Қайднома

Қидирув

Мустафо Байрамов: “Фидойи бўлганим учун “Навбаҳор”ни ташлаб кетмаганман”

Мустафо Байрамов: “Фидойи бўлганим учун “Навбаҳор”ни ташлаб кетмаганман”

  19.01.2021 05:05
  0
  308
Мустафо Байрамов: “Фидойи бўлганим учун “Навбаҳор”ни ташлаб кетмаганман”

Жаҳон футболида фаолиятини фақатгина бир клубда ўтказган содиқ футболчилар бисёр. Италиянинг «Милан» жамоаси ҳимоячиси Паоло Мальдини, Англиянинг «Ливерпуль» клуби ярим ҳимоячиси Стивен Жеррард шулар жумласидан. Мамлакатимизда эса улар қаторига айни пайт Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси мураббийлар штабида ишлаётган Мустафо Байрамовни киритиш мумкин. Ушбу мутахассис мана 40 йилдирки, фаолиятини фақат бир клуб - «Навбаҳор»га бағишлади. Дастлаб футболчи, кейин эса мураббий сифатида ишлаётган Мустафо Жеферович, таъкидлаш жоизки, анча камтар ва камсуқум инсон. Шунинг учун бўлса керак, ундан ҳамкасбларимиз кам интервью олишган. Биз яқинда «Навбаҳор»нинг садоқатли вакили билан суҳбат уюштириб, унинг фикрларини ёзиб олдик.

Ўтган мавсумдаги омадсизлик сабаблари ҳақида

- «Навбаҳор»нинг ўтган мавсум намойиш этган ўйинларига тўхталадиган бўлсам, чемпионатни жуда яхши бошлаб, дастлабки 3та турда ижобий натижалар қайд этгандик. Гарчи илк учрашувда амалдаги чемпион - «Пахтакор»га имкониятни бой берган бўлсак-да (1:2), ўшанда пойтахтликларга муносиб қаршилик кўрсатиб, ҳатто ҳисобда олдинга чиқиб ҳам олгандик. Кейинчалик қандай воқеалар рўй бергани эса барчага аён. Ўша учрашув ҳакамлари ҳам маълум муддатга ўйинларни бошқаришдан четлатилишганди. Кейин ўз майдонимизда «Локомотив» устидан ғалаба қозондик (2:0), сафарда «Андижон» билан дуранг ўйнадик (0:0). Ўзингизга маълум, COVID-19 сабабли, карантин бошланиб, футбол баҳслари бир муддат тўхтаб қолди. Футболчилар ўз уйларида якка тартибда машғулот ўтказишди. Ёздан яна гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда, ўйинлар давом эттирилди ва жамоамиз яна ижобий натижаларни қайд эта бошлади.

Канчельскис ва Ҳасанов ҳақида

- Биринчи давранинг сўнгги 4 тури пойтахтимизда марказлаштирилган ҳолда ўтказилганда, «Нав-баҳор»нинг 7 футболчиси коронавирусга чалинди. Бу эса кейинчалик жамоамиз иштирокига таъсир кўрсатиб, қаторасига 11 ўйинда ғалаба қозонолмадик. Натижанинг бундай салбий тус олиши жамоа бош мураббийи, россиялик мутахассис Андрей Канчельскиснинг истеъфосига сабаб бўлди ва бошқарув Нўъмон Ҳасанов қўлига ўтди. Худога шукр, ушбу мутахассис билан сўнгги ўйинларда яхши натижалар қайд эта олдик. Албатта, ҳар бир мураббийнинг ўз услуби, тактикаси бўлади. Андрей Канчельскисдан нимадир ўргандим, айни пайт Нўъмон Ҳасановдан ҳам ўрганяпман. Мураббийлар тактикасини ўзаро солиштириш мушкул. Асосийси, ўрганаётганларим мураббийлик фаолиятимда асқотади.

Футболга кириб келиши, биринчи мураббийлари, ҳавас қилган футболчиси ҳақида

- Наманган шаҳридаги 31-ўрта мактабда таҳсил олганман. Ушбу таълим маскани яқинида «Спартак» стадиони жойлашганди. 10 ёшимдан ўша аренада футбол билан шуғулланишни бошлаганман. Миллионлар ўйинидаги илк сабоқларни Павел Константинович Ким, Анвар Иззетович Сулейманов қўл остида олганман. 1980 йили «Навбаҳор» клубига қабул қилиндим. Болалигимда Германия термаси ва «Бавария» клуби ҳимоячиси Франц Беккенбауэрнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Шунинг учун ҳам мудофаа чизиғида тўп суришни маъқул кўрдим ва фаолиятим охиригача шу позицияда ўйнадим.

«Навбаҳор» клуби ва термадаги фаолияти, жамоадошлари ҳаҚида

- «Навбаҳор»даги 17 йиллик фаолиятим давомида 600га яқин учрашувда майдонга тушиб, гарчи ҳимоячи бўлсамда, ҳар мавсум камида 5тадан тўп киритганман. 1995 йилда эса 10та гол урдим ва олий лигадаги ҳимоячилар орасида энг яхши натижага эришдим. Голларимни асосан стандарт вазиятлардан кейин, яъни бурчак ҳамда жарима зарбалари пайти, кўпроқ бошим билан урардим. Боиси, бўйим узун - 1,85 см. эди. Шунинг учун ҳаволатиб узатилган тўпларга кўпроқ эга чиқардим. Умуман олганда, «иккинчи қават»да яхши ўйин намойиш этардим. Жамоамиз 1991 йили собиқ иттифоқ 1-лигасида иштирок этганди. Ўшанда наманганликлар таркибида барча учрашувларда майдонга тушиб, 4та гол урганман. 1982 йили Танзаниядаги мусобақада иштирок этганмиз. «Навбаҳор» ўша турнирда 5та ўйин ўтказган, уларнинг 4тасида ғалаба қозониб, 1та дуранг қайд этганди. 1989 йилда Ливия ҳамда Бангладеш мамлакатларидаги мусобақаларда қатнашиб, 1-ўринни эгаллагандик. 1990 йилда эса Польшага бориб, мазкур мамлакатнинг машҳур клубларидан бири - «Лех» (Поз-нань) билан ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз.

Футболчилик фаолиятим давомида дарвозабонлардан Анатолий Тананакин, Дмитрий Башкевич, Сайдулло Жабборов, Олег Сировашко, Анвар Жабборов, ҳимоячилардан эса Игорь Белов, Игорь Близнюк, Александр Пасько ва Александр Иванов билан елкама-елка ўйнаганман, уларнинг ўйинлари менда илиқ таассурот қолдирган. Футболчилик фаолиятим давомида собиқ иттифоқ давридаги ўйинчилардан - «Ротор»даги Александр Ледяхов, «Текстильшик»даги Сергей Наталушко, ҳамюртларимиздан эса Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Олег Синелобов, Баҳодир Раҳмонов, Рустам Дўрмоновга қарши тўп суриш менга қийинчилик туғдирган. Ўзингизга маълум, футболчилик фаолиятим давомида фақат бир жамоа - «Нав-баҳор» шарафини ҳимоя қилганман. Ушбу клуб сафида 17 йил тўп суриб, 6 мавсум давомида, яъни 1989-1994 йилларда жамоа сардори бўлганман. 1988 йили «Нефтчи», 1989 йилда эса «Пахтакор»дан таклиф бўлган. Лекин «Навбаҳор»-га фидойи бўлганлигим учун жамоани ташлаб кетмаганман. Футболчилик давримда «Навбаҳор» билан Ўзбекистон чемпионлиги (1996), Ўзбекистон кубоги (1992, 1995), бронза медаллари (1993, 1994, 1995)ни қўлга киритганман. «Навбаҳор»да тўп сурганимда Сергей Волчок, Виктор Жалилов ва Усмон Асқаралиевдан кўп нарса ўргандим. Шунингдек, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон терма жамоа­си таркибида 7 йил, яъни 1982-1989 йилларда тўп сурдим, унинг таркибида собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадаси, халқаро мусобақаларда қатнашиб, совриндорлар қаторига кирганман. Ўзбекистон термасида ҳам сардорлик қилганман.

Мураббийлик фаолияти, шогирдлари, янги мавсумга тайёргарлик ҳақида

- 1997 йилдан мураббийлик фаолиятим бошланди. Дастлаб «Навбаҳор»нинг ўринбосарлар таркибини бошқариб, мазкур жамоа билан 3 марта 3-ўринни қўлга киритдим. Шунингдек, 3 марта «Навбаҳор»ни олий лигада олиб қолишга муваффақ бўлдим. Умуман, мураббийлик фаолиятимда қутқарувчи вазифасини ҳам бажаришга тўғри келган (кулади). Ушбу соҳада Виктор Жалилов, Геннадий Неделькин, Раҳим Қурбонмамедов, Усмон Асқаралиев ва Бахтиёр Ашурматов сингари мутахассислар бирга фаолият олиб бордим. Айрим мавсумларда «Навбаҳор» ёшлар жамоаси, баъзида эса асосий таркиб мураббийлар штабида ишладим. Таъкидлаганимдек, айни пайт Нўъмон Ҳасановнинг мураббийлар штабидан ўрин олганман. Фурсати келганида таъкидлаш жоизки, яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири, айни пайт «Металлург» мураббийлар штабида ишлаётган Февзи Давлатовни ҳам Сергей Волчокка мен тавсия қилгандим. Хабарингиз бор, Давлетов Ўзбекистон миллий термаси, шунингдек, мамлакатимиз ва Қозоғистоннинг бир қатор клубларида самарали фаолият юритган футболчилардан ҳисобланади. У 1994 йили бош жамоамиз таркибида Осиё ўйинларида ғолиб чиққанлардан бири. Шунингдек, мураббийлик фаолиятим давомида Дилшод Жабборов, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Аъзам Алиев, Акмал Ортиқов, Азим Аҳмедов ҳамда Ислом Исоқжонов сингари футболчиларни кашф этганман. Ушбу ўйинчилар аввал «Навбаҳор» ёшлар жамоаси таркибида тобланиб, кейин асосий таркиб аъзосига айланишган. Эндиликда эса барчалари ўз жамоаларининг етакчи футболчилари ҳисобланишади.

Қисқаси, «Навбаҳор»даги фаолиятим ажойиб тарзда кечган. Ўз номи ва тарихига эга жамоа сафида тўп сурганлигим ҳамда айни пайт шундай клубнинг мураббийлар штабида ишлаётганимдан хурсандман. Жамоамиз ҳозирда янги мавсумга тайёргарликни кунига икки маҳалдан «Ёш куч» стадионида олиб бормоқда. Мазкур жараёнда ўртоқлик учрашувлари ўтказишни ҳам режалаштирганмиз. Фурсатдан фойдаланиб, жамоамизга барча шароитларни яратиб бераётган раҳбарларга мураббийлар штаби номидан миннатдорлик билдирмоқчиман. Худо хоҳласа, янги мавсумда жамоамиз совриндорлар сафидан жой олиш учун курашади.
МАЪЛУМОТ УЧУН

Мустафо Байрамов 1964 йил 7 январда Наманган шаҳрида туғилган. Футболбилан 10 ёшиданшуғулланишнибошлаган. Биринчи мураббийлари - Павел Ким, Анвар Сулейманов. Футболчилик фаолияти давомида ҳимоячи позициясида ўйнаган. Оилали, 2 фарзанднинг отаси, 4 набиранинг буваси. «Барселона» клубига мухлислик қилади.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz