Қайднома

Қидирув

Дарвозабонни қандай баҳолаш керак?

Дарвозабонни қандай баҳолаш керак?

  19.01.2021 07:07
  0
  291
Дарвозабонни қандай баҳолаш керак?

Бу реклама эмас: fbref.com сайтида футболни янада чуқурроқ англашга ёрдам берадиган ажойиб статистикалар бисёр. Рақамлар билан баҳолаш қийин бўлган дарвозабонлар кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратсак. Ҳозирда кўпчилик киперлар ишига сейвлар ва қуруқ ўйинлар сонига қараб баҳо беради. Gol.ru тақдим этган қуйидаги мақола нега таҳлилнинг бу тури самарасиз эканлиги ҳақида.

Қисқа маълумот: кимнинг дарвозаси томон кўпроқ зарба берилса, ўшанинг сейвлари кўп бўлади. Кимнинг дарвозаси томон камроқ зарба берилса, ўшанинг қуруқ ўйинлари кўп бўлади. Дарвозабоннинг аслида қандай кучга эга эканлигини аниқлаш учун унинг дарвозаси томон йўлланган зарбалар мураккаблигига эътибор қаратиш лозим. Fbref.com сайтида шундай статистика бор - у Post-Shot Expected Goals (кутилган сейвлар) деб аталади. Унда зарба берилаётган позиция, унинг кучи, йўналиш, дарвозабоннинг жойлашуви ҳисобга олинади. Бу статистика ҳам идеал эмас, бироқ у дарвозабоннинг зарбалар қайтариш даражасини нисбатан яхшироқ аниқлайди. Муҳим жиҳат: айнан зарбалар қайтарилиши.

Қисқаси, қуйида сўнгги тўрт мавсум (ҳозиргисини ҳам қўшганда) зарбаларни бартараф этиш бўйича энг яхши деб топилган дарвозабонлар ўнлигини ҳукмингизга ҳавола этамиз. Рўйхатдан фақат ўтган 3,5 йил мобайнида 60тадан ортиқ ўйин ўтказганлар жой олган. Еврокубоклар ҳисобга олинмаган.

Вальтер Бенитес («Ницца») - 0,25

Ян Облак («Атлетико») - 0,23

Нето («Барселона») -  0,23

Уго Льорис («Тоттенхэм») - 0,21

Мартин Дубравка («Ньюкасл») - 0,19

Ойер Оласабаль («Эспаньол») - 0,18

Алисcон Бекер («Ливерпуль») - 0,16

Ник Поп («Бернли») - 0,16

Лукаш Фабьянски («Вест Хэм») - 0,15

Жорди Масип («Вальядолид») - 0,14

Мазкур рақамлар нимани англатади? Бу - дарвозабон ҳар бир ўйинда жамоасини голдан қутқарганлиги бўйича ўртача кўрсаткич. Ҳа, мураккаб. Ҳозир тушунтирамиз.

Ёдингиздан чиқмаган бўлса, xG тизими зарбалар хавфлилик даражасини 0дан 1гача бўлган коэффициентда баҳолайди. Баллар футбол тарихидаги миллионлаб мисоллардан тузилган улкан базага асосан қўйилади. Тақсимлаш - зарба берилган масофа ва нуқта; зарба берилган тана қисми; зарбадан аввалги пас тури; ҳужум тури; дарвозабоннинг жойлашуви ва шунга ўхшаш кўплаб жиҳатларга кўра амалга оширилади.

Муҳим нарса: xG - зарбага у йўлланишидан аввал баҳо беради. Тўп футболчининг оёғига яхши ўрнашмаган ҳолларни таҳлил қилмайди. PSxG - нафақат зарба йўлланган нуқтани, балки унинг сифатини - траекторияси, кучи, йўналишини баҳолайди. Шунингдек, дарвозабоннинг ушбу зарбани қайтариш эҳтимоли қандайлигини ҳам кўрсатади.

Мисол: Ракицкий «Лейпциг»га қарши баҳсда жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллади, уни рақиб тўсиб қўйди - xG тизими фақат зарбага тааллуқли шартларни баҳолайди. Шундан келиб чиқсак, Ракицкийда гол уриш эҳтимоли 5 фоизга тенг бўлган. PSxG эса зарбанинг ўзига баҳо беради - Ракицкийнинг зарбаси супермуваффақиятли чиқди: кучли ва бурчак томон. Ушбу тизимда Ракицкийнинг гол уриш эҳтимоли 50 фоизгача ошиб кетди.

Шундай экан, PSxG модели мазкур ҳолатда дарвозабоннинг сейвни амалга ошириш имкониятлари қандай эканлигини яхшироқ кўрсатади. Агар кипер юки 0.6 PSxGга тенг зарбани қайтарган бўлса, унга 0.6 балл берилади. Агар юки 0.3га тенг зарбадан сўнг тўпни ўтказиб юборса, қайтариши кўзда тутилган эҳтимолли фоиз - 0.7дан маҳрум бўлади. Бундан кўринадики, кутилган сейв­лар - бу ҳар бир зарбанинг мураккаблигига асосланган тўпларнинг қайтарилиши ва ўтказиб юборилиши орасидаги фарқдир.

«Ницца»даги Бенитес - сўнгги 3,5 мавсум давомида ушбу кўрсаткич бўйича энг яхши дарвозабон бўлди. У хавфли зарбаларни қайтариш борасида топ-5 лигаларда фаолият юритаётган ҳамкасбларидан яхшироқ натижа қайд этди. 0,25 рақами унинг ҳар бир ўйинда ўртача нечта вазиятда зарбани қайтараётганини кўрсатади.

Икки тушунчани ажратиб олиш зарур: энг яхши дарвозабон ва энг яхши шотстоппер (зарбаларни қайтарувчи). Шотстоп - дарвозабонлар учун муҳим нарса. Аммо бошқа жиҳатлар ҳам бор: тўпга чиқишлар (ҳам узатмалар пайти, ҳам қарши ҳужумларда), паслар, ҳужумлар бошланиши, ҳимояни бошқариш. Масалан, зарбаларни қайтаришда Облак Алиссондан яхшироқ. Лекин умумий олганда, словенияликни устун дейиш мушкул - Алиссон тўпга чиқишларда ишончлироқ ўйнайди, паслари аниқроқ бўлади, майдонни яхши кўра олади, рақиб прессинг уюштирган пайт ўзини йўқотиб қўймайди.

Шуни инобатга олсак, ҳа, Вальтер Бенитес - сўнгги 3,5 йилликнинг энг яхши шотстоппери. Ўз навбатида, Европанинг энг қадрланмаётган дарвозабонларидан биридир, эҳтимол. Уни ҳатто Францияда ҳам кўп эътироф этишмайди: мисол учун, мавсум сўнггида энг яхши киперлар рўйхатидан тушиб қолади. Экспертларнинг жаҳли чиқади, улар рақамларга таянган ҳолда Бенитесни энг кучли деб ҳисоблашади. Аммо умумий эътироф барибир бўлмайди. Бу эса дарвозабоннинг барча ўйинларини кўрмай туриб, унга баҳо бериш қанчалик қийин эканлигига яна бир исботдир. ОАВда номинг чиқмаётганида, мақтовларга лойиқ кўрилиш осон эмаслигини ҳам шундан англаш мумкин.

Бошқа томондан, Бенитес чиндан ҳам энг яхшилар сафига кирмайди. Масалан, у тўпга чиқишларда деярли фаоллик кўрсатмайди. Бунинг оқибатида дарвозаси олдида кўпроқ ҳужумлар яратилишига замин яратади. «Ницца» жарима майдончасига узатмалар йўлланганда тез-тез кузатиладиган ҳолат: Бенитес дарвоза чизиғига мустаҳкам жойлашади, жарима ёки дарвозабон майдончасида қий-чув бошланади ва у кескин зарба билан якунланиши мумкин.

Эҳтимол, Бенитес жамғарган рақамлар сири ҳам шундадир - у қўриқлаётган дарвозага хавфли нуқталардан кўплаб зарбалар йўлланади. Агар у тўп ўтказиб юборса, PSxG тизими ундан кўп очкони олиб ташламайди, чунки рақибнинг гол уриш имконияти шундоқ ҳам юқори бўлади. Агар шундай зарбаларни қайтарса - қаҳрамонга айланади. Бенитесда қаҳрамонлик кўрсатиш имконияти шу тариқа ортаверади.

Ҳужумлар бошланаётган пайт у жуда жасур кўринади. Тўп билан муомала қилаётганда марказий ҳимоячилар билан бир чизиқда жойлашади ва ўша ердан пас узатади - Вальтер сўнгги мавсумларда қисқа узатмалар бериш бўйича топ-лигалар киперлари ўнлигига кирди. Ҳа, мана шундай аномалия: «Ницца» тўп билан ҳаракатланаётганда, Бенитес ҳеч нимадан қўрқмайди, жамоа тўпсиз қолганда эса, дарвозасига максимал даражада мустаҳкам жойлашиб олади.

Бенитесга тааллуқли яна иккита камчилик: 1) мавсум давомида бир-икки марта узоқ масофадан гол ўтказиб юборади, чунки дарвозасида нотўғри позицияни эгаллаган бўлади; 2) узоқ масофаларга йўллайдиган узатмалари жуда суст - аниқлик кўрсаткичи 51,7 фоизга тенг.

Биз дарвозабонлар бўйича экс-перт эмасмиз, Бенитеснинг биз томоша қилган ўйинлари сони камлиги учун унинг даражаси қандайлигига аниқ баҳо беролмаймиз. Шу боис, хулосалар чиқаришда эҳтиёткор бўлиш керак: уни шотстоппер сифатида етарлича қадрлашмайди. Аммо кутилган сейвлар бўйича рақамлар унинг киперлар даражаси ҳаддан зиёд ошириб юборилганидан далолатдир. Бенитес шартли равишда топ-клубда ўйнай олмайди (агар у «Атлетико» бўлмаса), зеро у ерда тўпга чиқишлар ва узоққа йўлланадиган узатмаларда сифатли ҳаракат муҳим саналади.

Лекин тан олиш керак: зарбалар қайтариш, ўйинни ўқий олиш, аниқ узатмалар бериш, тўпга чиқиш бўйича юқори даражали дарвозабонлар озчиликни ташкил этади. Умуман, кучли ўнликда ушбу хислатларни ўзига жо қилган ягона шотстоппер сифатида Алиссонни кўрсатиш мумкин. Демак, Европада зарбалар қайтаришда тенгсиз бўлсанг, демак, сен «Ницца» (Франция чемпионатининг 5-10-жамоалари) даражасидан юқорироқда бўласан. Бенитес яқинда шартномасини узайтирди, лекин уни нисбатан кучлироқ клубда кўриш кўпчилик учун қизиқ бўлиши турган гап.

***

Авваллари Бенитеснинг ўйинларини кўрмаганлар учун унинг қандай эканлигини намоён этувчи икки цитатани келтириб ўтмоқчимиз.

1. У майдонда кўп қичқиради, кўзларидан олов чақнайди: «Ўйлашимча, ҳар кимнинг ўзига яраша аҳмоқона қилиқлари бўлади. Айрим дарвозабонлар ҳаётда тентакнамо, майдонда эса оғир-босиқ бўлишади. Ҳаётим сокин ўтади. Майдонга тушганимда эса мутлақо бошқа одамга айланаман. Индивидуалликни кўрсатиш мен учун муҳим саналади. Балки бу ақлсизлигимдир».

2. Афтидан, у чиндан ҳам асло асабийлашмайди: «Ҳеч қачон босим ҳис қилмаганман. Ҳа, биламан, 99,9 фоиз хатога йўл қўйсам, гол ўтказиб юбораман. Аммо бу мени хавотирга солмайди. Бундай нарсалар ҳақида ўйламайман. Ҳа, шундай бўлиши мумкин. Аммо буни тўғри тушуниб, шунчаки, унутишингиз керак».

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz