Қайднома

Қидирув

Кафу: "ЖЧ – ҳар бир футболчи орзуси"

Кафу: "ЖЧ – ҳар бир футболчи орзуси"

  21.01.2021 07:07
  0
  276
Кафу:

Мана, ЖЧ-2022 стартига ҳам 2 йилдан камроқ вақт қолди. Ҳар қандай ёрқин футбол ҳодисаси кўпчилик, айниқса, орзу саналган жаҳон кубогини боши узра кўтаришга муваффақ бўлганлар учун кўп нарсани англатади. Мундиални алоҳида хотиралари ила эслайдиган футболчилардан бири - бу Бразилия миллий жамоаси собиқ сардори Кафудир. 50 ёшли мутахассис афсона мисоли фаолияти давомида жаҳон чемпионатида икки марта ғалаба нашидасини сурган. У шунинг баробарида «Сан-Паулу», «Рома» ва «Милан» клубларида ҳам етарлича «майда» совринларни қўлга киритган. Умуман олганда, «пентакампеонлар» сафида 142 марта майдонга тушган собиқ ҳимоячи бу борада Бразилия термаси рекордчисидир. Кафу айни пайт Қатар-2022 олий қўмитаси глобал элчиси сифатида тарғибот ишлари билан банд. «Сариқ дев» бўлажак мундиални интиқ ҳолда кутмоқда: у 2022 йилнинг қишида футболчилик фаолиятида бошидан кечирган энг бахтли лаҳзалари хотиралари янада ёрқинроқ намоён бўлишидан умидвор.

- Бразилия термаси гвардиячилари пешқадами ҳамда 1994 ва 2002 йиллардаги жаҳон чемпиони сифатида айтингчи, бўлажак мундиалнинг Яқин Шарқ ва Араб дунёсига биринчи ташрифи қанчалик муҳим?

- Жаҳон чемпионати ўз номи билан бутун сайёрамиз мусобақасидир. Шундай экан, ҳар бир мамлакат мезбонликка даъвогарлик қилиш ва уни ўз ҳудудида ўтказиш ҳуқуқига эга. ЖЧ айниқса, турли минтақалардаги ҳаваскорлар учун жуда ҳаяжонли воқеликдир. Ахир муайян минтақадаги мусобақа миллионлаб одамларга унда биринчи марта бевосита иштирок этиш имкониятини беради. Қатарнинг инфратузилма ва мухлислик тажрибаси бўйича нималарни режалаштираётганидан хабардорман ва шунга асосан, бемалол айтишим мумкинки, ЖЧ-2022 ҳамма учун ҳаяжонли онларни тақдим этади.

- Қатар мундиал нуқтаи назаридан минтақа ва ундан ташқарида қандай мерос қолдиради, сизнингча?

- Мундиал ташкилотчилари турнир мероси бутун дунёда ҳис этилишини таъминлаш ҳаракатидалар. Менимча, уларнинг иш ва барқарорликка садоқатлари атрофга ижобий таъсир кўрсатади ва келажакда ҳам минтақада яна йирик спорт тадбирларини ташкиллаштиришда ажойиб тажриба вазифасини ўтайди. Дейлик, энди ривожланаётган мамлакатларда спорт инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш учун стадионларнинг айрим қисмларини қайта жойлаштириш режаси бор.

- ЖЧ-2022 ўйинлари ноябрь - декабрь ойларига белгиланган. Мусобақанинг қишда ўтказилиши футбол сифатига қандай таъсир қилади?

- Турнир вақтида кўплаб футболчилар жисмоний томондан яхши ҳолатда бўлишади. Ҳар ҳолда, улар бу сафар терма жамоалар таркибига клубларидаги узоқ ва машаққатли мавсумдан кейин қўшилмайдилар. Қолаверса, Қатарда энг мўътадил об-ҳаво шароити айни шу даврга тўғри келади - буни ҳамма билади. Демакки, майдонларда ҳаяжонли футбол кўришга шайланаверинг. Демоқчиманки, катта юлдузларнинг чинакамига порламасликларига ҳеч қандай баҳона йўқ.

- Шунингдек, Қатар-2022 мундиали замонавий тарихда энг ихчам жаҳон чемпионати бўлади: барча стадионлар бир-бирига яқин, жамоалар бутун турнир давомида деярли бир жойда... Навбатдаги ЖЧ аввалгиларидан яна нимаси билан фарқланади?

- Қатар-2022 жонли футбол томошасини яхши кўрадиганлар учун чиндан ҳам, орзудаги мундиал бўлади. Ахир бир кунда гуруҳ босқичининг 4та ўйини бир-бирига яқин стадионларда ўтказилади. Демак, ҳар кимда кунига 2та учрашувни стадионда кузатиш имкони бор. Бунақаси жаҳон чемпионатининг замонавий даврида ҳали кузатилган эмас. Иштирокчи жамоалар битта яхлит базада туради ва ўйинлар оралиғида узоқ сафарлардан холи бўлади. Бу - ўйинчиларнинг кўпроқ шуғулланишлари, дам олишлари ва энг асосийси, яхшироқ тайёргарлик кўришлари учун қўшимча вақт демакдир!

- Ҳамиша ЖЧни ўз фаолиятингиз давомидаги барча турнирлар орасида энг муҳими сифатида тилга оласиз. Бунинг асосий боиси нима?

- Ҳар бир футболчи жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилади. Мундиалда дунёнинг энг яхши футболчилари билан ўйнайсиз. Хуллас, мундиал - сиз футболчи сифатида иштирок этишни хоҳлайдиган биринчи рақамли турнир.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz