Қайднома

Қидирув

НИКЛАС БЕНДТНЕР КИМНИ «ЖИРКАНЧ ВА ЭШАК» ДЕГАНДИ?

НИКЛАС БЕНДТНЕР КИМНИ «ЖИРКАНЧ ВА ЭШАК» ДЕГАНДИ?

  24.01.2021 12:00
  0
  231
НИКЛАС БЕНДТНЕР КИМНИ «ЖИРКАНЧ ВА ЭШАК» ДЕГАНДИ?

Даниялик таниқли ҳужумчи Никлас Бендтнер бутун 2020 йили кўпчилик кутган даражада ёрқин чиқмаган фаолиятига якун ясаш ҳақида ўйлади. Лекин ўтган йилнинг январидан буён клубсиз юрганига қарамай, футболдан кетганини расман эълон қилмади. Ҳа, Никлас - Дания миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири, АПЛ ва «А» сериянинг етакчи клубларида ўйнаган футболчи. Аммо кўпчилик уни фаолияти давомида иқтидорини тўлиқ намойиш этолмаган ўйинчи сифатида кўради. Бунинг асосий сабабларидан бири - футболчининг мураккаб характери. Ҳар ҳолда, Бендтнер ҳақиқий кураш майдонидан четда кўпроқ «чанг» чиқарди. Хуллас, «Дания шаҳзодаси» FourFourTwo журналига берган интервьюсида ёшликдаги бебошликлари ҳақида батафсил гапириб берди - ҳибсга олиниши, Арсен Венгерни ҳақоратлагани...

 

- «Ярамас орол» лақабини олган Даниянинг аҳолиси энг зич тумани - Амагерда вояга етгансиз. Қизиқ, у ердаги болалигингиз қандай ўтган?

- Ҳаммаси оддий. Копенгагеннинг барча канализация каналлари шу ҳудудга бориши туфайли оролга «ярамас» сифати берилган. Болалигимга келсак, чинакамига бахтиёрликни туйганман. Тинч ўтирадиган болалар тоифасидан эмасдим. Ҳар доим қандайдир янги саргузаштга ошиқардим. Дейлик, мактабда ҳам ўқиш эмас, балки дўстлар билан имкон қадар тезроқ стадионга бориш кераклиги ҳақида ўйлардим.

- Айтишларича, жамоадошларингиздан бири либосларингизни яроқсиз ҳолга келтирган экан. Нега?

- Ўша пайт ўзимдан 2 ёш катта йигитлар билан ўйнардим. Кийиниш хонасида менга нисбатан қаттиқ ва оғир муносабат шаклланганди. Чунки жамоада турли оилалардан келган ва муаммолари етарли йигитлар жамланишганди. Мен эса содда йигит эдим, бироз ҳазиллашиш асносида жамоага қўшилишни ўйлаганман. Аммо болалар буни нотўғри тушунишган. Хуллас, ҳазилим ёқмаганиданми, ёрши каттароқ футболчилар кийимларимни ҳўллаб, ахлат қопига ташлагандилар. Ўшанда жуда ёш эдим ва бундай муносабатни кўтаришим қийин эди.

- 2004 йилнинг ёзида «Арсенал» сафига қўшилгансиз. Ваҳоланки, олдинроқ «МЮ»дан қўним топишингиз айтилганди.

- Дания U-17 термасининг кетма-кет 2та ўйинида жуда яхши тўп сурдим. Жумладан, Арманистон термасига қарши баҳсда «хет-трик» қайд этдим. Шундан кейин кўплаб клублардан таклифлар тушди. Ҳаттоки, бир неча жамоа ҳеч қандай кўриксиз шартнома тузишга тайёрлигини билдирди. Болалигимдан «Арсенал» ўйинларини мунтазам кузатардим, шунинг учун Лондон клубининг қизиқишидан хабар топгач, айнан «канорирлар» сафида ўйнашга қарор қилдим. «Хайбери»га боргач, дарҳол танловда адашмаганимга ишончим ортди. Зеро, Арсен Венгер ва Патрик Виейра билан учрашгач, ўзимни худди уйдагидек ҳис эта бошладим. «МЮ»га келсак, бу жамоа ҳам ҳақиқатан, қизиққанди, аммо кеч. Адашмасам, манчестерликлар менга «Бирмингем»да ижара муддатини ўтаётганимда кўз тикишган. Ўша вақт 18 ёшда бўлиб, ҳали «Арсенал» билан расман профессионал шартнома тузган эмасдим. Шуни назарда тутган «МЮ» мени ўз томонига оғдиришга уринган. Клублар ўртасида музокара бўлганини ҳам биламан, аммо бу натижасиз якунланган. Дейлик, сэр Алекс Фергюсон билан ҳеч қачон гаплашмаганман ҳам. Аммо мураббий билан учрашганимда ҳам, унга қатъий жавоб берардим: «Кечирасиз, юрагимда фақат битта клуб бор - «Арсенал». Дарвоқе, «МЮ» масаласи ёпилгач, Мюнхен «Бавария»си ҳам қизиқа бошлади, аммо бундан ҳам натижа чиқмади.

- 2006/2007 йиллар мавсумида «Бирмингем» сафида 42 марта майдонга тушиб, 11та гол урдингиз - самарали ижара сафари. Бу тажриба кейинчалик қандай ёрдам берди?

- Футбол нуқтаи назаридан олсак, жуда муҳим босқич эди. Ахир «Арсенал»нинг захира таркибидан «Бирмингем»нинг асосий жамоасига ўтгандим. Клуб ўша пайт АПЛга чиқишни кўзлаганди. Энг муҳими, «Бирмингем» яхши мураббийга эга эди ва бундан унумли фойдаланиб, анча-мунча нарсалар ўргандим. Аммо футбол ҳаётига тўлиқ тайёр эмасдим. Қайси ҳовузга тушганимни теран тушунмадим. Зеро, ўша пайт янги муҳитга энди-энди мослашишга уринаётган болакай эдим. Оддий ифода этганда, шунчаки, оқимга қараб зҳаракатланардим. Шахсий квартирага эга бўлгачгина Бирмингемда эркинликни сеза бошладим.

- Ўзингиз кейинроқ квартирангизни shag pad (ишқий машғулотлар учун жой), деб атагансиз...

- Тўғри! Ўшанда ҳам худди ҳозиргидек, қизларни жуда яхши кўрардим. Фақат битта фарқи шуки, энди севганим - ягона.

- Иқтидорингиздан максимал даражада фойдаланиш йўлини топган Стив Брюс билан муносабатларингиз қандай ривожланди?

- У билан очиқ гаплашиш мумкин эди. Бир сафар мени мураббий офисига чақиришди. У ҳафта давомида 4 кеча уйда тунамаганимни билган экан. даккисини эшитгач, ҳаммасини ҳазилга буриб юбордим: «Йўқ, адашяпсиз, аслида, 5 кеча уйда бўлмадим!» Шунда қандай кулиб юборганини тасаввур қилолмайсиз... Умуман, Стив Бирмингемда биринчи кунданоқ ўзимни эркин ҳис этишга ўргатди. Ҳар доим мураккаб вазиятларда босимни қандай енгиш кераклиги хусусида кўрсатма берарди. Брюсни узоқ мақташим мумкин, чунки у идеал мураббий. Оддий мисол, қимор ўйинларига берилиб кетганимдан хабар топган Стив қўнғироқ қилиб, худди меҳрибон оталардек барчасини мулойимлик билан тушунтирганди: «Илтимос, болам, тинчлан, нотўғри йўлдан кетяпсан!» Қисқаси, Стив ҳамиша ғамхўрлик қиларди, ҳаттоки, мен унинг жамоасида ўйнамаган вақтлар ҳам.

- 2007 йили АПЛ тарихида захирадан тушиб энг тезкор гол урган футболчи бўлдингиз. Атиги 1,8 сонияда қандай қилиб, гол урганингизни эслайсизми?

- «Тоттенхэм»га қарши уй учрашуви... Майдон четида ўйинга киришишга шай турганимда, Арсен Венгер елкамдан қоқиб, қандай туртки бергани ҳали ҳам эсимда: «Марҳамат, майдонга туш, ўйинни ўзгартириб ташла!». Шу тариқа жанговар кайфиятда тўғри рақиб жарима майдони ичи томон югурдим. Кейин Сеск айнан менга мукаммал узатма берди, тўпга ақл бовар қилмас даражада баланд ва сакраганимни ҳам айтишим жоиз. Асосийси, бош билан аниқ зарба йўлладим. Кейинги лаҳзада ақлдан озишимга оз қолди: Коло Туре мени майдонга йиқитгунига қадар орқа-олдимга қарамай, югурдим. Ажойиб лаҳза, айни ўша пайт ўзимни чиндан ҳам, жамоанинг бир қисмидек ҳис қилгандим.

- Венгер билан кўп бора можарога боргансиз. Энг каттаси қайси? «Кристал Пэлас» таклифидан кейин юзага келганими?

- Ҳа, худди ўша. Аслида бир-биримизни ҳурмат қилардик, ўзаро мулоқотимиз ёқимли кечарди. Асосийси, суҳбатларда адолат ҳукм сурарди. Аммо 2013 йилнинг ёзида жамоадан кетишни хоҳладим, чунки «Кристал Пэлас»дан ажойиб таклиф тушганди. Аммо келишув амалга ошмади, чунки «Арсенал» ўрнимга муносиб футболчи тополмади. Эсимда, Венгер телефон орқали дабдурустдан дағдаға қилганди: «Кечирасану, ҳозир кетолмайсан. Гап тамом». Бу кучли зарба бўлди, чунки бутун ҳафта давомида расман таклиф тушишини кутгандим. Кейин Венгерни бездириш ва мени қўйиб юборишга мажбурлаш мақсадида уни «жирканч ва эшак», деб чақирдим, лекин бу ҳам иш бермади. Ўша лаҳзада Венгернинг феъл-атворини тўлиқ англадим. У ҳақоратга қарамай, барчасида клуб манфаатини ўйлаётганини тушунтирди. Умуман, Арсен билан баҳслашиш қийин. Бу охирги қизғин суҳбатимиз бўлиб қолди. Шу-шу у менга асосан бақиришга ўтди!

- Вақтида жарангдор гапиргандингиз: «Дунёдаги энг яхши ҳужумчилардан бириман». Бу баёнот жиддиймиди?

- Йўқ, аслида дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бирига айланишни хоҳлашимни айтганман. Фақат сўзимни нотўғри талқин қилишган. Ўша пайт етарлича голлар урардим, шунингдек, ёшлигимда кўпчилик келажагим ёрқин бўлишини тахмин қилганди. Шуни ҳисобга олсак, олдимга энг кучлилар қаторига қўшилиш мақсадини қўйганимда ажабланадиган томони йўқ. Умуман, барчасига аввало, ўзим ишонишим керак эди, чунки ҳамма ўз иши бўйича иложи борича мукаммалликка эришишни хоҳлайди.

- 2008 йили «Тоттенхэм»га қарши ўйинда Эммануэль Адебайор билан ўртангизда нима рўй берганди? У чиндан ҳам, сизни боши билан урганмиди? Кейинни муносабатларингиз қандай кечди?

- Биринчи кунданоқ Эммануэль билан унча чиқишолмаганман. Ҳеч қачон бир-биримизни тушунмаганмиз. Ўша учрашувда «Тоттенхэм»га 1:5 ҳисобида ютқаздик, шунинг учун ҳамма босим остида эди. Аслида барчамиз ўта суст ўйнагандик. Адебайор иккинчи бўлимда майдонга тушди ва иккимиз қаттиқ тортишиб қолдик. Жамоамиз бурчак тўпи тепиш ҳуқуқига эга чиққач, қалтислик ошди: у олдимга келиб, икки қўли билан туртиб юборди. Кейин боши билан бурнимга урди. Хайриятки, бизни тезда ажратиб қўйишди. Кийиниш хонасида ҳам бироз жанжаллашдик. Эртаси куни Венгер офисига бордик, бизни хатти-ҳаракатимизга яраша ҳукм кутаётганди - катта миқдорда жарима. Қизиғи, иккимиз ҳам айбни тушунган ҳолда, клуб қарорини тўғри қабул қилдик. Шундан кейин «Арсенал» ёки бошқа жамоа таркибида бирга майдонга тушмадик. Венгер бир-биримизга нисбатан нафратни йўқотиш учун ҳеч қандай чора йўқ эди. У фақат муносабатимиз қандай бўлишидан қатъий назар, майдонда ўзимизни муносиб тутишимиз кераклигини уқтирганди.

- Умуман, қайси жамоадошингиз билан ўйнаш қулай эди?

- Ҳужум ҳақида гапирсак, кўпинча Робин ван Перси билан бирга ўйнаганман, айниқса, 4-4-2 тактикаси қўлланилганида. Эҳтимол, айнан у мен учун энг қулай жамоадошдир. Агар барча амплуа вакилларини олсак, ярим ҳимоячи Сеск Фабрегас билан яхши чиқишганман. Бу йигит - ақл бовар қилмас узатмалар устаси. Сеск исталган дақиқада ҳужумчиларни яхши вазиятга олиб чиқиш йўлини топарди - идеал ассистент.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz