Қайднома

Қидирув

Футбол ва ОАВ: Инсайдерлик иши

Футбол ва ОАВ: Инсайдерлик иши

  21.01.2021 03:30
  0
  305
Футбол ва ОАВ: Инсайдерлик иши

Европа футболи ҳақидаги хабарларда кўпинча Фабрицио Романо номига кўзингиз тушади. Трансферлар ойнаси очиқ пайтда бу шахс ижтимоий тармоқлар ва янгиликларга ихтисослашган сайтларда фаоллик кўрсатади.

Нега у тарқатган  маълумотларга  ишонишимиз керак?

Романо инсайдларни чуқур текширувларсиз чоп этмайдиганлар сирасидан. «Твиттер»га маълумот жойлашидан аввал уни камида учта манбадан тасдиқлатишини айтганди. Оддий мисол: ўтган йилнинг ёзида Италия матбуот Оливье Жирунинг «Интер»га ўтиши ҳақида ёзди. Романо ушбу маълумотни чоп этмади, чунки қайсидир манба уни тасдиқламаган. Якунда Жиру «Челси»да қолди.

Фабрицио Романонинг одатий куни камида 50та телефон қўнғироғи билан бошланади. Инсайдер ўзи учун алоҳида схема ишлаб чиққан. Тарқалган гап-сўзларни кўриб, кейин шаблонга мувофиқ ҳаракат қилади:

1. Дастлаб агентлар билан боғланади. Романинг таъкидлашича, айнан агентлар ҳозир барча ахборотларнинг асосий манбаи ҳисобланишади.

2. Агар агент маълумот бермаса, клубга қўнғироқ қилади. Кўп ҳолларда спорт директорлари билан алоқа ўрнатади. Масалан, «Интер» спорт директори Пьер Ауизилио Романони интизомли журналист сифатида билади, у билан иш юритишдан мамнунлигини таъкидлайди.

3. Охири навбатда Романо футболчиларга мурожаат этади. «Битта муаммо бор: кўпинча ўйинчиларнинг ўзлари ҳам яқин келажакда нима бўлишидан бехабар қолишади. Шу боис, бу маълумот унчалик ҳақиқатга яқин бўлмайди».

Агар келишувлар Италиядан ташқарида бўлса, Романо айнан шу тариқа иш юритади. Мабодо, медиа «А» серия клубларидаги трансферлар муҳокамасини бошласа, қаҳрамонимиз шаҳарма-шаҳар кезиб, базалар, меҳмонхоналарга боради, футболчи, агентнинг ташрифи, тиббий кўрик ва шартнома шартларидан биринчи бўлиб хабар топишга интилади.

«Трансферлар ойнаси - мисоли жунгли. Ҳар нарса рўй бериши мумкин. Бу гўё Чемпионлар Лигаси ўйинига ўхшайди. Ҳар бир кунга алоҳида тайёрланиш, бирор муҳим нарсани назардан четда қолдирмаслик керак. Кунига 50тадан ортиқ қўнғироқларни амалга ошираман. Телефонни дўстим деб атайман».

Трансферлар ойнаси очиқ пайтда Романо кунига беш соатдан ухлайди - тонгги 5дан 10гача. Сўнгра уйғониб, футболчилар ва клублар вакиллари билан суҳбатни бошлайди. Романо Миланда яшайди, бу шаҳарни «Италия ва Европа трансфер бозори маркази» деб атайди - ҳатто хорижий клубларга тааллуқли бўлган кўплаб келишувлар айнан шу ерда амалга оширилади.

«Биласизми, музокараларнинг ҳаммаси ҳам клублар офисида ўтказилавермайди. Функционерлар, агентлар ва футболчилар исталган жойда учрашишлари мумкин: меҳмонхона ёки ресторанларда. Шу боис, гўёки покемонлар тутиладиган ўйинни ишга туширамиз - ўша йигитларни ушлаймиз. Баъзан 9 соатлаб вақт сарфлаб, ҳеч қандай маълумот ололмаймиз. Айрим ҳолларда эса воқеа жойига борганда Поль Погба ва Мино Райолани кўриб қолишимиз мумкин. Ҳа, Райолага тўқнаш келиш - ажойиб ҳолат!».

Романонинг таъкидлашича, ҳозир трансферлар бозори анча қийинлашган. Тахминан ўн йил аввалги бозор билан солиштирганда, шундай: авваллари клублар трансфер ҳақида бир ҳафта аввал келишиб олишарди, ҳозир эса музокаралар бир ойгача чўзилмоқда. Айни пайт келишиш лозим бўлган деталлар анча кўпайган.

Масалан, агентга бериладиган пуллар. Романо мисол ҳам келтирди - ўтган йилнинг ёзида «Ювентус» икки ҳафта олдин «Аякс» билан Матиас Де Лигтнинг трансфери бўйича келишувга эришди. Кейинги бир ой ичида эса Райолага агентлик пули масаласида гаплашди.

Романо эълон Қилганидан кейин амалга ошган ёрҚин инсайдлар

Сўнггилари:

** Кристиан Эриксеннинг «Интер»га ўтиши. Романо бу ўтиш ҳақида биринчи бўлиб хабар бермаган, аммо келишув тафсилотларини аниқ келтирган биринчи инсайдер бўлди.

** Бруно Фернандешнинг «МЮ»га ўтиши. Расмий хабар чиқишидан бир кун аввал мазкур трансферни эълон қилди.

** Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га ўтиши.

** Лукакунинг «Интер»га ўтиши.

** Лерой Саненинг «Бавария»га ўтиши. Романонинг айтишича, Кристиан Фалькдан олинган тасдиқ мазкур инсайднинг қадрини оширган. Фальк - 20 йилдан ортиқ вақтдан буён «Бавария» ҳақида маълумотлар тўплайдиган, 16 йилдан бери Bild нашрида ишлаётган германиялик журналист. Одатда, у «Бавария» ва немис футболи ҳақидаги кўплаб инсайдларни инкор этади, бироқ Саненинг трансфери билан боғлиқ маълумотни ўша заҳоти тасдиқлаган.

Янглиш маълумотлар тарқатилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Bleacher Report ўтган йили Романо ҳақида кичик фильм ишлаган, унда инсайдер Анхель Корреанинг «Милан»га ўтишга яқинлиги ҳақида гапирганди - якунда футболчи «Атлетико»да қолди. Ўша фильмда Фабрицио Дармианнинг трансфер ойнаси пайти Италияга қайтиш эҳтимоли камлигини айтганди. Футболчи юртига қайтиб, «Парма» билан шартнома имзолади. Маълумот чиққанидан кейин рўёбга чиққан инсайдлар сони инобатга олинса, Романонинг янглиш ахборотлари у қадар катта муаммо саналмайди.

Романо ҳақида яна нимани билиш керак?

Машҳур инсайдернинг ўзи икки жиҳатни алоҳида ажратиб кўрсатади. Биринчиси - ўзига хос бўлган «Here we go» жумласи. Амалга ошган ҳар бир келишувдан кейинги твитида айнан шу сўзларни ҳам ёзади. Иккинчиси - фаолиятидаги старт. Романо Sky Sports Italia нашрига ўтганидан бир неча ҳафта ўтгач дастлабки инсайдларини чиқарган. Ўшанда «Барселона» академиясига алоқадор агентлардан бири унга қўнғироқ қилиб, икки нафар иқтидорли мижози ҳақида ёзишини илтимос қилган. Ўша агентнинг мижозлари Мауро Икарди ва Жерар Деулофеу эди.

Романо ҳақида қисқа фактлар:

* У Sky Sport Italia (19 ёшидан буён) ҳамда Англиянинг The Guardian нашри учун ёзади.

* Авваллари Романо бошқа бир таниқли инсайдер - Жанлука Ди Марционинг штабида ишлаган.

* Унинг «Твиттер»да 2,3 млн. нафар обуначиси бор. Ушбу тармоқдаги контентларнинг 90 фоизини инсайдлар ташкил этади. Ҳар бир твит ўн минглаб «лайк» йиғади.

* «Инстаграм»даги обуначилари сони - 1,7 млн. Бу ерда ҳам инсайдлар чоп этилади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz