ЖАСУР ЖАЛОЛИДДИНОВНИНГ ФУТБОЛ ЙЎЛИ. 2020 йилнинг ёзида Жасур Жалолиддиновнинг «Бунёдкор»дан Москванинг «Локомотив» клубига йўл олгани ўзбек ва рус футболида бирдек шов-шув кўтарди. Ёш иқтидор энди нафақат ўзбекистонлик, балки россиялик мухлислар эътиборида. Тўғри, унинг «Тамбов»га ижара сафарини сургунга қиёслаётганлар ҳам бор. Аммо футболчининг ўзи бу қарорни тажриба тўплаш ва жиддий чемпионатдан мустаҳкам ўрин олиш учун қўшимча имконият сифатида қабул қилди. Sputnik порталининг қуйидаги мақоласи Жасурбекнинг футбол йўли ҳақида.
ОНАИЗОР ОРЗУСИ ВА МУҲИМ ТАКЛИФ
Жасурбек Навоий шаҳрида таваллуд топди. Онаси уни футболчи бўлиши, вақтида «Ливерпуль», «МЮ» ва «Реал»дек грандлар сафида тўп сурган Майкл Оуэн каби машҳур ҳужумчига айланишини орзу қиларди. Афсуски, онаизорга ўғлининг камолини кўриш насиб этмади - у Жасурнинг болалик пайти ҳаётдан кўз юмди. Муҳими, фарзанди она орзусини рўёбга чиқаришга қаттиқ бел боғлади. «Уйимиз катта стадионга яқин эди ва бўш вақтни ҳамиша ўша ерда ўтказардим. Аввалига катта ёшли футболчилар машғулоти ва ўйинларини томоша қилиш билан чекландим. Кейинроқ ўзим ҳам тўп билан муомалада бўлишга қизиқа бошладим. Тез орада катталар менга эътибор қаратиб, ўйнашни ўргатишга тушдилар. Тиришқоқлигим ва кўп шуғулланишим туфайли кейинчалик жамоага ҳам олишди», - дейди ёш иқтидор. Жасур 8 ёшга тўлганида, ҳаётида тарихий ўзгариш юз берди. У «Бунёдкор» академияси ташаббуси билан Навоий шаҳрида ташкил этилган турнирда маҳаллий жамоа сафида пойтахтнинг номдор клубига қарши майдонга тушди. Табиийки, навоийликлар имкониятни бой беришди. Лекин Жасурнинг ўйини меҳмонлар бош мураббийига маъқул тушди ва у болакайни ўз жамоасига таклиф этди. Жасурбек хурсандликдан ўзини қўйгани жой тополмай қолди, ахир унга мамлакатнинг энг нуфузли академияларидан бири қизиққанди. Бироқ бунинг учун болакайнинг Тошкентга кўчиб ўтишига тўғри келарди: «Бошида бувим мени қўйиб юборишни истамади. Чунки ҳали жуда кичик эдим ва доимо икки нафар амаким назоратида юрардим. Пойтахтда эса на бирор қариндошимиз ва на танишимиз бор эди. Аммо ўзим кетишни истадим: ёш бўлсамда, ажойиб имкониятни қўлдан чиқармаслик кераклигини тушунгандим. Хуллас, йиғи-сиғи билан бувимнинг розилигини олдим».
РУСИЙЗАБОН МУҲИТ ВА ПРОФЕССИОНАЛ ДЕБЮТ
Жасур Тошкентда республиканинг турли вилоятларидан келган болалар қатори «Бунёдкор» академиясига жойлашди. Умумий таълимни маҳаллий мактабда олган ҳолда, асосий вақтини машғулотларга сарфларди. У академия тарбияланувчилари орасида энг кичиги эди - бошқа футболчилар 8-9-синфларда ўқишарди. Боз устига, қаҳрамонимиз анчайин мушкул муаммога дуч келди: рус тилини билмаслигидан машғулотлар жараёнида қийналарди. Чунки мураббий фақат шу тилда мулоқот қиларди. Тўғри, Жасур жамоадошлари билан ўзаро мулоқот эвазига бу камчиликни тезда бартараф этди, тил ўрганиш учун алоҳида машғулот ёки курсларда таҳсил олишга эҳтиёж сезмади. Академия ҳудудидан ташқарига чиққанида эса, катта ёшли футболчилар назоратида бўларди. Жасур «Бунёдкор»даги қарийб 10 йиллик фаолиятида маҳаллий, республика ва халқаро мусобақаларда майдонга тушди, Украина, Малайзия каби турли мамлакатларда бўлди. У дастлабки йилларда ўринбосарлар жамоалари шарафини ҳимоя қилиб, барча турнирларда энг яхши тўпурар мақомига эришди. Ниҳоят, 16 ёшида асосий таркибда, яна «Пахтакор»га қарши ўйинда майдонга тушди. Ўшанда атиги 30 дақиқа тўп сурган йигитча Миржалол Қосимов ишончини қозона олди - мураббий уни асосий таркибга олди: «У менга 3-қаватга кўчиб ўтишимни айтди. Бу гапни эшитиб, қулоқларимга ишонмай қолдим. Ахир у ерда асосий таркиб ўйинчилари жойлашишганди-да! Наҳотки, шу пайтгача саломлашишни орзу қилган ўйинчилар билан ёнма-ён тўп сураман? Ҳа, энди улар билан жамоадошман. Бироқ мураббий кеккайиб кетмаслигим хусусида огоҳлартиришни ҳам унутмади. Дастлабки 5та ўйинни захира ўриндиғида кузатдим. Кейин Миржалол Қўшоқович майдонга тушишимни айтди. Чигалёзди машқларини тугатгач, футболкамни кийдиму, мухлислар нигоҳи остида 8 дақиқа ўйнадим. Ўзбекистон чемпионатидаги дебютни нишонлаганимга ишонгим келмасди. Шу тариқа чемпионат тарихидаги энг ёш футболчи мақомини олдим».
2019 йили «Бунёдкор»ни ҳозир миллий жамоани бошқараётган Вадим Абрамов қабул қилиб олди. У деярли барча учрашувларда Жасурга асосий таркибдан жой берди. Мавсум стартига жуда оз вақт қолган паллада Жасур етарли ўйин амалиётига эга бўлишини ўйламаганди ҳам. Муҳими, Абрамов унга муносабатини ўзгартирмади: «Ҳаттоки, қайсидир ўйиндан кўнглим тўлмаган бўлсада, менга имконият бераверишди, барибир. 3-учрашувда рақиб дарвозасини нишонга олиб, ўзбек футболи тарихида гол урган энг ёш футболчига айландим. Ўтган мавсум эса, мунтазам майдонга тушиб, энг яхши ёш футболчи мақомини олдим».
РОССИЯ КЛУБИга ЎТИШ
Ёш иқтидор бошидан мухлис ва мутахассислар эътиборида бўлди. Дейлик, сўнгги йилларда бир қатор жамоалардан таклифлар олди. Лекин аввалига ҳаммаси агентлар билан музокара жараёнидан нарига ўтмади. 2020 йилнинг баҳорида эса, Жалолиддинов Москва «темирйўлчилар»и хизматига қизиқиб қолишганидан хабар топди. У бунга қадар «Локо» ўйинларини умуман кузатган эмасди. «Юртдошимиз Элдор Шомуродов «Ростов» сафидан жой олгач, бутун Ўзбекистон РПЛни алоҳида кузатадиган бўлиб қолди», - дея аниқлик киритади Жасур. Ниҳоят, ёзда «Локомотив» расмий таклиф билан «Бунёдкор»га юзланди. Молиявий қийинчиликларга дуч келган «қалдирғочлар» жамоаси таркибида охирги йил асосан академия битирувчилари ўйнашаётганди. Хуллас, клуб ўз тарбияланувчиси трансферига розилик берди. Муҳими, Жасурни янги жамоада яхши кутиб олишди, қолаверса, таркибда бошқа легионерлар ҳам бор эдилар. Жалолиддиновга айниқса, Россия стадионлари манзур тушди. Шунингдек, у ўзбек ва рус футболи ўртасидаги тафовутни ҳам чамалаб кўрди: ўз юртида асосий эътибор техник маҳоратга, Россияда эса жисмоний тайёргарлик (Европа услуби)ка қаратилишига амин бўлди. Афсуски, Жасурга ҳозирча «Локо» таркибида майдонга тушиш насиб этмади, у маълум вақт захира ўйинчиси мақомида юрди. «Албатта, трансфер чоғи ҳеч ким сизга янги жамоа таркибида майдонга тушиш кафолатини бермайди. Бирданига ўйнаб кетишим қийинлигини билардим. Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси олдинда. Шомуродов ҳам «Ростов»да қарийб 1 йил захирада ўтирган, шундан кейингина ўрнини топганди», - дейди Жасур.
«Темирйўлчилар» октябрь ойида дебютантни «Тамбов»га жўнатишди - ижара. Бу жамоа ўз стадиони тайёр эмаслиги туфайли уй учрашувларини Саранскда ўтказмоқда. Хуллас, Жасур «Динамо-Брянск»ка қарши беллашувда дебютини нишонлади. «Жамоадошларим асосан фахрий (30-38 ёш) футболчилар, бой тажриба соҳиблари. Улардан кўп нарса ўрганяпман. Ҳар куни 1 марта машғулот ўтказамиз, йиғинларда эса 2 мартадан», - дейди футболчи. У ўз олдига жорий мавсум иложи борича кўпроқ ўйнаб, яхши спорт формасига эга бўлиш ва «Локо»га қайтиб, талаб даражасида тўп суриш вазифасини қўйган. Жалолиддинов ўзи учун энг қулай позиция сифатида ўнг қанот ярим ҳимоясини эътироф этади.
ВАТАН СОҒИНЧИ, ИЛҲОМ ВА КУМИРЛАР
Жалолиддинов бўш вақтни асосан уйда, компьютер қаршисида ўтказади. Баъзан шаҳар бўйлаб сайрга чиқади. Бу борада узоқ йўл босишни талаб этадиган Москвадан кўра, Саранскни маъқул кўради: «Қайсидир обида ёнига бориш бир соатдан кўпроқ вақт олади. Ҳамма ерда тирбандлик, кўчаларда оломон. Саранск эса мўъжаз ва шинам шаҳар». Асл ўзбек ўғлони ҳаётини паловсиз тасаввур қилолмайди. Жасур ҳафтада лоақал 1 марта ўзбек ресторанига ташриф буюради: «Бунёдкор»да ўйиндан 1 кун аввал палов тановул қилардик, дам олиш кунлари ҳам. Қаерда ўзбек ресторани борлигини агентлардан билиб олдим. У ерга ватанни эслаш учун бораман, чойхонада ватандошларим билан учрашаман. Улар футболчи эканлигимни яхши биладилар ва мамнуният билан кутиб оладилар».
Жалолиддиновнинг кумирлари - ҳамюрти Элдор Шомуродов ва россиялик Алексей Миранчук. Элдор унга ака сифатида маслаҳатлар беради, «Локо»нинг собиқ ярим ҳимоячиси эса «Аталанта»да муносиб тўп сурмоқда. Ҳозир РПЛ қишки таътилда. Жумладан, 18 декабрь куни «Урал»га қарши беллашув (19-тур)да жанговар 1:1 ҳисобига имзо чекан Жалолиддиновнинг клуби - «Тамбов» 28 февралга қадар дам олади. Жасурбек таътилни уйда ўтказишни мўлжаллаётганди. Чунки бувиси ва амакиларини соғинганди. Бироқ кейин фикри ўзгарди: «Тошкентда ҳам уйдагилар билан гоҳ-гоҳида гаплашиб турардим. Бу ерда эса мессенжерлар орқали ҳар куни яқинларим билан мулоқот қиляпман. Видеони ёқиб, бувим билан 2 -3 соатлаб суҳбатлашаман. Аввалига Тошкентга кетишимга қаршилик қилган бувим ҳозир мен билан ҳамфикр бўлиб қолган. Шу ҳолат менга қўшимча куч-қувват, сабр-қаноат бермоқда. Чунки хотиржамман, истаган пайт яқинларим билан гаплаша оламан».
Жасур гоҳида тарихий ўйинларни томоша қилади. Айтишича, Вадим Абрамов қўл остида ўйнаганида, мураббий шогирдларига доимо «Манчестер Сити»нинг эски учрашувларини қўйиб берар ва бутун жамоа бундан ўзгача илҳомланарди. «Бир неча йил олдинги ўйинлар бўлсада, улар қизиқиш уйғотарди, барибир. Шахсан мен буюк футболчиларнинг узатмаларию, қандай ҳужум уюштиришларини катта мароқ билан томоша қиламан», - дея ўртоқлашади Жалолиддинов.
Хуллас, Жасур Жалолиддиновнинг ўзи ҳозирча ортга қайтиш фикридан йироқда. У спорт чўққиларини айнан хорижда забт этмоқчи. Бунда Жасур учун ўрнак бўлувчилар (жумладан, ҳамюртлари орасида) етарли...
Марина ЧЕРНИШОВА-МЕЛЬНИК (sputnik)
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20