Қайднома

Қидирув

Функционерлар: Ўзи “Хетафе”да - кўнгли “Реал”да

Функционерлар: Ўзи “Хетафе”да - кўнгли “Реал”да

  23.01.2021 14:40
  0
  198
Функционерлар: Ўзи “Хетафе”да - кўнгли “Реал”да

Анхель Торрес, мана 18 йилдирки, «Хетафе»ни бошқармоқда. Умуман, фаолияти чакки кечмаяпти: фанатлар трибунасида кўриниш беради, клубни Чемпионлар Лигасига олиб чиқишни орзу қилади, бир неча марта жамоанинг еврокубокларда қатнашишига ҳисса қўшди, унинг клуби атиги бир марта, бир мавсумга элитани тарк этди.

Шу вақт мобайнида Торрес «Реал»га меҳри юқорилигини очиқ-ойдин намойиш этди. У расмий фан-клуб аъзоси, «қаймоқранглилар» президенти Флорентино Перес билан муносабатлари яхши, ҳар йили уч марта «Сантьяго Бернабеу»га абонемент олади.

Қурилиш бизнесида  бойлик орттирди

Анхель Торрес Толедода туғилган, 10 яшарлигида оиласи билан Хетафега кўчиб ўтган. Қаҳрамонимизнинг ёшлиги айнан шу ерда ўтди, ўқишдан воз кечиб, маиший техника ишлаб чиқарувчи Kelvinator заводида ишлашни маъқул кўрди. У ерда танишлар орттирди (директор билан дўстлашиб, кейинчалик бирга бизнес юритди), бироз маблағ орттирди ва ташкилотда ўзининг иштирокида амалга оширилган иш ташлашдан кейин истеъфога чиқди.

Кейинчалик Торрес ўзини қурилиш бизнесига урди - бир неча йил ичида Хетафе ва Мадрид яқинида кўплаб турар-жой комплекслари қурди, долларли миллионерга айланди, компаниядаги улушининг маълум қисмини сотди. Сўнгра ўйинлар (казино, тотализатор каби) бизнесига ўтиб, молиявий ҳолатини янада яхшилади.

Торрес болалигидан футболга қизиқарди. «Реал» ва «Хетафе» иштирокидаги ўйинларни кўриш учун стадионга борсада, «Қироллик клуби»га мухлислик қиларди. «Хетафе»га 2002 йилнинг бошида келди, шаҳар мэри Педро Кастро ундан клубни сотиб олишни сўраганди. Бу ҳақда функционер шундай сўзлайди: «Биз «Хетафе» иштирокидаги ўйин пайти учрашдик. Ўшанда жамоа ким билан ўйнаганини ҳозир эслолмайман. Кастро клубни сотиб олишга хоҳишим бор-йўқлиги ҳақида сўради. Бир ҳафта ўйладим, бу пайтда у қарийб 100 марта қўнғироқ қилди. Охир-оқибат таклифга кўндим. Ушбу қарорни қабул қилганимга ҳеч қачон афсусланмадим. «Хетафе» ҳаётимнинг муҳим қисмига айланди».

«Афсусланмаслик» масаласига тўхталсак. Торрес бир неча марта «Хетафе»ни сотиш бўйича музокаралар ўтказди. Ҳаттоки, 2010 йили мексикалик миллиардер билан деярли келишганди ҳам. Аммо келишув сўнгги паллада амалга ошмади. «Мен «Реал»ни яхши кўраман. Болалигимдан шу жамоага мухлислик қиламан, ўтмишдаги айрим футболчилар билан танишман. Оилам ва дўстларим ҳам «Қироллик клуби» ишқибозларидир. Кўп йиллар мобайнида бу муҳаббат билан яшаганимдан фахрланаман. Аммо бу меҳр «Хетафе»ни ҳам шундай севишга халал бермайди», - Анхель Торрес 2012 йилги чиқишида айни тарзда фикр билдирганди. Авваллари у «Реал» иштирокидаги ўйинларни ҳатто дарвоза ортидаги секторда ҳам кузатган.

«Хетафе» фанатлари ушбу масалада Торрес билан бир неча марта гаплашишган. Клуб раҳбари ҳар гал бир хил фикрни илгари сурган: иккита жамоани бир хилда севиш мумкин. Мухлислар буни тўғри тушунишади, зеро улар орасида азалдан «Реал»ни яхши кўрадиганлар бисёр. Бу табиий ҳол: Мадрид учун Хетафе жуда яқин, клублар эса авваллари турли лигаларда иштирок этишган, манфаатлар муштарак бўлмаган.

Пересдан маслаҳатлар олиб туради

Торреснинг «Реал» президенти Флорентино Пересга ҳавас қилиши алоҳида мавзу. Буни унинг сўзларидан англаш қийин эмас.

** «У даҳо. Жаҳоннинг энг яхши жамоасини қандай шакллантиришни билади».

** «Перес билан мунтазам алоқадамиз. У футболимизга катта фойда келтиради. Уни испан футболидаги бош функционер, десам адашмаган бўламан. Флорентинонинг футболимизга қўшган ҳиссаси шубҳадан холи».

** «Баъзан Перес билан маслаҳатлашиб тураман. У клубимизни ҳурмат қилади, мен эса унинг ишидан илҳом оламан. Бу каби ҳамкорлик менга ёқади».

Торрес клубга келганидан буён ўтган 18 йил мобайнида «Хетафе» ва «Реал» ўзаро 24та келишувни амалга оширган. Икки марта «қаймоқранглилар» футболчилар учун яхшигина пул тўлашган. Мавсум-2008|2009да Рубен Де ла Ред 4,7 млн. евро эвазига сотиб олинган. Ярим йилдан сўнг у юрагидаги муаммо сабаб фаолиятини тўхтатган. Икки йилдан кейин эса, умуман, бутсаларини михга илган.

Иккинчи даромадли трансфер 2012 йилга тўғри келган, Педро Леон 10 млн. евро эвазига «Реал» аъзосига айланган. Торрес ўшанда шундай деганди: «Сафимиздаги ёшларнинг бундай обрўли клубга ўтишаётгани ёқимли. «Реал»дан тушган таклиф «Хетафе» манзилига йўлланган мақтовдир».

Бир йил ўтиб, «Хетафе» Педро Леонни ижарага олди, икки йилдан кейин эса 6 млн. эвазига футболчисини қайтарди.

Ўзаро ўйинлар бўйича кўрсаткичлар қандай? «Хетафе» ва «Реал» расмий учрашувларда 30 марта тўқнаш келган.

«Реал»да 22та ғалаба.

«Хетафе»да 5та ғалаба.

Тўплар нисбати: 71-27, «Қироллик клуби» фойдасига.

Сўнгги бор «Хетафе» 2012 йили зафар қучганди. Шундан буён жамоа «Реал»га қарши кечган 13та ўйиннинг фақат биттасида ютқазмади, холос.

Торрес ва «Реал»ни яна бир жиҳат бирлаштиради - «Барселона»ни хушламаслик. 2019 йили «Хетафе» Марк Кукурельяни ижарага олганда, Торрес ушбу футболчи энди ўзига мос жамоада ўйнаётганини таъкидлаганди. Ёзда «Хетафе» Кукурельяни тўлиқ сотиб олганда, Торрес яна бу борадаги фикрини баён этди: «Маркнинг «Хетафе»да ўйнаб, ўсишга эришиши мумкинлигидан хурсандман. Бу унинг фаолиятида қўйилган тўғри қадамдир. «Барселона»ни ёқтирмаслигимга сабаб - бу клуб ёшлар билан яхши ишлай олмайди. Биз эса Маркнинг янада яхшироқ тўп суришида кўмаклашамиз».

Х.ЮСУПОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz