Қайднома

Қидирув

Тан олинмасликка парво қилмай ёки БОШИДА УЛАРГА ҲЕЧ КИМ ИШОНМАГАНДИ

Тан олинмасликка парво қилмай ёки БОШИДА УЛАРГА ҲЕЧ КИМ ИШОНМАГАНДИ

  20.01.2021 13:13
  0
  353
Тан олинмасликка парво қилмай ёки БОШИДА УЛАРГА ҲЕЧ КИМ ИШОНМАГАНДИ

Муваффақиятга эришиш йўли одатда жуда оғир ва кутилмаган вазиятларга бой бўлади. Чўққига кўпинча ёқимсиз синовлар орқали чиқилиши ҳам маълум. Юксак савияли футболчилар буни жуда яхши билишади. Айримлар жаҳон даражасида тан олинишдан олдин «кераксиз» ёхуд «ношуд» мақоми мазасини ҳам татиб кўришган. Хуллас, қуйидаги мақола бошида айрим клублар томонидан кераксизга чиқарилган, охир-оқибат, жаҳон миқёсида юлдузга айланган футболчилар тақдири ҳақида.

Маркус Рэшфорд. Англиялик футболчи - бугунги «МЮ»нинг асосий кучларидан бири. Лекин қанчалик ғалати туюлмасин, ёшлигида унинг истеъдодини «Манчес­тер Сити» мураббийлари кўра олишмаган. Маркус «шаҳарликлар» академияси мураббийларига кичик жуссали ва ёшига мос қувватга эга эмасдек кўринади. Шу аснода улар Рэшфорд келажагига ишонишмайди. «МЮ» эса унга имконият берди. Натижада Маркус 18 ёшидаёқ асосий жамоага қўшилди. Айтиш жоиз, ёш ҳужумчи ЕЛ доирасида «Мидтьюлланд»га қарши кечган учрашувда дебютини нишонлаб, буни голлар билан безади. Аниқроғи, Рэшфорд рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилишдан ташқари, клубнинг еврокубокларда гол урган энг ёш футболчисига айланди. Рэшфорд футболга «Манчес­тер Сити» академиясида қадам ташлаганида, нима бўларди? Эҳтимолки, тақдири тамоман бошқача йўналишда ривожланарди... Балки ҳозир Габриэль Жезус ўрнида асосий таркибда ўйнармиди? Тўғри, бундай ҳолатда ЕЛда ғалаба нашидасини сурмасди, аммо ҳозир АПЛ олтин медали билан мақтана оларди.

Рууд Гуллит. 1982 йили 19 ёшли Рууд Гуллит камтарин «Харлем»дан Лондонга йўл олиб, «Арсенал» кўригида қатнашади. Ёш ҳужумчи улкан умид уйғотганди, аммо ўша пайт «тўпчилар»га устозлик қилган Терри Нил унинг ҳаракатига қараб, трансферига 300 минг фунт ажратишдан бош тортади. Боз устига, мураббий Руудга «дангаса» ва «интизомсиз» ёрлиғини ёпиштиради. Тажовузкор характерга эга футболчи чорасиз ҳолда ортга қайтади ва кейинги бир неча йил ичида «Фейеноорд» ҳамда ПСВ билан Эредивизионда 3 марта ғолиб чиқади. 1987 йили эса «Милан» Гуллитни 9 миллион долларга сотиб олади (ўша вақтдаги рекорд). Муҳими, универсал йигит Италияда ўз ўйини билан бутун футбол оламини ҳайратга солади, ҳаттоки, «Олтин тўп»ни ҳам олади. Албатта, вақт ўтиши билан Терри Нил ўз хатосини тушунади ва ўзини ғалати тарзда танқид қилади: «Гуллитнинг трансфери - шкафдаги скелетим».

 

Роналдо. Бразилиялик «феномен» ҳам фаолиятининг бошланғич нуқтасида ёқимсиз ҳолатга дуч келган. «Сўйлоқ» Рио-де-Жанейро яқинидаги Бентури-Бейру шаҳарчасида туғилган ва болалигидан Зико ўйнаган «Фламенго»га мухлислик қилган. Роналдо кейин­чалик ўз орзусидаги жамоа кўригида қатнашиш бахтига муяссар бўлади, аммо унга кумири изидан бориш насиб этмайди. Ёш футболчи биринчи уринишда мураббийларни ҳайратлантиролмайди ва унга эртаси куни яна клуб базасига келишини айтишади. Аммо бўлажак «феномен» иккинчи кўрикка улгурмайди, аниқроғи, автобус чиптасига пул тополмаганди. «Фламенго» мураббийлари эса, вазиятни чуқур ўрганмай туриб, Роналдодан воз кечиб қўя қолишади. Бразилиялик иқтидор шундан кўп ўтмай, жаҳон чемпиони Жоазиньо қўл остидаги камтарин «Сан-Кристован» клуби билан шартнома тузади. Яна бир неча йилдан кейин таниқли мутахассис Роналдони «Крузейро»га тавсия этади. Бу жамоада маълум муддат тўп сурган «феномен» ПСВ назарига тушади ва унинг фантас­тик еврофаолияти айнан Нидерландияда бошланади.

 

Хавьер Занетти. Аргентиналик жонкуяр футболчи фаолия­тини «Индепендьенте» ака­демия­си жамоасида бошлайди, аммо унга асосий таркибдан жой беришмайди. Аниқроғи, мураббийлар Хавьерни камтарона жисмоний кўрсаткичлари туфайли жамоадан четлатишади. Оқибатда унинг футболдан кўнгли қолиб, бир йил давомида отасига ғишт териш ишларида ёрдам беради. Бу йигитчада ихтиёрий-мажбурий равишда керакли мушак массаси тўпланишига олиб келади. Занетти шундан сўнг иккинчи лига вакили - «Тальере» клуби сафига қўшилади ва яна 1 йил ўтгач, «Банфилд» либосини кияди. Асосийси, Хавьер янги жамоада тезда мухлислар ёқимтойига айланади. Улар чарчоқ билмаслигидан келиб чиқиб, Занеттига «трактор» лақабини беришади. 1995 йилга келиб, Хавьер «Интер» билан шартнома тузади ва бу клубда нақ 19 йил жавлон уради. Аргентиналик бу вақт оралиғида ўйинлар сони бўйича клуб рекордчисига айланиш баробарида 16та нуфузли соврин ютади.

 

Франко Барези. Италия футболида ёрқин из қолдирган ҳимоя­чи бошида «Интер»га сиғмаган. У 14 ёшида «нерадзурралар» академиясига киради. Бу пайтда акаси Жузеппе ҳам шу жамоада шуғулланарди. Франко акаси изидан бормоқчи эди. Аммо клуб мураббийлари кичик Барези келажагига шубҳа билан қарашади: «Бундай паст бўй билан унга ҳимояда жой йўқ». Қарангки, «Интер»нинг ашаддий рақиби - «Милан» ёш Франкога ишонч билдириб, уни дарҳол қабул қилади. Бу футболчи тақдирини ўзгартирган қарор эди. Хуллас, Барези етук ҳимоячига айланиб, бутун фаолия­тини «россонерлар» сафида ниҳоятда самарали ўтказади. Рақамларда айтсак, «Интер» томонидан тан олинмаган футболчи «Милан»нинг 719та расмий ўйинида қалқон вазифасини ўтайди ва албатта, кўплаб совринлар ютади. Жумладан, унинг ҳисобида 6та скудетто ва 3та асосий еврокубок бор.

 

Килиан Мбаппе. 2012 йили «Челси» катта хатога йўл қўяди. Тўғри, ўша пайт франциялик истеъдод атиги 13 ёшда эди. Аммо вундеркинднинг катта салоҳияти борлиги сезила бошланганди. «Аристократлар» скаути ёш Килианни онаси ҳамроҳлигида Лондонга, кўрик учун олиб келади. Мураббийлар уни «Чарльтон» ёшлар жамоасига қарши баҳсда синаб кўришади ва маҳоратига юқори баҳо ҳам беришади, аммо йигитчага яна бир бора кўрикда қатнашиши кераклигини айтишади. Ёш ҳужумчи иккинчи уринишда ҳам «Челси» академияси мутахассисларини ҳайратга солади, аммо уларга футболчининг тўпсиз ҳаракатланиши ёқмайди. Қисқаси, мураббийлар Килианнинг ҳимояда етарли ёрдам бермагани ва оммавий прессингда умуман қатнашмаганини таъкидлашади. Ёш футболчининг  онаси бундан аччиқланиб, дангал шарт қўяди: «Агар Килиан керак бўлса, ҳозир битим тузинг. Акс ҳолда, 5 йилдан кейин ўғлимни 50 миллионга сотиб олишингизга тўғри келади». У бу борада ҳақ эди. Ҳар ҳолда, 2017 йили Мбаппе трансферига онаси айтган суммадан ҳам анча кўп тўланди - 180 миллион евро. Фақат харидни «Челси» эмас, «ПСЖ» амалга оширди.

 

Златан Ибрагимович. Эҳтимол, ёш футболчининг иккинчи кўрикдан бош тортиши ноўриндек туюлар. Лекин бу ҳолва. Зеро, Златан биринчи кўрикда қатнашишни ҳам истамаган. Швециялик истиқболли ҳужумчи «Мальмё»да ўзини намоён этгач, Арсен Венгер уни «Арсенал»га чорлайди ва шартнома тузишдан олдин ўйинда салоҳиятини синаб кўришини таклиф этади. Ибрагимович эса буни ўзига нисбатан ҳақорат ўрнида кўриб, қўпол оҳангда жавоб беради: «Златан кўрик учун келмаган». Шу тариқа «Арсенал» характери оғир футболчидан воз кечади. Кейинчалик Златан барчасини «Аякс»да исботлайди. Биласиз, Ибра шундан сўнг Европанинг энг сара клубларида ўйнади (ўйнамоқда), турли-туман совринларга бурканди.

Криштиану Роналду. Яна «Арсенал». «Канонирлар» 2003 йили Криштиану Роналду билан шарт­нома тузишга яқин келишади. Португалиялик футболчи ҳаттоки, имзо чекиш учун Лондонга ташриф буюради. Аммо «Арсенал» раҳбарияти «Спортинг» сўраган суммани катта кўриб, ишни пайсалга солгани ортидан битим барбод бўлади. Оддий айтганда, клуб португалиялик иқтидор салоҳиятига тўғри баҳо бермайдими, унинг трансферига 12 миллион фунт ажратишни истамайди. Айнан ўша йили «Ливерпуль» ҳам Роналдуни сотиб олишга уринган, бироқ самарасиз. «Қизиллар» шунчаки, Криштиану сўраган маош миқдорини кўп ҳисоблашади. Якунда футболчи учун курашда «МЮ» устун келиб, темирни қизиғида босади - «қизил иблислар» ҳужумчи учун 19 миллион евро тўлашганди. Мана, Роналду аввалига «МЮ»да юлдузга, кейин «Реал» ва «Ювентус»да афсонага айланди. Ҳа, «Арсенал» вакиллари фақат тилларини тишлашлари мумкин. Чунки улар вақтида футбол тарихидаги энг буюк истеъдодлардан бирини рад этишганди...

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz