Қайднома

Қидирув

Евротур: Яна қўшалоқ ўйинлар ҳамда...

Евротур: Яна қўшалоқ ўйинлар ҳамда...

  21.01.2021 09:00
  0
  312
Евротур: Яна қўшалоқ ўйинлар ҳамда...

Ортда қолган ҳафтада Испания клублари мамлакат кубоги турнирининг 1|16 финали учрашувлари ва Испания Суперкубоги беллашувлари билан банд бўлишди. Англияликлар АПЛ доирасида икки марта майдонга тушдилар. Италия, Германия ва Франция вакиллари эса ягона тур мусобақалари билан кифояландилар.

Англия. Энди навбат Манчестер грандларига

Оммавий офат туфайли кўплаб ўйинларни ўз вақтида ўтказа олмаган АПЛ жамоалари ҳар бир кундан унумли фойдаланишга интилмоқдалар. Айрим учрашувларни эса яна ўтказишнинг иложи бўлмади. Хуллас, 18-тур доирасида 4та ўйин бўлиб ўтди. 19-турнинг сўнгги беллашуви 18 январь куни ўтказилди.

Қўшалоқ турда икки марта майдонга тушган «Манчестер Сити» аввал «Брайтон»ни (1:0), кейин «Кристал Пэлас»ни (4:0) енгди ва 2-ўринга кўтарилиб олди. 12 январда «Бёрнли» майдонидаги ғалаба (1:0) эвазига етакчига айланган «МЮ»нинг амалдаги чемпионга қарши учрашувини мухлислар катта қизиқиш билан кутишганди. Бироқ «Энфилд»даги баҳс «сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган» 0:0 ҳисоби билан ниҳоясига етди. Натижада Сульшер шогирдлари ўз мавқеларини сақлаб қолишди, Клопп жамоаси эса «Лестер»ни ҳам олдинга ўтказиб юборди - «тулкилар» «Саутгемптон» дарвозасига 2та жавобсиз гол уришга муваффақ бўлишганди.

«Вулверхэмптон» ўз майдонидаги қаторасига 2та ўйинда («Эвертон» - 1:2 ва «Вест Бромвич» - 2:3) имкониятни бой берди. Натижада Нуну Эшпириту «бўрилари» жадвалнинг иккинчи ўнталигига тушиб кетишди.

Германия. Етакчига  таъқибчилар туҳфалари

Барча жабҳада аниқликни хуш кўрадиган ўлкада ички чемпионат мусобақалари ҳам бир маромда ўтмоқда. Яъни, Бундеслига вакиллари орасида кўпроқ ёки озроқ ўйин ўтказган жамоа йўқ. Ортда қолган 16-турда етакчи ва амалдаги чемпионни таъқиб этаётган жамоалар очко йўқотишди. Ҳисобот турининг дастлабки беллашувида «Унион»га қарши майдонга тушган «Байер» Берлин сафаридан кичик (0:1) ҳисобдаги мағлубият билан қайтди. Натижада майдон эгалари «доришунослар»га яқинлашиб олишди. Вольфсбургга ташриф буюрган «РБ Лейпциг» жанговар (2:2) дурангга имзо чекишга мажбур бўлди. Дортмунднинг «Боруссия»си эса «ирода» эвазига ўз майдонида «Майнц» билан очколарни бўлишиб олди - 1:1. Боз устига, Марко Ройсдек тажрибали ўйинчи пенальтини голга айлантира олмади.

Якшанба оқшомида «Фрайбург»ни қабул қилган «Бавария» Леваголнинг тезкор голи эвазига олдинга ўтиб олган бўлсада, ўз мухлисларини ўйин тугагунига қадар ҳаяжонда ўтиришга мажбур этди. Танаффусдан кейин меҳмонлар мувозанатни тиклашга ҳам улгуришди. Лекин учрашувнинг 74-дақиқасида Томас Мюллер қимматли 3 очкони тақдим этувчи ғалаба голини уришга муваффақ бўлди. Охир-оқибат, амалдаги чемпион пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Турнинг эътиборли воқеаларидан бири сифатида Лука Йовичнинг «Айнтрахт»даги бенефиси хусусида тўхталиб ўтмаслик адолатсизлик бўларди. «Реал»га ўтиши арафасида икки йил ичида франкфуртликлар рамзига айланган сербиялик ҳужумчи 54 учрашувда 25та гол уриб, супертўп-урарга айланганди. Лекин Мадридда у ўз ўрнини топа олмади: жароҳатлар, журналистлар ва мухлислар босими таъсири остида у 21 марта майдонга тушиб, атиги 2та гол билан кифояланишга мажбур бўлганди. Шундан кейин ижара асосида «Айнтрахт»-га қайтди ва дебют беллашувидаги 28 дақиқа ичида «дубл»га эришди. Айнан Йовичнинг голари «Шальке» устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабани таъминлади. Қаторасига тўрт марта зафар қучган «Айнтрахт» еврокубоклар ҳудудига яқинлашиб олди.

Италия. Златан қайтди, «Милан»ни жойига қайтарди!

15-турни бошлаб берган пойтахт дербисида «Лацио» азалий рақиби бўлмиш «Рома»га заррача имконият қолдирмади - 3:0. Аста-секин ўз ўйинини топа бошлаган «Олтин бутса» соҳибининг аниқ зарбаси ҳисобни очган бўлса, Альбертонинг «дубл»и учрашув тақдирини узил-кесил ҳал қилди. Натижада Симоне Инзаги жамоаси еврокубоклар ҳудуди чегарасига кўтарилди, «бўрилар» эса Милан грандларига яқинлашиш имкониятидан фойдалана олмадилар.

Неаполда «Фиорентина»ни 6та жавобсиз гол билан «сийлаган» «Наполи» тўплар нисбатига кўра «Рома»дан ўзиб кетди. Стартни ўта шиддатли ўтказган «Сассуоло» ўз майдонидаги «Парма»га қарши баҳснинг қўшимча вақтида мағлубиятдан қутулиб қолди. Сўнгги поғонага кўникиб қолган «Кротоне» эса кутилмаганда ўртамиёна «Беневенто»ни йирик (4:1) ҳисобда маҳв этди. Бергамода «Аталанта»дан очко тортиб олган «Женоа» бир поғона юқорилади. «Жузеппе Меацца»да «Ювентус»га қарши майдонга тушган «Интер» амалдаги чемпион устидан ишончли ғалабага эришди ва «Милан»нинг мағлубияти учун ўч олди. Тўғри, ўзи вақтинча бўлсада азалий рақиби ўрнига кўтарилиб олди. Лекин душанба оқшомида «Кальяри» майдонига йўл олган «Милан» сафардан ишончли (2:0) ғалаба билан қайтиб, пешқадамлик мақомини қайтариб олди. Ҳа, жароҳатдан фориғ бўлган Златан Ибрагимович мезбонлар дарвозасини икки бор ишғол этиб, жамоасини 1-ўринга қайтарди. Шунингдек, ўзи етакчи тўп-урарлар сафидан жой олди.

Франция. Кескин вазият  ва можаро

Ҳисобот тури натижалари фақат турнир жадвалидаги кескинликни ошириш билан чекланиб қолмади. «Марсел»нинг ўз майдонида аутсайдер «Ним»га имкониятни бой бергани мухлис ва мутахассисларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Клуб президенти Жак-Анри Эйро ўйиндан кейин футболчиларни кескин танқид қилди. Бундан ташқари, легионер футболчилар мавсум якунига қадар француз тилини ўрганиб олишмаса, ёзги трансфер мавсумида уларни сотиб юборишга ваъда берди. Шунингдек, шартнома муддати ярим йилдан кейин ниҳоясига етадиган футболчилардан икки кун ичида кейинги фаолиятлари борасида бир тўхтамга келишларини талаб қилди. «Марсел»дан кетиш ниятидаги ўйинчиларга янги жамоа топишлари учун 13 кун мухлат беришини маълум қилди. Аслида жамоадаги вазият ўта аянчли эмас. Гарчи пешқадам билан ўртадаги фарқ 10 очкога етган бўлсада, «Марсель» 2та захира ўйинига эга.

Худди «Марсель» каби, «Лион» учун ҳам тур омадсиз келди. Учрашувга етакчи сифатида етиб келган жамоа ўз майдонида «Мец»дан мағлубиятни (0:1) қабул қилиб олди. Натижада «Анже»ни маҳв этган (1:0) «ПСЖ» ва «Реймс» устидан иродали (2:1) ғалабага эришган «Лилль» уни қувиб ўтишди.

«Монпелье» майдонидан 3 очко (3:2) билан қайтган «Монако»нинг ўйини ҳам алоҳида эътиборга молик. Танаффусга икки тўп фарқи билан йўл олган князлик клуби 61-дақиқада пенальтидан гол уриб, ҳисобни йириклаштирди. Бироқ кейин 5 дақиқа ичида ўз дарвозасидан икки марта тўп ўтказиб юборди. Лекин ғалабани сақлаб қолишни уддалади. Шу тариқа жамоа етакчи квартетдаги ўрнида қолди. Тўғри, очколар бўйича тенглашиб олган, фақат тўплар нисбатига кўра, 5-поғонани банд этган «Ренн» уни изма-из қувишда давом этмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz