Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Порлашда давом этинг!

Вундеркиндлар: Порлашда давом этинг!

  23.01.2021 12:20
  0
  204
Вундеркиндлар: Порлашда давом этинг!

2020 йили кўплаб ёш футболчилар ўз иқтидорларини намойиш этишди. Шундан келиб чиққан ҳолда, championat.com сайти 2021 йилда порлаши кутилаётган, ҳали 20 ёшга тўлиб улгурмаган 10 нафар футболчидан иборат рўйхат тузди. Ундан ҳали оммага исм-шарифи унчалик таниш бўлмаганлар билан биргаликда аллақачон довруқ қозониб улгурганлар ҳам ўрин олишган.

ЮССУФА МУКОКО, 16 ёш («Боруссия», Дортмунд)

Келиб чиқиши камерунлик бўлган иқтидор эгаси тенгдошларидан анча ўзиб кетди. Бундеслиганинг U-17 ёшлар жамоалари ўртасидаги мусобақада Юссуфа 56та учрашувда майдонга тушиб, 90та гол урди, 16та голга ассистентлик қилди. Мукоконинг ўзидан икки ёш катта футболчилар ўртасидаги мусобақада қайд этган кўрсаткичлари ҳам бошқаларникидан анча юқори бўлди: 25та ўйин, 47та гол, 10та самарали узатма. Олдинда эса уни ҳақиқий Бундеслига баҳслари кутиб турарди. Бироқ Юссуфа у ерга қанчалик интилмасин, 16 ёшга тўлишини кутишига тўғри келди. Ўтган йилнинг 20 ноябрь куни ниҳоят, Мукоко мақсадига етиб, «Боруссия»нинг асосий таркибида дебютини нишонлади. Яқинда Юссуфа Бундеслигадаги илк голини уриб, Германия чемпионатида тўп киритган энг ёш футболчига айланди. Бундан ташқари, 16 ёшли иқтидор эгаси Чемпионлар Лигаси баҳсларида ҳам майдонга тушишга улгурди, дортмундликларнинг Санкт-Петербургда «Зенит»га қарши кечган ўйини (2:1)да иштирок этди. «Холанд ва Юссуфани биргаликда майдонга тушириб, уларнинг маҳоратларидан самарали фойдаланса бўладими? Албатта, бўлади», - дейди «Боруссия»ни яқиндагина қабул қилиб олган мураббий Эдин Терзич. Ҳақиқатан ҳам, бу дуэтни кузатиш қизиқарли.

ЖОВАННИ РЕЙНА, 18 ёш («Боруссия» Дортмунд)

«Боруссия»нинг яна бир вундеркинди. Рейна дортмундликлар таркибидаги дебютини бир йил олдин нишонлаганди. Аҳамиятлиси, нафақат унинг Бундеслигадаги дастлабки ўйини омадли чиқди, шунингдек, ЕЧЛда битта голга ҳаммуаллифлик ҳам қилди. «Боруссия»нинг ЕЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «ПСЖ»га қарши ўз майдонида ўтказган ўйини (2:1)да Жованни захирадан майдонга тушиб, ўша баҳсда «дубль» қайд этган Эрлинг Холанднинг битта голига пас берди. Жорий мавсум Рейна «Боруссия»нинг асосий таркибидан муқим жой олишга улгурди. У дортмундликларнинг барча турнирлардаги 23та ўйинида майдонга тушиб, 4та тўп киритди, 6та голга ассистентлик қилди. 2020 йилнинг кузида эса Жованни АҚШ термаси таркибида илк марта майдонга тушди. Transfermarkt портали Рейнанинг трансфер нархини 30 млн. евро этиб белгилади. Жованни 18 ёшли футболчилар орасида бу борада фақатгина Ансу Фати (80 млн. евро) ва Эдуардо Камавинга (50 млн. евро)дан ортда, холос.

ДОМИНИК СОБОСЛАИ, 20 ёш («РБ Лейпциг»)

Венгриялик хавбек Австриянинг «Зальцбург» клуби ҳамда ўз терма жамоасидаги ёрқин ўйинлари орқали омма эътиборига тушди. Айнан Доминикнинг исландияликлар дарвозасига урган голи боис, Венгрия термаси Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритди. Собослаини Европанинг кўплаб топ-клублари ўз таркибларида кўришни хоҳлашганди ва у Германиянинг «Лейпциг» жамоаси сафига қўшилди. Доминикнинг савияси Австрия клуби даражасидан анча ошиб кетганлиги ўшандаёқ кўзга ташланаётган, унинг кучлироқ клуб таркибига қўшилиши вақтга боғлиқ бўлиб қолаётганди. Собослаида «Лейпциг» таркибидан мустаҳкам ўрин олиш ва футболчи сифатида ўсиш учун барча хислатлар мавжуд. Келажакда Доминикнинг сайёрамиздаги энг яхши вингерлардан бирига айланиши эҳтимолдан холи эмас. Ўз навбатида, Собослаининг универсал футболчи эканлигини ҳам таъкидлаш жоиз. У ҳар икки қанотда ҳам бир неча позицияларни ёпишга, шунингдек, зарур пайтда майдон марказидан жой олишга ҳам қодир.

ЭДУАРДО КАМАВИНГА, 18 ёш («Ренн»)

«Ренн»даги ушбу юксак иқтидор эгаси ҳақида анчадан буён гапиришади. Эдуардонинг ҳисобида Франция термасининг бирданига иккита рекорди бор. У «учранглилар»нинг сўнгги 100 йилдаги энг ёш дебютанти ва гол муаллифи саналади. Камавинга ушбу рекордларни 2020 йилнинг кузида қайд этди. Эдуардо ўйиндан-ўйинга очилиб бормоқда, камтаргина «Ренн» жамоасининг уни ўз таркибида ушлаб қолиши қийин масала. Боз устига, Камавинганинг «Реал»га трансфер қилиниши борасида ҳам хабарлар тарқалмоқда. Декабрь ойи бошида ёш хавбек янги агент билан шартнома имзолади. У эса «Қироллик клуби» президенти Флорентино Перес билан яхши таниш бўлган Жонатан Барнеттдир. Бу факт 18 ёшли иқтидор эгасининг мадридликлар таркибига ўтиши борасидаги миш-мишларни янада кучайтирди.

АНСУ ФАТИ, 18 ёш («Барселона»)

Каталонияликларнинг иқтидорли футболчиси мавсумни жуда яхши бошлаб, «Барселона»нинг барча мусобақалардаги 10та учрашувида майдонга тушди ва 5та тўп киритиб, 4та голга пас берди. Бироқ кейинчалик Ансу тиззасидан жиддий жароҳатланди. Унинг 2021 йил мартида жароҳатидан фориғ бўлиб, сафга қайтиши кутилмоқда. Ансу Испания термаси таркибидаги дебютини нишонлашга ҳам улгурганди. Ўтган йилнинг 6 сентябрь куни Миллатлар Лигаси доирасида украиналикларга қарши Мадридда кечган баҳс (4:0)да Фати пенальти ишлаш билан бирга, ўзи ҳам гол урди ва испанияликларнинг йирик ҳисобдаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Умид қиламизки, жароҳат келажаги порлоқ деб қаралаётган Фатининг кейинги фаолиятига салбий таъсир ўтказмайди.

ДЕЯН КУЛУШЕВСКИ, 20 ёш («Ювентус»)

«А» сериянинг ўтган мавсумдаги асосий кашфиётларидан бири. Кўпчиликни Деяннинг «Ювентус» ўйинига қанчалик тез мослашиши қизиқтираётганди. Бу эса жуда тез фурсатда юз берди. У «кекса синьора»нинг 18та ўйинидан 9тасида бошланғич таркибда майдонга тушди. Кулушевски рақиблар дарвозасини 3 марта аниқ нишонга олгани ҳолда, 2та голга ассистентлик қилди ва бу борада туринликлар сафида 5-кўрсаткични қайд этди. Жамоанинг янги аъзоси учун яхши кўрсаткич. Бизнингча, 2021 йилда Деян ўз олдига улкан режалар қўйиб, «Юве»нинг асосий таркибига мустаҳкам ўрнашиш учун астойдил ҳаракат қилса керак.

САНДРО ТОНАЛИ, 20 ёш («Милан»)

Ҳозирча Сандронинг «Милан» бошланғич таркибидан жой олиши осон кечмаяпти. Италияда «янги Пирло» деб аталаётган Сандро «Брешиа» сафида анча фойдали ўйин намойиш этиб, кўплаб муҳим узатмаларни (1,9га 0,5) амалга оширган, дарвозага тез-тез зарбалар берган (0,8га 0,4), шунингдек, алдамчи ҳаракатларни (1,1га 0,6) қайд этганди. Шундай бўлса-да, Тоналининг улкан потенциалга эга эканлиги ва «россонерлар»нинг бежиз унга умид боғламаётганлиги ҳам бор гап. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, миланликлар Сандрони ижарага олишган ва уни харид қилмасликлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Барчаси 2020|2021 йиллар мавсумининг 2-даврасида Тоналининг қандай ўйин намойиш этишига боғлиқ.

ФЕРРАН ТОРРЕС, 20 ёш («Манчестер Сити»)

Испаниялик ярим ҳимоячи Хосеп Гвардиола нега уни «Валенсия»дан «шаҳарликлар» таркибига қўшиб олганлигини ўз ўйинлари билан исботламоқда. Торрес Раҳим Стерлинг билан биргаликда «Манчестер Сити»нинг энг яхши тўпурари ҳисобланади (барча мусобақаларда 7тадан гол). Таъкидлаш жоизки, Ферран асли вингер саналсада, асосан ўзи учун ўзгача бўлган позиция - марказий ҳужумчи сифатида ўйнамоқда. Бизнингча, Ферраннинг ўзи ҳам Гвардиоланинг мазкур қарорига қарши эмас. «Ҳужум марказида ўйнаш мен учун қулай», - деди Торрес «шаҳарликлар»нинг «Ньюкасл»га қарши кечган, ўзи ҳам гол урган ўйини (2:0)дан сўнг. - Келгусида ҳам ўз устимда ишлаб, кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламан». Таъкидлаш жоизки, Испания терма жамоасида ҳам Ферраннинг ишлари кўнгилдагидек кечмоқда. У ўз юрти бош жамоасида 7та ўйинда 4та тўп киритди.

БУКАЙО САКА, 19 ёш («Арсенал»)

Сака - яқиндагина бўлиб ўтган «Арсенал» ва «Челси» жамоалари ўртасидаги «Лондон дербиси»нинг асосий қаҳрамони саналади (АПЛ 15-туридан ўрин олган, 26 декабрь куни бўлиб ўтган ушбу учрашувда «канонирлар» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. «Арсенал»нинг сўнгги голига Сака муаллифлик қилди). Whoscored талқинига кўра, Букайо ўша ўйинда «тўпчилар»нинг энг яхши футболчиси деб топилди (7,71). «Челси» билан бўлган баҳсда унинг ҳисобида 2та зарба, 2та муваффақиятли алдамчи ҳаракат бор. Шунингдек, Сака ўша баҳсда бир марта рақибдан тўпни олиб қўйган ҳолда, яна бир ҳолатда рақиб ҳужумини бартараф этди. Унинг «Челси» дарвозасига урган голи жуда чиройли кўриниш олганлигини ҳам айтиш лозим. Жорий мавсум «Арсенал» таркибида барча мусобақаларда 20та ўйинда майдонга тушган Сака ўз ҳисобига 3та гол ва яна шунча пас ёздириб қўйди. Букайонинг универсаллиги ҳам ҳайратланарли: шу кунгача 7та позиция, яъни чап қанот ҳимоячисидан тортиб, ўнг қанот вингери сифатида тўп сурди. Сака тараққиётга эришмоқда ва у Англия термаси таркибидан жой олишга ҳақли. «Арсенал» жорий мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаяпти. Лекин унинг сафида янги қаҳрамон пайдо бўлгани айни ҳақиқат.

МЭЙСОН ГРИНВУД, 19 ёш («Манчестер Юнайтед»)

Умуман олганда, англияликлардан иқтидорли футболчилар авлоди етишиб чиқмоқда. Бунга навбатдаги ёрқин мисол сифатида «МЮ»нинг маҳоратли ҳужумчиси Мэйсон Гринвудни келтириш мумкин. Ўтган мавсум у 17та тўп киритиб, 5та голга ассистентлик қилди. Кечагина ўринбосарлар таркибида ўйнаган футболчи учун бу ажойиб кўрсаткич ҳисобланади. Бироқ жорий мавсум Гринвуднинг статистикаси бироз камтарона кўриниш олган: 3тадан гол ва самарали узатма. Аммо «иккинчи йил синдроми»ни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. «МЮ»дагилар Мэйсоннинг келажаги порлоқ эканлигига ишонишади. Яқинда эса Гринвуднинг «қизил иблислар» билан 2025 йил ёзигача давом этадиган шартномага имзо чекиши хусусида маълумотлар тарқалди.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz