Қайднома

Қидирув

Хитой клубларига ажабтовур тақиқ...

Хитой клубларига ажабтовур тақиқ...

  18.01.2021 04:32
  0
  565
Хитой клубларига ажабтовур тақиқ...

Хитой клубларига ҳомий номи остида фаолият юритишни тақиқлаб қўйишди. Ваҳоланки, мамлакат чемпионатидаги деярли барча клублар ўз номига бош ҳомий брендини қўшиб олган. Демак, энди барча ҳужжатлар, жумладан, логотипни ҳам ўзгартиришга тўғри келади. Қисқаси, мажбурий ребрендинг...

Ҳа, Хитой Суперлигасида иштирок этувчи аксарият жамоалар 2021 йилги мавсум стартига қадар ўз номини ўзгартириши шарт. Барчаси ҳомий номи остида ўйнаш бўйича тақиқ билан боғлиқ. Аслида мамлакатда бу масала 2019 йил охиридан буён муҳокама қилинаётганди. Мухлислар бунга эътироз билдириб, маҳаллий федерациядан лоақал ўтган асрнинг 90-йилларидан бери амалда бўлган тарихий номлар (ҳомийлар бренди қўшилган)ни қолдиришни сўрашди. Аммо федерация қарори қатъий - истиснога ўрин йўқ, янги мавсумда ҳамма ўзига бетараф ном танлаши керак. South China Morning Post нашрида ёзилишича, жамоалар янги номни йил охиригача тасдиқлаши керак эди. Бу талабга бўйсинмаган клублар февралда бошланадиган чемпио­нат ўйинларига қўйилмаслиги ҳам мумкин. Рафаэль Бенитес бошқарувидаги «Далян Про» жамоа­си биринчилардан бўлиб ўз номини ўзгартирди. Яъни 2019 йилиёқ «Далян Ифан» атамаси «Далян Про»га ўзгартирилди. 2020 йилнинг январида эса клуб янги логотипини ҳам тақдим этди. 2020 йилнинг декабрида «Гуанжоу R&F»дан ҳам ҳомий бирикмаси олиб ташланди. Катта эҳтимолки, қолган жамоалар худди шу принцип асосида ребрендлашади. Яъни улар шунчаки, шаҳар номи билан аталади. Тўғри, битта шаҳар шарафини ҳимоя қиладиган клублар бошқача йўлдан бориши керак. «Шэнжэн» аллақачон тўлиқ қонуний номга эга, «Хэнан Цзянье» ҳам ҳомий шарафига номланмаган. Қолган жамоалар янги ном ва логотипни тасдиқлаши лозим.

Келинг, энди иш қандай ҳолатда эканлигини бирма-бир кўриб чиқамиз.

«Жиангсу Сунин»

Жиангсу вилояти Нанкин шаҳри клуби. У Хитойнинг энг йирик чакана савдо тармоқларидан бири ҳисобланган Suning Commerce Group компаниясига тегишли. Жамоа логотипида ҳам ҳомий бренди бор.

«Гуанжоу ЭверграндТабао»

ОЧЛнинг икки карра ғолиби Гуанжоу шаҳрига қа­­-райди. Forbes маълумотларига қараганда, у Хитойнинг энг йирик бюджетли (йиллик айланмаси 57 миллион доллар) ва энг қимматбаҳо (қиймати 252 миллион доллар) клубидир. Акциядорлар 2та - Evergrande Real Estate Group (60 фоиз) ва интернет-электрон тижорат гиганти Alibaba Group (40 фоиз). Жамоа номини ўзгартириши лозим, аммо логотипини алмаштиришига ҳожат йўқ.

 

«Пекин Синобо Гуоан»

Пойтахт клуби эгалари - Sinobo Group кўчмас мулк компанияси (64 фоиз акция) ва CITIC Limited молия-саноат конгломерати (36 фоиз). Жамоа CITICнинг шўъба корхонаси CITIC Guoan Group томонидан ташкил этилган. Шунинг учун клуб номида бирданига 2та ҳомий бренди қайд этилган.

«Шанхай СИПГ»

Клубни Шанхай халқаро порт гуруҳи (SIPG) бошқаради. Ушбу гуруҳ шаҳар портидаги терминалларни назорат қилади. Энди жамоа номидаги SIPG бирикмасидан воз кечишга тўғри келади. Шунингдек, эски логотипдан ҳам.

«Шанхай ГринлэндШэнхуа»

Хитой Суперлигасида Шанхайнинг бир неча клуби бор. Демак, ном учун жиддий кураш кечади. Мазкур клуб йирик қурилиш компанияларидан бири - Greenland Group брендини «ўчириши» керак.

 

«Шандун Луненг Тайшан»

Шандун вилояти Цзинан шаҳри шара-фини ҳимоя қилувчи жамоа. Ҳомийси Shandong Luneng Group - ҳудуднинг энг йирик электр таъминоти компанияси.

 

«Чунцин Дандай Лифан»

Ҳомий номини олган яна бир жамоа. Гап айнан Чунчин вилоятида автомобиллар, мотоцикллар, автобуслар, скутерлар, квадроцикллар ва уларга эҳтиёж қисм­лар ишлаб чиқарадиган Lifan компаниялар гуруҳи ҳақида кетмоқда. Жамоа логотипида ҳам гуруҳ бренди яққол кўзга ташланиб туради.

«Хэбэй Чайна Форчун»

Мануэль Пеллегрини бошқарувидаги клуб. Хэбэй провин­ция­си шарафини ҳимоя қилувчи жа­-моа China Fortune Land ривожлантириш компаниясига тегишли.

 

«Тянжин Тэда»

Базаси Тянжин шаҳрида жойлашган клуб давлат тасарруфидаги TEDA Holding (Тянжин иқтисодий ривожланиш зонаси)га тегишли. Жамоа худди шу номдаги стадионда ўйнайди. Қаранг, ҳаттоки, давлат компаниялари номини ҳам олиб ташлашга тўғри келяпти.

 

«Циндао Хуанхай»

Хуанхай ибораси маъноси - Сариқ денгиз. Унинг қирғоғида Циндао шаҳри жойлашган. Qingdao Huanghai Health Industry Group компанияси клубнинг 27 фоиз акциясига эгалик қилади. Шундай экан, бу жамоа ҳам номини ўзгартириши шарт. У тўлиқ бетараф бўлиши керак, акс ҳолда, яна можаро...

«Ухан Чжоэр» (Wuhan Zall)

2020 йил салбий маънода энг катта шов-шув кўтарган шаҳар жамоаси. Унинг ҳозирги акциядори  - Wuhan Zall Development инвестиция компанияси.

 

«Чанчун Ятай»

Чанчун шаҳри клубининг асосчиси ва бош сар­-моя­дори - Yatai Group конгломерати.

Хитой Суперлигасини 2021 йилги мавсумда кутаётган яна бир муҳим ўзгариш - бу чекланган маош миқдори. Демак, мамлакат футбол федерацияси талабига мувофиқ, клублар энди легионерларнинг йиллик маошини 3 миллион евродан оширмаслиги керак. Хитойлик футболчилар эса, йилига кўпи билан 5 миллион юан (тахминан 630 минг евро) миқдорида маош олишади. Бундан ошиб кетса, чора кўрилади. Ушбу чеклов айниқса, хорижлик юлдузларга ёқмагани тайин. Дейлик, бразилиялик Халк аллақачон буюмларини йиғиштириб, жўнаб қолди...

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz