Қайднома

Қидирув

Матс Хуммельс: “Катталар футболидан йироқлашиб кетдик...”

Матс Хуммельс: “Катталар футболидан йироқлашиб кетдик...”

  20.01.2021 15:00
  0
  332
Матс Хуммельс: “Катталар футболидан йироқлашиб кетдик...”

«Боруссия» Д. фахрийси Матс Хуммельс ва Sport Bild журналисти ўртасидаги суҳбат. Дортмунд жамоаси жорий мавсум нисбатан беқарор ўйнамоқда. Яъни дам-бадам чиройли ўйин ва ишончли ғалабадан кейин кутилмаганда, хира футбол ортидан қимматли очколарни йўқотмоқда. Хуммельс интервью давомида бу камчиликка ҳам алоҳида тўхталиб, бартараф этиш чоралари хусусида фикр билдирди.

- Герр Хуммельс, «Боруссия» муваффақиятини таъминлаш учун янги мураббийдан аввало, нималар талаб этилади?

- Биринчи навбатда, у жамоа характери ва талаб-эҳтиёжларига мос келиши керак. Тан оламан, айни пайтда бизга қатъият, эҳтирос ва дадиллик етишмаяпти. Аслида таркибимиз иқтидорли футболчилардан иборат, бироқ кескин услубда дағал ўйин намойиш этадиган рақибларга қарши майдонга тушганда, яққол муаммоларга дуч келяпмиз.

- Люсьен Фавр ўрнини эгаллаган Эдин Терзич «Боруссия»да худди «Бавария»ни ёруғ йўлга бошлаган Ханс-Дитер Флик каби парвозни таъминлаши мумкинми?

- Ҳа, «Бавария» Флик қўл остида мислсиз юксак натижалар қайд этмоқда. Менимча, Эдин ҳам ўзига хос малакасини ишга солиб, жамоа савиясини ошириб боради ва мавсумни муваффақиятли якунлаймиз.

- Юксак савияга эришиш учун иштиёқдан ташқари, яна қайси омиллар муҳим, сизнингча?

- Иштиёқ - муваффақиятнинг бир қисми, холос. Терзич айнан заиф жиҳатларимизга барҳам бериш мақсадида келди. Чунончи, охирги 1,5 йил ичида ўйинимизда айрим камчиликлар кўзга ташланди. Шахсан мен буларни ёш болаларнинг тиши чиқиш жараёнидаги муаммоларга ўхшатаман. Мураббий энди шу камчиликларни аниқлаб, уларни машғулотлар ёрдамида бартараф этишга уринмоқда.

- Қайси мураббийни фаолиятингиздаги энг яхши устоз ўрнида кўрасиз?

- Шахсий муваффақиятлардан келиб чиққан ҳолда, Юрген Клопп­ни эътироф этаман. Зеро, айнан у билан ҳамкорлик фаолиятимда ҳал қилувчи ролни ўйнади.

- «Боруссия» футболчиларининг муаммолари балки ҳар қайси янги мураббийни Клоппга қиёслашлар билан боғлиқдир?

- Йўқ, ундай эмас. Масалан, Томас Тухелнинг дебют мавсумида жамоа рисоладагидек ўйин кўрсатди - бошқа мураббий ва янгича шароитда. Клопп шахсининг асл афсона даражасига кўтарилишига эса, барча босқичлардан муваффақиятли ўтилгани сабабдир. Қисқаси, менимча, бу омил бошқа мураббийлар фаолиятига халақит бермайди.

- «Боруссия» раҳбарияти балки «ПСЖ»дан истеъфога чиқарилган Тухелни ортга қайтариш вариантини кўриб чиқиши керакдир...

- Бу менинг ваколатимга кирадиган мавзу эмас. Статистикага эътибор қаратилса, у - малакали мураббий. Қолган масалаларни клуб раҳбарлари ҳал қиладилар.

- Яқин ўтмишга қарасак, «Фавр билан мавсум бошланишидан аввал хайрлашиш яхшироқмиди?» қабилада савол туғилади...

- Аслида йилнинг иккинчи ярмида чакки натижа кўрсатмадик. Дейлик, ЕЧЛ гуруҳ босқичидан 1-ўрин орқали «плей-офф»га чиқдик. Лекин Бундеслигада бироз сусткашликка йўл қўйдик. Охир-оқибат, Люсьен Фавр ва жамоа ўртасидаги ҳамкорлик ўз имкониятларини тўлиқ ишлатиб бўлгани ҳақида таассурот уйғонди ва бу масалага масъул мутасаддилар ўзгаришларга қўл уришди.

- «Штутгарт»га қарши учрашув (1:5)дан кейин танқидий фикрларингиз учун сиз ва Марко Ройсни ўзига хос қотилларга чиқаришди. Бундай кескин баёнотнинг асл моҳияти нима эди?

- Ҳаммаси изига тушиб кетишига умид боғладик. Ваҳоланки, дилимдаги бор андуҳларни очиқ айтмадим, фақат ҳаммасини ақл-фаросат билан тушунтиришга уриндим. Умуман, муаммоларни жамоадошларим ва мураббийлар билан кўп муҳокама қилдик, аммо ўзгариш сезилмади. Шунда сўнгги чора сифатида барчасини жамоатчилик ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик. Тушунинг, баёнотим мураббийга ёки унинг истеъфосига қаратилган эмасди, аксинча, фақат жамоага тааллуқли эди. Раҳбарият айнан бизнинг қарашларимиз таъсирида мураббийни ишдан бўшатганига умуман ишонмайман.

- Хўш, жамоа 2021 йилда қандай режаларни кўзламоқда?

- Гап режада эмас, унинг мазмун-моҳиятида: машғулотлар ва учрашувларда кўпроқ тер тўкиш, кучли эҳтирос ва интилувчанлик...

- Бунга қандай эришиш мумкин?

- Биргина мисол келтираман: худди «5га 5» мисоли ўйнашга чек қўйиш керак. Яъни болаларнинг мини-футбол ўйинларидаги каби ҳаракатланиш ярамайди. Натижани таъминлайдиган вазиятларни кўпроқ яратиш талаб этилади.

- «Боруссия»нинг сўнгги йилларда эркаклар футболини кам намойиш қилаётгани ҳақидаги фикрларга нима дейсиз?

- Ибора танлашда эҳтиёткорликни маъқул кўрардим. Аммо тез-тез катталарга хос бўлмаган ўйин намойиш этганимиз рост.

- Балки «Штутгарт» ва «Кёльн» каби заиф рақиблардан енгилганинглар сабаби ҳам шудир?

- Очиғи, жорий мавсум Европанинг етакчи чемпионатларида барча кучли жамоалар улкан зўриқиш билан ўйнамоқда. Оддий мисол, охирги 4 ойни фақат ижобий натижа билан ўтказган бирор жамоа йўқ. Саволингизга қайтсам, 2020 йили «Бавария»га 3 марта имкониятни бой бердик. Яъни фақат заиф жамоалардан енгилганимиз йўқ. Ўша ўйинлар шу кетишда яна очко улашишда давом этишимиздан далолат эди. Чунки тўпни, бунинг ортидан голлар ва очколарни осонгина рақибларга бера бошлагандик. Энди бунга чек қўйишимиз шарт. «Боруссия»ни маҳв этиш шунчаки, ёқимли эрмакдан ўта мушкул вазифага айланиши лозим.

- Таркибнинг асосан ёш футболчилардан тузилгани ҳам омадсизлик сабаби бўлиши мумкинми?

- Асло. Холанд, Беллингем ёки Мукокодек ёш иқтидорлар - ғалаба қозониш учун нима қилиш кераклигини яхши биладиган қатъиятли ўйинчилар.

- Наҳотки 16 ёшли Мукоко шунчалик ишончли ижрочи?

- Ҳа, у чиндан ҳам, ноёб иқтидор! Тони Кроос, Марио Гётце ва Кристиан Пулишич 16-17 ёшда қандай ўйнаганларига ўзим гувоҳ бўлганман. Юсуф уларда ўтса ўтадики, асло ортда қолмайди.

- Умуман, жамоангизда неча нафар футболчи жорий мавсум ўз маҳоратини тўлиқ намойиш этмоқда?

- Ўта ўринли савол. Назаримда, ҳозир мунтазам равишда юксак савияда тўп сураётганлар жуда оз. Аммо айни шу жиҳат умид ҳам бағишламоқда. Чунки етарли салоҳиятга эгамиз, 3та мусобақада ҳам курашни давом эттираётганимиз фикримга асос. Бу турнирларда муваффақиятга эришишимиз топ-даражага қайтганимизни англатади.

- Дейлик, сизга жамоангизга хос ижобий фазилатларни биттага ошириш имконияти берилса, нимани танлардингиз?

- Интилувчанлик хислатини.

- Жамоага шу жиҳатнинг етишмаётгани сабаби...

- Йўқ, аслида интилувчанлик бор, аммо уни доимий равишда кўрсатолмаяпмиз. Юксак интилувчанликни ҳар бир машғулот ва ўйинда намойиш этиш - чинакам санъат. Футболда бор куч-қувват ва имкониятни ғалаба йўлида сарфлаш муҳим. 5 кун давомида номига шуғулланиб, ўйинда куч етганча тўп суриш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

- Жароҳат ортидан Холанднинг гол уришга интилиши ғойиб бўлгани сизни ҳайрон қолдирмадими?

- Йўқ. Эрлинг рақибни ҳолдан тойдирадиган узун рейдларни амалга оширади. У доимо дарвозага таҳдид солади, бу асосий қуроли. Қолган ўйинчилар ҳал қилувчи узатмани амалга ошириш пайидалар. Мукоконинг фойдаси ҳам шунда. Чунки у ҳам Холанд каби соф ҳужумчи.

- Шартномангизда ҳамкорлик муддатини 2023 йилгача узайтириш кўзда тутилган. «Боруссия» бунга қадар чемпионликка эриша оладими ёки «Бавария» жуда олислаб кетади?

- Ҳеч қайси жамоа узорқлашиб кетолмайди. Мана, «РБ Лейпциг» ва «Байер» жорий мавсумни шиддатли ўтказмоқда. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқлигини яна бир бора таъкидлайман. Яқин йиллар ичида чемпионликни тантана қилиш учун етарли қудратга эгамиз. Шунчаки, тайёргарлик сифатини яхшилашимиз керак. Қисқаси, «Кумуш лаган» ҳеч ким осонгина берилмайди.

- Охирги 8 йил бадалига «Бавария»нинг илк бора тахтдан ағдарилиши эҳтимоли жуда юқори. Бу тахминга қўшиласизми?

- «Бавария»даги фаолиятимнинг охиргидан аввалги мавсумида чемпионлик масаласини сўнгги турда ҳал қилганмиз. Ҳозир ҳам бошқа клубларда ғолиб чиқиш имконияти мавжуд. Бунинг учун шунчаки, «Бавария»га нисбатан кўпроқ ғалаба қозониш керак.

- 2023 йили фаолиятингиз ниҳоясига етадими ёки ўйнашда давом этасиз?

- Ҳар қандай интиҳога тайёрман! Ҳа, ҳозиргидек юксак савияда иложи борича кўпроқ ўйнашни истайман. Чунки футболни қаттиқ севаман. Фақат яна 10 йил тўп суролмаслигимни аниқ айта оламан. Агар ҳаммаси рисоладагидек кечса, Дортмундда яна 2,5 йил қолмоқчиман. Кейин ўша пайт­даги ҳолатимдан келиб чиқиб, иш тутаман.

- Демак, хорижга йўл олиш истагидан йироқсиз?

- Бошқа мамлакатда тўп суриш даври ўтиб кетди. Лекин очиғи, фаолиятимнинг қайсидир босқичида ҳеч нарсани аввалдан режалаштириш мумкин эмаслигига амин бўлганман.

- Охирги савол: 2021 йили қайси турнирда ғолиб чиқишингиз эҳтимоли кўпроқ?

- Германия кубоги. Чунки уни қўлга киритиш учун 4та учрашувда ғалаба қозониш кифоя қилади. Декабрда пасайишга йўл қўймаганимизда, Бундеслигада ҳам имкониятимиз чакки бўлмасди. Умуман, январь ойи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мен қатнашадиган турнирларда имконият бобида ЧЛ 3 ва Европа чемпионати 4-ўринда.

 

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz