Қайднома

Қидирув

Мавсум тараддуди: "Пахтакор"дан "Шўртан" гача...

Мавсум тараддуди: "Пахтакор"дан "Шўртан" гача...

  21.01.2021 06:00
  0
  304
 Мавсум тараддуди:

«Пахтакор» сардори Егор Кримец янги мавсумни ҳам «шерлар» сафида бошлайди. Жамоа тарбияланувчиси саналган Егор 2011 йилдан буён асосий таркибда ўйнамоқда. Рақамларда айтсак, Кримец ҳозирга қадар юқори лигада жами 145та ўйин ўтказди. Эътиборлиси, Егор Ўзбекистонда фақат «Пахтакор» сафида майдонга тушган. У ҳозиргача Ўзбекистон чемпионатида 5 марта, мамлакат кубогида 3 марта ва Лига кубогида 1 бора ғалаба нашидасини сурди.

АГМК: ЯНА БИР ТРАНСФЕР

Олмалиқ клуби охирги бир неча йил давомида «Металлург» сафида ўйнаган ҳимоячи Аббос Отахонов билан расман шартнома тузди. Демак, орқа чизиқда ишончли ҳаракатланиши билан назарга тушган Отахонов янги мавсумда АГМК шарафини ҳимоя қилади. Жамоа сафига озод агент мақомида қўшилган футболчи 1 йиллик шартнома остига имзо чекди. Аббос Отахонов 1995 йилнинг 25 август куни Фарғона вилоятида туғилган. «Пахтакор» академиясида таҳсил олган ҳимоячи 2015 йилдан катта футболда. Жумладан, 2016 йили «шерлар» сафида 10 марта майдонга тушган. 2017 йилги мавсумда эса Отахонов «Навбаҳор»да элита доирасидаги 17та ўйинда 1та гол урди. 2018 йилдан эса қаторасига 3 мавсум «Металлург»да ўйнаб, жами 78та учрашувда майдонга тушган ва 3та гол муаллифига айланган. Умуман олганда, Аббос 6 йиллик фаолияти давомида барча мусобақаларда жами 117та ўйин ўтказиб, 4та гол урган. Аббос Отахонов 2018 йили Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг ғалаба қозонишига муносиб ҳисса қўшган. У ҳимоянинг ўнг қаноти ва марказида ишончли ўйин кўрсатади. Аббоснинг ўзи АГМК сафига қўшилганидан хурсанд: «Янги жамоага янги мақсадларни кўзлаб ўтдим. АГМКда аҳил жамоа жамланганини илк кундаёқ ҳис этиш мумкин. Юқори мақсад ва вазифаларни уддалаш ҳамда Осиё майдонларида муваффақиятли ўйнашни истайман. Билдирилган ишончдан хурсандман. Ўз ўйинларим билан жамоага фойда келтириш ва мухлисларни қувонтириш учун бор кучимни сарфлайман».

Тажрибали ҳимоячи Акмал Шораҳмедовнинг АГМК билан шартномаси якунига етган ва у ҳозирда эркин агент мақомида. Маълум бўлишича, унга «Нефтчи» жиддий қизиқмоқда. Футболчи айни пайт Фарғона клубининг Тошкентдаги йиғинида иштирок этмоқда. Sports.uz сайтининг аниқлик киритишича, Шораҳмедов жароҳатдан кейин жисмонан тикланиш мақсадида «Нефтчи»нинг сербиялик мураббийи билан индивидуал тарзда алоҳида ишламоқда.

Тажрибали футболчи Йован Жокич 2021 йилда ҳам АГМК шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. 2018 ва 2020 йилги мавсумларда АГМК шарафини ҳимоя қилиб, олмалиқликларнинг тарихий натижаларга эришишида ўз ҳиссасини қўшган ажойиб иқтидор соҳиби клуб билан шартномасини 2021 йил якунига қадар узайтирди.

 

«БУНЁДКОР»: НАВБАТ «ҲОКИМ КУБОГИ»ГА  

«Бунёдкор» бу йилги тайёргарлик жараёни доирасида Фарғонада ташкиллаштириладиган анъанавий «Ҳоким кубоги» турнирида қатнашади. Фарғона вилояти футбол ассоциацияси томонидан ўтказиладиган мазкур мусобақага 23 январь куни старт берилади. Маълум қилинишича, бу йил 16та иштирокчи жамоа 4та гуруҳга бўлинади. Финал ўйини эса 2 февраль куни бўлиб ўтади. «Ҳоким кубоги»-2021да «Бухоро», «Нефт-чи», «Қўқон-1912», «Турон», «Андижон», «Истиқлол», шунингдек, Қирғизистон клубининг қатнашиши маълум.

Дарвоқе, «Бунёдкор» сешанба куни «Қўқон-1912»га қарши назорат учрашувида майдонга тушди ва «қалдирғочлар» сафида бир қатор янги футболчилар ҳам кўриниш беришди. Жумладан, ўтган мавсум «Сурхон»да ўйнаган дарвозабон Асилбек Омонов, «Қизилқум» ярим ҳимоячиси Суннатилла Абдуллажонов ва «Сўғдиёна» етакчиси Санжар Рашидов. Натижага келсак, томонлар 2тадан гол уришди - 2:2. «Бунёдкор»нинг ҳар икки голи янги легионерлар номига ёзилди - қирғизистонлик Одил Абдураҳмонов ва нигериялик Иброҳим Томива.

«ҚўҚон-1912» - «Бунёдкор» - 2:2 (0:1)

Голлар: Шоҳруҳ Холматов (77), Андрей Сидоров (86-пен.) - Одил Абдураҳмонов (42),

 Иброҳим Томива (70).

«Бунёдкор»: Асилбек Омонов, Улуғбек Абдуллаев, Абдулла Абдуллаев, Хуршид Убайдуллаев, Суннатилла Абдуллажонов, Лутфулла Тўраев, Хуршид Ғиёсов, Санжар Рашидов, Одил Абдураҳмонов, Нурилло Тўхтасинов, Миржаҳон Мираҳмадов.

Захирадан тушганлар: Равшан Ягудин, Фаррух Икромов, Иброҳим Томива.

«ҚЎҚОН-1912»: «БУНЁДКОР»

 БИЛАН ДУРАНГ

Бахтиёр Ашурматов бошқарувидаги жамоа Тошкентда бошланган машғулотларни режа асосида давом эттирмоқда. Футболчилар кунига икки маҳал шуғулланишмоқда. Табиийки, мураббийлар штаби селекция ишларига ҳам жиддий қарашмоқда. Кутилишича, жамоанинг кейинги йиғинига бир қатор янги футболчилар чақирилади. «Қўқон-1912» сешанба куни навбатдаги назорат ўйинида «Бун-ёдкор» билан куч синашди. Эътиборли томони, унда VAR тизимидан фойдаланилди. Айтиш жоиз, қўқонликлар 70-дақиқадан кейин 0:2 ҳисобини 2:2га айлантиришди. Аввалига Шоҳруҳ Холматов бурчак зарбасидан сўнг ҳисобни қисқартирди. 85-дақиқада эса, VAR аралашуви билан пенальти белгиланди ва ундан Андрей Сидоров унумли фойдаланди.

«ҚЎҚон-1912» - «Бунёдкор» - 2:2 (0:1)

Голлар: Шоҳруҳ Холматов (77), Андрей Сидоров (86-пен.) - Одил Абдураҳмонов (42), Иброҳим Томива (70).

«Қўқон-1912»: Элдор Адҳамов, Ойбек Рустамов, Бобур Акбаров, Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Фарҳод Бекмуродов, Иқбол Маликжонов, Сардор Азимов, Муҳаммад-анас Ҳасанов, Собит Синдаров, Мўмин Мелиев.

Захира: Хуршид Хўжаев, Шоҳруҳ Холматов, Жавлон Гусейнов, Аваз Маматхўжаев, Азамат Исроилов, Сардор Етовқўзиев, Муҳсин Норматов, Рустам Абдуҳамидов, Шоҳназар Норбеков, Андрей Сидоров, Дидар Дурдиев.

 

«МЕТАЛЛУРГ»: НУРМАТОВ ҚАЙТДИ

Охирги 2 мавсум АГМКда тўп сурган Шаҳзод Нурматов 5 йиллик танаффусдан сўнг «Металлург»га қайтди. Ушбу ҳужумчи 2011-2015 йиллар давомида айнан Бекобод клуби шарафини ҳимоя қилиб, Ўзбекистон чемпионатида нақ 35та гол урганди. Нурматовнинг 2019-2020 йиллар Суперлигада АГМК учун атиги 3та гол урганини ҳам айтиш жоиз.

 

«НАВБАҲОР»: МАШҒУЛОТДАН ОЛДИН ТАНИШТИРУВ

Наманган жамоаси навбатдаги йиғинни Тошкентда бошлади. «Лочинлар» пойтахтдаги илк машғулотларни сешанба куни «Тўқимачи» стадионида ўтказишди. Ундан олдин «Навбаҳор» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов футболчиларга куни кеча жамоа билан шартнома имзолаган Баҳром Абдураҳимов ва Қувондиқ Рўзиевни таништирди. Қувноқ кайфиятда ўтказилган машғулотлардан сўнг жамоа етакчиларидан бири Азим Аҳмедов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: «Янги мавсумга тайёргарликнинг биринчи босқичида кўпроқ жисмоний ҳолатга эътибор қаратилди. Мана, энди Тошкентда шуғулланяпмиз. Сафимизга яхши футболчилар қўшилаётганларини айтишим жоиз. Чемпионатга ҳозирлик яхши кетяпти. 30 январга қадар пойтахтда, шундан сўнг хорижда машғулотларни давом эттирамиз. У ерда кўпроқ назорат учрашувлари ўтказиш кўзда тутилган. Ўйлайманки, шу ўйинлар орқали янги футболчилар билан бир-биримизни янада яхшироқ тушуниб оламиз. Жамоа олдига ҳар доимгидек, чемпионлик ва юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилади. Ўтган йили ҳам мақсад шундай эди. Бироқ пандемия туфайли ўйлаганларимиз ўхшамади. Бу йил ниятимиз кучли учликка кириш ва ОЧЛга йўлланма олиш. Ўзимга келсак, легионерга айланишимга оз қолганди. Лекин вилоят ҳокими, қолаверса, Одил акам билан маслаҳатлашиб, «Нав-баҳор»да қолдим».

 

«ЛОКОМОТИВ»: ОЧИҚ МАШҒУЛОТ

«Темирйўлчилар» янги мавсумга қаратилган ҳозирлик ишларини режа асосида давом эттиришмоқда. «Локомотив» мураббийлар штаби 22 январь (жума) куни ОАВ учун очиқ машғулот ўтказишга қарор қилди. Демак, ОАВ вакиллари жума куни ТТЙМИ стадионида соат 11:15да бошланадиган машғулотлар жараёнини бемалол кузатиш боришлари мумкин. Таъкидланишича, ўша маш-ғулотларни португалиялик мураббий Микаэль Секейранинг шахсан ўзи олиб боради.

 

«МАШЪАЛ»: НИГЕРИЯЛИК ФУТБОЛЧИЛАР БИЛАН КЕЛИШУВ

Муборак клуби ўз сафига икки нафар нигериялик футболчини қўшиб олди. Ҳужумчи Самуэль Онониву 1997 йилнинг 10 февраль куни Кано шаҳрида туғилган. У вақтида Нигерия терма жамоасида, шинингдек, Маврикий Суперлигаси клублари - «Силвестер» ва «Болтон Сити»да тўп сурган. Мазкур футболчи билан 3 йиллик битим расмийлаштирилди. 1999 йилнинг 12 сентябрида Лагос шаҳрида туғилган ярим ҳимоячи Укеме Уильямс ҳам айнан 3 йиллик шартнома остига имзо чекди. 21 ёшли Уильямс Нигериянинг «Бендель Иншуренс» , «Эл-Канеми Варриорс», «Викки Туристс» ва «Аква Юнайтед» клубларида фаолият юритган.

 

«ҚИЗИЛҚУМ»: ОММАВИЙ ТАДБИР

«Қизилқум» ҳамда Навоий вилояти футбол ассоциацияси ҳамкорлигида оммавий тадбир ташкил этилди. Бунда жамоа футболчилари ва мутасаддилари Навоий шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, кўргазмали учрашувда қатнашдилар. Аниқроқ айтсак, тадбирда «Қизилқум»нинг тажрибали футболчилари - Игнатий Нестеров, Ойбек Қиличев, Владислав Касминин, Эркин Бойдуллаев ва Шерали Жўраев иштирок этишди.

Уларга жамоа бош мураббийи Ҳамиджон Актамов ва Навоий вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Обид Жумаев бошчилик қилишди. Футболчилар тадбир давомида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, уларга жамоа номидан эсдалик совғалари топширишди.

Таркибдаги ўзгаришларга келсак, 2020 йилги мавсумни АГМКда ўтказган грузиялик икки футболчи клубга қайтди. Ҳар ҳолда, жамоа раҳбарияти Элгужа Григалашвили ва Мате Ватсадзе билан оғзаки келишувга эришишди. Шу тариқа улар янги мавсумга «Қизилқум» сафида тайёргарлик бошлашди. Маълумот учун, Ватсадзе Суперлига-2020нинг 21та ўйинида майдонга тушиб, 5та гол урди. Григалашвили эса 21та учрашувда 7та гол муаллифига айланди.

 

«ИСТИҚЛОЛ»: ТАРКИБДА СМОЛЯЧЕНКО

Профессионал фаолиятини «Нефтчи»да бошлаган Павел Смоляченко «Истиқлол» машғулотларида қатнашмоқда. Бу ҳақда Фарғона клуби матбуот хизмати хабар тарқатди. Павел охирги йилларда фаолиятини хорижда давом эттирди. У юртимизда «Нефтчи»дан ташқари, «Локомотив», «Динамо», «Бухоро», «Андижон» ва «Металлург» клублари сафида ҳам тўп сурган. 29 ёшли ярим ҳимоячининг «Истиқлол»да қолиш-қолмаслиги унинг машғулотларда мураббийларда қандай таассурот уйғотишига боғлиқ.

Жамоа яқинда старт оладиган «Ҳоким кубоги»да иштирок этади. Анвар Бердиев бошқарувидаги «Истиқлол» ҳозирча кунига бир маҳал машғулот ўтказмоқда. Таркибда эътиборга молик ўзгаришлар бор. Смоляченкодан ташқари, вақтида Анвар Бердиев билан «Нефтчи»да бирга ўйнаган Фаррух Турдалиев, Иқбол Бобохонов, Дилёр Эрматов ва Мансур Саидов ҳам айни пайт «Истиқлол» машғулотларида тер тўкишмоқда. Шунингдек, ўтган мавсумдаги футболчилардан Нодир Ашурматов, Аҳрор ва Раҳматулло Ўктамов, Абдуҳолиқ Қурбонов, Элёр Мамасолиев ҳамда Сардор Сотволдиев ҳам жамоа ихтиёридалар. Селекция ишлари давом этмоқда. Машғулотларда бош мураббий Анвар Бердиевга дарвозабонлар устози Баҳодир Шамшиддинов яқиндан ёрдам бермоқда.

 

«ШЎРТАН»: ТАЙЁРГАРЛИК БОШЛАНДИ

Ғузор клуби ҳам янги мавсумга тайёргарлик жараёнини бошлади. «Оқ бўрилар» 19 январь куни жамоа қароргоҳида тўпланишди. «Шўртан» мураббийлар штабида ўзгариш йўқ. Яъни ўтган йили жамоани бошқарган Асрор Алиқулов ўз ишини давом эттирмоқда. Ўқув-машғулотлар йиғинини Ғузор болалар спорт мажмуасининг сунъий ва табиий қопламали майдонларида олиб бориш кўзда тутилган. ФИФА томонидан 2020 йили қўлланилган трансферлар тақиқи туфайли «Шўртан»да янги футболчилар жалб этиш имкони йўқ. Шунинг учун жамоа янги мавсум учун Ғузор академиясининг истеъдодли тарбияланувчилари ва маҳаллий футболчилардан таркиб шакллантиради.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz