт нафар жаҳон чемпиони, шунингдек, машҳур мураббийлар ҳам бор. FIFA.com миллионлар ўйини авлодига маънавий мерос қолдирган ва ушбу фожиали йилда вафот этгани сабабли бутун дунё мухлисларини қайғуга қўйган таниқли футболчи ва мураббийларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхатини тузди.

«Даҳо», «афсона», «ёдгорлик»: бу 25 ноябрда 60 ёшида вафот этган буюк Диего Марадонани таърифлаш учун ишлатиладиган ҳурматли атамаларнинг айримлари, холос. Ушбу мақола орқали аргентиналикнинг барча жасоратларини ёки унга берилган беҳисоб ўлпонларни санаб ўтиш имконсиз. Шу боис, FIFA.com сайтида Марадонанинг ютуқлари, ўлимидан кейин қолдирган мероси алоҳида эътироф этилди.

Ушбу фожиадан бир неча кун ўтиб, 9 декабрь куни мухлислар яна бир таниқли футболчи Паоло Россига мотам тутдилар. Марадона 1986 йили Мексика мундиалида ҳақиқий шоу яратган бўлса, бундан тўрт йил аввал, яъни 1982  йилда италиялик форвард Испанияда худди шундай таъсир кучига эга бўлган, ўз мамлакатини ғалаба сари етаклаганди. Бу йўлда кўрсатган қаҳрамонликлари учун Росси «Олтин тўп» мукофотига муносиб кўрилганди.

2020 йилда шунингдек, 1966 йили ўз ватанидаги футболнинг энг катта совринини қўлга киритган икки инглиз футболчилари, жаҳон чемпионлари - ҳимоячи Жек Чарльтон ва ярим ҳимоячи Нобби Стайлз ҳам бу оламни тарк этишди. Машҳур инглиз футболчиси Бобби Чарльтоннинг акаси Жек «уч шерлар» жамоасида 35 марта майдонга тушган. Клубдаги 21 йиллик фаолиятини эса «Лидс Юнайтед»га бахшида этганди (1952 йилдан 1973 йилгача). У мураббий сифатида Ирландия термасини 1988 йили ўзининг биринчи Европа чемпионатига, шунингдек, 1990 ва 1994 йилларда жаҳон чемпионатларига олиб борди. Стайлз эса футболчилик фаолиятининг аксар қисмини «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилиш билан ўтказган, 1966 йилги жаҳон чемпионатидан бир йил олдин Англия термасига чақирилган. Қатъиятли таянч ярим ҳимоячиси турнирнинг ҳар бир дақиқасини майдонда ўтказди. Португалияга қарши ярим финалда эса ўзини кўрсатиб, турнирнинг энг яхши тўпурари Эйсебиони зарарсизлантира олганди.

«Нобби Стайлзнинг вафотини эшитиб, жуда хафа бўлдик. У 1966 йилда Англиянинг жаҳон чемпионатидаги ғолиблик кампаниясида ўйинларнинг ҳар бир дақиқасини майдонда ўтказганди. Унинг айниқса, ярим финалдаги ўйинлари ҳеч қачон унутилмайди. Ором ол, Нобби!»

Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг «Твиттер»даги расмий саҳифаси (2020 йил 30 октябрь).

1966 йил Англияда фахрланишга арзигулик давр ҳисобланса, Ғарбий Германия термаси ва унинг дарвозабони Ганс Тилковскинингхотирасига аксинча, финалдаги мағлубият туфайли аламли йил сифатида муҳрланган. Чунки Жефф Херстнинг шафқатсиз зарбасини айнан у энг яқиндан кўрган. Мазкур гол кўплаб мунозараларни келтириб чиқарганди. Тилковски 5 январь куни вафот этди. Шубҳасиз, у тўп чизиқни кесиб ўтмади, деган ишончни ўзи билан бирга олиб кетди. Эртаси куни Херст кўп йиллар давомида унинг яхши дўстига айланган немис дарвозабонига ҳурмат бажо келтирди.

«Менга қўнғироқ қилиб, ЖЧ-66да қатнашган Германия терма жамоаси дарвозабони Ханс Тилковскининг вафот этганини айтишганида, ғамгин ҳолга тушдим. У Дортмунднинг «Боруссия» клуби ва мамлакатнинг ажойиб ўйинчиси, жуда яхши инсон эди. Бу йиллар давомида у билан бирга ўтказган вақтимиздан мамнунман».

Сэр Жефф Херстнинг «Твиттер»даги саҳифаси (2020 йил 6 январь).

Ўтган йили яна бир жаҳон чемпионати қаҳрамони, мундиал кумуш медали соҳиби, Нидерландия футболи тарихидаги энг буюк футболчилардан бири бўлган Роб Ренсенбринк вафот этди. Иқтидорли ҳужумчи улуғвор кубокдан атиги бир неча сантиметр узоқликда эди. Аргентинадаги 1978 йилги финалнинг сўнгги сонияларида ҳисоб 1:1 бўлган, ўшанда Робнинг аниқ зарбасини рақиб дарвозабони Убальдо Фильоль қўлларининг учи билан ақл бовар қилмас ҳаракатлари эвазига қайтариб қолганди. Қўшимча дақиқаларда эса «Альбиселесте» 3:1 ҳисобида ғалабани илиб кетди: «Бу воқеани ўлгунимча эслаб юраман», - деганди Роб интервьюларининг бирида. 2020 йил 24 январда бу кун ниҳоят келди.

1974 ва 1978 йилларда бўлиб ўтган мундиалларда «лоларанглилар» ажойиб иштирок этган паллада англиялик футболчилар ўйинларни телевизор орқали кузатишга мажбур бўлишганди. Ваҳоланки, ўшанда улар енгилмас «Ливерпул»нинг дарвозабони Рей Клеменсга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишларига қарамай, саралашдан ўтолмагандилар. Маҳоратли кипер «қизиллар» билан УЕФА кубоги (1973, 1976) ва Европа Чемпионлар Кубогини (1977, 1978, 1981) ютган. Аммо у 1982 йилгача жаҳон чемпионати ҳаяжонини боса олмаган. Қўл-қопларини михга илгандан сўнг, Клеменс 1996 йилдан 2012 йилгача Англия термасида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлади. Саратон билан 15 йиллик жасоратли курашдан сўнг, охир-оқибат ноябрь ойида касалликдан вафот этди.

Ироқ термаси ҳам 1986 йили Мексикада бўлиб ўтган мундиалда қатнашган. Ушбу жамоа Бельгия, Мексика ва Парагвайга қарши гуруҳдаги учта ўйинда ҳам мағлуб бўлганди. Аммо бельгияликларга қарши кечган сўнгги баҳсда (1:2) Аҳмад Радхи рақиб дарвозасини ишғол қилиб, тарихий воқеа сабабчисига айланганди. Ироқликларнинг мундиаллар тарихидаги ягона голи муаллифи саналган Аҳмад шунингдек, миллий терма жамоаси сафида 121та халқаро учрашувда 62та гол урган. Собиқ ҳужумчи июнь ойида COVID-19 билан касалланиш оқибатида вафот этди.

Мамлакати термасининг жаҳон чемпионатидаги биринчи голини урганидан сўнг миллий қаҳрамон мақомига эришган яна бир футболчи Пап Буба Диоп эди. Сенегаллик ярим ҳимоячи 2002 йили Жанубий Корея ва Япония майдонларида бўлиб ўтган мундиалда амалдаги жаҳон чемпиони Франция устидан 1:0 ҳисобида қозонилган ғалабага энг катта улуш қўшиб, тарихга кирганди. Афсуски, Диоп оғир хасталикни енга олмай, 29 ноябрь куни вафот этди. У 42 ёшда эди.

2002 йили Франция термаси таркибида бўлган Бруно Мартини жамоа дарвозабонларини тайёрлаш билан шуғулланган. Франция учун 31та ўйин ўтказган собиқ дарвозабон юрак хуружи билан касалхонага ётқизилиб, 20 октябрь куни 58 ёшида вафот этди.

2020 йили «кўклар» мухлислари учун аянчли йил бўлди: икки собиқ мураббийларини йўқотишди. Улардан бири - Мишель Идальго 87 ёшга тўлганидан тўрт кун ўтиб, 26 март куни вафот этди. 1976 йилда терма жамоани қабул қилиб олгач, у аста-секин барқарорлик учун курашаётган бир гуруҳ футболчиларни даҳшатли ҳужум кучига айлантирди ва уларни 1978 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Тўрт йил ўтиб, Идальго Францияни Испания-82 ярим финали сари етаклади. Ҳал қилувчи баҳсда унинг жамоаси Ғарбий Германиядан пенальтилар сериясида мағлубиятга учради.

Жерар Улье ҳам Франция термаси бошқарувида муваффақиятсизликка учраганди. Унинг жамоаси 1994 йилги мундиал саралаши доирасида Болгарияга қарши ўйинни бой бериб, АҚШ мундиали йўлланмасидан қуруқ қолганди. Аммо унинг қўл остида бир нечта йирик совринларни қўлга киритган «ПСЖ», «Ливерпуль» ва «Лион» клублари мухлислари қалбида, эҳтимол, юрагидаги жарроҳлик амалиётидан сўнг декабрь ойи ўрталарида вафот этган билимдон француз ҳақида фақат ижобий хотиралар қолган.

«Ором ол, Жерар Улье (1947-2020). Сен ҳеч қачон ёлғиз қолмайсан».

«Ливерпуль» клубининг «Твиттер»даги расмий саҳифаси (2020 йил 14 декабрь).

Алехандро Сабельянинг 2020 йил 8 декабрь куни 66 ёшида вафот этишига унинг юрагидаги муаммолар сабаб бўлди. Аргентина термаси собиқ бош мураббийи «альбиселесте»нинг 2011-2014 йиллар оралиғида ЖЧ-2014 финалига йўл олишига катта ҳисса қўшди. Бу ўйиннинг қўшимча дақиқаларида унинг шогирдлари Германияга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Сабелья бундан беш йил олдин, яъни 2009 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қўшимча дақиқаларда яна бир глобал финални ютқазганди. Либертадорес кубогида зафар қучган «Эстудиантес» ҳал қилувчи баҳсда «Барселона»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди.

Сербиялик собиқ футболчи Илия Петкович 1974 йили Ғарбий Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашган Югославия терма жамоасининг бир қисми эди. Кейинчалик у ўзини мураббий сифатида синаб кўрди ва 2006 йилда Сербия ва Черногория термасини Германияга олиб боришга муваффақ бўлди. 2020 йилнинг июнь ойида у COVID-19 пандемияси қурбонларидан бирига айланди.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz