Қайднома

Қидирув

Лигардиньо - бош мем ёхуд АПЛнинг АСОСИЙ АНТИҚАҲРАМОНЛАРИДАН БИРИ...

Лигардиньо - бош мем ёхуд АПЛнинг АСОСИЙ АНТИҚАҲРАМОНЛАРИДАН БИРИ...

  22.01.2021 05:50
  0
  331
Лигардиньо - бош мем ёхуд АПЛнинг АСОСИЙ АНТИҚАҲРАМОНЛАРИДАН БИРИ...

Яқин ўтмишда Европанинг келажаги порлоқ футболчиси сифатида мухлису мутахассислар эътиборини ўзига қаратган Жесси Лингард ҳозир «МЮ»да бош мураббий Оле-Гуннар Сульшер учун ечими йўқ жумбоқ бўлиб турибди. Хўш, бунинг сабаби нима? «Қизил иблислар» вакилини қайси жин чалишга журъат этди?

***

Жессининг 2015|2016 йиллар мавсумидаги ҳолатига нидерландиялик Луи ван Гал ўта қисқа ва аниқ баҳо берганди: «Лингарддан бағоят мамнунман. У кун сайин ўсмоқда. Шу кетишда Европанинг энг яхши футболчисига айланади. Бунинг учун унда барчаси мужассам». Энди қиёслаш учун Жесси Лингарднинг 2020 йилги ҳолатига эътибор қаратинг: у «МЮ» қайдномасидан атиги 3 марта жой олди (АПЛ учрашувларида). Атрофида - бошқа жамоа­га ўтишига оид миш-мишлар. Оёқлари остида эса - тубсиз жарлик. Хуллас, Жесси қандайдир 5 йил ичида порлоқ келажак мақомини бой бериб, жамоадан тезроқ кетиши учун мутасаддиларни хайр-эҳсон қилиш даражасига келтириб қўйган тоза ландавурга айланди. «Бу клубни бутун вужудим билан севаман. «МЮ» - менинг уйим, борлиғим» -  июлда айтилган ушбу жарангдор гаплар ҳозир сариқ чақага ҳам арзимайди. Лингард - порлашга улгурмай сўниб қолган ва қисмат қарорини кутаётган ноёб иқтидор. Ҳа, қарорни қабул қилаётган эмас, буни кутаётган футболчи. Жумбоқ унинг жамоадан кетиши билан ечилади. Фақат қачон, шуниси номаълум.

***

Мураббийлик соҳасида янги авлод вакили саналган Оле-Гуннар Сульшер бу масалада асл донишмандларга хос иш тутди - Жессига узоқ вақт ва етарлича ишонч билдирди. Ҳаттоки, спорт формаси талабга жавоб бермайдиган паллаларда ҳам сабр билан кутди. Норвегиялик мутахассис «ношуд» шогирдига қандай олижаноблик кўрсатганини унинг статистик кўрсаткичларига қараб, осонгина фаҳм­лаш қийин эмас:

2017|2018 йиллар мавсуми - 13та гол ва 7та самарали узатма

2018|2019 йиллар мавсуми - 5та гол ва 4та самарали узатма

2019|2020 йиллар мавсуми - 4та гол ва 2та самарали узатма

2020|2021 йиллар мавсуми - 0 ва 0

Нима бўлди? Қисқача айтганда, Жесси Лингард рақобатда енгилди ва яроқсиз спорт формаси туфайли ночор вазиятга тушиб қолди. Сульшер бундан 1,5 йил олдин ҳам футболчини баралла қўллаб-қувватлаганди: «Жессига тўлиқ ишонаман. Ҳа, у салбий ҳиссиётлар домига тушиб қолди ва ҳозир спорт формаси биз истаган даражада эмас. Лекин такрор айтаман, Жесси салоҳиятига шубҳам йўқ. У қобилиятли йигит ва ишонаманки, олдинги савиясини тезда тиклаб, «МЮ» янада кучлироқ жамоага айланишига ҳисса қўшади». Қизиқ, норвегиялик мутахассис энди нима демоқда? У ҳамон Лингарддан умидвор: «Жессидан умид узмайман. Ахир у бизнинг ўйинчимиз. Жесси машғулотларда кўп тер тўкмоқда. Аммо жароҳатлар ва коронавирус борасида омади келмади. Тўғри, у вирусга чалингани йўқ, лекин тест синови ижобий натижа берган тахминий беморлар қаторига тушди. Шунинг оқибатида кўплаб ўйинларни ўтказиб юборди».

***

Transfermarkt портали маълумотига кўра, Лингард охирги марта бундан 2 йил аввал жиддий жароҳатга йўлиққан ва 20 кун муддатга сафдан чиққанди. Хуллас, шахсий натижасининг кескин пасайиб кетганини жароҳат ёки шикастланиш билан изоҳлаш мумкин эмас. Таркибдаги жой учун рақобатда имкониятни бой бергани эса, айни ҳақиқат. Ҳозир унинг позициясида Бруну Фернандеш мутлақ ҳукм­ронлик қилмоқда. Португалиялик футболчининг ўта самарали тўп сураётганини назарда тутсак, Жессида асосий таркибдан мустаҳкам жой олиш имконияти нолга тенг, ҳисоби. Тахминларга кўра, Лингарднинг спорт формасига шахсий муаммолари салбий таъсир кўрсатди - янги туғилган қизалоғи кўп вақтини олди, онасининг бетоблиги руҳиятини синдирди. Футболчининг майдондаги камчиликлари ҳам етарли. Бироқ айнан руҳий зарбалар уни кўпроқ ҳолдан тойдирди, чоғи. Умуман, Жесси охирги 2 йилни пала-партиш ва турли югур-югурлар билан ўтказди:

***2019 йили онасининг оғир хасталиги туфайли оила бошлиғи мақомини ўзига олди ва 12 ёшли укаси ва 15 ёшли синглиси назоратига кўпроқ вақт ажратишга мажбур бўлди. Бу юмуш унинг куч-қувватини олди, эътиборини чалғитди. Жесси ҳаттоки, машғулотлар жараёнида ҳам футбол ҳақида ўйлашга фурсат тополмай қолди.

***Яқинда Жесси оиласида яна фарзанд туғилди. Бу қувончли воқеа, албатта. Бироқ Лингард янгиликнинг бошқа жиҳатини тилга олди: «Ҳа, оиламда яна битта одамча пайдо бўлганидан беҳад мамнунман. Бироқ энди бор ҳиссиётларимни унга сарфлаяпман. Киши ота бўлгандан кейин бутун фикри-зикри чақалоққа бурилар экан. Тўғриси, қандайдир бошқа юмушни амалга ошириш қийинлашиб қолди...».

***Қўшимчасига, турли-туман можаролар гулдастаси. Масалан, тунги клублардаги кўнгилхушликлар ва алкоголь туфайли таблоидларнинг биринчи саҳифасидан жой олиш...

***

Футболчи атрофидаги муҳитнинг ёмонлашувига сабаб бўлган бир воқеа бор. Лингард пандемиянинг дастлабки босқичида ўз тасарруфидаги корхона орқали ҳимоя ниқобларини сотувга чиқарди. Донаси 12 фунтга баҳоланган ниқобларни харид қилганлар матоҳга ўта ёқимсиз муносабат билдиришди: «Буни сотиб олгандан кўра, коронавирусга чалинган афзалроқ». Шундан кейин Жессининг шарифи норасмий равишда ўзгарди - «Лингардиньо».

***

Мухлислар энди Лингард атрофида юзага келган вазиятга турлича қарашмоқда. Жумладан, Жессини ҳақоратлаётганлар ҳам, ижтимоий тармоқлар орқали калака остига олаётганлар ҳам кўп. Футболчи барча нохушликлар ва уни Роналдиньога қиёсан таҳқирлашаётганидан яхши хабардор, албатта. Лекин фақат бир бора изоҳ бериш билан кифояланди: «Улар нимани истасалар, қилаверсинлар. Бугунги бош вазифам - тезроқ майдонга қайтиб, менга ишонмайдиганлар ноҳақ эканликларини исботлаш».

***

«МЮ» ЧЛ гуруҳ босқичида курашни тўхтатди. Айб мураббийдами ёки таркибда? Марҳамат, жамоадаги ички муаммолар ва Сульшерга нисбатан айтилаётган эътирозларга ҳам бирров назар соламиз. Аввало, энг муҳими: Жесси Лингарднинг тақдири нима бўлади? Ҳозирча аниқ ечим йўқ. Унинг шартномаси жорий мавсум охирида ниҳоясига етади. Шундай экан, «МЮ» қанчадир маблағга эга бўлиш учун ҳозирнинг ўзида Жессига харидор излаши лозим. Матбуотда турли вариантлар муҳокама қилинмоқда:

***«Шеффилд». Аммо бу клуб ижара шартномасини таклиф этмоқда. «МЮ» учун манфаати оз вариант.

***«Реал Сосьедад». Бу ҳам ижара.

***ESPNдан хабар - Лингардга «Зенит» қизиқмоқда.

Лекин буларнинг барчаси ҳозирча норасмий мақомдаги таклифлар. Асосий ҳаракатни томонлар қишки трансфер бозори давомида амалга оширсалар, ажабмас. Ҳозирча вазият оддий: Лингарднинг кетиши аниқ, «МЮ» ундан умидини узган. Бироқ жамоа ўз футболчиси ортидан озми-кўп пул олиши керак. Лингарднинг шартномасида келишув муддатини автоматик равишда 1 йилга узайтириш имконияти назарда тутилган. Агар бу банд фаоллаштирилса (шундай миш-мишлар ҳам йўқ эмас), Жесси 2022 йилнинг ёзида эркин агент мақомига эга бўлади. У ҳолда жамоа Лингардга яна бир мавсум давомида ҳафтасига 100 минг евродан иш ҳақи тўлайди. Футболчининг ҳозирги трансфер баҳоси 14 млн. еврога тенг. Клуб уни шу баҳода сотиб юборишдан манфаатдор ва бу мантиқан тўғри ҳам. Аммо муаммо шуки, деярли майдонга тушмай қўйган ўйинчига шунча маблағ сарфлайдиган харидор топиш мушкул...

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz